4160 22.10.2017

Биз киммиз? Қаердан келиб қолганмиз? Нега яшаяпмиз? Ҳаётимизнинг мазмуни, мақсади нима ўзи? Бу саволлар устида ҳамма бош қотирса керак, бироқ ҳамма ҳам уларга тўғри жавоб топа оладими? Бу саволларга жавоб топиш учун ҳар бир инсоннинг ички дунёси, унинг тарбияси, ота-онаси берган пойдевор муҳим роль ўйнайди.

Моддий ноз-неъматлар, қадриятлар, ижтимоий мақом, юқори лавозим кўпчилик одамлар учун ҳаётининг асосий мақсади, бу мақсадларга эришиш эса улар кечираётган турмушнинг мазмун-моҳиятига айланиб қолган. Бироқ инсон шу нарсалар учун яратилганми? Инсон ҳаётининг мазмуни, мақсадлари ҳамда кўплаб бошқа саволларга Муқаддас Қуръон жавоб бериб бўлган. Аммо кўпчилик одамлар саволларига жавоб истаб Исломнинг Асосий Китобига мурожаат қилавермайдилар.

Қуръонга мувофиқ, инсон ҳоли-ҳаётининг мазмуни Аллоҳни Холиқ сифатида тан олиб, унинг амрларига бўйсуниш ва ихтиёрий равишда Унинг Ўзигагина  бандалик қилишдан иборатдир. Мисол учун, Аллоҳ Жалла ва Жалалаҳу “Мулк” сурасида:“(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ – яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир.У Қудратли ва Мағфиратлидир”, – дея хитоб қилади (Мулк, 2-оят). Ушбу оятга мувофиқ инсон борлигининг  мазмуни синов, имтиҳондир. Бошқа оятда инсон ҳаётининг мазмуни Унинг Ўзигагина бандачилик қилишдан иборатлигини таъкидлайди: “Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Ваз-зориот, 56). Ҳар бир инсон интилиши керак бўлган мақсад ҳақида сўз юритилганда, бу саволга Муқаддас Қуръоннинг қуйидаги ояти узил-кесил жавоб беради: “Қиёмат кунида, ҳеч шак-шубҳасиз, ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир” (Оли Имрон, 185). Оятда очиқ ва равшан шаклда инсон ўзининг ердаги ҳаётини шундай яшаб ўтиши керакки,Дўзах азобидан қутулиб, Жаннатга киришга эришиши лозим дейилган. Бунинг исботини Пайғамбаримиз (ﷺ)нинг суннатларидан топамиз: “Жаннатдаги қамчидек жой бутун дунё ва ундаги бор нарсалардан яхшидир” (Бухорий ва Муслим).

Қуръон томонидан вазифа қилиб берилган мақсадга эришиш учун бизлар нима ишларни қилишимиз керак? Ибодатда бўлишимиз, Аллоҳнинг розилигига эришиш учун кўплабсолиҳ амалларни бажаришимиз шарт. Гуноҳ ишлардан тийилишимиз лозим. Бироқ осий бандалар нима қилиши зарур? Дўзахдан қутулиб, Жаннатга қандай кирса бўлади? Ёки ҳаммаси шунчалик ночор аҳволга тушиб қолгану, унга ҳеч нарса ёрдам бера олмайдими?!

Ўрта асрларнинг таниқли ислом фақиҳи шайх Таймия роҳимаҳуллоҳу анҳу ўзининг фатволар мажумасида осий бандаларнинг Дўзах азобидан қутулиши ва Жаннатга тушишига ёрдам берадиган ўнта амални санаб ўтганлар.

