1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Дуо қилинг…

10:50 / 04.06.2017 94778 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Дуо – руҳий ибодат.

Дуо – банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги хос сирли мулоқот.

Дуо қилиш чоғида осмонга қараш шарт эмас. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар жойда ҳозиру нозир. Дуонинг ижобат бўлиши осмонга қарашга боғлиқ, деб ўйламанг. Аллоҳнинг буйруғига таслим бўлиб, хушуъ, хузуъ ила дуо қилишда шундай роҳат борки, У Зотга яқин бўлган вақтимизда ўзимизни бу роҳатлардан маҳрум қилиб қўймайлик.

Роббимиздан бизга раҳм қилишини, гуноҳларимизни кечиришини, тоқатимиз етмайдиган нарсаларни бизга юкламаслигини, ернинг устида ҳам, ернинг остида ҳам, қиёмат куни ҳам бизни муҳофаза этишини, дунё ва охиратда бизга яхшиликлар беришини ҳамда бизни дўзахдан узоқ қилишини умид қилиб, ёлвориб сўраймиз.

Дуо катта ёки кичик, эътиборли шайх ёки оддий одамнинг тилидан бўладими, фарқ қилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг: «Аллоҳим, Сендан ўзга ибодатга лойиқ ҳеч бир зот йўқ. Ўзинг яккаю ёлғизсан. Сен туғмаган ва туғилмаган ва Сенга ҳеч бир нарса тенг келолмайдиган Улуғ Зотлигингга иймон келтириб сўрайман!..» деяётганини эшитиб: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у билан дуо қилса, дуоси ижобат бўладиган ва у билан сўраса, бериладиган Аллоҳнинг улуғ исмлари билан сўради», дедилар..

Расуллар имоми соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга таълим бериб, дуоси ижобат бўладиган уч тоифа инсонларни зикр қилдилар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ. Ота-онанинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси», дедилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилишган.

Демак, ушбу уч тоифанинг яхши дуосини олишга ҳаракат қилишимиз, уларнинг ёмон дуо қилишларидан қўрқишимиз лозим экан.

 

«Дуо ибодатдир»

«Дуо ибодатдир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуонинг сирини мана шундай қисқагина жумла билан баён қилдилар.

Қўлингиз, қалбингиз ва умидларингизни осмонга кўтариб, ғурурингиз ва кибрингизни ерга пасайтириб, Буюк Яратувчингиз қаршисида нақадар заиф ва ҳақир инсон эканингизни изҳор этиб, Унга муножот қиласиз.

Инсон ўзидаги табиий ожизлик сабабли қадим-қадим замонлардан буён унинг истакларини қондиришга қодир бўлган бир илоҳга суянади. Ана шу илоҳига яқин бўлиб, ундан ўзи эҳтиёж сезган турли нарсаларни беришини сўрайди, содир бўлишини хоҳламаган нарсаларидан, турли ёмонликлардан эса паноҳ тилайди. Улар бор истак-хоҳишларини, орзу-армонларини, эҳтиёжларини, дуоларини қуёш, ой, олов, бут каби жисмларга айтиб, уларни ўзларига илоҳ қилиб олганларида Аллоҳ уларга тўғри йўлни кўрсатишлари, ибодатни яккаю ягона Зот – Аллоҳ таолога қилиш лозимлигини, дуою илтижоларни ҳам фақат У Зотгина қабул қилишини ўргатишлари учун пайғамбарларни жўнатди. Орадан бир неча минг йиллар ўтиб, хотамул анбиё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни юбориб, у зотга Қуръонни ваҳий қилди. Аллоҳ таоло Қуръони Кримда шундай марҳамат қилади: «Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 55-оят), «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман», деди» (Ғофир сураси, 55-оят).  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда эса У Зот айтади: «Бандам Мендан сўраса, албатта Мен унга яқинман, агар дуо қилса, дуо қилувчининг дуосини ижобат қиламан».

