3297 29.03.2017

Ҳорис ибн Муслим Тамимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай дедилар: «Бомдод намозини ўқиб бўлганингдан кейин ҳеч нарса гапирмай туриб етти марта «Аллоҳумма, ажирний минан-наар» (Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин), дегин. Агар ўша куни вафот этсанг, Аллоҳ сенга дўзахдан паноҳ топишингни битиб қўяди. Шомни ўқиб бўлганингда кейин ҳам ҳеч нарса гапирмай туриб етти марта «Аллоҳумма, ажирний минан-наар», дегин. Агар ўша кеча вафот этсанг, Аллоҳ сенга дўзахдан паноҳ топишингни битиб қўяди», дедилар».

Насоий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Лафз Насоийники. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Банда уч маротаба дўзахдан паноҳ сўраса, дўзах (тилга кириб): «Аллоҳим, уни мендан сақла», дейди. У жаннатни сўраса, жаннат (тилга кириб): «Аллоҳим, буни менга кирит», дейди».

Аҳмад ривоят қилган. 

Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Банда бомдод намозидан кейин дунёвий гапларни сўзламай туриб, етти марта «Аллоҳумма, ажирний минан-наар» деб, ўша куни вафотэтса, Аллоҳ уни дўзахдан сақлайди.

2. Банда шом намозидан кейин дунёвий гапларни сўзламай туриб, етти марта «Аллоҳумма, ажирний минан-наар» деб, ўша кечаси вафот этса, Аллоҳ уни дўзахдан сақлайди.

3. Банда уч маротаба дўзахдан паноҳ сўраса, дўзах тилга кириб: «Аллоҳим, уни мендан сақла», дер экан. 

4. Банда жаннатни сўраса, жаннат тилга кириб: «Аллоҳим, буни менга кирит», дер экан.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади