1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

ЕР ХАМ АЛЛОХНИНГ АМРИГА МУНТАЗИР!

15:40 / 28.04.2017 2333 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кун... Аллоҳнинг кунлари осуда ўтаётгандек. Аслида-чи, аслида ҳам шундайми? Дунёга теран нигоҳ-ла назар соладиган бўлсак, ғаройиб воқеалар шоҳиди бўламиз. Одамлар ўз қўллари билан эртага одамлар учун тарих бўлажак сатрларни ёзаётганларини кўрамиз. Бугунги кун саҳифасида бугунги кунимизда рўй берган ибратли воқеани эслатиб ўтамиз. Шояд, ана шу ҳикоят сабаб бўлиб иймон кўчасини оёқлари хатламаган инсонлар оз бўлса-да инсофга келсалар, қалбларини тергасалар...

... Пойтахтимизда кўпгина катта қабрлар бор. Номини саҳифамизда айтмасликка қарор қилганимиз, ана шундай қабристонлардан бирида бир неча йиллардан бери ишлаб келаётган гўрков акамиз ушбу воқеани ўз кўзлари билан кўрган инсон сифатида сўзлаб берар эканлар, кўзлари тўла ёшни кўрдик. 

- Мен, - дейди гўрков, - анчадан буён шу ерда одамларнинг хизматини қилиб келяпман. Лекин ҳали бунақасини кўрмагандим. Ўтган йилнинг ёз кунларида 40 ёшли автоҳалокатга учраб ҳалок бўлган бир йигитни кўмиш учун олиб келишди. Кечқурун жони узилгани боис, бомдодга чиқарадиган бўлишгани боис, қабрни субҳ кириши арафасида қазишимга тўғри келди. Аммо нимагадир хафласам бўлмай қабристонга келдим. Энг қизиғи, қабристонга етиб келганимда ҳеч қачон қилмаган ишни қилиб қўйганимни англаб етдим. Кетмоним уйда қолиб кетганди, нимагадир бир кун олдин ҳар доим қабристонда турадиган иш анжомларимни уйга олиб кетган эканман. Хуллас, машинада қайтиб, кетмонни ҳам олиб келдим. Қулайроқ жой топиб, бироздан сўнг олиб келинажак маййит учун қабр кавлашга киришдим. Ажабо, кетмонни бир-икки ерга уриб кўрдим, нимагадир ўтмади. Лопаткадан ҳам фойдаландим. Олдимда нимаики асбобим бўлса ҳаммасини ишга солиб кўрдим. Барибир фойдасиз эди.

Кетмон-у, анжомларни бир-бир кўздан кечириб чиққач, бу ҳолни ернинг қаттиқлигига йўйдим. Сал нарироққа бориб, ерни чопа бошладим. Қизиқ, анча нам тортган ерда ҳам кетмоним даст урмасди. Ҳайратим ошиб қабристоннинг етти турли жойини кавлашга уриндим. Бироқ, бирор бир жойни ярим метр бўлсин қазий олмадим. Бироздан сўнг шогирдларим етиб келишди. Уларга бўлган воқеани тушунтириб бердим. Шогирдларим ишонқирамаганликларини англадим. Кейин қўлимдаги лопаткани бериб "марҳамат" дедим. Йигитларнинг қўлидан ҳам ҳеч вақо келмади.

Туриб қолдик. Қабристоннинг бирор бир жойи кавланмай қолди. Бомдод намозидан сўнг жанозаси ўқилган маййитни кўтариб келишди. Мен зўр базўр бориб имомга бўлган воқеаларни сўзлаб бердим. Имом кўзида ёш билан маййит эгалари олдида йўл олди. Ҳамманинг кўз ўнгида бундан бир соат аввал қилган ишларимизни такрорлаб бердик. Ростакамига ер кавланмасди. Ўша ердагиларнинг ҳаммаси битта ҳақиқатни тушуниб етган эдилар: Ўликни ер қабул қилгиси йўқ! Ноилож имом билан маслаҳатлашиб, маййитни бир амаллаб кавланган ярим метрли чуқурга қўйдик. Устига турпоқ тортган бўлдик.