Термизий, Аҳмад ва Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуонинг фазлини баён этиб: «Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ», деганлар. Балки Аллоҳга дуо қилмаган, У Зотдан ҳожатларини сўрамаган бандасидан ғазабланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дейдилар: «Ким Аллоҳдан сўрамаса, У Зот ундан ғазабланади».

Қандай дуо қиламиз?

Дуо қилиш учун махсус жой, вақт ва вазият танланмайди. Зотан, «Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эсланг» (Нисо сураси, 103-оят). Энг муҳими – поклик ва ихлосга риоя қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ижобатига аниқ ишонган ҳолингизда дуо қилинг. Ва билингки, Аллоҳ ғофил ва беҳудачи қалбдан дуони қабул қилмас», дедилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Дуо қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз, умматларига ўргатган асосий қоида шуки, Аллоҳ дуоимизни ижобат қилишига бизда қатъий ишонч бўлиши лозим. У Зот ваъдасига шубҳа қиладиган бандасининг дуосини қабул этмайди.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дуо ибодатдир», дедилар ва «Ва Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар»ни қироат қилдилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Сўнг худди намоздаги каби қиблага юзланамиз. Ўзимизни Каъбанинг олдида тургандек ҳис қиламиз. Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳақир эканимизни билдириб, хушуъ билан қўлларимизни дуога очамиз.

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Роббингиз ҳаёли ва каримдир. У Зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса, уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади», дедилар».

Дуонинг аввалида  Аллоҳнинг гўзал исмлари билан Унга ҳамду сано, сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, кейин дуо қилинади. Дуонинг сўнгида яна такрор Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримизга салавот айтиб, тугатилади.

Инсон кўпчилик ичида дуо қилганида, овоз чиқариб дуо қилади, лекин бунда овозни ҳаддан ташқари кўтариб юбориш, атрофдагиларнинг эътиборини ўзига тортишга ҳаракат қилиш, риё каби иллатлардан узоқ бўлиш лозим.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тепалик ёки довонга чиқа бошладилар. Унинг устига чиқилганда бир киши баланд овоз билан:

«Лаа илааҳа иллаллоҳу, Аллоҳу акбар!» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларининг устида туриб:

«Сизлар кар ёки ғойиб Зотга дуо қилаётганларингиз йўқ...» дедилар».

Банда ёлғиз ўзи дуо қилганида бу дуо у билан Робби ўртасида махфий (сирли) бўлиши учун паст овозда, пичирлаб қилиши жоиз. Лекин бунда ҳам фақат ўзининг эмас, бошқа мусулмонларнинг ҳаққига ҳам дуо қилса, ижобати ҳам оммавий бўлади. Зотан, комил мўмин ўзига яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам яхши кўради.

Дуода қатъий туриш ҳам мақтовга сазовордир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларида дуосида қатъий турадиганларни Аллоҳ яхши кўришини таъкидлаганлар. Дуони уч марта такрорлаш, охирида «Омин», дейиш унинг одобларидандир. «Омин»нинг маъноси: «Эй оламлар Робби, ижобат эт!..» деганидир. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлари каби кафтларимизни юзимизга сурамиз.

 

Дуонинг ижобат бўлиш вақтлари

Аллоҳ таоло дуонинг ижобат бўлиш вақти ва ўринларини муайян ва хос турларга ажратиб, бирини бошқасидан афзал қилди. Булар:

– Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб: «Дуо қилувчи борми, ижобат қиламан», дейдиган туннинг охирги учинчи қисми;

– беш вақт намоздан кейинги вақт;

– азон ва иқомат орасидаги вақт;

– намозда ташаҳҳуддан кейинги вақт;

– банданинг Роббига энг яқин бўладиган вақти – саждадаги пайти;

– жума кунидаги ижобат бўладиган соат;

– асрдан кейинги охирги соат;

– арафа кунидаги вақт;

– Рамазон ойидаги вақт;

– жангдаги;

– сафар вақтидаги;

– беморнининг зиёрати вақти;

– ёмғир ёғаётган вақт;

– бирор солиҳ амални қилган вақтдаги дуо. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: «Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни. Дуо яхши сўздандир» (Фотир сураси, 10-оят).

