1244 15.09.2017

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга етти нарсани тавсия қилдилар: мискинларни яхши кўриш ва уларга яқин бўлиш; ўзимдан юқорилар эмас, пастдагиларга қараш; менга жафо қилишса ҳам, қариндошлик ришталарини боғлаш; «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ»ни кўп айтиш; аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтиш; маломатчининг маломати мени Аллоҳнинг йўлидан тутиб қолмаслиги; одамлардан бирор нарса сўрамаслик».

Аҳмад ва Табаронийлар ривоят қилишган.

 Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мискин-фақирларга ёрдам бериш, уларни яқин олиш лозим.

2. Ўзидан юқори эмас, балки ўзидан паст мартабадаги одамга қараб, Аллоҳ берган неъматларни ҳис этиш керак.

3. Яқинлар қариндошлик ришталарини узиб юборса ҳам, уларга яхшилик қилавериш керак.

4. «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ»ни кўп айтиш лозим.

5. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтиш, ундан чекинмаслик лозим.

6. Маломатчининг маломати Аллоҳнинг йўлидан тутиб қолмаслиги керак. 

7. Одамлардан бирор нарса сўрамаслик, имкон қадар ўзига ўзи хизмат қилиш керак.

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади