118 09.03.2017

Аллоҳ Таоло қуръони Каримда осмон гумбазининг яна бир ажойиб хусусиятига эътиборимизни қаратади:

Биз осмонни сақланган - қулаб тушмайдиган том қилиб қўйдик. Улар эса (осмоннинг ой, қуёш, юлдуз каби Аллоҳинг кудратини кўрсатиб турган) аломатларидан юз ўгирувчидирлар... Анбиё сураси, 32-оят

Осмон гумбази тузилишининг мазкур хусусияти йигирманчи асрда олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида тўлиқ тасдиқланди.

Ер шарини ҳар томондан ўраб турган атмосфера тирик организмларнинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган шарт-шароитларни бир хилда сақлаб туриш билан боғлиқ ғоятда муҳим вазифаларни бажаради. Атмосфера Ерга яқинлашиб келаётган каттаю кичик метеорлар, метеоритлар ва бошқа космик жисмларни эритиб, йўқ қилиб юборади ва уларнинг Ер юзига қулашининг олдини олади, акс ҳолда бу фалокат Ер юзидаги барча тирик мавжудот учун оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. 

Атмосфера биз яшаб турган курраи заминни коинотнинг Цельсий шкаласи бўйича -270 даражалик қаҳратон совуғидан сақлаб туради. Бундан ташқари, Ер шарини коинотнинг бошқа хавфли таъсирларидан ҳимоялаб турувчи яна бир қатлам мавжуд. Бу қатлам Ернинг магнит майдони таъсири остида вужудга келадиган ўзига хос мустаҳкам қалқондир. Бу қатлам Ван Аллен “ҳалқалари” деб аталади ва у Ер сатҳига етиб келиши мумкин бўлган зарарли нурланишларни қайтаради. Коинотда, айниқса қуёш сиртида тез-тез юз бериб турадиган энергетик портлашлар инсон ҳаёти учун ҳалокатли бўлган даҳшатли радиоактив нурларни келтириб чиқаради. Ван Аллен ҳалқалари бўлмаса, мана шундай портлашлар натижасида вужудга келадиган радиоактив нурланишлар сайёрамиздаги ҳаётни бир зумда сўндириши муқаррардир.

Бошқача қилиб айтганда, Ер мукаммал муҳофаза тизими ва уни ҳар томондан ўраб турган ҳимоя қобиғи билан қуршаб олинган бўлиб, бу қобиқ еримизни ҳар қандай ташқи хавф-хатардан сақлаб туради. Ҳайратланарлиси шундаки, мана шу илмий далил ҳам қуръони Каримда зикр қилинган. Оятлардан бирида Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

У зот сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди... Бақара сураси, 22-оят


Бу ояти каримада “осмон” сўзини англатиш учун араб тилидаги “том” деган сўз келган, аммо бу сўзнинг “гумбаз, бино” деган маънолар ҳам бор. Масалан, араб бадавийлари капа ёки чайланинг устига ёпиладиган нарсани ҳам шу сўз билан ифодалайдилар. Оятдаги “том” сўзидан ҳам айнан ташқи таъсирлардан тўсувчи, пана қилувчи деган маъно англашилади.

Мана шундай чуқур илмий аҳамиятга эга бўлган, замонавий технология ва техник тараққиёт ютуқлари ёрдамида узоқ йиллик тадқиқотлар натижасида шу кунларда аниқланган далиллар бир минг тўрт юз йил аввал, на космик кузатув асбоблари, на телескоплар, на илғор техник асбоб-ускуналар мавжуд бўлган даврда инсониятга хабар қилинган. Инсоният бу илмларни Аллоҳ Таолодан еттинчи асрда олган бўлса-да, фақат орадан ўн тўрт аср ўтгачгина, уларни амалда тасдиқлашга ва улардан фойдаланишга муваффақ бўлди.