 

Рамазон ойидаги дуо

Аллоҳга дуо билан юзланишда бу ойга тенглаша оладиган бирор вақт борми? Бу ойда дўзах эшиклари ёпилиб, жаннат эшиклари очилади. Шайтон занжирланиб, фаришта: «Эй яхшилик истовчи, (бу ойда яхшиликларга) юзлан! Эй ёмонлик истовчи, (бу ойда ёмонликлардан) тўхта!» дея нидо қилади.

Рамазон ойи умумий сифатлари билан дуо қабул бўладиган вақтлардандир. Бу ойда Қадр кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшидир. Уни Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечалардан излаймиз. Мўмин банда бу кечада дуо қилса, сўраганидан ҳам яхшироғига ижобат қилинади. Рамазон ойининг ҳар бир кунида ҳам дуо ижобат бўладиган соат бор бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ифтор вақтидир: «Рўзадорнинг ифтор вақтида қайтарилмайдиган дуоси бордир».

Дуо қазои қадарни қайтарадими?

Бу кўпчиликни қизиқтирадиган саволлардан биридир: «Агар ҳамма нарсанинг қадари  бўлиб, тақдиримиз ёзиб қўйилган экан, нима учун биздан балони кўтаришини ва яхшиликни беришини сўраб дуо қиламиз? Дуо қадарни ўзгартирадими?»

Бу саволга қисқача жавоб қуйидагича: «Дуо аслида қадар чегарасидадир. Бир қадар бошқа қадарнинг кўтарилишига сабаб бўлади ёки бунга бошқа тақдир келишига сабаб бўлади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қўл остидаги қўшиннинг Шомга йўл олганини эшитганида, уларга Мадинага қайтишни буюради. Шунда уларга: «Аллоҳнинг қадаридан қочасизми?» дейишади. Умар ибн Хаттоб: «Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочаман», деб жавоб берадилар. Дуо бемор учун шифодир. Беморнинг қадарида ёзилган дарди давосиз бўлмайди. Лекин дуо қадарида ёзилган дардининг шифосига сабаб бўлади.»

 

Набийларнинг дуолари

Пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қургач, Аллоҳ таолодан Маккани омонлик шаҳри қилишини, унинг аҳлига кенг ризқ беришини, ундан ва ўғли Исмоилдан қабул қилишини ва фарзандларини Аллоҳга ихлосли уммат қилишини, бу уммат учун авлодларидан Аллоҳнинг оятларини етказиб, ўргатадиган элчилар чиқаришини сўраб дуо қилдилар. Унинг дуосини Аллоҳ таоло қабул этиб, Маккани муқаддас жой қилди, аҳлини ризқлантирди. Нубувват ва рисолатни Исмоил алайҳиссалом наслидан қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Иброҳим алайҳиссаломнинг дуосиданман», дер эдилар.

Закариё алайҳиссалом ёши улғайиб, кексайгач, Аллоҳ таолодан фарзанд беришини сўради. Унинг аёли ҳам бепушт эди. Уларга Аллоҳ Яҳё алайҳиссаломни ризқ қилиб берди. «Бас, унга ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик» (Анбиё сураси, 90-оят).

Айюб алайҳиссалом эса барча касаллик ва оғриқларга чидаб, юксак сабр намунасини кўрсатди. «Ва Айюбнинг Ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан!» деганини эсла» (Анбиё сураси, 83-оят).

Юнус алайҳиссалом денгиз тубида, кит қорнида Аллоҳга дуо қилган ёлғиз инсондир. Аллоҳ унинг дуосини қабул қилиб, унга нажот берди. Ва бу дуони мусулмонларга фазилат қилиб берди. Кимки Юнус алайҳиссаломнинг дуоси билан дуо қилса, ўша мусулмондаги зарар кетиб, ғам-андуҳи арийди. «Зулматларда туриб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим», деб нидо қилди. Бас, унга ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87-88-оятлар).

Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳдан ундан кейин ҳеч кимга берилмайдиган мулкни сўради. Аллоҳ унинг дуосини қабул қилиб, шамолни, шайтон ва жинларни унга бўйсундириб, қуш ва ҳайвонлар тилини ўргатди.

Юсуф алайҳиссалом Аллоҳдан унга зулм қилган аёлларнинг макр-иғволаридан паноҳ беришини сўради: «У: «Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун зиндон маҳбуброқдир, уларнинг ҳийласини Ўзинг мендан нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», деди. Бас, Робби унга ижобат қилиб, уларнинг ҳийласини ундан нари қилди. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (Юсуф сураси, 33-34-оятлар)

Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми у зотнинг узоқ йиллик даъватидан юз ўгириб, унга зулм қилганларида шундай дуо қилди: «Ва Нуҳ деди: «Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта қимир этганини қўймагин. Албатта, Сен уларни қўйиб қўйсанг, бандаларингни адаштирадилар ва фожиру кофирдан бошқани туғмаслар.» (Нуҳ сураси, 26-27-оятлар). Аллоҳ унинг қавмини жазолаб, Нуҳга нажот берди: «Бундан олдин у нидо этганида, унинг нидосига жавоб қилдик ва унга ҳамда унинг аҳлига улуғ ташвишдан нажот бердик» (Анбиё сураси, 76-оят).

Мазлумнинг дуоси

«Мазлумнинг дуосидан қўрқ, у билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ».

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларидир. Унинг маъноси шуки, агар мўмин банда хоҳ динида, хоҳ ишида зулмга учраса ва Аллоҳга дуо қилса, Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилади. Чунки Аллоҳ таол зулмни ёқтирмайди, банданинг бандага зулм қилишини ҳам хоҳламайди, шу боис золимларни яхши кўрмайди. «Албатта, Аллоҳ одамларга ҳеч қандай зулм қилмас ва лекин одамлар ўзларига зулм қилурлар» (Юнус сураси, 44-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«Уч тоифанинг дуолари рад қилинмас: рўзадорники, то оғзини очгунича; одил имомники; мазлумнинг дуосини Аллоҳ булутлар узра кўтаради ва унга осмон эшикларини очади. Сўнгра Робб: «Иззатим билан қасамки, сенга кейинроқ бўлса ҳам нусрат берурман», дейди» (Термизий ривоят қилган).

Ғойибдан қилинган дуо

Бир мўмин бошқа биродарининг ҳаққига ёки танимаган кишиси учун унинг йўқлигида яхшилик сўраб дуо қилиши динимизда яхши амаллардан саналади. Бу содиқ дўстнинг риё, шубҳа ва нифоқдан холи ҳолда дуо қилишидир. Бу мўминнинг ўзига яхши кўрганини биродарига ҳам раво кўришидир. Фаришталар унинг дуосига «Омин», деганларида, шунинг мисли ўзига ҳам бўлишини сўрайдилар. Инсон биродари учун дуо қилар экан, Раҳмон Зотнинг фаришталари ушбу дуодаги сўралган нарсани ўзига ҳам сўраб дуо қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:

«Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганида муваккал фаришта: «Омин! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди».

 Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Нима учун дуо ҳар доим ҳам қабул бўлавермайди?

Ҳар куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига миллиардлаб дуолар кўтарилади.

Кўпчилигимиз «Нега дуоларим қабул бўлмаяпти?» дея куюниши бор гап.

Аввало, дуо қилиш одоблари ва шартларига риоя қилиш даркор. Қолаверса, ҳар қандай дуонинг ўша заҳотиёқ ижобат қилинмаслигининг қуйидаги бир нечта ҳикматлари бор.

