1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Дуо ва унинг фазли

18:39 / 10.06.2017 6029 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бандаларига неъмат ва яхшиликлар берган фазлу карамли Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Тўхтовсиз кечаю кундузни айлантириб турган Роббимизга ҳамдлар бўлсин. Сен рози бўлгунингча, рози бўлган вақтинг ва рози бўлганингдан кейин ҳам Сенга ҳамдлар бўлсин!

Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин. У зотга кечаю кундузни алиштириб турадиган Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аҳли оилаларига ва барча асҳобларига салоту саломлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қилиб айтадилар:

«Аллоҳ табарока ва таолонинг зикр мажлисларини излаб юрувчи малоикалари бўлади. Агар Аллоҳнинг зикри бўлаётган мажлисни топсалар, улар билан бирга ўтирадилар. Уларни (зикр аҳлини) қанотлари билан ўраб олиб, улар билан дунё осмони ўртасини тўлдирадилар. Зикр аҳли тарқалсалар, фаришталар ҳам осмонга чиқадилар. Аллоҳ билиб туриб улардан сўрайди:

– Қаердан келяпсизлар?

– Ерда Сени поклайдиган, улуғлайдиган, мақтайдиган, ҳамд айтадиган ва Сендан сўрайдиган бандаларинг олдидан! – дейишади (фаришталар).

– Улар Мендан нимани сўрамоқдалар?

– Жаннатингни сўрашмоқда.

– Улар жаннатимни кўришганми?

– Йўқ, – дейдилар.

Аллоҳ яна дейди:

– Агар кўрсалар, қай ҳолга тушардилар?

– Сендан паноҳ сўрардилар?

– Нимадан паноҳ беришимни сўрардилар?

– Эй Робб, дўзахингдан паноҳ сўрардилар.

– Дўзахимни улар кўришганми?

– Йўқ, – дейдилар.

– Дўзахимни кўрганларида қай ҳолга тушардилар?

– Улар Сендан истиғфор сўрардилар, – дейишади малоикалар.

Шунда Аллоҳ таоло дейди:

– Уларга сўрашган нарсаларини бераман ва паноҳ сўрашган нарсаларидан паноҳ бераман.

Фаришталар айтишади:

– Эй Робб, уларнинг орасида гуноҳкор одам бор. У ўтиб кетаётиб, уларга қўшилиб ўтирди.

Аллоҳ таоло дейди:

– Уни ҳам кечирдим. Улар бирга ўтирганини бахтсиз қилмайдиган қавмдир».

Имом Муслим ривоят қилганлар.

Бир гуруҳ саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) Набий алайҳиссаломдан сўрашди: «Роббимиз бизга яқинми – Унга муножот қилайликми? Ёки биздан узоқми – Унга нидо этайликми?»

Аллоҳ азза ва жалла кейин мана бу оятни нозил қилди:

«Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман» (Бақара сураси, 186-оят).

Албатта, биз Аллоҳнинг фақир бандаларимиз. Куч ҳам, қувват ҳам ёлғиз Аллоҳдандир. Кўз очиб юмгунча ёки ундан кам вақт оралиғида ҳам Ундан беҳожат эмасмиз. Аллоҳнинг тавфиқисиз биз ҳеч киммасмиз. Шу сабаб Мавлоимиз олдида ёлвориб сўрайдиган нарсаларга муҳтожмиз. Ҳожатимизни ўташи учун Ундан сўраб дуо қиламиз. Шунга муаззин: «Намозга шошинг, нажотга шошинг», деганида, ҳар бир айтганидан кейин ортидан «Куч ҳам, қувват ҳам ёлғиз Аллоҳдандир», дейишимиз шариатда келгандир. Бу улуғ дуо ибодати билан ҳар дақиқа яшаймиз.

Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилиш фазилати

Дуо биздан олдинги солиҳлар ва набийларнинг одатларидан эди. Уларни сифатлаб Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйсунувчи эдилар» (Анбиё сураси, 90-оят).

Дарҳақиқат, барча набий алайҳиссаломлар Аллоҳга дуо қилардилар ва ишларини Унга топширардилар. Пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом ҳам ўғиллари ва аёлларини ташлаб келаётганларида шундай дуо қилган эдилар:

«Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимдан Байтул Ҳараминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).

Аллоҳ таоло Иброҳим  алайҳиссаломнинг дуоларини қабул қилди ва, кўриб турганингиздек, Макка ҳар тарафдан келган мусулмонлар билан тўлди. Шунингдек, Аллоҳ таоло айтганининг далили сифатида Маккада турли меваларни кўрамиз.

«Уларга омонлик ҳарамини макон қилиб бермадикми?! У ерга ҳар нарсанинг мевалари даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку! Аммо кўплари билмаслар» (Қасос сураси, 57-оят).

Ҳозирда Маккадаги жамики нарсалар Аллоҳнинг тавфиқидан кейин пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари баракотидандир.

Аллоҳ азза ва жалла Каломида шундай келади:

«Ва Айюбнинг Ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан!» деганини эсла» (Анбиё сураси, 83-оят). 

Аллоҳ таоло қуйидагини айтади:

«Бас, уни (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва «Обидларга эслатма бўлсин», деб қилдик» (Анбиё сураси, 84-оят). 

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга деди:

«Фиръавнга боринглар! Чунки у туғёнга кетди» (Тоҳа сураси, 43-оят).

Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан ўзгада куч ҳам, қувват ҳам йўқлигини эслаб, Парвардигорга шундай деб дуо қилдилар:

«У (Мусо) деди: «Роббим, менинг қалбимни кенг қил. Менинг ишимни осон қил. Тилимдаги тугунни ечгин. Сўзимни англасинлар. Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер. Оғам Ҳорунни. У билан белимни қувватла. Уни ишимга шерик айла. Сенга кўп тасбеҳ айтишимиз учун. Ва Сени кўп зикр қилишимиз учун. Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг» (Тоҳа сураси, 25–35-оятлар).

Аллоҳ азза ва жалла у кишига қуйидагича жавоб беради:

«(У Зот) деди: «Эй Мусо, сенга сўраганинг берилди» (Тоҳа сураси, 36-оят).

Бефарзанд бўлган Закариё алайҳиссалом ёшлари кексайиб, мункиллаб қолганларида ҳам Аллоҳга шундай дуо қиладилар:

«Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди. Бас, Бас, уни (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар бизга таъзим ила бўйсунувчи эдилар» (Анбиё сураси, 89–90-оятлар).

Юнус алайҳиссалом наҳанг балиқ ютиб юборган куни зулматда қолганларида Аллоҳга суяниб дейдилар:

«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди. Зулматларда туриб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим», деб нидо қилди» (Анбиё сураси, 87-оят).

Аллоҳ субҳанаҳу айтади:

«Бас, уни (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 88-оятлар).

Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр кунида Аллоҳга дуо қиладилар. Имом Муслим ривоятларида Умар ибн Хаттоб айтадилар:

«Бадр кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга қарадилар. Улар мингта, асҳоблари эса уч юз ўн тўққизта эдилар. Шунда улар қиблага юзланиб, қўлларини кўтариб, Роббиларига хитоб қилдилар: «Аллоҳим, менга ваъда қилган нарсангни бажо келтир. Аллоҳим, менга ваъда қилган нарсангни бер. Аллоҳим, Ислом аҳлига душман бўлган бу қўшинни ҳалок қилмасанг, ер юзида Сенга ибодат қилинмас». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага юзланиб, қўлларини кўтариб, узоқ дуо қилиб турдилар, ҳатто елкаларидан ридолари тушиб кетди».

Дуонинг фазли ва унга тарғиб қилган бир нечта ҳадислар келган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Дуо – ибодатдир».

