1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Даъватчи қуш

17:46 / 17.03.2017 3830 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Бу — ақл, қалб, кўз, қулоқни ҳидоят йўлида ишлатмаган жоҳиллар ҳақидаги оятлар эди. Аллоҳ умрида ҳидоят таъмини татимаган жоҳилларни чорва ҳайвонларига ўхшатди. Уларни гўшти ҳалол, сути ва сўлаги ҳалол уй ҳайвонларига ташбиҳ қилди...

بسم الله الرحمن الرحيم

Саёҳатимиздан ўрин олган ибратомуз жойларнинг сўнггиси бўлмиш бу олам ичига киришдан олдин шуни эслатиш ўринлики, биз танишмоқчи бўлган ҳайвонот олами билан одамларга таниш ҳайвонот боғи; зоопаркнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Ҳайвонот боғи ёки зоопарк “халққа кўрсатиш ва илмий текшириш ишлари олиб бориш учун сунъий шароитда турли жониворлар боқиладиган махсус муассасадир”( ).
Аммо биз ибратланиш учун саёҳат қилмоқчи бўлган ҳайвонот олами махсус бир жойда йиғиб, қафасда сақланадиган маҳбус жониворлар эмас, балки тарихнинг турли даврларида одамлар билан бирга яшаб, ибрат ва сабоқ олишга лойиқ ҳайратомуз ишлар қилиб кетган жониворлардир.
Одамзод қадим замонлардан бери ҳайвонотга қизиқиб келади. Бу ажойиб олам билан яқиндан танишишга уринади. Шу мақсад йўлида ҳайвонларга оид турли хил китоблар таълиф қилинган. Шулар жумласидан ҳижрий 255-йилда вафот этган араб адиби Жоҳизнинг «كتاب الحيوان» номли китоби (7 жилд), 309-йилда вафот этган Ибн Марзубон Муҳаввалийнинг «تفضيل الكلاب على كثير ممَّن لبس الثياب» номли кичик рисоласи, 808-йилда вафот этган Камолиддин Димярийнинг «حياة الحيوان الكبرى» номли катта икки жилдли китобларидир.
Ҳижрий учинчи аср охирида яшаб ижод қилган Ибн Марзубоннинг «تفضيل الكلاب على كثير ممَّن لبس الثياب» «Кийим-бош кийганларнинг кўпидан кўра итларнинг афзаллиги» деб номланган китоб сарлавҳаси ҳайратингизни оширгандир. Очиғи мен ҳам шундай ҳолатга тушдим. Замондош олимлардан бирининг у китобга ёзган муқаддимаси янада ҳайратлидир. Одатда, китоб таълиф қилган кишилар ёки қадимий қўлёзмаларни таҳқиқ қилиб босиб чиқарган муҳаққиқлар китобни аҳли фазл, олижаноб кишиларга бағишлашади. Бу китобда эса аксинча. Муҳаққиқ дейди:
«Ушбу китобни ошнасига яхшилик қилиб, отасига ёмонлик қилган, хотинига жилмайиб, онасига қовоқ ўйган ношуд фарзандларга бағишлайман.
Ҳамтовоқларидан пулни аямай, сочиб, ота-онасидан пул беркитган виждонсиз нокасларга бағишлайман.
Ўйнашига ишониб эрсиз қолган бевафоларга, омонатга хиёнат қилган ҳар бир ғаддорга, васиятни беркитиб туғишганларига ёлғон гапирган каззобларга...
Яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарувчи ношукр, нонкўрларга...
Ҳалол молни четлаб, ҳаромга чопган ҳаромхўрларга, охиратдан дунёни устун қўйган, қалбию қулоғи муҳрланган, кўзини парда қоплаган очиқ кўрларга...
Аллоҳ раҳматидан қувилган шайтоннинг хизматига ёлланган ҳар бир фитначи, бузғунчи, ғаламис мардикор- ларга...
Ўзининг уюм-уюм айбини кўрмай, ўзгаларнинг кичик хатосини катта айбдек кўрувчи иғвогар, чақимчи, бўҳтончиларга...
Юзсиз, беадаб, иккиюзламачиларга....
Ва яна ер юзида бузғунчилик қилаётган, одамларнинг тинчини бузаётган, устига кийим-бош кийиб ҳайвондан баттар хунук ишлар қилаётган дийдаси қаттиқ, бераҳм, дилозорларга бағишлайман...».
Муҳаққиқ ушбу бағишлов билан, муаллиф эса итни инсондан афзал дейиш билан ит боқишга тарғиб қилаётганлари йўқ. Ит боқиш-боқмаслик, кимга, қачон жоизлиги хусусида фуқаҳоларимиз шариат аҳкомларини батафсил баён қилишган. Бу китобнинг ёзилишидан мақсад ит жинсини бани башардан ортиқ қўйиш ҳам эмас. Инсон азизу мукаррамдир. Лекин, гоҳида инсониятга ёт бўлган хатти-ҳаракат, феъл-хўйга эга, гап англамас айрим дилозор жоҳиллардан кўра кийим-бошсиз вафодор ит яхши бўлиб қолади. Одамлар кийимини кийиб, одамлардек гапириб одам боласи қилмас қабоҳатларга қўл ураётганларни кўриб ”садқаи одам кет, сендан кўра тўрт оёқлилар яхши” деб, муаллиф сўзларига қаноат ҳосил қиласиз.
Муаллиф китобни улуғ саҳоба Абу Зар розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари билан бошлайди: ”Биз кўрган одамлар тикансиз гулга ўхшарди. Бугунги кундаги одамлар гулсиз тиканнинг ўзига айланибди”.
Агар Абу Зар бизнинг даврни кўрганда қандай баҳо берган бўларди?

