299 16.01.2017

Муқаддима


Рамазони шариф ойида қилинган ибодатларга бошқа ойдагиларга нисбатан улкан ажр-мукофотлар ваъда қилингани боис, бу улуғ ой кириб келиши билан, нисоб миқдорича молга эга бўлган бойлар молларидан закот чиқариш тураддудига тушиб қоладилар. Уларнинг ҳаммаси ҳам закот фиқҳидан етарлича маълумотга эга бўлмаганлари туфайли, бу масалада уларга имом-домлаларимиз ва бошқа аҳли илмлар кўмакчи бўлишади. Шу ўринда, закотга доир, бугунги кун учун муҳим саналган бир масаланинг баёни фойдадан ҳоли эмас деган фикрга келдик. У ҳам бўлса, "зарур эҳтиёжлар учун асраб қўйилган нақд пуллардан закот чиқариладими ёки йўқ, бунинг ҳукми нима?", деган масаладир.  Бу масала закотдаги "ҳожати аслийя" масаласи билан узвий боғлиқ масаладир. 


Диний фанларда матнлар асос бўлиб, уларнинг ёзилишида энг мухтасар услуб танланади. Муаллифлар анъанасига кўра, матн китоблари қисқа ва лўнда иборалар билан битилиб, кўпинча шарҳга муҳтож бўлади. Буни диний адабиётлар ичида матнларга ёзилган шарҳ ва ҳошияларнинг сон-саноқсиз даражада кўплигидан ҳам билса бўлади. Шунингдек яна, бир матнга жилд-жилд ва бир нечталаб шарҳлар битилгани, матнлар атрофида уларга алоқадор бошқа кўп ҳукмлар ҳам борлигидан даракдир. Шундай экан, матннинг ўзи билан кифояланиб, шарҳларга мурожаъат қилмаган китобхонда тушунмовчилик, янглиш хулосалар пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Демак, матнларни тўғри англашда, матн асосида маруза қилиб авомга бирон масалани етказишда, албатта, шарҳ ва ҳошияларга эҳтиёж бор. Агар, ваъзхон фақат матн билан чекланиб, иборани шарҳламасдан, тўғридан-тўғри жамоъатга ўқиб берса, тингловчилар орасида хато тушунчалар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Фиқҳий матнларнинг аксарида "ҳожати аслийя"га батафсил тўхталмаган. Шу туфайли бугунги кунда "ҳожати аслийя"ни тўлиқ тушунмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Баъзи аҳли илмлардан, англашилмовчилик туфайли, аслида закот берилиши керак бўлган пуллардан, "закот берилмайди", деган янглиш сўзлар эшитилиб қоляпти.  Шундан келиб чиқиб, ушбу мақолада ҳанафий фиқҳининг мўътабар шарҳлари асосида, закот шартларидан бири бўлган "ҳожати аслийя"нинг тўлиқ тушунчасини ўрганишга ҳаракат қилинди. Ва ҳамда, нақд пулларга бўлган эҳтиёж закотнинг вожиблигига моне бўладими ёки йўқ? деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилинди. Зеро, бошқа ибодатлар каби закотда ҳам, шартларга тўлиқ ва тўғри амал қилишлик, ибодатнинг мукаммал бўлишини таъминлайди.


"Ҳожати аслийя"нинг таърифи



Фиқҳий манбаларнинг аксарида "ҳожати аслийя"га қуйидагича таъриф берилган:

"Ҳожати аслийя" бу – инсонни ҳақиқатан ёки тақдиран, ҳалокатдан сақлаб қоладиган нарсалар(га бўлган эҳтиёж)идир.

Ҳақиқатан ҳалокатдан сақловчилар: турар жой ҳовлиси; уй анжомлари; совуқ ва иссиқдан ҳимоя қилувчи турли либослари; ҳунармандларнинг асбоб-ускуналари, станок ва ҳоказо; автомобил, от-уловлари; хизматкор қуллари, қўл остидаги ишчилари; аҳли илмларнинг китоблари; деҳқончилик асбобларига ўхшаш кишининг кундалик ҳаётида зарур бўлган нарсаларидир.