Имом Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Роббимиз табарока ва таоло дунё осмонига ҳар туннинг охирги учдан бир қисми қолганида тушиб айтади: «Ким Менга дуо қилса, дуосини ижобат этаман. Ким Мендан сўраса, бераман. Ким Менга истиғфор айтса, уни кечираман, ҳатто тонг отгунга қадар». 

Бунинг саҳиҳлигига иттифоқ қилишган.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Доимо тирик ва саховатли бўлган Роббингиз табарока ва таоло қўлини Унга кўтарган бандасининг қўлини қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади».

Имом Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдилар:

«Мусулмон киши биродарини ғойибона дуо қилар экан, бир фаришта сенга ҳам шунақаси бўлсин, дейди». 

Имом Муслим ривоят қилганлар.

Дуо одоби

Дуо қилаётганимизда бизга лозим бўлган одоблар ҳақида тўхталиб ўтамиз. Улардан вожиб бўлганлари ва афзал кўрилганлари қуйидагилардир:

1. Дуо қилувчининг қалби тавҳидга тўлган ҳолатда бўлиши, Аллоҳнинг рубубият, улуҳият ва асмои сифат тавҳидида ёлғиз Ўзига эътиқод қилиши лозим. Аллоҳ дуосини ижобат қилишининг шарти шуки, банда тоатда бўлиб, маъсиятларни тарк этиши шарт.

Аллоҳ таоло айтади:

«Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар» (Бақара сураси, 186-оят).

2. Дуода Аллоҳга ихлос бўлиши.

Аллоҳ таоло айтади:

«...Унинг динигагина ихлос қилишга... буюрилган эдилар» (Баййина сураси, 5-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, дуо ибодатдир. Унинг қабул бўлишининг шарти холислик (ихлос)дир.

3. Аллоҳнинг гўзал исмлари билан сўраш.

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг...» (Аъроф сураси, 180-оят).

4. Дуодан олдин Аллоҳга ҳамду сано айтиш.

Имом Термизийдан ривоят қилиб Фазола ибн Убайд айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида турганимда бир киши кириб намоз ўқиди ва деди: «Аллоҳим, мени кечиргин ва менга раҳм қилгин». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эй намоз ўқувчи, шошдинг! Агар намозга турсанг, аввал Аллоҳга лойиқ бўлган мақтовлар билан Уни мақтагин, кейин намоз ўқиб, Унга дуо қилгин».

Бошқа бир ривоятда: «Сизлардан бирингиз агар намоз ўқимоқчи бўлса, Аллоҳга ҳамду сано айтиш билан бошласин. Кейин Муҳаммад алайҳиссаломга салавот айтсин. Сўнг хоҳлаган нарсасини сўраб дуо қилаверсин», дейилган.

Яна айтадилар: «Шундан сўнг бошқа бир киши Аллоҳга ҳамд айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, кейин намоз ўқиди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй намоз ўқувчи, дуо қил, ижобат қилинасан», дедилар» («Саҳиҳ Термизий»).

5. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.

«Барча дуолар Набий алайҳиссаломга салавот айтилгунига қадар тўсиб турилади» («Авсот» китобида Табароний ривоят қилган).

6. Қиблага юзланиш.

Имом Муслим ривоятларида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан келтирилади: «Бадр кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга қарадилар. Улар мингта, асҳоблари эса уч юз ўн тўққизта эдилар. Шунда у зот қиблага юзланиб, қўлларини кўтариб, Роббиларига хитоб қилдилар: «Аллоҳим, менга ваъда қилган нарсангни бажо келтир. Аллоҳим, менга ваъда қилган нарсангни бер. Аллоҳим, Ислом аҳлига душман бўлган бу қўшинни ҳалок қилмасанг, ер юзида Сенга ибодат қилинмас». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага юзланиб, қўлларини кўтариб, узоқ дуо қилиб турдилар, ҳатто елкаларидан ридолари тушиб кетди».

