1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Эҳсонда — исроф, исрофда — хайр йўқ

18:47 / 22.04.2017 2562 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айни дамлар серқуёш заминимиздаги бор ноз-неъматлар ғарқ пишган пайт, пишиқчилик, тўкин-сочинлик мавсуми. Бозорларимиздаги манзарадан кўз қувнайди. Инсон саломатлиги учун зарур бўлган дормондориларга бой сархил мевалар, сабзавоту полиз маҳсулотларининг нархи ҳамёнбоп бўлгани боис, бу неъматларни мамлакатимиздаги истаган хонадон дастурхонида учратиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, дунёда мамлакатлари орасида бундай жаннатмонанд, серсаховат ўлка камдан кам. Хорижнинг айрим бозорларида оддийгина узумнинг нархи қанчалиги, ёки ҳамон хунрезликлар давом этаётган давлатларнинг парча нонга зор болаларини кўрганингизда беихтиёр Аллоҳга ҳамду санолар айтасиз. Шундай юртда туғилганингиз, осуда ва маъмурликда умргузаронлик қилаётганингизга шукрона келтирасиз.

Аммо баъзида учрайдиган нохуш ҳолатларни кўрганингизда, халқимиз айтган «тўқликка шўхлик» ибораси ногаҳон эсга тушади. Айниқса, чиқиндилар орасидаги энг азиз неъмат — нонлар, уззу-кун жўмракдан оқиб турадиган ичимлик суви, кимўзарга қилинаётган тўйларда увол бўлаётган озиқ-овқатлар ҳар қандай диёнатли кишини бефарқ қолдирмайди.

Қадимдан халқимизда исроф, зиёнга йўл қўймаслик баробарида тежамкор бўлиш лозимлиги уқтириб келинган. Неъматлардан тежаб-тергаб, меъёрида фойдаланиш, маблағни оқилона сарфлаш оилани иқтисодий таназзулдан асраши ихчам ҳикоятлардан тортиб катта достонлар замирига ҳам сингдирилган. 

Исрофгарчиликни динимиз ҳам қаттиқ қоралайди. Жумладан, Қуръони каримдаги муқаддас сатрлардан бирида еб-ичинг, лекин исроф қилманг, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмас, деган сўзлар битилган бўлиб, исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар мавжуд. Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчилик қораланиб, тежамкор бўлиш лозимлиги тарғиб қилинади. Жумладан, Расулуллоҳнинг: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар», «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди», «Исрофгар жаннатга кирмайди», деган фикрларидан ҳар бир инсон тегишли хулоса чиқара билмоғи даркор. 

Тўй-ҳашамларнинг дабдабали тус олиб бораётгани ҳаммасидан ҳам ошиб тушади. Айрим «ижодкор»лар ўйлаб топаётган янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, тамомила исрофгарликка йўғрилган дабдабали одатлар ташвишга солади кишини. Ҳатто битта наҳор ошига бир неча ўн минглаб доллар сарфлаётган «азамат»лар бор. Қимматбаҳо мебеллару пардалар, фалон пуллик латта-путталардан иборат сарпо-суруқлар учун нақадар катта маблағ кетишини  ўйлаб, арзимас ҳою-ҳаваслар учун азиз умримизни ахмоқона ва беҳуда сарфлашдир, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ахир, умр бўйи ишлаб, йиғиб-териб соғлиғимизни кетказсагу, бу маблағларни на фарзандлар камолига, на меъёрида еб-ичишга, на вақтида дам олиб саломатликни тиклашга, балки дабдабали маросимлар учун бир кунда совуриб юбораётганимиз ақл бовар қилмайдиган ҳол эмасми?

Баъзилар: «Тўй бериш ҳам хайр-эҳсон қилишдир», дея бу ҳолатни оқламоқчи бўлишади. Бироқ бундай маросимлар асло хайрли эмас, аксинча, ўзини кўз-кўзлаш, мақтаниш, кибрланишдан иборат холос. Қолаверса, маросимларда кетма-кет тортилиб, қўл тегмай қайтиб чиқаётган, охир-оқибат аҳлат идишига тўкиб юборилаётган ноз-неъматларнинг уволи йўқми?  