  • Тавба. Тавба – гуноҳ содир этган ва содир этилган ишдан самимий пушаймон бўлган инсоннинг ички ҳолати, Аллоҳдан бошқа паноҳи йўқлигини тушуниб етиши ва чин кўнгилдан содир этилган гуноҳ учун пушаймон бўлиб Унинг Ўзига қайтишидир. Бунақа одамни Аллоҳ Жалла ва Жалалуҳу мағфират қилишга ваъда берган, чунки у Ғофур ва тавбаларни қабул қилувчи Зот бўлиб: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир”(Зумар, 53) деб биз бандаларига марҳамат қилади. Тавба одамни гуноҳлардан поклайдиган энг яхши восита – механизм саналади. Аллоҳнинг бандалари томонидан содир этилган гуноҳлар орасида Раҳмон кечирмайдигани йўқ, агар бандаси чин кўнгилдан тавба қилган бўлса.
  • Истиғфор. Истиғфор – Аллоҳдан гуноҳларнинг кечирилишини сўраб муножот қилмоқлик. Биринчи қарашда тавба билан истиғфор бир нарсадек кўриниши мумкин. Бироқ булар бошқа-бошқа бўлгани билан бир-бирига ҳамоҳанг юрадилар. Агар тавба инсон қалбининг ҳолати, ибодатнинг ички бир ҳаракати бўлса, истиғфор – тил билан амалга ошириладиган ибодат саналади. Айтилган гапларнинг тасдиғини Пайғамбаримиз (ﷺ)нинг ҳадисларидан топишимиз мумкин: “Пушаймон бўлиш – тавбадир”. Шунингдек, бошқа ҳадисда “Аллоҳга қасамки, мен бу кунда етмиш марта истиғфор айтаман ва тавба қиламан” (Муслим). Ҳадиснинг бошқача вариантида “юз марта” деб айтилган. Кўриб турганимиздек, бу ҳадисда истиғфор ва тавба алоҳида эсланмоқда. Қуръонда истиғфор ва тавба бирга келаётган жойлари бор: “Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг унга тавба-тазарру қилингиз” (Ҳуд, 52). Истиғфор ҳам тавба каби инсонни гуноҳлардан поклайди, бунинг учун истиғфор чин қалбдан, самимий бўлиши керак.Олллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламҳадисларида айтилишича, “Банда гуноҳ ишни содир этиб чин юракдан: “Эй Парвардигорим, мен гуноҳкорман”, – деса, Аллоҳ: “Бандам Мағфиратли ва ёрдам берувчи Парвардигори борлигини билибди, шунинг учун Мен уни мағфират қиламан”, – дейди. Шундан сўнг банда яна ўша гуноҳни содир этади ва: “Эй Аллоҳим, мен яна гуноҳ иш қилиб қўйдим”, – дейди ва Аллоҳ уни яна мағфират қилади ва бу қанча бўлса ҳам Аллоҳ уни қайта-қайта кечираверади” (Бухорий, Муслим). Ҳадиснинг мазмуни шундаки, агар инсон чин кўнгилдан пушаймон бўлиб истиғфор айтса, Аллоҳ уни кечиради. Бироқ бу банда оғизда истиғфор айтиб, маъсиятида давом этса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиришини англатмайди.
  • Ҳасанот. Банда Аллоҳнинг жамолини кўриш иштиёқида қилган ҳар қандай солиҳ амаллар ҳасанот деб айтилади. Солиҳ амаллар гуноҳларга каффорат бўлади. Бунинг тасдиғини биз Қуръонда ва ҳадисларда топишимиз мумкин. Қуръони Каримда: “Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо қилинг! Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур, бу эслатма олгувчилар учун бир эслатмадир” (Ҳуд, 114), деб айтилган. Бир кунда беш вақт намознинг адо этилиши ва улар билан боғланган қўшимча нафл намозлари энг яхши солиҳ амаллардан саналади. Улар нафақат бандани Аллоҳга яқинлаштиради, балки унинг мукофотланишини ва гуноҳларининг ўчирилишини таъминлайди. Бу ерда гуноҳи сағиралар (кичик гуноҳлар) кўзда тутилади ва бу ҳақда саҳиҳ ҳадисларда эслатиб ўтилади. Улардан бирида айтилишича: “Беш вақт намоз, жума намозлари, Рамазон рўзаси улар орасида содир этилган барча гуноҳи сағираларга каффорат бўлади, илло гуноҳи кабиралардан ташқари” (Муслим). Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламҳадисларида Лайлатул-Қадр кечасида, ҳаж ва умра сафарида қилинган ибодатлар гуноҳларнинг ўчирилишига олиб келиши ҳақидаги маълумотларни топишимиз мумкин. Расули Акрам (ﷺ): “Мунтазам равишда ҳаж ва умра амалларини адо этинг, чунки улар қашшоқликни ва гуноҳларни гўё темирчининг олови темир, олтин ва кумушдаги тошқолларни кетказгандек йўқ қилади. Ҳажжи мабрур учун Жаннатдан бошқа мукофот йўқ” (Термизий, Насоий).