Инсонни азизу мукаррам қилиб яратганнинг Ўзи, баъзи инсонлардан кўра ҳайвонлар яхшилигини айрим сураларда очиқ айтган.
[Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг қалблари бору англамайдилар (онг, ақл-идроклари йўқ). Кўзлари бору, кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар чорвалардан ҳам баттардирлар. Улар ғафлатда қолгандирлар]

[Ёки сиз уларнинг кўплари (ҳаққа) қулоқ тутади ёки ақл ишлатади деб ўйлайсизми? (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар]

Ушбу оятлардан жаҳаннамга киришга ҳақли одамларнинг сифати маълум бўлади. У сифат тўртта: қалб қотган, ақл ишлатилмайди, ҳақ сўзга қулоқ осилмайди, тўғри йўлни кўрмайди. Улар ўзига инъом этилган ақл-идрок, қалб, кўз-қулоқдан оқилона фойдаланмагани учун инсон деб аталиш неъматидан маҳрум қолдилар.
Бу — ақл, қалб, кўз, қулоқни ҳидоят йўлида ишлатмаган жоҳиллар ҳақидаги оятлар эди. Аллоҳ умрида ҳидоят таъмини татимаган жоҳилларни чорва ҳайвонларига ўхшатди. Уларни гўшти ҳалол, сути ва сўлаги ҳалол уй ҳайвонларига ташбиҳ қилди. Аммо ҳидоят, илм-маърифат биносининг чўққисига етиб бориб, паст, тубан ишларга рози бўлган, ҳақ устига ботилни афзал қўйган «олимлар»ни эса итга ташбиҳ қилган:

[(Эй Муҳаммад), уларга бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг — у қимсага оятларимизни билдирган эдик. У (билиб туриб) оятларимиздан четланди, (яъни амал қилмай қўйди). (Шунда) шайтон уни ўзига эргаштириб кетди, оқибатда йўлдан озиб, ҳалокатга учраганлардан бўлиб қолди Агар хоҳласак уни ўша оятлар сабабли (илми боиc юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи-нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг ]

Бу оят Мусо алайҳиссалом замонида яшаган Балъом ибн Боуро ҳақидадир. У дуоси ижобат бўладиган катта олим эди. Ҳар қачон дуо қилса Аллоҳ тилагини берар экан. Қавмининг муштумзўр катталари унга: «Мусо пайғамбар ва унинг қавмини қарғаб дуо қилгин», дедилар. У «олим» бундай қилолмаслигини айтиб рад беради. «Ахир Мусо Аллоҳнинг пайғамбари, у билан бирга бўлганлар мўминлар-ку. Улар ҳақида дуоибад қилсам, дунё ва охиратим куяди», дейди. Улар яхшигина совғалар билан келишганда талаблари бажарилади. Мусодек пайғамбар ва Бани Исроилдан бўлган мўминлар ҳақига дуойи бад қилади. Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилмайди. Қилмишини қоралаб тарихнинг ўчмас саҳифасида сақлаб қолади.
Уламолар дейди: Бу оят Мусо пайғамбар давридаги мол-дунёга берилган бир «олим» ҳақида нозил бўлган эсада, лекин ҳамма даврдаги динфурушларга Аллоҳнинг жазосидир. Илм кишининг дин ва эътиқодини зиёда қилиш, мустаҳкамлаш ўрнига ҳамда Аллоҳдан бўлган қўрқув ва охиратга бўлган рағбатни ошириш ўрнига, аҳли дунёга қул қилиб қўйса, мол-дунё, ўткинчи ҳаёт ва шаҳвоний лаззат, мансаб, мартаба, шуҳрат, обрў-эътибор йўлида дин, эътиқодга зид ишлар қилса, у ҳам шу оятга дохил бўлур.

Ўз илмига амал қилмас олимлар.
Бутпарастдан олдин дўзахга кирар.

