1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Фарфъ ва атийра

23:26 / 02.12.2016 4989 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фараъ ҳам, атийра ҳам йўқ», дедилар
».
Бешовлари ривоят қилганлар.

  Шарҳ: «Фараъ» туянинг биринчи туққан боласини санамларга сўйиш. Бу билан жоҳилият аҳли санамларни улуғлашар, улардан туянинг кейинги болалари кўп ва баракали бўлишини тилашар эди. Тўғрироғи, агар шундоқ қилсак, буту санамлар биздан рози бўлиб, ишларимиз юришиб кетади, деб эътиқод қилишар эдилар.
Ислом барча жоҳилий ҳукм, қоида, урф-одатларни тузатиб келароқ ушбу нотўғри одатнинг ҳам ботил эканини эълон қилди.
«Атийра» Ражаб ойини улуғлаш учун сўйиладиган ҳайвондир. Ислом бу ишнинг ҳам ботиллигини эълон қилди.

Нубайша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нидо қилиб:
«Биз жоҳилиятда Ражабда «атийра» сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?» деди.
«Аллоҳ йўлида қайси ойда бўлса ҳам сўяверинглар. Аллоҳ учун яхшилик қилинглар. Таомлантиринглар!» дедилар. Ҳалиги одам:
«Биз жоҳилиятда «фараъ» сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?» деди.
«Ҳар бир «соима»да бир «фараъ» бор. Уни поданг ғизолантириб туради. Қачон баркамол туя бўлганида, уни сўйиб, гўштини кўча фарзандига садақа қиласан. Ана ўша яхшидир», дедилар
».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Нубайша розияллоҳу анҳу ривоят қилаётган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига савол орқали нидо қилган саҳобий розияллоҳу анҳу билан олиб борган суҳбатларидан жоҳилиятнинг икки ботил одати қандоқ қилиб исломийлаштирилганини билиб оламиз.
Ислом янгилиги вақтида кишилар ҳаётига аста-секин, поғонама-поғона кириб кела бошлагани ҳаммамизга маълум. Аввал эътиқодга оид масалалар муолажа қилинди. Кейинроқ ахлоқ-одоб ишлари йўлга қўйила бошланди. Ундан сўнг биз ўрганаётганимиз каби баъзи урф-одатларни тўғрилаш бошланди.
Энди саҳобийлар ҳам ҳар бир нарса исломий бўлиши кераклигини англаб етган эдилар. Энди улар оят нозил бўлишини ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари баён қилишини кутмай, ўз фаросатлари билан ҳам жоҳилиятнинг қо-нун-қоидаларини қандоқ ўзгартиришни ўйлаб қолган эдилар.
Жоҳилият одати бўйича қадимдан амал қилиниб келинаётган «атийра» ва «фараъ» одатлари ҳам кишиларни ташвишга солиб қўйган эди. Улар иш бундоқ давом этиши мумкин эмаслигини, у жоҳилий одатлар ботил қилиниши лозимлигини тушуниб етган эдилар. Ана шундоқ бир пайтда,
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нидо қилиб:
«Биз жоҳилиятда Ражабда «атийра» сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?» деди».
Яъни, Исломдан олдинги тузум тақозоси ила Ражаб ойини улуғлаб жонлиқ сўяр эдик. Энди Исломга кириб мусулмон бўлганимиздан кейин бу иш ҳақида қандоқ амр қиласиз?
Бу саволга жавоб тариқасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни баён қилдилар:
«Аллоҳ йўлида қайси ойда бўлса ҳам сўяверинглар. Аллоҳ учун яхшилик қилинглар. Таомлантиринглар!» дедилар».
Исломда жонлиқ сўйиш фақат Аллоҳнинг йўлида, Аллоҳ учун бўлади. Бас, шундоқ бўлгандан ке-йин, қайси ойда сўйса ҳам, барибир. Ражабда бўладими ёки бошқа ойда бўладими, фарқи йўқ. Фақат Аллоҳ учун сўйилиши ва гўшти камбағалларга таом қилиб берилиши керак. Аллоҳдан бошқага сўйилмаслиги, фақат Ражабни улуғлаш учун сўйилмаслиги ва қони бут-санамларга суртилиб, гўшти ташлаб юборилмаслиги керак.
«Биз жоҳилиятда «фараъ» сўяр эдик, бизни нимага амр қиласиз?»
Исломдан олдин ҳар бир урғочи туянинг биринчи туққан боласини буту санамларга атаб сўяр эдик. Исломда бу иш жоиз эмаслиги билиниб қолди. Энди нима қилайлик?
«Ҳар бир «соима»да бир «фараъ» бор. Уни поданг ғизолантириб туради. Қачон баркамол туя бўлганида уни сўйиб, гўштини кўча фарзандига садақа қиласан. Ана ўша яхшидир».
«Соима» юзта ҳайвон. Демак, Исломда қайси ҳайвон туридан бир кишининг мулки юз донага етса, ўша юзинчисини Аллоҳ учун сўйиб, гўштини «кўча фарзанди»–йўлда оғир иқтисодий ҳолга тушиб қолган инсонга садақа қилинар экан.
Авваллари фақат туянинг боласи сўйилгани учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзларида туяни зикр қилмоқдалар. Юзинчи бўлиб туғилган тева пода ичида озуқаланиб юраверади. У катта бўлиб, баркамол туя бўлганда, гўштидан кўпчиликка фойда етадиган бўлганда, уни Аллоҳ йўлида сўйиб, гўштини фақир-мискинларга садақа қилинади. 