Ҳазрат Навоийнинг «Ҳайратул аброр»ида мурувват, саховат ҳақида гўзал фикрлар билдирилиб, ҳикматлар баён этилади. Ҳазрат хайр-саховат қилувчилар ҳақида сўз юритаётиб, хайрия ёрдами ҳақида «Мурувват — барча бермакдир, демак йўқ», дея талқин этади. Ёки: 

«Ёяр анга супраки, ул оч эмас, 

Берур анга тўнки, яланғоч эмас».

деган мисраларда айрим кимсаларнинг «саховатпешалиги»ни фош этади. Яъни ҳазрат Навоий садақа муҳтожлар, етим-есир, ҳимояга зор, камбағал мискинларга берилмас экан, бу хайр-эҳсон эмаслигини уқтиради. 

Хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатиш бўлмоғи даркорлиги тўғрисида Расули Акрам шундай деганлар: «Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир». 

Исроф — ҳаддан ошиш демак аслида. Баъзилар исроф деганда ейилмай, ичилмай қолиб кетган егуликларни, фойдаланилмаган нарсаларнинг ўзинигина тушунишади. Аслида эса исроф фақат бундан иборатмас. Мабодо, зиёфатда дастурхонга меъёридан ортиқ нарсалар қўйилсаю, неъматлар еб тугатилса-да бу исроф бўлади. Чунки, бунда ҳаддан ошишлик бор. Жуда қиммат кийимлар кийиш ҳам исрофгарчиликнинг бир кўриниши. Мусулмон киши либосига, ташқи кўринишига яхши эътибор бериши лозим. Лекин орасталик билан кибрни аралаштириб юбормаслик керак. Эскримаган кийимлар, пойабзалларнинг «урфдан қолди» деб юборилишини, яшаб турган уйни бузиб, ҳашаматли янги уй қуриш ҳам бошқалардан ортда қолмаслик, ўзини намоён этишдан ўзга нарса эмас. Албатта, қурби етганлар буни тўқчиликдан, дейишлари мумкин, лекин бу асло инсофдан эмас, билъакс исрофдандир. 

Исрофнинг катта-кичиги йўқ.  Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини тўғрилаш, кам таъминланган оила фарзандининг тўлов-шартномасига қарашиб юбориш, ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган муҳтожни қўллаб юбориш мумкин-ку!  Зеро, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир». 

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, маблағ, бойлик ёки мулкни совуришнинг ўзигина исроф эмас. Фойдали ишларга сарфланмасдан ўтган вақт — умр ҳам исрофдир. Куч-қувват, иқтидор ва қобилиятнинг эл-юртга нафи тегмайдиган бемаъни ишларга йўллаш ҳам исрофдир. Демак, азиз умрни исроф қилишдан сақланайлик. 


Одилхон ИСМОИЛОВ,

Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин»

жомеъ масжиди имом хатиби.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Изоҳ Муроқаба киши Аллоҳ уни кўриб, ундан хабардор бўлиб турганлигини билмоқ. Мақом ҳолнинг доимо давоми...

2262 09:56 / 25.03.2017
Эй иймон келтирганлар Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай Қилмоғингиз сиз учун давоми...

2838 14:41 / 22.04.2017
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни Мисрга волий қилиб жўнатаётганларида у кишидан Агар ўғри олдингга келса, уни нима қиласанrdquo деб давоми...

3515 16:41 / 27.03.2017
Аҳмад Ҳодий Мақсудий роҳматуллоҳи алайҳнинг Муаллимус сонийrdquo номли асарида бошланғич ўқувчилар учун иймон калималариrdquo алоҳида баён қилинган. Мазкур давоми...

30091 16:48 / 27.03.2017
Аудиолар

120092 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41763 14:35 / 11.08.2021