Замонамизга келиб ҳайвонлар ҳақидаги китобларнинг сони ва тури кўпайди. Ҳайвонлар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олинди. 21-асрнинг видеокамераси нигоҳидан майда ҳашаротлар ҳам қочиб қутулолмади. Замонавий жиҳоз ҳашаротлар изидан тушиб, уларнинг инигача кириб борди ва кўз илғамас ажойиботларни кашф этди. Британиялик микробиология олимлари суратга олган ”Миттилар оламидаги ҳаёт”() номли ҳашаротлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмни диққат билан кўрган киши Яратгувчининг буюклиги олдида таъзим қилмай иложи йўқ. Оддий кўз илғамайдиган ҳашаротлар ҳаётини тамоша қилиб ҳайратингиз ошади. Ўша майда кичик ҳашаротлар ҳаёти худди катта жониворлар ва инсонлар ҳаётидан қолишмайди. Уларда ҳам хотин, бола-чақа, уй-жой ташвиши, ризқ учун жангу жадал, ҳаёт учун кураш. Қувонч, ташвиш, изтироб, оғриқ, алам, ғалаба, мағлубият, ўч, қасос, золим ва мазлум, ҳийла-найранг, вафо ва хиёнат кабилар мавжуд экан. Ҳамма нарса бор, пул йўқ холос.
Коммунизм фикри ўшалардан олинганмикин?
Жониворлар орасида икки ҳашаротнинг уруғ қўйиш жараёни диққатингизни тортади. Пашшадан каттароқ ҳашарот пашшани тутиб олади( ). Ана ҳозир ейди, деб хаёл қилиб турсангиз, кичик пашшани қисиб олган бу йирик ҳашарот уни емайди. Питирлаётган пашша тинчиб қолади. Пашша қаноти остига йирик ҳашарот уруғ қўяди. Уруғ қўйиб бўлгач, ҳеч нима бўлмагандек бошқа жойга учиб кетади. Болаларим нима бўлади, пашша ўлдириб қўймасмикин, деб хавотир ҳам олмайди. Пашша ўз устидаги юкдан халос бўлиш учун бир неча бор уриниб кўради. Уринишлари бефойда кетгач, бор-е дегандек қорин ғамида учиб кетади. Зулукдек ёпишиб олган майда қуртлар пашшани маҳкам қучоқлаб унинг устида мазза қилиб парвоз қилишади. Пашша кавшанаётган мол устига қўнади. Худди биров ўргатиб қўйгандек, ”посадка” бўлиши билан самолётдан тушаётган пассажирлар сингари қуртваччалар ҳам пашшадан тушиб мол терисига ёпишишади. Чунки мол терисидан чиқаётган иссиқлик улар учун пашшадан тушишга сигнал эди. Мол чақирилмаган бу меҳмонлардан безовталаниб думи билан уларни ҳайдамоқчи бўлади. Пашшанинг осмону фалакдан ташлаб юбораман деб қўрқитишидан чўчимаган қуртлар молнинг бир-икки пўписасига парво қилишмайди. Уч ой давомида молнинг қонини сўриб ётишади. Уч ой деганда мол билан хайр-маъзурни насия қилиб, учиб кетишади.
Иккинчиси, икки жуфт қанотли нозик ҳашарот. У уруғини баргнинг ичига қўяди. Икки ҳафта ўтар-ўтмас уларнинг атрофида чумолилар гирдикапалак бўлиб қолади. Чумолилар уларга оталарча ғамхўрлик кўрсата бошлайди. Аста-секин у қуртларни ўз инларига судраб олиб келишади. Бу ҳолатдан ҳайратланган микробиология мутахассислари бу ғамхўрликнинг сирини излай бошлашади. Натижада у қуртлар ўзидан чумоли суядиган ҳид чиқаради, деган фикрга келишади. Чумоли бу ҳидга мафтун бўлиб қуртни ўз боласидек парваришлайди, турли зарарлар етишидан ҳимоя қилади.
Вақти соати келиб чумоли инида кун кўраётган қурт қанот ёзиб, туз-намак бўлган хонадонга ташаккур айтишни ҳам унутиб учиб кетади. Ота-онани қидириб эмас, ”қайда экан менинг насибам” дегандек ўз жуфтини қидириб ўрмон томон йўл олади.
Фильмда бундан бошқа ҳашаротларнинг ўлжа учун жангу жадаллари, озиқ-овқат маъракаси жуда жонли тасвирланган. Фильмни охиригача кўриб: ”Алҳамду лиллаҳ, яхшиям Аллоҳ у ҳайвонларни одамлардан устун қилиб қўймаган. Агар ҳикматли Холиқ инсонларни ақл-заковат билан мукаррам қилмаганда, тилсиз катта-катта жониворлару, кичик-кичик ҳашаротларни инсонга бўйсиндирмаганда ер юзида мувозанат ўзгариб, инсоният ҳаёти издан чиқарди. Агар Аллоҳ уларни мусаххар қилмаганда, ким сигирнинг ёнига бориб сут соғишга журъат қила оларди?! Ким баҳайбат туяни чўктириб устига юк ортар эди?! Отни қамчилашга ким ботинарди?!
Кичкина пашша шу жуссаси билан инсонга кун бермайди. Ҳали ўзига, ҳали овқатига ҳужум қилиб тинчини бузади. Доим ҳайдаб, дори сепиб, унинг шарридан узоқ бўлиб, тинч яшайсиз. Борди-ю унинг бўйи ҳам одам бўйидек бўлса, нима аҳволлар бўларди?! Ўзимизнинг бетамиз хираларнинг зарари етмагандек, бир-икки метрли хира пашшалар зарар етказиб турса, мазаси кетаётган ҳаёт янада бемаза бўлиб қолармиди, деб юборади киши.

Биз бу кичик рисолада ҳайвонларнинг китобларда ёритилган ва фильмларда кўрсатилган сизга таниш томонларини такрорламоқчи эмасмиз. Мутахассисларнинг йиллар давомида олиб борган изланишлари натижаси билан таништирмоқчи ҳам эмасмиз. Балки биз у ҳайвонларни йўқдан бор қилган Аллоҳ таоло ўз китобида ва Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида ҳикоя қилган ҳайвонларга оид тарихий-воқеий ибратомуз қиссаларни ҳикоя қилмоқчимиз.
Асл мақсадга ўтишдан олдин бир-икки оғиз тарих ҳақида сўзлаш ўринлидир. Чунки бу саёҳат тарих билан чамбарчас боғлиқдир.
Тарих — бугуннинг кўзгуси, келажак фонуси. Ўтмишга назар солиб тарих тажрибасидан ўтган ютуқ ва камчиликлардан сабоқ олиш бугунни обод қилишда, эртани ёрқин кўриб мустаҳкам қуришда энг қулай қўлланма ҳисобланади. Чунки кечаги кун ҳодисаларининг айни ўзининг бугунги кунда бошқача либосда такрорланганини кўрасиз. Келажакда ҳам худди шу ҳодисалар бошқа тусда эшик қоқиб келаверади. Нураган, қоп-қоронғи, эски уйга кириш хатарли бўлганидек, нурсиз, мубҳам келажакка қадам қўйиш ҳам шунчалик хатарлидир. Айниқса, билимсиз, ўтмишидан бехабар ёш фарзандларнинг ёлғиз ўзини қоронғи келажакка жўнатиш янада хавфни орттиради.
Тарихни яна, инсоннинг миясига — маълумотлар сақланадиган хотира сандиғига ўхшатишади. Мияда қанча-қанча одамларнинг исм-шарифлари, ким дўст, ким душманлиги, фойда-зарар, яхшилик-ёмонлик каби зарур маълумотлар сақланади. Миясидан ажраган, хотираси ишдан чиққан инсон қанчалар қийналиб изтиробга тушса, тарихидан ажраганлар ҳам худди шу аҳволга тушади.
Буни англаб етган мустабидлар халқлар тарихини маҳв этишга зўр берадилар. Ибн Холдун айтганидек ”улар бир қўлида қилич, иккинчисида қалам тутиб сиёсат олиб боради”. Ўтмишни ўзгартиришда, уни хунук кўрсатиб, одамларни нафратлантиришда қора қалам қўлланса, ғаддор қалам тўқиган тарихни оммага ёйишда ўткир қилич қўл келади. Бошқача ибора билан айтганда гоҳ зар билан, гоҳ зўр билан иш юритилади. ”Ё зар, ё зўр” услуби қадимий услубдир. Зарга кўнмаганлар зўрга кўнади, зўрга ҳам кўнмаганлар тарих каби маҳв этилади. Бу эса кўпларнинг қалбига қўрқув солади. Навоий ”Сабъаи сайёр”да айтгандек:

Не ажаб яхши сўздур ул масало,
”Ки бало яхшироқки, бийми бало”.