Абу Разин Лақийт ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Эй Аллоҳнинг Расули, жоҳилиятда Ражаб ойи-да сўйиш сўйиб, ўзимиз ҳам ер эдик, ҳузуримизга келганларни ҳам таомлантирар эдик?» дедим. Бас, У зот:
«Ҳечқиси йўқ», дедилар
».
Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввал айтилганидек, бу ишнинг қачон бўлишининг фарқи йўқ, фақат жоҳилиятнинг бузуқ эътиқоди ва хурофотлари аралашмаса бўлгани. Ўзи яхши еб-ичса, ўзгаларни таомлантирса, яхши.

Али розияллоҳу анҳуга:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга сир қилиб айтган нарсанинг хабарини бизга айт», дейилди. Бас, у:
«У зот одамлардан беркитиб менга бирор нарсани сир қилиб айтмаганлар. Лекин у зотнинг:
«Аллоҳдан ўзгага сўйиш сўйганни Аллоҳ лаънатласин. Бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатласин. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин. Ер белгисини ўзгартирганни Аллоҳ лаънатласин», деганларини эшитдим», деди
».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан бир неча ҳақиқатларни яхшилаб тушуниб олишимиз мумкин. Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга насаб жиҳатидан қанчалар яқинликлари ва у зот алайҳиссаломнинг куёвлари бўлганлари учун ҳам қанчалик яқинликлари ҳаммага маълум эди. Шунинг учун ҳам, баъзи кишилар, мазкур яқинлик туфайли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига ва унинг оиласига бошқа бировга айтмаган сирли гапларини айтган бўлсалар керак, деган фикрда юрар эканлар. Шунинг учун ҳам, Али розияллоҳу анҳуга бир киши томонидан:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга сир қилиб айтан нарсанинг хабарини бизга айт», дейилди».
Сўровчи ўзича, гумон қилинаётган сир гапда осонлик билан кўп нарсага эришиш йўли баён қилинган бўлса керак, деган ёки шунга ўхшаш бош-қа гумонларни қилган бўлиши мумкин. Лекин, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу барча гумонларни рад этиб, ҳақиқатни айтдилар:
«У зот одамлардан беркитиб менга бирор нарсани сир қилиб айтмаганлар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга нимани айтган бўлсалар, менга ҳам шуни айтганлар. Менга нимани айтсалар, одамларга ҳам шуни айтганлар.
Исломда, бошқа дин ва тузумларга ўхшаб, маълум тоифага алоҳида имтиёз берилмайди. Барча одамлар Аллоҳнинг бандаси. Уларнинг ҳаммалари Аллоҳ ҳузурида тенглар. Фақат тақволари ва қилган амалларига қараб тақдирланадилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўзича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилган сирли гапни эшитмоқни орзу қилган шахсга У зот алайҳиссаломнинг аҳамияти сирли гапдан қолишмайдиган бир ҳадисларини айтиб беришга қарор қилдилар ва:
«Лекин У зотнинг:
«Аллоҳдан ўзгага сўйиш сўйганни Аллоҳ лаънатласин. Бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатласин. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин. Ер белгисини ўзгартирганни Аллоҳ лаънатласин» деганларини эшитдим», деди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида тўрт тоифа кишиларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлиши таъкидланмоқда:
1. «Аллоҳдан ўзгага сўйиш сўйганни Аллоҳ лаънатласин».