Биринчидан, ҳар кимнинг ҳаёт йўлига алоқадор сабаблар туфайли ҳамма одамларнинг дуоси ижобат бўлиши мумкин бўлмаган нарсадир. Мисол учун, ҳамма бойлик сўрайди. Агар Аллоҳ ҳамма баналарнинг сўровини ижобат қилиб, ҳамма бараварига бойиб кетса, кўпчилик инсонлар туғёнга кетишлари, ер юзи фасодга тўлиши шубҳасиз. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Аллоҳ бандаларига ризқни кенг қилиб қўйса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб кетурлар, лекин У Ўзи хоҳлаганига ўлчов билан туширади. Албатта, У Ўз бандаларидан ўта хабардордир, ўта кўриб турувчидир» (Шуро сураси, 27-оят).

Иккинчидан, албатта, инсон дуода яхшиликни сўраб, ёмонликдан паноҳ тилайди. Лекин яхшилик ва ёмонлик доим ҳам инсон тасаввуридагидек бўлмайди. У ўз ўй-хаёлидаги яхшиликни истаб дуо қилади. Аслида эса бу унинг учун ёмонлик бўлиши мумкин. Тақдир унга бир ишни ихтиёр қилса, уни ёмонлик деб ҳисоблайди. Кейин кунлар ўтиб, унинг яхшилик экани аён бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади:

«Ажаб эмаски, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва ажаб эмаски, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз» (Бақара сураси, 216-оят).

Учинчидан, дуо қилган инсоннинг барча ҳолатида унинг дуоси ижобат бўладими-йўқми, барибир унга яхшилик бўлаверади. Агар дуоси амалга ошса, у билан бахтли бўлади. Агар амалга ошмаса, ёки Аллоҳ бу дуони унга келадиган бир ёмонликнинг қайтишига сабаб қилади, ёки уни охирати учун заҳира қилади, ёки бир оз вақтдан сўнг амалга оширади, ёки дуосидан унга охиратини эваз қилади. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида таъкидлаб айтганлар:

«Ер юзида қай бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ё сўраганини тезда беради, ёки ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди».

Термизий ривоят қилган.

Тўртинчидан, баъзилар  шариат буйруқларини бажармай, қайтариқларидан қайтмай, қалбида Аллоҳга холислик бўлмай, ғофил қалб билан дуо қиладилар. Бу сабаблар унинг дуоси қабул бўлмаслиги учун етарлидир. Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Дуо қилинг, мен дуоси ижобат бўладиганлардан бўлай», деганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таомингни пок қил, дуоинг қабул бўлади», дедилар» .

 

Қайтарилган дуолар

Ҳар қандай дуо ҳам яхши бўлавермайди. Инсон ўзига сўрайдими ёки бошқалар учунми, ёмонлик сўраб қилинадиган дуолардан қайтарилган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

«Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир» (Исро сураси, 11-оят).

Инсон ғазабланганида отаси, онаси  ва фарзандларига ёмон дуо қилиши тўғри бўлмаганидек, зулм кўрганида ёки умидсизликка тушганида ўзига касаллик ёки ўлимни сўраб дуо қилиши ҳам жоиз бўлмайди. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Ўзингизга, фарзандларингизга ва молингизга қарши  дуо қилманг»; «Ўзига етган зарар сабабли бирортангиз ўзига ўлимни тиламасин. Дуо қилиши зарур бўлган ҳолатда ҳам мана бундай десин: «Аллоҳим, ҳаёт мен учун хайрли бўлса, мени яшатгин. Агар мен учун ўлимим хайрли бўлса, вафот топтиргин». 

Шариатимиза маъсият, гуноҳ ва қариндошлик алоқаларини узиш ҳақидаги дуолардан ҳам қайтарилган. Зеро, бу дуодаги  кибрдир. Аллоҳ таоло айтади:

«Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 55-оят).

Шунингдек, «Аллоҳим, агар хоҳласанг, мана бундай қил. Агар хоҳласанг...» каби қатъиятсизлик билан қилинадиган дуодан ҳам қайтарилган.

Дуода мустаҳкам бўлинг!