Яъни, ”бало хавфидан балонинг ўзи яхшироқ”, деган зарбулмасал қандай яхши айтилган сўздир.
Ўтмишдан бохабар иймони бақувватлар зарга ҳам, зўрга ҳам осонликча алданмайди. Ким нима деса гапига лаққа тушиб орқасидан эргашиб кетавермайди. Ўтмишдан бехабарлар эса ёвга тайёр ўлжа бўладилар. Ким нима деса ишониб, ким қаерга тортса кетаверадилар. Жарликка тортса жарликка, ботқоққа ботирса ботқоққа. Ҳатто насл-насабини бузиб ”сенинг аслинг одам эмас, маймундир. Сен маймундан пайдо бўлгансан”, дейилса, қадр-қийматини билмаган беғурур нодонлар ота-онасини инкор қилиб ”биз маймундан тарқалганмиз” дейишдан ҳам тап тортмайдилар.
Ушбуларни эслашдан мақсад ўтган асрда 70 йилдан ортиқ давр ичи тушунча, эътиқод, атамалар ўзгартириб юборилди. Ҳақиқат афсона, афсона эса ҳақиқат деб талқин қилинди. Башарият тарихида жуда улкан ўзгаришлар ясаган, одамзодни саодат йўлига йўллаган пайғамбарлар тарихий шахслар эмас, ”афсонавий шахслар” деб ўргатилди. Одам ва Ҳавво инкор этилди, ўринларига маймунни ота-она қилиб кўрсатишди. Нуҳ, Иброҳим, Довуд, Сулаймондек пайғамбарлар ва уларга оид ҳақиқатлар ”афсона” деб талқин қилинди. Уларнинг ўрнига каллакесар, еб тўймас, юлғичи, каззоб, бетайинлар улуғланиб, даҳо кўрсатилди.
Далилга таянмай ёзилган тарихий китоблар ҳали-ҳануз ҳаёт, айёр қуртдек ширин ҳид таратиб ҳаммани ўзига ром этмоқда.
Қуйида, сиз азизларга ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз — тарихда ўтган жониворлар қиссасини таги йўқ афсона деб билмаслигимиз учун ҳамда бу қиссалар Гулханий ва Крилов масалларидек кичик мажозий ҳикоя, болаларга ўқиб бериладиган оддий зарбулмасал, Мантиқуттайр, Лисонуттайр каби бадиий, фалсафий асар деб қабул қилмасингиз учун ушбу узундан узоқ муқаддимани ёзган жойим эди. Чунки қиссамизнинг бош қаҳрамонлари ҳайвонлардир. Бунда сиз уларнинг сўзлари билан танишасиз. ”Қуш айтди”, ”Чумоли деди”, ”Сигир гапирди” деган ибораларга дуч келасиз. Буларнинг бирортаси мажозий образ эмас. Қуш, чумоли, сигирлар образи ортида қандайдир инсонлар беркиниб ётгани йўқ. Балки улар ҳақиқатда тарихда бўлиб ўтгандир, айтган гаплари ҳам уларнинг ўз оғзидан чиққан. У сўзларни бизга нақл қилувчи Аллоҳ ва Унинг расулидир.
Қуръон ва суннатда келган ҳайвонлар ҳикоясига киришишдан олдин яна шуни эслатиш ўринлики, бу қиссалар беҳудага нақл қилинмаган. Қуръон ва суннатда бирор бир ортиқча, ибрат олмаса ҳам бўлаверади деган ўрин йўқ. Инсон бу қиссалардан иймон-эътиқоди, билим савияси ва дунёқарашига қараб ибрат олаверади. Чаманзорга кирган инсонлар ва ҳайвонлар турлича фойда олганидек, Қуръон бўстонига кирганлар ҳам турлича фойда олаверадилар.
Агар гулзорга шоир кирса, у бу ажойиб манзарадан илҳомланиб шеър ёзади:

Гулбаҳор шабнам безамиш гулларни,
Майин насим севинтирмиш дилларни.

Мўй қалам соҳиби рассом эса хилма-хил табиий ранглардан завқланиб Холиқ санъатига тақлид қилиб сурат чизади.
”Жуда ҳам ўхшатиб юборибди” деган одамлар олқиши рассом учун энг катта ютуқ ва юксак баҳодир. Аслидаку ”жуда ўхшатолмаган”, чунки у чизган суратдаги инсоннинг кўзи бору кўролмайди, тили бору гапиролмайди, оёғи бору юролмайди. Агар гул суратини чизса, унга асалари келиб бол ололмайди, сигир суратини чизса, у сигир сут беролмайди, тошқин дарёни қойиллатиб чизса, у дарё этакни ҳўл қилолмайди( ).
Агар гулзорга гулобчи кирса, атир гулдан ширин шарбат тайёрлайди.
Гулфуруш эса гулларни ердан жудо айлаб бозорга олиб чиқади. Баргларидан шабнам аримаган бечора гуллар кимларгадир сотиб юборилади.
Агар гулзорга асалари кирса, шифобахш бол йиғади, булбул кирса наво қилади. Қўй-мол, эчки подаси бостириб кирса, ҳаммаёқни пайҳон қилади.
Худди шундай Қуръон оятларини ўқиб, ҳамма ҳар хил фойда олаверади. Шу ўринда яна бир нарса ёдимга келиб қолди. Бундан бир неча йил муқаддам русларнинг ҳикоянавис ёзувчиси А.П.Чеховнинг гапини ўқиб қолган эдим. Адиб сўзларининг айни лафзи ёдимда йўқ, лекин маъноси эсимда. Адиб дейди: ”Ҳикоя ёзмоқчи бўлган қаламкаш кераксиз ортиқча деталлардан четланиши керак. Масалан, бир уйнинг ичини тасвирлаётганда деворда милтиқ осиғлиқ турганини ёздими, шу милтиқ кейинги саҳифада отилиши керак”.
Агар банда ўз китобига шунчалар диққат-эътибор қаратиб, ортиқча, бефойда нарсалардан четланса, Парвардигори олам китоби ҳақида нима дейиш мумкин?!