Тақдиран ҳалокатдан сақловчилар яъни, ҳалокатдан сақлаб қоладиган нарса, деб фараз қилинувчи нарсалар бу—кишининг қарзига бериш учун асраб қўйган пул-маблағларидир.


Матн зоҳиридан унга алоқадордек туюлган, аммо, матнга алоқаси йўқ айрим масалалар

Бизнинг ўлкаларда машҳур, "мухтасар виқоя" китоби, закот бобининг ибтидосида қуйидаги матн келтирилган:


"لا تجب إلا على حر مسلم مكلف مالك ملكا تاما لنصاب نام. و هو إما بالثمنية او السوم او نية التجارة مع الحول فاضل عن حاجته الأصلية"


Яъни, Закот вожиб бўлмас магар, кўпайиб турувчи нисобга тўлиқ эгадор бўлган, балоғат ёшидаги, мусулмон ҳур мулкдорга вожиб бўлади. Молнинг кўпайиши бу—молнинг нақд пул бўлиши, ёки, чорва ҳайвонларининг яйловда кун кўриши, ёки,  тижорат нияти ва ҳамда бир йил вақт ўтиши билан вужудга келади. (Шунингдек, нисоб миқдорига етган мол кишининг ўз) ҳожати аслиясидан ортиқча (бўлиши шарт.) 


Ҳамюртимиз, машҳур ҳанафий олими Абулбаракот ан-Насафий ҳазратлари "Канзуд-дақоиқ" асарида қуйидагича келтирадилар.


شرط وجوبها العقل و البلوغ و الاسلام و الحرية و ملك نصاب حولى فارغ عن الدين و حاجته الاصلية


Яъни, закотнинг вожиб бўлишига қуйидагилар шартдир: ақл; балоғат ёши; ислом динида бўлишлик; ҳур-озод бўлишлик; бир йил давомида нисоб миқдорига эга бўлишлик; нисоб миқдорича бўлган мол қарзлари ва ҳожати аслийясидан ортиқча бўлиши;


Мазкур матнларнинг сўнгги бандини диққат билан ўқиган ё уни тинглаган кишида қуйидагича хулоса пайдо бўлади:

"демак, матнда айтилишича, нисоб миқдори қачонки, кишининг ўз эҳтиёжидан ортиқча бўлган тақдирдагина закот бериш вожиб бўлар экан, бундан чиқди, бирон зарурий эҳтиёж учун захира қилиб қўйилган пул-маблағларимиздан закот чиқармас эканмизда...". Қисқа қилиб айтганда: "зарур эҳтиёжларни қоплаш учун ажратиб қўйилган нақд пуллар ҳам, "ҳожати аслийя"га  киради", деган хулоса келиб чиқади. Бу хулоса юқоридаги матнлар зоҳири асосида пайдо бўлиши мумкин бўлган, энг оддий мантиқий хулоса бўлиб, унинг асосида ҳатто, қуйидаги масалаларга ҳам йўл очилиши мумкин:


1.    Уйи йўқ киши турар жой сотиб олиш учун жамғараётган маблағдан закот чиқармайди. Чунки, у зарурий эҳтиёж учундир. Закот зарурий эҳтиёждан ортиқча молдан берилади.

2.    Уй анжомлари, масалан мебел ва ҳоказо сотиб олиш учун ажратиб қўйилган пуллардан закот чиқарилмайди. Чунки у зарур эҳтиёжни қоплаш учун ажратилган.

3.    Автоулови йўқ киши автоулов сотиб олиш учун жамғариб бораётган пуллардан закот бермайди, чунки, автомобил биз учун зарурдир. Закот эса зарурий молларга алоқадор эмас.

4.    Хизматкор ёллаш учун ажратиб қўйилган пуллардан ҳам закот чиқарилмайди. Чунки хизматкорга эҳтиёж бор.