Ҳамма маҳзун ҳолда уйга қайтди. Энг даҳшатли воқеа эртаси куни рўй берди. Мен бошқа бир ўлик учун қабр кавлаётганимда сал нарида итларнинг овозини эшитиб қолди. Югуриб борсам бир кун муқаддам ернинг юзига кўмиб қўйилган ўлик ташқарига чиқиб қолган, уни қабристонда изғиб юрадиган дайди итлар тити-питини чиқариб ташлаган эдилар. Итларни ҳайдадим, ичак-човоғи осилиб қолган ўликни минг даҳшат ичра жойига тиқишга уриндим. Лекин фойдаси йўқ эди, итларнинг олдига жуда кеч келганим боис, ўликнинг соғ жойи қолмаганди. Бор йўғи ярим метр кавланган чуқурни, аниқрғи қабрни кенгайтирдим-да, сочилиб кетган ўлик баданини тиқиб ташладим. Бир неча кундан сўнг келганимда ўша ер ҳам очиқ қолганини ва ўлик итларга ем бўлганини кўрдим. Ҳеч кимга бу воқеаларнинг хабарини бермадим, аммо ўлик титилиб кетгач, кетмонни қўлимга олиб минг қўрқув ила ярим метрлик қабрга яқинлашдим. Субҳаналлоҳ, уч-тўрт кун муқаддам тошдан ҳам қаттиқ бўлиб ётган ер пахтадек юмшоқ бўлиб кетганди. Маййитни Аллоҳнинг амри билан қабул қилмаган замин бошқа ўликлар учун юмшоқ ҳолга келиб улгурганди. Кўзимда ёш, қалбимда алам билан чуқурни кавлайвердим. Эгасиз қабр бўла қолсин, деб, уни қабр ҳолига келтириб қўйдим.

Ҳар куни қабристонга келсам, ана шу қабрни зиёрат қилишга одатланганман. Унинг ичида эгаси йўқлигини биламан, ҳар ёққа сочилиб-титилиб кетганини мендан бошқа одам билмайди. Суриштирай, десам, барибир биламанки, маййит ҳаётлик даврида Парвардгорга осийлик қилган, ё судхўр бўлган, ё қиморбоз, ё тинмасдан, муккасидан кетгунча ароқ ичган, ё фаҳш ишлар билан шуғулланган. Менга бунинг нима қизиғи бор, менга фақатгина ибрат керак. Ер ҳам Аллоҳнинг махлуқи, агар оламларни яратган Зот унга бандамни қабул қилма, деб буюрса, тошдан қаттиқ бўлиб олар экан. Уни дунёнинг исталган жойини кезиб чиқинг, кўмишга жой топа олмас экансиз. Ҳайвонларга ем бўлгачгина, ер юмшар экан, субҳаналлоҳ!

Аллоҳ таолодан ўлимимизни чиройли қилиши билан биргаликда, қабрдаги ҳолатимизни ҳам ўнглашини сўраб қоламиз. Зеро, У Саҳий ва Меҳрибон Зотдир!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўп инсонлар учун ҳаётда зарурий эҳтиёжлар бўлган ейиш, ичиш, турмуш қуриш, молдунё тўплаш асосий мақсадлар бўлиб қолган. Яна бир тоифа эса олдиларига юксак давоми...

2394 15:09 / 28.04.2017
Эрининг вафотидан кейин ёлғиз ўзи ҳаёт ғамғуссаларига қарши курашишга мажбур бўлди. Унга бу аламларни унуттирадиган, ярасига дори, қалбига малҳам бўладиган ягона давоми...

2437 14:59 / 28.04.2017
Исҳоқ ибн Аббоддан ривоят қилинади Бир кеча тушимда бир кимсанинг кулфатга учраган кимсага ёрдам берrdquo, деётганини кўриб, уйғониб кетдим ва қаранглар, давоми...

2153 14:50 / 28.04.2017
Халифа Маъмун Тоҳир ибн Абдуллоҳга ғазаб қилди. Тоҳир Энди халифа мени тўғримда қандай йўл тутаркинrdquo деб ўйланиб қолди. Шунда тўсатдан бир дўстидан мактуб олди. давоми...

2417 15:05 / 28.04.2017