Даъватчи қуш

Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбарларнинг даъвати ҳақида ҳикоя қилади. Уларнинг даъватдаги воситалари, услублари, даъват йўлида йўлиққан машаққат, қийинчилик, заҳматлари ҳақида айрим ўринда қисқа ва айрим ўринларда батафсил баён қилади. Пайғамбарларнинг одамларга кўрсатган оталарча ғамхўрликлари, балки ота-онадаги табиий меҳр-муҳаббатдан зиёдароқ муҳаббат билан қилган яхшиликлари ва бу мислсиз яхшилик эвазига улардан эшитган ҳақорат, тортган азиятлари ҳамда ана шу қарама-қаршиликка оқилона чора-тадбир ва сабр-бардошлари ҳақида оятлар нозил қилади.
Айниқса, Нуҳ, Иброҳим ва Мусо алайҳимус саломлар даъватлари ва жафокор қавм билан бўлган муносабатлари жуда кенг ёритилади.
Турли тўсиқларга қарамай пайғамбарларга иймон келтирган мўмин-мўминалар ва уларнинг матонати ҳақида ҳикоя қилади.
Даъват намояндалари сафидан пайғамбар бўлмаган Луқмон каби солиҳ кишилар ҳам ўрин олган. Шунингдек, даъват майдонида фаол иштирок этиб, яхши натижаларга эришган жониворлар, ҳа, инсон бўлмаган, лекин инсоният ислоҳига салмоқли ҳисса қўшган ҳайвонот оламининг жажжи вакиллари ҳам Қуръони каримда зикр этилган.
Парвардигори оламнинг фахрий ёрлиғига сазовор бўлиб, Қуръони каримда мадҳ этилиш бахтига ноил бўлган жониворлардан бири ҳудҳуддир. Ҳудҳуд қиссаси Қуръонда «Намл» — «Чумоли» деб номланган сурада ҳикоя қилинган.
Қиёматга қадар ўқиладиган катта сураларнинг бири кичик жонивор номи билан аталиш ҳикматини жажжи қаҳрамон — чумоли ҳақида сўз юритганимизда айтиб ўтамиз, инша Аллоҳ. Ҳозир эса ҳудҳуд билан танишайлик. Бир парранда номининг илоҳий китобда мангу қолиш сир-асрорларидан воқиф бўлайлик.
Аҳли сунна вал жамоа орасида мўътабар ҳисобланган «تفسير القرآن العظيم» муаллифи, Қуръонни оят ва ҳадислар билан тафсир қилган улуғ муфассир Ибн Касир мазкур тафсирнинг 3-жилд, 491-саҳифасида, Намл сурасининг 21-ояти тафсирида шундай дейдилар:
«Мужоҳид, Саид ибн Жубайр( ) ва бошқа олимлар Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилиб дейдилар: Ҳудҳуд Сулаймон алайҳиссалом салтанатида муҳандис – мироб эди. (Мироб, ирригатор — сув чиқариш мутахассиси). Саҳрога чиққан пайтларида ҳудҳудга ер ости сув манбаларини топишни буюрардилар. Ҳудҳуд ер остидаги сувни кўриш қобилиятига эга эди. Инсон ер сатҳидаги нарсани қанчалар равшан кўрса, у ер остидаги сувни шунчалар равшан кўра биларди. Сувнинг ер сатҳидан қанча масофада узоқ-яқинлигини аниқ айтиб берарди. Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳуддан олган аниқ маълумотга таяниб, жинларни ҳудҳуд кўрсатган ерни кавлашга буюрардилар.
Ибн Аббос ҳудҳуд ҳақидаги ушбу қиссани айтиб бўлганларидан кейин, у кишига доим эътироз билдирадиган Нофеъ ибн Азрақ деган хавориж овозини кўтариб деди:
- Тур, эй Аббос ўғли! Мана бугун оғзингдан илиндинг.
- Нима гап, тинчликми?
- Ҳудҳуд ер остидаги сувни кўради, дейсан. Ахир ёш бола қуш учун тузоқ қўйиб, тузоқ устига тупроқ сепади. Бола қўйган донни оламан деб ҳудҳуд тузоққа тушиб қолади-ку. Сувни кўрган, тузоқни кўрмайдими?!
- Агар мана бу киши Ибн Аббосга савол бердим, жавоб беролмади, деб гап тарқатиши бўлмаганда, бундай кишига асло жавоб қайтармас эдим, — деб унга қарата дедилар — Яхшилаб қулоғингга қуйиб ол! إذا نزل القدر عمي البصر وذهب الحذر Қадар келса, кўз кўр бўлур, эҳтиёткорлик бекор бўлур.
- Бундан кейин Қуръон борасида сиз билан асло тортишмайман, – деб хижолат бўлади Нофеъ».
Ибн Касир ушбу ривоят кетидан Ҳофиз Ибн Асокирнинг димашқлик Абу Абдуллоҳ Барзий номли солиҳ киши таржимаи ҳолида ёзган қиссани келтирадилар:
«Абу Абдуллоҳ Барзий солиҳ кишилардан эди. Душанба, пайшанба кунлари рўзани канда қилмасди. Саксон ёшли бу кишининг бир кўзи кўр эди. Абу Сулаймон ибн Язид номли (яқинлари) бунинг сабабини сўрайди. Абу Абдуллоҳ жавоб бергиси келмайди. Абу Сулаймон унинг жон-ҳолига қўймай бу ҳақида тинмай сўрайвергач, кўздан айрилиш воқеасини айтиб беради.
Қишлоғимизга Хуросондан икки мусофир киши келди. Бир ҳафтача қишлоғимизда қўноқ бўлишди. Мендан бир водий ҳақида сўрашди. Мен у водийни билишимни айтдим. Улар “бизни ўша ерга олиб борсангиз”, дедилар. Улар истаган водийга йўл бошлаб бордим.
Водийга етилганда минқал( ) чиқариб бахур( ) тутатишди. Водийни буруқсираган хушбўй тутун эгаллаб олди. Шунда ҳар томондан илонлар чиқиб, йиғила бошлади. Икки мусофир илонларга бепарво қарарди. Шу пайт билакдек йўғон, ёниб турувчи кўзлари динордек бир илон келиб қолди. Иккавлон суюниб кетишди. “Хайрият, бир йиллик сафаримиз бекор кетмабди”, дейишди.
Илонни бўғизлаб, сурма қўйиладиган чўпни унинг кўзига тиқишди ва худди сурма қўйгандек кўзларига суркашди. Менга ҳам суртаб қўйишларини сўрадим. Улар бош тортишди. Сурташларини қаттиқ туриб талаб қилдим. Ноилож ўнг кўзимга суртаб қўйишди. Шу заҳоти кўзим бошқача бўлиб кетди. Ерга қарадим. Ойна орқасидаги нарсалар кўринганидек ер остидаги нарсаларни кўра бошладим.
“Кетдик”, дейишди улар. Йўлда гаплашиб кетдик. Қишлоқдан узоқлашгач улар менинг қўл-оёғимни боғлаб қўйишди. Улардан бири қўлини ўнг кўзимга тиқиб суғуриб олди. Улар тез-тез юриб кўздан ғойиб бўлишди. Шу аҳволда анча вақт қолиб кетдим. Кейин бир-икки нафар йўловчи мени кўриб қолиб қўл-оёғимни ечдилар».
Ибн Касирнинг ушбу қиссани келтиришдан мақсадлари ҳудҳуднинг ер остидаги сувни кўра билиш қобилиятига шак билдирувчиларга рад ўлароқ бўлса керак. Бу қисса билан нафақат ҳайвон, балки инсон ҳам бундай ишни уддаласа бўлади, демоқчи бўлсалар керак, валлоҳу аълам.
Бу қиссанинг сиҳҳати бизга номаълум. Маълуми шуки, улуғ Яратгувчи Аллоҳ таоло айрим жониворларга инсонга бермаган хусусиятларни берган. Масалан, ит, балиқ ва бошқа уй ҳайвонлари зилзилани олдиндан пайқаб, безовталаниб қолади.
Хуллас, ҳудҳуднинг вазифаси ер остидаги сув манбаларидан хабар бериш эди. Кунларнинг бирида Сулаймон алайҳиссалом қўшинлари билан сафарга чиқадилар. Йўлда сувга эҳтиёж пайдо бўлади. Шунда қушларни кўздан кечириб ҳудҳудни излайдилар. Ҳудҳуд ўз ўрнида йўқ эди. Беизн ғойиб бўлган ҳудҳуд феълидан ғазабланган Сулаймон алайҳис-салом уни жазолашга қарор қиладилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай хабар беради: [У қушларни кўздан кечириб (уларнинг орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач): «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, ёки у (мендан беизн) ғойиб бўлдими?! Албатта уни қаттиқ азобга дучор этурман ё сўйиб юборурман ёки у менга (ўз узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтирур», деди]