Имом Муслим шарҳларида Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Дуонинг ижобат бўлишида қиблага юзланиш ва дуода қўлларни кўтариш бордир».

7. Қўлни кўтариш.

Салмон розияллоҳу анҳудан Абу Довуд ривоят қилиб айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Доимо тирик ва саховатли бўлган Роббингиз табарока ва таоло қўлини Унга кўтарган бандасининг қўлини қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади».

Имом Абу Довуд ривоят қилганлар.

Мунтазир, фақир, ўзини паст олиб сўровчининг сўраши махфий бўлишида дуосининг ижобати бордир.

Молик ибн Ясордан Абу Довуд ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Агар Аллоҳдан сўрасангиз, махфий сўранглар, ошкора сўраманглар».

8. Дуонинг ижобатига ишониш ва қалбнинг тайёр бўлиши.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига кўра:

«Ижобат бўлишига ишонган ҳолда Аллоҳга дуо қилинглар. Билингларки, Аллоҳ ниқобланган ғофил қалбнинг дуосини қабул қилмайди».

Имом Термизий ривоят қилганлар.

9. Сўрашни кўпайтириш.

Банда Роббисидан дунё ва охиратига хайрли бўлган нарсани сўрайди. Набий алайҳиссаломнинг сўзларига биноан дуосида қатъий туриб, ижобат бўлишида шошмайди:

«Банда гуноҳ билан ёки қариндошлик алоқаларини узиш билан, ижобат бўлишида шошиб дуо қилмаса, дуоси қабул бўлади».

«Эй Расулуллоҳ, шошиш нима?» дейишди.

«Дуо қилувчи: «Дуо қилдим, дуо қилдим, аммо менга ижобат бўлмади», деб айтади. Дуо қилиб чарчайди ва дуо қилишни ташлаб қўяди», дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.

10. Дуода шарт қўйиш керак эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Сизлардан бирингиз бирор масалада қарор қилдириш учун «Аллоҳим, агар истасанг, мени кечир. Аллоҳим, агар хоҳласанг, менга раҳм қил», деб айтманглар. Аллоҳ буни рад этувчи эмасдир».

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.

11. Тазарруъ, хушуъ, рағбат ва қўрқув бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло айтади:

«Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг...» (Аъроф сураси, 55-оят).

«Албатта, улар яхшиликларга шошилар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйсунувчи эдилар» (Анбиё сураси, 90-оят).

«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарру-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма» (Аъроф сураси, 205-оят).

12. Дуони уч марта такрорлаш.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳ олдида намоз ўқиётган вақтларида Абу Жаҳл ва унинг шериклари ўтиришган эди. Қассоб ҳайвонни сўйди. Абу Жаҳл: «Ким фалончининг ўғлидан ичак-чавоқларни олиб келиб, Муҳаммад сажда қилаётганида унинг орқасига ташлаб қўяди?» деди.

Қавмнинг энг бахтсизи чиқиб, ичакларни олди ва Набий алайҳиссалом сажда қилганларида елкалари орасига қўйди. Улар бир-бирларига қараб кулдилар. Кошки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан ичак-чавоқларни отиб юборолганимда.

Жувайрия Фотима розияллоҳу анҳога хабар бердилар. Фотима келиб, ичакларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан отиб юбормагунча бошларини кўтармай, саждада турдилар. Кейин Фотима уларга қараб уришди.

Набий алайҳиссалом намозларини тугатиб, овозларини кўтариб, уларни дуоибад қилдилар. У зот: «Аллоҳим, Қурайшни Сенга топширдим», деб уч марта айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эшитгач, уларнинг кулгулари тўхтади ва у зотнинг дуоларидан қўрқишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳим, Ҳошим ўғли Абу Жаҳлни, Утба ибн Робиани, Шайба ибн Робиани, Валид ибн Уқбани, Умайя ибн Халафни ва Уқба ибн Абу Муайтни Сенга топширдим». Еттинчисини эслаб қололмадим. Бу зикр қилинганларнинг Бадр кунида ўлдирилганини кўрдим. Кейин Бадр қудуқларига судраб ташланди».