Бугунги кунимизда одатга айланиб қолган ачинарли ҳолатлардан бири – қалблардан дуонинг йўқолишидир. Фақатгина Аллоҳ раҳм қилган зотлар бундан мустасно. Агар бирортаси сизга муаммосини айтса ва сиз унга: «Дуода мустаҳкам бўлинг», десангиз, унинг фақат қовоқ уйиб, тумшуғи осилиб, умидсизланиб, хўмрайиб қолганини кўрасиз. Гўё сиз унинг шаштини пасайтириб, ҳафсаласини пир қилиб, дардини сариқ чақага олмагандек бўлиб қоласиз. Бизнинг наздимизда дуонинг мартабаси не ҳолга тушиб қолди?! Дуо аслида ибодат эмасмиди?! Ибодат бўлганда ҳам, ибодатларнинг мияси эди-ку! Айнан дуо билан банданинг Роббига яқинлиги, Унга тобелиги, Унинг буюклигига бўйсуниши, Унинг ягона эканига иқрор бўлиши ўлчанар эди-ку!

Асарларда келишича, дуо қилувчилар бу дунёда қабул бўлмаган дуоларининг ажрини  охиратда кўрганларида бирорта ҳам дуолари ижобат бўлмаслигини орзу қилиб қолар эканлар.

Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломлар Аллоҳга дуо қилганларида, «У Зот: «Батаҳқиқ, икковингизнинг дуоингиз қабул қилинди. Бас, мустақим туринглар ва билмайдиганларнинг йўлига эргашманглар», деди» (Юнус сураси, 89-оят).

Ибн Касир айтади: «Мусо дуосининг ижобатини қирқ йилдан кейин кўрди. Дуо қилиб, қирқ йил кутган Аллоҳнинг набийси эди. Бизга нима бўлдики, дуо қилганимиздан қирқ кун ўтмасидан, «Дуойимиз қабул бўлмади», дейишни бошлаймиз.»

«Саҳиҳи Бухорий»да келтирилган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан дуо қилгач, «Дуо қилдим, дуойим қабул бўлмаяпти», деб шошмайдиган кишининг дуоси қабул бўлади. Аллоҳга дуо қилинглар ва шикоят қилиб, «Дуойим ижобат бўлмади, дуойим қабул бўлмади», деманглар», деганлар.
Биз дуо қилар эканмиз, юқорида айтиб ўтилган дуонинг қабул бўлиш сабабларини тўлалигича юзага чиқаришимиз лозим. Дуоларни қабул қилиб, ижобат этиш эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўз хоҳиш-истагига, иродасига боғлиқдир.

Ақл-идрокимизни тараққий эттириб, зеҳнимизни чархлайлик, шунда қалбларимизда иймонни топамиз ва Аллоҳнинг афви ва раҳматидан умид қилиб, ижобат бўлишига ишониб дуо қиламиз. Кундалик дуоларни ҳаётимизга татбиқ қилайлик ва мустажоб вақтлардан фойдаланиб қолайлик. Биз ҳоким ёки амир, ёки вазирдан сўрамаяпмиз, балки осмону ернинг Яратувчиси, подшоҳларнинг Подшоҳига дуо қиляпмиз.

Бандага суяниб, ундан умид қиламиз, лекин ана шу банданинг Роббини унутиб қўямиз?! Бундай ҳолга тушишдан, Аллоҳ билан бизнинг ўртамизга тушиб, бизга фойда ҳам, зарар ҳам беролмайдиганларга суянишдан У Зотнинг Ўзи сақласин. Бизга ҳечбир банда ёрдам беролмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай дейди:

«Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман» (Бақара сураси, 186-оят).

Мазкур ояти каримани маҳкам ушлаб, унга амал қилайлик. Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:

«Ҳақиқий дуо Унгагинадир. Ундан ўзгага дуо қилаётганларга эса ҳеч бир нарсада ижобат этмаслар. Магар, икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига етишини кутган одамга ўхшарлар. Ҳолбуки, у унга етувчи эмас. Кофирларнинг дуоси фақат йўқотишдадир»  (Раъд сураси, 14-оят).