5.    Қарамоғидагиларнинг нафақаси учун ажратиб қўйилган пуллардан ҳам закот чиқарилмайди. Чунки бу ҳам эҳтиёжни қоплаш учун.

6.    Тадбиркор. Қўл остидаги ишчиларининг ойлик маошига ажратган, фермаларда боқилаётган чорва молларининг ем-ҳашакларига ажратган маблағлардан закот чиқармайди. Чунки, бу маблағлар зарур эҳтиёж учун ажратилган.

7.    Жиддий бемор. Даволаниш харажатлари учун ажратиб қўйган маблағларидан закот чиқармайди. Чунки у соғлиқни тиклаш учун ажратилган зарур маблағ. 


Девбанд мадрасаларидан бирида мударрислик қилган Муҳаммад Эъзоз Али ҳазратлари "Нурул-ийзоҳ"га жамлаган "Исбоҳ" номли ҳошиясида, юқоридаги эҳтимолий масалани тасдиқлаб, шундай дейди:


قوله (و عن الحاجة الاصلية) كثيابه المحتاج اليها لدفع الحر او البرد و كالنفقة، و دور السكنى و آلات الحرب و الحرفة ، وأَثاثِ المنزل، ودوابِّ الرّكوب، وكُتُب العلمِ لأَهلها فاذا كان عنده  دراهم اعد لهذه و حال عليه الحول لا تجب فيها الزكاة


Яъни, муаллифнинг (ҳожати аслийядан ортиқча бўлиши шарт) деган қовли(га шуни қўшимча қиламиз) масалан: иссиқ ва совуқдан сақланиш учун муҳтож бўлган либослар, нафақалар, турар жой, ҳунармандлик асбоблари, ҳарбий қуроллари, миниш учун бўлган уловлари, аҳли илмларнинг китоблари. Бас, агар, у (бой киши)да юқоридаги эҳтиёжлар учун тайёрлаб қўйилган дирҳам(нақд пул)лар бўлса, у пулларидан закот чиқариш вожиб бўлмайди. (Нурул-ийзоҳ маъа ҳошиятиҳил мусаммати бил-Исбоҳ. 124-бет. Кутубхонаи ансорийя. Девбанд.)



"Ҳожати аслийя"нинг асл моҳияти



Ҳақли савол туғилади: 

ҳақиқатан ҳам, кишининг ўз зарурий эҳтиёжларини қоплаш учун ажратиб қўйган пуллари закотдаги "ҳожати аслийя"га алоқадор эмасми? Ахир, матнда бу жиҳатни истисно қилувчи бирорта қайд йўқ?! Шунингдек, баъзи шарҳловчиларнинг ҳошияларида бу эҳтимолий масалани тасдиқланган эканку?! 


Бу саволларнинг жавобини топиш учун, юқорида тақдим қилинган матнларнинг машҳур ва мўътабар шарҳлари ёрдамида "ҳожати аслийя"нинг асл моҳиятини ўрганиб чиқамиз.

Мавлоно Мулла Али ал-қори ҳазратлари "Мухтасар виқоя"нинг шарҳида шундай дейди:


(فَاضِلٍ عن حاجتِهِ الأَصْلِيةِ) لأَنَّ المشغول بالحاجة الأَصلية كالمعدوم في حقّ الزكاة، فلا يجب في دُور السُّكْنى، وثياب البدَن، وأَثاثِ المنزل، ودوابِّ الرّكوب، وعبيد الخِدمة، وسلاح الاستعمال، وكُتُب العلمِ لأَهلها، وآلات المحترفين لأَصحابها.

فلو كان له قَدْرُ نصاب، لكنْ يحتاج إِلى أَنْ يَصْرِفَه في هذه الأَشياء فلا زكاة فيه، كذا ذُكِر في بعض الشروح، نقله البِرْجَنْدي. وفيه بَحْث، لأَنَّه إِنْ أَراد أَنَّه لا يلزمه بعد الحول، فغير صحيح، وإِنْ كان قَبْلَه فلا كلام فيه.