Суфён ибн Уяйна ва Абдуллоҳ ибн Шаддод дейди:
Ҳудҳуд келгач қушлар чуғурлашиб:
- Нега кечикдинг? Қаерда эдинг? Сулаймон қонингни тўкмоқчи, – дедилар.
- Истисно қилдими?
- Ҳа, у айтдики: «Албатта уни қаттиқ азобга дучор этурман ё сўйиб юборурман ёки у менга (ўз узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтирур».
- Ундай бўлса (хавотирга ўрин йўқ), мен нажот топаман.
Тобиинлардан Мужоҳид дейди: «Ҳудҳуд онасига меҳрибон эди. Шу боис Аллоҳ ундан балони даф этди»( ).
Воқеа кечимини Қуръон бундай давом этдиради:
[Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: "Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан аниқ бир хабар келтирдим. Мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, катта тахти ҳам бордир.
У ва унинг қавми Аллоҳга эмас, қуёшга сажда қилаётганларини кўрдим. Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир. (Бу аҳволда) улар ҳидоят топмаслар. Осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор этувчи (осмондан ёмғир ёғдириб, ердан ўсимлик чиқарувчи) ҳамда махфий ва ошкора қилаётган ишларингизни билиб турувчи Аллоҳга сажда қилмайдиларми?!. Аллоҳдан бошқа сиғинишга лойиқ чин маъбуд йўқдир. У улуғ арш эгасидир
"]

Агар Аллоҳ таоло бу гапларни ҳудҳуд айтди демаганда, парранда оғзидан бундай ҳикматли дурдона сўзлар чиқишига бирор бир инсоннинг ақли бовар қилмасди. Бу — Луқмони ҳакимнинг ёки бошқа бир алломанинг сўзлари деб ўйларди. Лекин булар, ҳақиқатда ҳам ҳудҳуднинг гаплари эди.
Бўлиб ўтган воқеа ва ҳудҳуд сўзларини қайтадан тааммул билан ўқиб таҳлил қилайлик.
Ўз иш ўрнида топилиши керак бўлган ҳудҳуд вақтида ишга етиб келмайди. У ўта масъулиятли вазифада эди. Маълумки, вазифалар ҳар хил бўлади. Масъулияти оғир вазифа, масъулияти енгил вазифа. Касалхона бошврачи ва оғир операция қилувчи хирург билан касалхона қоровули ва фаррошининг масъулияти ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Подачи билан подшоҳ жавобгарликда бир хил эмас.