Ёлғиз Аллоҳга муножот қилинг. Унинг гўзал исмлари билан сўранг:

«Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Бас, Унга улар ила дуо қилинг ва Унинг исмларида оғадиганларни тек қўяверинг. Тезда қилган амалларининг жазосини олурлар» (Аъроф сураси, 180-оят).

Агар ризқ хоҳласангиз: «Ё Раззоқ, ризқлантир», денг...

Агар мол-мулк хоҳласангиз: «Ё Ғаний, бой қилгин», денг...

Агар кечиришини хоҳласангиз: «Ё Ғофур, кечиргин», денг...

Агар раҳматини хоҳласангиз: «Ё Раҳмон, раҳм қил», денг...

Агар илмни хоҳласангиз: «Ё Алийм, билдиргин», денг...

Агар дуойингиз  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлганига кўра бўлса, сизни табриклайман. Фақат ўзингиз учун сўраб қиладиган дуоларингизда ёмонлик йўқдир, фақат дуойингизда ҳаром бўлишидан ёки Аллоҳга қарши боришдан эҳтиёт бўлинг.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Инсонга шу пайтгача айтиб келинаётган дуолар билан дуо қилиш машруъдир. Дуо энг афзал ибодатлардандир. Аллоҳ бизни дуо қилмасликдан қайтарди. Бошқа ибодатларимиздаги каби дуода ҳам шариат ва суннатга эргашиш лозим. Машруъ бўлган дуода бошқалар учун ҳам адолат бўлади. Бунда энг яхшиси комиллик ва афзалликни ўтказиб юбормаслик ва мана шу набавий дуодир. Бу дуо баъзи шайхларнинг айтганидек эмас, балки мусулмонларнинг иттифоқи билан афзал ва комилдир. Қандай қилиб дуонинг айни ўзи хато, гуноҳ ёки яна бошқа нарса бўлиши мумкин?!»

Шайх Али Хузайфий айтади: «Дуонинг ҳақиқати – дунёвий ва ухровий ҳожатларни сўрашда, қийинчиликларни ечишда, дунё ва охират ёмонликларини кетказишда Аллоҳга қаттиқ боғланишдир».

Ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дуо энг фойдали дорилардандир. Дуо касалликнинг душманидир, уни даф қилади, тузатади, касалликнинг олдини олади, агар касаллик келса, уни кўтаради ёки енгил ўтказади. Дуо мўминнинг қуролидир».

Гоҳида кўча-кўйда, касалхоналарда оғир беморлар ичида баъзи худбинларни ҳам кўрамиз. Бу кабиларнинг васфи қуйидаги оятда ҳам келган:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир. Ҳаддидан ошганларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатилди» (Юнус сураси, 12-оят).

Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлворишни бошлайди. Ҳатто энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далил. Аммо, афсуски, кўплар бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганда Аллоҳга ёлворади-ю,

«Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир».

Иймонимиз зиёда бўлишига ҳаракат қилайлик ва юқорида ўрганганларимиз – Мусо, Ҳорун, Закариё алайҳимуссалом ва Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини намозларимизда қўллайлик. Расуллар Аллоҳга энг комил таслим бўлган бандалардир. Иброҳим алайҳиссалом:

«Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Роббимиз, дуони қабул этгин» (Иброҳим сураси, 40-оят), дея дуоларини қабул қилишини сўраб Аллоҳга ёлворганида биз У Зотдан сўрамасак, ҳолимиз қандай бўларкин?! Ёрдамчимиз ва ёлғиз мавломиз бўлган Роббимиздан сўрамасак, зарар кўрувчилардан бўлиб қолишимиз шубҳасиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтадилар:

«Дуодан бошқа ҳеч нарса Аллоҳга қадрли эмасдир» (Имом Термизий ривоят қилган).

Билингки, амалларнинг қабул бўлишидаги асл таянч ихлосдир. Қалбингизни тайёрламасдан, бўш қалб ила ёдлаб олган сўзларингизни такрор-такрор айтиб  дуо қилманг. Аксинча,

«Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда илтижо қилинг» (Ғофир сураси, 14-оят).

Имом Нававий айтади: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дунёга шўнғиган, Мавлоси билан бирга бўлиш ҳузуридан ғофил бандасининг дуосига ҳам беэътибор эмас. Дуога эътибор ва жидду жаҳд дуонинг улуғ одобларидандир».

Фахриддин Розийдан ривоят қилинади: «Уммат: «Ихлоссиз, тил учида қилинган  дуоларнинг фойдаси кам ва таъсири йўқ», деб ижмоъ қилдилар».

Имом Нававий айтади: «Билгинки, дуодан мақсад – қалб роҳатидир. Бунга далил чексиз кўпдир».

Имом Байҳақий айтади: «Дуонинг қисмлари бордир. Улар – ҳақиқий жидду жаҳд билан сўраш, ижодий ишларда дуони иқтибос қилиб олмаслик. Ва бу ҳақиқатда ғофилликдир».

 «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман…» деди» (Ғофир сураси, 60-оят) оятини Абу Бакр Шалабий: «Менга ғафлатсиз дуо қилинг, сизга муҳлатсиз ижобат қилурман», дея тафсир қилар эканлар.

Ибн Ражаб Ҳанбалий айтади: «Дуонинг ижобат бўлишини тақозо этадиган сабаблар – унинг шартларини комил қилиш билан бирга уларни бажаришдаги тўсиқларни ҳам олишдир. Дуо қабул бўлишининг катта шартларидан бири – қалб ҳозирлиги ва унинг ижобат бўлишини Аллоҳдан умид қилишдир. Шуни яхши билишимиз лозимки,  яна егуликларнинг ҳалол бўлиши, гуноҳлар ва ёмон ишларни тарк қилиш, солиҳ амалларни кўпайтириш ҳам дуонинг қабул бўлиш сабабларидандир».

Хўш, дуонинг шунча қийматга эгалигини билгандан кейин ҳам уни камайтириш ёки дангасалик билан унутишда давом этамизми?!

Шуни яхши билайликки, дуонинг ўзи кифоя қилмайди, балки унинг қабул бўлиш сабаблари билан бирга амалларини ҳам бажаришимиз керак.

Аллоҳ таолодан ҳар қандай ҳолатимизда ҳам бу ибодатга қоим қилишини сўраймиз. Аллоҳга туннинг охирги учдан бирида, азон ва иқомат орасида, жума куни қуёш ботишидан олдин, ёмғир ёғаётганда, енгилликда ва оғир пайтда, сафарда ва муқимликда –дуолар ижобат бўладиган барча фурсатларда дуо қилайлик.

Қалбимиз ва тилимизни дуога ўргатайлик!...

Ҳумайро тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жуда қартайиб қолган киши рўза тутишга ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейинроқ рўза давоми...

4465 20:51 / 11.06.2017
ЗакотИслом арконларини тўртинчиси закотдир. Аллоҳ азза ва жалла Ўз китобида ҳам закотни намоздан кейин зикр қилган.Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва давоми...

3542 18:48 / 25.06.2017
Шайх Асъад Муҳаммад Саъийд СоғуржийРўзаБисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймМуқаддимаАллоҳим, Сенга Ўзинг яхши кўрганингдек кўп, пок ва муборак ҳамдлар бўлсин. давоми...

6741 16:41 / 26.05.2017
Рамазоннинг руҳи, унинг фойдаси ҳозир ҳам дунё миқёсида яққол кўриниб турибди. Рамазони шариф кириши билан Ислом олами бутунлай бошқача оламга айланиб қолади. давоми...

3835 17:12 / 22.06.2017
Аудиолар

120119 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41784 14:35 / 11.08.2021