1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Дуонинг фазли (1-қисм)

14:03 / 14.11.2017 5275 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввало дуонинг маъносини билиб олайлик. «Дуо» сўзи араб тилида чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча дуо қилиш ҳамда бирон нарсани талаб қилиш маънолари бир-бирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади.

Талаб – сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир. «Менга тилаган нарсамни бергин» каби.

Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан: қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик, хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлар учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қила бошлаши билан бўлади.

Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, икки қўлни кўтариб, тилга келган талаб сўзларини одатга кўра такрорлаётган бўлади.

Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, хаёлда эса бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.

Бас, шундай экан, бу ишни қилаётган одамни «Фалончи Аллоҳ таолодан сўрамоқда», дейишимиз мумкин. Аммо «Фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда», дея олмаймиз.

Кўпчилик бирор нарсага эришмоқчи бўлса, турли дуоларни ўрганиб, ёд олади. Уларни такрор-такрор ўқиб, Аллоҳ таолодан ўз тилагини сўрайди. Аммо сўраган нарсасига етиша олмай юраверади, чунки у ҳақиқий дуо қилгани йўқ, шунчаки сўраш билан банд. Дуо деб аталадиган нафсий ҳолатга эришгани йўқ.

Шу билан бирга, у ўзи қилган гуноҳлар учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қилишни бошлагани ҳам йўқ. Балки гуноҳ қилишда давом этаётган бўлиши ҳам мумкин.

Ахир бирор одамдан бир нарсани сўрайдиган одам ўша берувчига нисбатан беодоблик содир этган бўлса, аввал мазкур беодоблик учун узр айтиб туриб, кейин сўровини сўрайди-ку!? Нима учун Аллоҳ таолога гуноҳ қилган банда У Зотдан узр сўрамай туриб, яна сўровини сўраши керак? Аллоҳ таолога осий бўлиб туриб, яна қандай қилиб У Зотдан «Менга фалон нарсани бер» дея талаб қила олади?!

Шунинг учун ҳам баъзан ўзи ҳақида қилган дуоси қабул бўлган кишиларнинг кўпчилик учун қилган дуолари қабул бўлмайди. Чунки бу кишининг ўзи тавбани яхши қилиб, дуони ихлос билан қилган бўлади. Аммо кўпчилик ичида гуноҳга ботиб, бунга парво ҳам қилмай юрган кимсалар бўлиши мумкин.

Баъзилар «Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ уларга ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган нарсаларини бериши ҳам мумкинми?» деб сўрайдилар.

Бу саволга учта жавоб бор.

Биринчидан:

Дуони ижобат қилиш ҳақидаги оят сўровчига бир нарса беришни ўз ичига олмаган, балки бу оят дуо қилувчининг дуоси ижобат қилинишини ўз ичига олган. Дуо қилувчи эса сўровчидан кўра умумийроқ маънодаги шахсдир. Шунинг учун ҳам дуони ижобат қилиш сўровни беришдан кўра умумийроқдир.

Ушбу фарқ туфайли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар кеча Роббимиз дунё осмонига тушади ва «Ким Менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилсам, ким Мендан сўрайди, Мен унга ато қилсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам», дейди»деганлар («Ирвоул Ғалийл», 449-бет).

Ушбу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилувчи билан сўровчининг, ижобат билан атонинг орасини фарқламоқдалар.

Иккинчидан:

Дуонинг ижобат қилиниши сўралган нарсани беришдан кўра кенг ва умумийдир.

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни қуйидагича тафсир қилганлар:

«Қайси бир одам гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмай туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга бунинг сабабидан уч хислатдан бирини беради:

Унинг сўраганини тезда беради. Сўралган нарсанинг мислича яхшиликни унинг учун сақлаб қўяди. Сўралган нарсанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», дедилар.

Шунда одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ундай бўлса, (дуони) кўпайтирамиз», дедилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар». 

Аҳмад, Ҳокимлар ривоят қилганлар. Заҳабий саҳиҳ, деган.

Учинчидан:

Албатта, дуо талаб қилинган нарсага эришишни тақозо қилувчи сабабдир. Сабабнинг эса ўз шартлари ва ман қилувчи омиллари бор. Қачон шартлар ҳосил бўлиб, ман қилувчи омиллар йўқ бўлса, талаб қилинган нарсага эришилади. Агар ундай бўлмаса, мақсадга эришилмайди. Баъзан эса дуо қилувчи учун хайрлироқ бўлган бошқа натижа ҳосил бўлиши ҳам мумкин.

Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва ҳожатларни раво қилади.

Жумҳури мусулмонлар ва бошқа дин аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг кучли сабаблардан эканига ишонадилар. Бунга сабаб Аллоҳ таолонинг мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, бандасининг дуосини ижобат қилиб, унга сўраганини бериши, ризқ ва ёрдам беришидир.

Имом Ибн Можа «Сунан» китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сўрамаса, У Зот ундан ғазабланади», деганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим тиловати борасида саволжавобларСавол Баъзилар Аёлларнинг билаклари ва сочлари очиқ ҳолда Қуръон ўқиши рухсат, яъни зарари йўқrdquo дейишади. Ҳолбуки давоми...

1307 16:25 / 01.04.2023
.Эй гўзалим, вужудимда сендан бошқа бир борлиқ қолмади. Шунинг учун ҳам сирка асал денгизида йўқ бўлгани каби, мен ҳам сенинг борлиғингда шу тарзда йўқ бўламан..., давоми...

2654 12:42 / 15.02.2022
Сиз расмда кўриб турган ҳолат Марокаш давлатида бўлиб, у ерда Қуръонни ёдлаган қориларни мана шундай икром қилишар экан. Қуръони Каримни ўқувчилар, ёд олувчилар, давоми...

906 09:00 / 04.05.2023
Қуръон мияни қандай шакллантирадиБир куни илмфан тарихи бўйича универститет профессори, Агар сиёсий муаммолар ва ўзаро олиб борилган урушлар бўлмаганида, давоми...

2051 17:00 / 22.02.2022
Аудиолар

120162 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41823 14:35 / 11.08.2021