Яъни, (закот вожиб бўлиши учун нисоб миқдорича бўлган молнинг ҳожати аслийядан ортиқча бўлиши шарт) чунки, ҳожати аслийяни қоплаш учун банд қилинган маблағлар, закот чиқаришда гўёки мавжуд эмас, деб олинади. Шундай экан, турар жойлардан, кийимлардан, уй анжомларидан, маркаб-уловлардан, хизматкор қуллардан, ишлатиладиган асбоблардан, аҳли илмлар китобларидан, ҳунармандлар асбоб-ускуналаридан закот чиқармайдилар.

Агар, кишида нисоб миқдорича маблағ бўлса-ю, лекин юқорида санаб ўтилган эҳтиёжларга сарфлаш учун зарур бўлса, бу пулларидан закот бермайди. Баъзи шарҳларда шундай дейилган экан, буни ал-Биржандий нақл қилган. Бунда баҳс бор (яъни текшириб кўриш керак). Чунки, унда "бир йилдан кейин ҳам закот вожиб бўлмайди", деб ирода қилган бўлса, бу гапи тўғри эмасдир. Агар, "бир йилдан олдинги ҳолат"ни кўзда тутган бўлса, (бу ҳолда закот вожиб бўлмаслиги аниқ ва) буни гапириб ўтишни кераги йўқ.(Фатҳи боби-л-ъиноя бшарҳин-нуқоя. Мавлоно мулла Али. 1-жуз. 478-бет. Дору-ларқам. Байрут.)


Шайҳ Зайнуддин ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ "Канзуд-дақоиқ"нинг шарҳи, "Баҳрур-роиқ"да шундай дейди:


و شرط فراغه عن الحاجة الاصلية لان المال المشغول بها كالمعدوم. و فسرها فى شرح المجمع لابن الملك بما يدفع الهلاك عن الانسان تحقيقا او تقديرا. فالثانى كالدين و الاول كالنفقة، و دور السكنى، و آلات الحرب و الثياب المحتاج اليها لدفع الحر او البرد، و كآلات الحرفة،  وأَثاثِ المنزل، ودوابِّ الرّكوب، ، وكُتُب العلمِ لأَهلها فاذا كان له دراهم مستحقة ليصرفها الى تلك الحوائج صارت كالمعدومة كما ان الماء المستحق لصرفه الى العطش كان كالمعدوم و جاز عنده التيمم .

فقد صرح بان من معه دراهم و امسكها بنية صرفها الى حاجته الاصلية لا تجب الزكاة إذا حال الحول و هى عنده.

و يخالفه ما في معراج الدراية فى فصل زكاة العروض ان الزكاة تجب فى النقد كيفما امسكه للنماء او للنفقة.

Яъни, нисобнинг ҳожати аслийядан фориғ бўлиши шарт қилинган. Чунки у билан банд қилинган мол гўёки йўқ ҳисобидадир. Ибн Маликка мансуб "мажмаъ"нинг шарҳида "ҳожати аслийя"ни қуйидаги ибора билан тафсир қилганлар: ҳожати аслийя—инсондан ҳақиқатан ёки фаразан, ҳалокатни даф қилувчи нарсалар(га бўлган эҳтиёж)дир. Иккинчиси қарзларга ўхшаш, аввалгиси эса нафақа, турар жой, қурол-аслаҳа, қишки ёзги кийимлар, ҳунармандлик асбоблари, уй анжомлари, маркаб уловлари, аҳли илмларнинг китобларига ўхшаш нарсалар. Агар, кишида юқоридаги эҳтиёжларга сарфлаш учун ажратилган пуллар бўлса, у пуллар гўёки, йўқ ҳисобида бўлади. Ҳудди чанқоқни қондириш учун асраб қўйилган сувлар таҳорат олдида йўқ ҳисобланиб, таяммумга рухсат бўлгани каби.