  • Мусулмоннинг ўз биродари ҳақига дуо-илтижоси. Мусулмонларнинг ўз биродарларининг гуноҳларини мағфират қилинишини сўраб илтижо қилган дуолари меҳрибон Аллоҳ бандаларининг гуноҳларини кечиришига олиб келадиган сабаблардан биридир. Мисол учун, марҳумнинг ҳақига ўқилган жаноза намози. Ҳадисда айтилишича, “Мусулмонларнинг юз кишига етган жамоаси марҳумларнинг бирига жаноза ўқисаю, намоз ўқувчилар унинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраса, уларнинг дуолари албатта ижобат бўлади” (Муслим).  Ҳадиснинг бошқа вариантида айтилишича, марҳумнинг гуноҳлари мағфират қилиниши учун жаноза ўқиган жамоатнинг сони қирқ кишидан кам бўлмаслиги керак. Шунингдек, марҳумнинг диндош биродарлари ва яқинлари қилган дуолари боис унинг гуноҳлари мағфират бўлади. Муқаддас Қуръонда айтилганидек: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта, Сен МеҳрибонваРаҳмлидирсан” (Хашр, 10).
  • Синовлар. Мўмин зиммасига юкланаётган синовлар ҳам содир этилган гуноҳларнинг каффорат бўлишига олиб келади. Ҳар қандай одамнинг ҳаёти бир текис, биз истаганимиздек сокин ўтмаслигини биламиз. Инсоннинг бошига қийинчиликлар келиб тушиши одатий ҳол. Булар – турли дард ва жисмоний ҳамда руҳий азиятлар, яқинлар билан айрилиқ изтироблари, суюкли ва яқин инсонларнинг ўлими, қашшоқлик. Холиққа иймон келтирган ҳар бир мўмин учун буларнинг ҳаммаси имтиҳон саналади. Агар банда турли оғир вазиятларга тушиб қолиб, сабр қилса, ҳаммаси Аллоҳ тарафидан юборилаётган синовлар эканлигини тушунса, у Аллоҳнинг розилигига ва гуноҳларининг мағфират қилинишига эришади. Буларнинг бари Жаннатга етаклашини биламиз. Аллоҳ Қуръони Каримда айтганидек, “Албатта, биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз», – дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!” (Бақара, 155-156). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламҳадисларида ҳам “Банданинг бошига тушган ҳар қанақа мусибат – у чарчоқ бўладими ёки касаллик, қалбини хавотирлик ёки ғам-ғусса эгаллаши, нохушликлар, қайғу ва ҳатто тиканнинг санчилиши эвазига Аллоҳ қайсидир бир гуноҳининг мағфират қилишига олиб келади” (Бухорий). Шундай қилиб, биз рўбарў бўлаётган турли ҳаётий вазиятларга ва қийинчиликларга тўғри баҳо бера олиш кейинги ҳаётимизда фақат фойда келтиради.
  • Қабр азоби. Мусулмон киши АллоҳТаолодан бутун вужуди билан паноҳ беришини сўрайдиган синовлар бор, ҳар бир мусулмон уларга дуч келмаслигига интилади. Шунақалар тоифасига қабр азоби киради. Унинг ҳақлигини Қуръон ва Суннат тасдиқлаган. Аллоҳ Таборак ва ТаолоҚуръонда: “(У азоб бир) оловдирки, улар эрта-ю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах (фаришталарига): “Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар", (дейилур)”. Ушбу оят бирча уламолар томонидин қабр азоби ҳақ эканига очиқ далил деб тафсир қилинган. Чунки унда ҳали Қиёмат қойим бўлмасдан туриб Фиръавн ва унга эргашган кофирлар эрта-ю кеч олов азобига гирифтор қилиниши очиқ-ойдин баён этилади. Яна неча ўнлаб муборак ҳадислар ҳам ушбу ояти карима мазмунини – қабрда азоб бўлишини тасдиқлайди. Жумладан, Ибн Аббос розиаллоҳу аънҳу ривоят қилган ҳадисда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламикки қабрнинг ёнидан ўтиб кета туриб: “Уларнинг иккови ҳам азобланмоқдалар. Бироқ уларнинг азобланишига гуноҳи сағиралар сабаб бўлган. Майитнинг бири ҳаётлик чоғида сийдиги сачрашидан кийимларини эҳтиёт қилмаган, бошқаси эса чақимчилик қилган”, – дедилар. Қабр азоблари нечоғлиқ даҳшатли ва нохуш бўлмасин, улар бандани гуноҳлардан тозалайди. Қабр гуноҳ ишларни содир этиб, тавба қилмай ўтган мўмин учун гўё бир ҳаммом кабидир. Қабр азоби осий бандаларни Дўзахда кутаётган азобларга ҳеч қанақасига тенг кела олмайди, шунинг учун Аллоҳ Жаннатга киритишдан олдин покланишнинг шундай усулини танлаган. Аллоҳ бизларни ушбу икки турдаги азоблардан Ўзи асрасин ва бу дунёни иймон ила мағфират этилган ҳолда, Унинг розилиги билан тарк этишимизни насиб қилган бўлсин!