13. Таом ва кийимни пок қилиш.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Эй одамлар, албатта, Аллоҳ покдир, фақат пок нарсаларни қабул қилади. Албатта, Аллоҳ элчиларини буюрган нарсага мўминларни ҳам буюради».

«Эй расуллар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман» (Муъминун сураси, 51-оят).

«Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар...» (Бақара сураси, 172-оят).

Кейин (Пайғамбар алайҳиссалом) айтдилар: «Узоқ сафардан чанг бўлиб, сочлари тўзғиган киши қўлларини осмонга кўтариб: «Эй Робб, эй Робб», дейди. Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, едиргани ҳаром. Қандай унинг дуоси ижобат бўлсин?!»

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ейиш, ичиш, кийиш ва озиқланишнинг ҳалолдан бўлиши дуо ижобат бўлишининг сабабларидандир».

14. Дуони ошкора қилмасдан махфий қилиш яхшироқдир.

«Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг...» (Аъроф сураси, 55-оят).

«У Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла» (Марям сураси, 3-оят).

Дуо қилиш жуда фойдали эканини қуйидаги уч омилдан билиб оламиз:

1. Дуоингда сўраганингни Аллоҳ ижобат қилади.

2. Унинг баробарида бир ёмонликни сендан тўсади.

3. Банда муҳтож бўладиган қиёмат куни учун дуо заҳира бўлади.

Эй дўстим, дуо қилишдан ноумид бўлма ва ижобатида шошилма. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайшни қилган дуоибадлари ижобат бўлиши ҳам бироз муддатдан кейин бўлди. Ваҳоланки, у зот Аллоҳнинг элчиси эдилар.

Эй дўстим, дуо қилиб, унинг ижобатига шошмайлик! Дуога эътиборсиз бўлиб, уни ташлаб қўймайлик. Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом ҳақларида айтади:

«Меҳробда намоз ўқиб турганида фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган калимани тасдиқловчи, бошлиқ, шаҳвати тийилган, солиҳ набийлардан бўлган Яҳёнинг башоратини бермоқда», дедилар» (Оли Имрон сураси, 39-оят).

Аршнинг Роббиси улуғ Аллоҳдан Аллоҳнинг сўзини эшитиб, амал қилувчилардан этишини сўраб қоламиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан муборак Рамазон ойига ҳамда қадр кечасига етказишини, у ойда рўзадорлардан қилишини, у ойда савоб ва иймон билан қоим этишини, ўтган гуноҳларимизни кечиришини тилаймиз.

Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин. Аллоҳим, Ўзинг пок Зотсан, Сенга ҳамдлар бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сенга истиғфор айтиб, тавба қиламан.


ҲУМАЙРО тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллома Ибн Абдулбарр ўз санади билан Ғолиби Қаттон роҳматуллоҳи алайҳнинг бир воқеасини ҳикоя қилиб беради. Бундан уларнинг қанчалик илмга муҳаббатли ва илм давоми...

1898 14:00 / 27.04.2023
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Қози Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Отам вафот этганида мен ёш бола эдим. Онам мени газлама оқловчига олиб бориб давоми...

1037 09:00 / 27.12.2022
Роббана ва лакал ҳамду ҳамдан касийрон тоййибан мубарокан фийҳи.Маъноси .Эй Раббимиз Сенга кўп, пок ва муборак ҳамду сано бўлсин,.Имом Бухорий ривоят қилган давоми...

2284 09:00 / 17.01.2023
Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир.Чиндан ҳам, Аллоҳ таоло баракотли ва улуғ Зотдир.Ана шу давоми...

3473 18:34 / 26.02.2018
Аудиолар

118757 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40716 14:35 / 11.08.2021