Ибн Малик очиқчасига айтдики, кимдаки нақд пуллар бўлиб, уни ҳожати аслийясига сарфламоқ учун ажратиб қўйган бўлса, бир йил ўтса ҳам закот вожиб бўлмайди. Бу ибн Маликнинг наздидадир.

Ибн Маликнинг қарашига "меърожуд-дироя"нинг аруз-нарсалар закоти ҳақидаги бўлимида келган ушбу қавл хилоф бўлади: "нақд пулларни қай ниятда асраб қўйган бўлса ҳам, барибир закот вожиб бўлади. Хоҳ тижорат ниятида кўпайтириш учун бўлсин, хоҳ керакли жойларга нафақа қилиш учун бўлсин." (Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ. Ибн Нужайм ҳанафий. 2-ж. 361-бет. Дорул-кутуб илмийя. Байрут. 1997.)


Мавлоно мулла Али ҳазратлари матн зоҳиридан тушунилиш эҳтимоли бўлган, инсоннинг зарур эҳтиёжлари учун, ёки маҳаллий тилда айтадиган бўлсак, кишининг оғир кунларига асраб қўйган пулларидан закот вожиб бўлмайди, деган қарашнинг нотўғри эканини ижмолан айтиб ўтдилар. Ибн Нужайм ҳанафий роҳимаҳуллоҳ ҳам, бундай фикр Ибн Маликка тегишли бўлиб, бу бошқа ҳанафий олимларининг фикрига хилоф эканини ва ўзи ҳам, Ибн Маликка мухолиф томонда эканини билдириб ўтдилар. Бу олимларнинг икковлари ҳам "нақд пуллар қай тарзда сақланишидан қатъий назар улардан закот чиқариш вожиб", деган қарашни тўғри эканини тасдиқлаганлар, аммо, тафсилотларига ўтмаганлар. 


Аммо, ҳанафий фиқҳининг кўзга кўринган уламоларидан яна бири, ҳамюртимиз аллома Алоуддин Косоний ҳазратлари ўзининг машҳур асари "Бадойе"да, закот чиқаришда молларга алоқадор бўлган шартларни баён қилар экан, "нимо" яъни, молнинг кўпайиши ҳақидги баҳсда шундай дейиди:


إلا ان الاعداد للتجارة فى الاثمان المطلقة من الذهب و الفضة ثابت باصل الخلقة. لانها لا تصلح للانتفاع باعيانها فى دفع الحوائج الاصلية. فلا حاجة الى الاعداد من العبد للتجارة بالنية. إذ النية للتعيين و هى متعينة للتجارة باصل الخلقة. فلا حاجة الى التعيين بالنية فتجب الزكاة فيها. نوى او لم ينو اصلا، او نوى النفقة. و اما فيما سوى الاثمان من العروض فانما يكون الاعداد فيها للتجارة بالنية. لانها كما تصلح للتجارة تصلح للانتفاع باعيانها. بل المقصود الصلي منها ذلك. فلا بد من التعيين للتجارة و ذلك بالنية.


Яъни, (закотнинг шартларидан бири молнинг кўпайиб туришидир. Кўпайишлик баъзи нарсаларда тижорат нияти билан бўлади)..лекин, тилло кумушдан иборат нақд пулларда тижорат учун таъйинланиш уларнинг асли хилқатида мавжуддир. Чунки, аслий эҳтиёжларни қондиришда пулларни айни ўзидан фойдаланиб бўлмайди. Шундай экан, банда тарафдан ният билан тижоратга таъйинлашга эҳтиёж йўқ. Чунки, ният таъйинлаш учундир пуллар эса, асли хилқатида тижорат учун таъйинлангандир. Демак, пулларни тижорат учун таъйинлашга ҳожат йўқ бас, шундай экан, пулларда ҳамиша закот вожиб бўлади, хоҳ ният қилсин хоҳ умуман ният қилмасин, ёки нафақага сарфлашни ният қилсин, барибир.

Аммо, пуллардан бошқа нарсаларни тижорат учун таъйинлаш ният билан бўлади. Чунки, пулдан бошқа нарсалар тижорат учун салоҳиятли бўлганидек, айни ўзидан фойдаланишга ҳам яроқлидир. Балки, пулдан бошқа нарсалардаги асл мақсад ўзи унинг айни ўзидан фойдалданишдир. Бас, шундай экан, улардан закот бериш учун, уларни тижорат учун таъйинлаш лозим. Бу эса,  ният билан бўлади. (Бадойеус-санойе фи тартибиш-шаройе. Алоуддин Косоний. 2-жуз. 395-бет. Дорул-кутуб илмийя. Байрут.)


Хулоса



Аллома Алоуддин Косоний роҳимаҳуллоҳнинг сўзига асосан, "ҳожати аслийя" ҳақида қуйидагича мафҳум хосил бўлади: 

ҳожати аслийя бу— шундай нарсаларки, улар бўлмаса инсон ҳалокатга бориши мумкин,  бу нарсаларнинг асли хилқати-ишлаб чиқарилишида, айнан унинг ўзидан, бевосита инсон манфаъатлансин, деган мақсад бўлади.  Масалан, турар жойни қуришдан асл мақсад инсонлар уни маскан қилсин, кийим-кечак либосларни тикилишидан мақсад инсонлар совуқ ва иссиқдан сақлансин, уни кийиб фойдалансин учун, автоулов маркабларнинг ишлаб чиқарилишидан асл мақсад инсонлар уни миниб фойдалансин, хизматкор қулларнинг қул қилинишидан асл мақсад улардан мўминлар ўз манфаъатлари йўлида фойдалансин, ишлатсин, ҳунарманднинг асбоблари ҳам аслида ҳунарманд бу билан тириклик қилсин ва ҳоказо аслида унинг ўзидан инсон ҳалокатни даф қилиш учун фойдаланадиган нарсалардир. Мана шундай нарсаларга бўлган эҳтиёж шариъатда "ҳожати аслийя", дейилади.


Энди, тилло, кумуш тангалар ва қоғоз пулларга келсак, булар инсон тижорати учун чиқарилган нарсалардир. Уларнинг ишлаб чиқарилишидан асл мақсад инсонлар бунинг воситасида тижорат ишларини йўлга қўйсин учун бўлган. Шундай экан, инсоннинг ҳақиқий ҳожати аслийясига нақд пуллар кирмайди. Нақд пуллар доимо тижорат моллари бўлиб қолади. Нисоб миқдорига эга бўлган инсон нима ниятда бўлишидан қатъий назар нақд пулдан закот бериши вожиб бўлади.


Аммо, қарздорлар қарзига тўлаш учун ажратиб қўйган нақд пуллари эса, бу ҳақиқатан эмас балки фаразан ҳожати аслийяга киргизилади ва улардан закот чиқарилмайди. Ҳожати аслийянинг таърифида, "ҳақиқатан ё тақдиран инсон ҳалокатини даф қилувчи нарсалар", дейилиши ҳам шундандир. Яъни, инсон ўзидан ҳалокатни даф қилиш учун, тилло, кумуш ва қоғоз пулларнинг айнан ўзига ҳеч қачон муҳтож бўлмайди. Чунки уларни еб-ичиб бўлмайди, либос ўрнида ҳам фойдаланиш амри маҳол, уларни маскан қилиб, маркаб қилиб ҳам бўлмайди. Лекин тўлаши керак бўлган қарзларга нақд пулларни тўлаши мумкин. Бу ҳолатда пуллар ҳожати аслийяга алоқадор нарсалар ўрнида деб фараз қилинади ва бу пуллардан закот чиқарилмайди. Чунки, қарзга тўланадиган пул қарздорни ҳибс қилиниши ва оқибатда ҳалок бўлишидан сақлайди. Қарзга тўлашдан бошқа мақсадларда асраб қўйилган пуллардан эса, ҳамиша закот бериш вожиб бўлади. 


Андижон шаҳар "УЙҒУР" жоме масжид ноиби: Ҳикматуллоҳ Иброҳим

 (Ботирали Алишер ўғли)