Ушбу ҳадиси шарифни бу жойда келтиришимизнинг асосий боиси ушбу жумладир.
Исломда фақатгина Аллоҳ таолога атаб сўйиш сўйилади. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга, ҳеч нарсага атаб сўйиш сўймоқ мутлақо мумкин эмас. Исломда ким бўлишидан қатъи назар, на фаришталарга, на Пайғамбарларга, на азиз-авлиёларга ва на бошқа шахсларга атаб ҳайвон сўймоқ ҳаромдир, Аллоҳ таолонинг лаънатига сабаб бўладиган ишдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон инсон бу ҳукмни яхши тушунмоғи ва унга оғишмай амал қилмоғи ўта зарурдир.
2. «Бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатласин».
Исломда бидъатчилик қанчалик ёмон олинишини ушбу жумладан билиб олсак бўлаверади. Бидъатчи, дину диёнатимизда йўқ нарсани, бор, деб эътиқод қилишга ва уни жамиятимизда жорий қилишга ҳаракат қилади. Бу, Аллоҳ таолонинг динига ўзгартириш киритишга уриниш, деб баҳоланади. Бидъатчилик дину диёнатга, элу юртга ва жамиятга ҳадсиз-ҳисобсиз зарарлар етказади.
Бидъатчига жой берган одам эса, уни ҳимоя қилган, унга ёрдам берган бўлади. Бидъатчига жой берган одам унга бузғунчиликда шерик бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бидъатчига жой берганни лаънатлайди.
Ҳар бир ўзини билган мусулмон бидъатчидан иложи борича узоқ бўлишга, унга қарши курашга ҳаракат қилмоғи лозим. Ҳатто, бидъатчи ўтирган мажлисда ўтирмаслиги керак.
3. «Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин».
Ҳар бир мусулмон фарзанд ўз ота-онасига доимо раҳмат, яхши дуолар олиб бериши керак. Ҳеч вақт фарзанд туфайли ота-она шаънига ёмон гап айтиладиган, уларни лаънатланадиган бўлмаслиги лозим. Сени туққан онангга лаънат, сени боққан отангга лаънат каби гапларга сабаб бўлган фарзанд ота-онасини лаънатлаган фарзанд бўлади. Ундоқ фарзандни эса, Аллоҳ таоло лаънатлайди.
4. «Ер белгисини ўзгартирганни Аллоҳ лаънатласин».
«Ер белгиси» деганда қўшниларнинг ерларини бир-биридан ажратиш учун, давлат ёки жамоатчиликка оид ерларни ажратиш учун қўйилган белгилар тушунилади. Ким ўша белгиларни ўз фойдасига ўзгартириб олса, Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки, бу иш улкан хиёнат, бировнинг ҳаққини ҳийла йўли билан ўзиники қилиб олишдан иборатдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй кофирлар Эй осийлар .Сизларга нима бўлди Қандай ҳукм қилмоқдасиз, Қандай қилиб, мўмин билан кофир, тақий билан осий, амал қилган билан амал қилмаган баробар давоми...

1534 19:00 / 15.05.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир гуруҳ одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга .Эй Аллоҳнинг расули Қиёмат куни Роббимизни кўрамизми, давоми...

3758 18:53 / 02.12.2016
Ва сизга берилган нарсалар бу дунёнинг матоҳи ва зийнати, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийроқдир. Ақл юритмайсизлармиСизга бу дунёда берилган давоми...

4184 18:41 / 15.02.2018
Араб тилида .дуо, сўзи чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча .дуо, ва .бир нарсани талаб қилиш, маънолари бирбирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб давоми...

2912 19:30 / 25.10.2021
Аудиолар

118740 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40701 14:35 / 11.08.2021