Қиёмат кунидаги имтиҳонлар. Қайта тирилиш кунида ўзининг бошига тушган тақдирни билишдан олдин АллоҳТаолонинг Яккалигига иймон келтирган мўминларнингўтадиган синовлари ҳам уларнинг гуноҳлардан покланишига сабаб бўлади.Қиёмат кунидаги синовлар ҳам худди қабр азоби каби ҳақдир. Бу кунда одамларни кўплаб қийинчиликлар кутиб олади: қилган амаллари боис улар нохуш тер остида қоладилар; иссиқ чидаб бўлмайдиган даражада бўлади; инсонларнинг оғизлари муҳрлаб қўйилади, унинг тана аъзолари содир этилган гуноҳлар ҳақида гувоҳлик берадилар; азобнинг нақадар буюклигини кўрган одамлар худди мастга ўхшаб юрадилар. Ўша куни одамлар ота-онасини, ака-сингилларини ва бола-чақаларини унутиб қўядилар. Ҳар бири фақат ўзининг тақдири борасида қайғуради. Ҳамма одамлар яланғоч ҳолда бўлгани билан, ўз муаммолари ва қийинчиликлари борасида ташвишланаётганлари боис буни сезмайдилар ҳам. Мўминларнинг юзлари оқ, осий бандаларники эса қора бўлиб қолади. Муқаддас Қуръонда шундай дейилган:“Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро, (Қиёмат) Соати (олдидаги) зилзила улуғдаҳшатли нарсадир. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар; одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки, улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Ҳаж, 1-2). Шунингдек, бошқа ояти каримада шундай дейилган: “Вақтики кар қилувчи овоз келса, у Кунда киши ўз ака-укасидан қочадир ва онаси ва отасидан ва хотини ва бола-чақасидан” (Абаса, 33–37)