Ҳудҳуднинг вазифаси сув топиш. Сув эса ҳаёт манбаи. Инсон таомсиз 40 кун яшаши мумкин экан. Аммо сувсиз уч кундан ортиқ яшолмайди. Шунинг учун ҳам доно раҳбарлар ҳаёт учун зарур бўлган озуқалар — ғалла, дон, нон, мой, шакар ҳамда стратегик аҳамиятга молик хом-ашёларни шахсан ўзлари назорат (контрол) қилиб турадилар. Бу маҳсулотларни бозорда камайиб қолмаслиги, нархи кўтарилмаслиги учун шахсан ўзлари бош-қош бўлиб турадилар. Чунки авом халқ ҳар нарсага чидаши мумкин, лекин овқатсиз қолишга чидолмайди. «Халқ пуфласа бўрон бўлур», дейилганидек, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кундалик эҳтиёж молларининг нархини халқ чўнтаги кўтарадиган тарзда мўътадил ушлаш билан бўрон олди олинади.
Сув излашдек оғир масъулиятли вазифани эгаллаб турган ҳудҳуднинг ўз ўрнида йўқлиги, яъни прогул қилиши мамлакат тинчи ва халқ фаровонлигини ўйлаган одил шоҳ — Сулаймон алайҳиссаломнинг ғазабини келтиради. Ҳудҳуднинг ножўя бу қилмиши оғир жазога лойиқ эканини кўпчилик ичида эълон қилади.
Бир оздан сўнг ҳудҳуд етиб келади. Сулаймонга учрашдан олдин паррандаларга дуч келади. Улар Сулаймон қарорини унга етказишади. Ҳудҳуд мақбул узри борлиги учун ҳеч нимадан чўчимай, адолат қарор топишига ишонч билан улуғ шоҳ Сулаймон алайҳиссалом ҳузурига келади.
Ожиз банда, ўзига ўхшаш ожиз банда пойида тиз чўкиб, “бир қошиқ қонимдан кечинг” деб ялинганидек, Сулаймон пойида тиз чўкиб ялинмайди. Хушомад ва сохта муомаладан узоқ бўлиб, кечикиш сабабини очиқ-ойдин тушинтира бошлайди.
Унинг гапларига диққат қилинг:
[Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан аниқ бир хабар келтирдим]

Бу — фаросатли ҳудҳуднинг оқилона муқаддимаси эди. Инсон янгиликка қизиқувчан бўлади. Буни англаб етган ҳудҳуд «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим...» деб гап бошлайди. Яъни менда муҳим янгилик бор демоқчи. У бу муқаддима билан тингловчининг диққатини ўзига жалб қилиб, сўзини охиригача эшитишга йўл очади.
[Мен бир аёлни кўрдим]
Янгиликнинг бошланиши ҳам чакки эмас.
[У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, катта тахти ҳам бордир]

Ҳудҳуд шу қисқа жумла билан бутун бошли мамлакат ҳақида тўлиқ маълумот беришга муваффақ бўлади. Аввал мамлакат раҳбари билан таништиради. Сўнгра мамлакатнинг иқтисодий ва ҳарбий ҳолатини [Унга барча нарсадан ато этилган] деган лўнда ибора билан ифодалайди.
[Унинг катта тахти ҳам бордир] яъни, у мамлакат кичик бир шаҳар ё туман эмас, балки катта тахтга эга мамлакатдир. Подшоси ҳам оддий одам эмас, эркакларни жиловлаб турган, куч-қудратга эга нуфузли малика.
Ҳудҳуд дунё хабарлари билан таништириб бўлгандан кейин диний хабарлар билан таништиришга ўтади:

[У ва унинг қавми Аллоҳга эмас, қуёшга сажда қилаётганларини кўрдим]

Диний ҳолат аянчли. Бутун бошли миллат ва унинг раҳбарияти осмон кўрсатмаларидан узоқлашиб, осмондаги бир чироққа сиғинишар экан. Хурофот, ширк малика ва қонун томонидан ҳимоя қилинади.

[Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир]

Улар ўзларини ҳақдамиз деб ўйлайдилар. Чунки шайтон ноҳақликни ҳақиқат, оқни қора, қорани оқ деб безаб кўрсатмоқда. Модомики, бунда шайтоннинг қўли бор экан, бу ишга ўзингиз аралашмасангиз бўлмайди.
Бу аҳволда, модомики улар ўз қилмишини хато эмас, тўғри деб билар экан, [ улар ҳидоят топмаслар], дейди.
Шу билан диний ва дунёвий янгиликлар билан таништириш тугайди.
Диний аянчли ҳолат ва унинг сабаблари баён қилингандан кейин ҳудҳуд учинчи марҳалага ўтади. Бу марҳалада ўз эътиқоди ва кўзи билан кўриб гувоҳи бўлган мункар, қабеҳ ишга нисбатан норозилик ва қаршилик позициясини баён қилади. Шунингдек, ғайри мубошир йўл билан кечикиш сабаблари ва бунинг зимнида шаръий узрини баён қилади. Айтган ҳар бир сўзи чин, ёлғон эмаслигини гўзал иборалар билан моҳирона исботлайди.

[Осмонлару ердаги барча сирларни ошкор этгувчи (осмондан ёмғир ёғдириб, ердан ўсимлик чиқарувчи) ҳамда махфий ва ошкора қилаётган ишларингизни билиб турувчи Аллоҳга сажда қилмайдиларми?! ]

Шунинг ўрнига «осмонлару ерларни яратган» деса бўларди. Лекин у Аллоҳнинг сир-асрорларни, беркитилган ҳар бир нарсани билишга қодирлик сифатини эсга олаяпти. [يخرج الخبء] тафсирида икки маъно келган:
Биринчиси: ер ва осмонларда беркитилган ҳар нарсани чиқарувчи.
Иккинчиси: ёмғир ва наботот.
Бу билан сўзлари чинлигини исботламоқда.
Ҳудҳуд ўз сўзини мақомга муносиб хотима билан якунлайди:

[Аллоҳдан бошқа сиғинишга лойиқ чин маъбуд йўқдир. У улуғ арш Раббисидир]

