1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Дуонинг фазли (3-қисм)

19:36 / 14.11.2017 3911 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4565. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сўрамаса, У Зот ундан ғазабланади», дедилар».

Шарҳ: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда «Аллоҳдан У Зотнинг фазлидан сўранг. Чунки Аллоҳ сўралишни хуш кўради», дейилган.

Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилишидан дуо қилиш банда учун фарзу вожиб амаллардан эканини билиб оламиз.

Банда ўзининг бандалигини тан олиб, ўзининг каттаю кичик ҳар бир ҳожатини ҳақиқий Хожаси Аллоҳ таолодан сўраб туриши лозим. Агар банда бундай қилмаса, ўзини ҳам, Роббини ҳам танимаган бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло бундай нобакор одамдан ғазабланиши турган гап.

Аллоҳ таолога дуо қилиб, У Зотдан ҳожатини сўрамаслик такаббурлик ва истиғнодир. Бу иш бандага тўғри келмайди.

4566. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Оройиш пайтида Аллоҳни танисанг, Аллоҳ сени шиддат пайтида танийди», деганлар.

Одатда биз – ожиз бандалар бошимизга мушкул ҳолат тушгандагина Аллоҳ таолога ёлвора бошлаймиз. Бошимизга тушган офатни тезроқ аритишини истаб қоламиз.

Аммо ишимиз ўнгланиб кетса, дуо қилиш эсимиздан чиқади. Худди ҳеч нарса бўлмагандек юраверамиз.

Мазкур нотўғри ҳолат Қуръони Каримнинг «Юнус» сурасида қуйидагича васф қилинади:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо ‎‎қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо ‎‎қилмагандек, кетаверадир. Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли ‎‎кўрсатилди» (12-оят).

Инсон боласининг иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳат-фароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётида мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўмин-мусулмонлар бундан мустасно.

Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғига, тинчлигига ёки роҳатига путур етса, бошига мусибат келса, дарҳол ёдига Аллоҳ тушади. Ҳа:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо ‎‎қиладир».

Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлворишни бошлайди. Ҳатто энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далилдир. Аммо афсуски, кўпчилик бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганида Аллоҳга ёлворади-ю:

«Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо ‎‎қилмагандек, кетаверадир».

Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир кун келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.

Бундай кимсаларни Аллоҳ таоло оятда «исрофчилар» деб атамоқда ва бошларига мусибат тушганида Аллоҳга ёлвориб, мусибат кўтарилганида ҳеч нарса бўлмагандек кетаверишларини «исрофгарчилик» деб васф қилмоқда. Ҳамда бу ишлари ўзларига зийнатли – чиройли бўлиб кўринишини таъкидламоқда:

«Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли ‎‎кўрсатилди».

Аммо бунинг оқибати яхшиликка олиб бормайди. Бунга олдин ўтган исрофчиларнинг аҳволи ҳам далилдир.

Аслида эса ишимиз юришиб турган пайтда Аллоҳ таолога дуо қилиб туришимиз лозим. Ҳеч бўлмаса, юришиб турган ишимизнинг бардавом бўлишини сўраб дуо қилишимиз керак.

4567. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ё сўраганини (тезда) беради, ёки ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», дедилар.

Шунда одамлардан бири:

«Ундай бўлса, (дуони) кўпайтирамиз», деди.

«Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда дуонинг қабул бўлиши шартларидан иккитаси ва дуонинг фазлларидан иккитаси зикр қилинмоқда.

Дуонинг қабул бўлиши учун зарур бўлган ушбу икки шарт:

1. Мусулмон кишининг гуноҳ аралаштирмасдан дуо қилишидир. Гуноҳ қилиб туриб, дуо қилинса, қабул бўлмас экан.

2. Мусулмон кишининг қариндошлик алоқаларини узмасдан дуо қилишидир. Қариндошлик алоқасини узган ҳолда қилинган дуо ҳам қабул бўлмас экан.

Дуонинг фазлларидан иккитаси:

1. Аллоҳ таоло томонидан дуода сўралган нарсанинг тез берилиши.

2. Дуо қилувчидан сўралган нарса мислича ёмонликнинг буриб қўйилиши.

Бас, шундай экан, банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилиши лозим.

Демак, банда дуоларим қабул бўлмади, демаслиги керак экан. Аллоҳ таоло унга шу дуоси туфайли охиратда катта ажрни тайёрлаб қўйган бўлиши ёки катта бир балони даф қилиб қўйган бўлиши мумкин экан.

Шунинг учун дуо қилишда иккиланмаслик, гумонда, шубҳада юрмаслик керак. Дуо қилавериш ва ижобат бўлишидан умидвор бўлиш лозим.

Дуони қандай ижобат қилиш эса Аллоҳ таолонинг иродасидир. Ўзи билади. Агар Аллоҳ таоло сўралган нарсани бермаса, ажрини охиратга олиб қўяди ёки ўрнига бошқа бир ёмонликни даф қилади.

Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар:

«Дуонинг ижобати турли навда бўлади. Гоҳида сўраган нарсанинг айни ўзи берилади. Гоҳида унинг ўрнига эвази берилади».

Яна Ибн Жавзий айтадилар:

«Билки, мўминларнинг дуоси рад қилинмас. Фақат унинг учун ортга суриш яхши бўлганда ижобати ортга сурилади. Ёки тездами, секинми, унинг ўрнига ундан кўра яхшироқ эваз берилади. Эҳтимол, арзимаган нарсани сўраган бўлади. Аммо унга афзал ва ўта арзигулик нарсани беради. Бас, мўмин киши Роббига дуо қилишни, Ундан талаб ва сўрашни тарк қилиши жоиз эмас. У таслим бўлиш ва тафвиз қилиш – Аллоҳга солиб қўйиш ила қанчалик ибодат қиладиган бўлса, дуо билан ҳам шунчалик ибодат қилади».

4568. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳдан сўралганда бериладиган нарсалар ичида У Зотга энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашдир», дедилар».

Шарҳ: Шунинг учун Аллоҳ таолодан офиятни кўпроқ сўраш керак бўлади.

«Офият» сўзи саломатлик, эсон-омонлик, бардамлик, яхши кайфият каби маъноларни ифода қилади.

Офият Аллоҳ таолодан сўраладиган энг яхши нарсалардан экан, демак, офият сўралган машҳур дуони кўп такрорлаб туриш лозим. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайтон алайҳи лаъна инсоннинг энг катта душманидир. Унга қулоқ солган одам икки дунё бахтсаодатидан маҳрум бўлади. Шайтоннинг энг кучли қуроли бу васвасадир. давоми...

16414 18:54 / 23.09.2017
.Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик қилувчи ndash Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган давоми...

18935 20:19 / 10.05.2018
Олмония шарқшунос олималаридан бўлмиш Сигрид Ҳунке ўзининг Аллоҳ таолонинг ғарбга порлаган қуёшиrdquo асарида арабларнинг фазилати борасида шундай дейди давоми...

5218 14:15 / 12.10.2020
4569. Яна ўша кишидан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, дуо нозил бўлган ва нозил бўлмаган нарсага фойда келтиради. Эй Аллоҳнинг бандалари давоми...

3744 20:13 / 14.11.2017
Аудиолар

118724 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40692 14:35 / 11.08.2021