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламайтган эканлар: “Қиёмат кунида одамлар яланғоч, ялангоёқ ва хатна қилинмаган ҳолда жамланадилар”.  Оиша розиаллоҳу анҳо сўрадилар: “Ё Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам! Эркаклар ва аёллар бир-бирларига қарайдиларми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам“Эй Оиша! Одамлар шунақа ҳолатга тушиб қоладиларки, бу билан мутлақо ишлари бўлмайди” (Муслим)”. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадислардан маълум бўлишича, Қиёмат куни Қуёш одамларга жуда яқин келтирилганидан Ер юзи темирдек бўлади. Одамлар ўзларининг гуноҳлари боис чиққан терларига чўка бошлайдилар. Баъзи одамлар терларига ошиқларигача ботиб қоладилар, бошқалари – тиззаларигача, учинчилари – белларигача, бошқалари – бўғзиларига қадар. Баъзилар ўзларининг елимдек ёпишқоқ ва сассиқ терларига бутунлай чўкиб кетадилар. Буларнинг ҳаммаси содир этган гуноҳлари учун тавба қилмаган ва мағфират қилинмаган гуноҳкорларга гуноҳлардан покланиш учун юкланади.

  • Вафот этган биродари учун тириклар томонидан қилинган савоб ишлар. Марҳумнинг яқинлари ва қариндошлари томонидан қилинаётган солиҳ амаллар: садақа, ҳаж, умра ва бошқа амалларнинг савоби майитга етиб бориши маълум. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламҳадисларида  шундай дейилган: “Рўза тута олмай қолган марҳумнинг ўрнига унинг валийларидан бири тутиб қўйсин”. Уламолар бу борада рўза тутмасдан тутилмай қолган рўзанинг ҳар бир куни учун бир мискинни таомлантиришни афзал кўрганлар.
  • Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламшафоатлари. Қиёмат кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари ҳақдир ва бу тўғрида Аллоҳ Таборак ва Таоло Қуръони Мажидда шундай деб айтади: “Шоядки, Парвардигорингиз сизни (қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур” (Исро, 79). Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламшундай деганлар: “АллоҳТаолодан менга икки нарсадан бирини танлаш ҳуқуқи берилди: умматимнинг ярмини Жаннатга киритиш ёки шафоат қилишга изн олиш. Мен шафоат қилишга изн олишни танладим”. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламайтдиларки: “Мен умматимга токи АллоҳТаоло номидан “Ё Муҳаммад, энди розимисиз?” дея сўралгунимга қадар “Ё Роббим! Энди мен розиман” деб айтгунимча шафоат қилавераман". Шундай қилиб, осий бандаларнинг қалбини илитиб, умид уйғотувчи яна бир имтиёз – Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламшафоатлари бўлиб қолмоқда.
  • Аллоҳнинг раҳмати ва Унинг мағфирати. Қиёмат кунида осий бандаларнинг гуноҳлари ҳеч қандай сабабларсиз мағфират қилинадива Аллоҳнинг раҳмати барча мўминлар учун энг улкан неъмат бўлиб қолади. Фақат Унинг Раҳмати туфайли барча мўминлар Жаннатга кириб кетишлари мумкин. Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламбир куни “Ҳеч ким Жаннатга амаллари туфайли кирмайди” деб айтганларини эшитдим. [Одамлар] “Ҳатто Сизни ҳамми, ё Расулуллоҳ?” деб сўрадилар. [Пайғамбар] айтдилар: “Агар Аллоҳ мени ўз фазли ва марҳаматига олмаса, ҳатто мени ҳам киритмайди. Шунинг учун тўғри йўлдан оғмай ҳаракатланинг, ҳеч ким ўзига ўлим тиламасин, агар у савоб ишлар қилаётган бўлса, балки, бундан ҳам кўпроқ савоб ишларни қилсин, агар кимки ёмон ишларни қилаётган бўлса, тавба қилсин!” (Бухорий). Аллоҳнинг раҳмати жуда кенг, шунинг учун мўмин одам Унинг Раҳматидан ноумид бўлмасин. АллоҳТаоло Қуръонда шундай деган: “Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўлурлар” (Ҳижр, 56). Ҳаммаларимиз АллоҳТаолонинг Қайта тирилиш кунида кўрсатиладиган улкан марҳаматига умид қиламиз. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламшундай дедилар: “АллоҳТаолонинг захирасида раҳматнинг юз қисми бор бўлиб, улардан фақат биттасини Ерга нозил қилган ва уни барча инсонлар, жинлар, ҳайвонот ва ҳашарот оламида тақсимлаб қўйган. Айнан шу боис одамлар бир-бирларига меҳр кўрсатадилар, худди шу боис ёввойи ҳайвон ўз боласига нисбатан муҳаббат ҳис этади. Қолган тўқсон тўққиз қисминиАллоҳТаоло Қиёмат кунида ўз бандаларига нозил қилиш учун қолдирган”.