Юқорида маликанинг арши — тахтини тилга олгани учун сўз ниҳоясида чинакам молик, ҳақиқий арш соҳиби Аллоҳ эканини эслаб [У буюк арш Раббисидир], дейди.
Сулаймон алайҳиссалом шоҳона виқор, пайғамбарона ҳикмат билан: [سننظر] — [(текшириб) кўрамиз], дейдилар.
Бунда ҳар бир раҳбар, масъул ва ҳар бир мўмин учун ўрнак бор. Эшитган хабарини дарҳол тасдиқлашга ёки инкор этишга шошилмаслик керак. Қарор ва ҳукм чиқаришдан олдин обдон ўйлаб, текшириб, сўнгра амалий ишга киришиш керак.
Сулаймон алайҳиссалом Сабаъ маликаси Билқийсга мактуб йўллайдилар. Мактуб икки сатрдан иборат эди. Биринчи сатрда Аллоҳнинг гўзал исми ва олий сифатлари, иккинчи сатрда Сулаймоннинг уларни Исломга даъвати.
Сулаймон алайҳиссалом мактубни элтиш вазифасини ҳудҳуднинг ўзига топширдилар. Сув излаш эса кейинга қолдирилади. Аллоҳ мулкининг ичида, курраи заминда Холиққа эмас, махлуққа ибодат қилиниб турган бир пайтда сув излашдан кўра одамларни ҳаққа чақириш муҳим ва зарур деб топилади.
Мовардий «الأحكام السلطانية» китобида давлат раҳбарининг ўнта вазифасини баён қиладилар. Халқ тепасига келган масъул вазифаси ўнтадан иборатлигини ёзиб, ҳар бир вазифани алоҳида баён қиладилар. Ҳоким бўлган шахс Аллоҳ ҳузурида ана шу ўнта вазифадан сўралади. «Тўлиқ адо қилдингми, йўқми?». Ана шу вазифалардан бири «حفظ الدين» — «динни муҳофаза қилишдир».
Сулаймон алайҳиссалом ҳудҳудни муҳим ишдан вақтинча озод қилиб, ундан ҳам муҳим иш — «динни муҳофаза қилиш»га жўнатадилар. Муфассирларнинг айтишича, ҳудҳуд учиб бориб, мактубни малика олдига ташлайди. Мактубни ташлабоқ ортига қайтмайди. Балки хатни ташлаб, инсонлардек одоб билан бир четга чиқиб кутиб туради.

[(Сулаймон ҳудҳудга деди:) «Мана бу мактубимни олиб бориб, уларга ташлагин, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар». (Хат малика Билқийс қўлига етгач) у деди: «Халойиқ, менга улуғ бир мактуб ташланди. У мактуб Сулаймондандир ва унда: «Бисмиллаҳир раҳманир раҳим — Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан бошлайман. Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга мусулмон бўлиб келингиз! (деб битилган)]

Билқийс доно малика эди. У ўзича қарор қабул қилмай, сарой аҳли билан маслаҳатлашади( ). Сарой аҳли малика амрига мунтазир эканларини, у қандай қарорга келса, шуни бажаришга тайёрликларини билдиришади. Малика Сулаймонга ҳадя юбориш билан унинг ҳақиқий пайғамбарми ёки оддий босқинчи подшоҳми эканлигини имтиҳон қилади. Унинг фикрича, агар Сулаймон чинакам пайғамбар бўлса, даъват муқобилига ҳадя олмайди, агар подшоҳ бўлса, олтин ва қимматбаҳо совғалар ёнида даъватни ҳам унутиб қўяди. Ундай одамга ҳужум қилса бўлади.
Ибн Аббос дейдилар: «Малика ўз аъёнларига дейди: Агар ҳадяни қабул қилса, у подшоҳдир, унга қарши курашинг, агар қабул қилмаса, у набийдир, унга эргашинг»( ).
Элчилар Сулаймон олдига ҳадя билан келишади. Сулаймон алайҳиссалом бундан ғазабланадилар. Ҳадя рад этилади( ).
Билқийснинг элчиси тарвузи қўлтиғидан тушиб, шумшайганча малика олдига қайтада ва Сулаймон алайҳис-салом жавобларини етказади. Шунда у: «Бу оддий подшо эмаслигини билган эдим», дейди. Шу заҳоти Сулаймонга: «Мен сенинг кимлигингни ва даъват қилаётган дининг қандайлигини билиш учун ўз аъёнларим билан ҳузурингга бормоқдаман», деган хабар билан чопар юборади. Ўзи эса ўн икки минг киши билан йўлга тушади.
Ривоят қилинишича, ўн икки минг киши малика Билқийс қўл остидаги шаҳар ҳокимлари экан. Малика олтин ва қимматбаҳо тошлардан безалган тахтини қаттиқ қўриқлашни тайинлайди. Тахт ичкарима-ичкари солинган етти хона ичида кучли назорат остида қўриқланади.
Маликанинг келаётганидан Сулаймон алайҳиссалом қувонадилар. Ўн икки минг аъён қуршовида тахтиравонда келаётган малика Сулаймон қароргоҳига озроқ қолган пайтда у киши атрофдагиларга қарата:

[Эй жамоат( )! Улар менинг ҳузуримга мусулмон бўлиб келишларидан илгари қайси бирингиз унинг тахтини менга олиб келади», дедилар. (Шунда) баҳайбат жинлардан бири: «Мен уни сенга ўрнингдан туришингдан олдин олиб келаман. Албатта мен буни (уддалашга) қодир ва (бирор бир зийнатни йўқотмасдан тўлалигича олиб келувчи) омонатдорман», деди.
(Жин сўзини тугатишига) Инсонлардан бўлган илмдор киши: «Мен уни кўз очиб юмгунингча олиб келурман», деди
]
Ҳақиқатда, жуда оз муддат ичида Яман диёрларида ўта қаттиқ қўриқланаётган Билқийс тахти Байтул Мақдисда, Сулаймон алайҳиссалом қошида ҳозир қилинади.
Бу ғаройиб ишдан Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам ҳайратда қоладилар. Қўлида турли хил мўжизалар содир бўлган, осмонда илк бор парвоз қилган, мантиқут-тайр – қушлар ва ҳайвонлар тилидан хабардор, ажойибот ва ғаройиботларга кон даврда яшаган, ҳеч кимга берилмаган мулк соҳиби, улуғ султон, пайғамбар ўғли пайғамбар бўлмиш Сулаймон ибн Довуд алайҳимассалом бу ишни ўзларининг нодир қобилиятлари ёки идора, бошқарув ва сиёсатдаги маҳоратларидан деб билмай [Аллоҳнинг фазли-инъоми] деб атадилар. Буни оддий ҳол деб қарамадилар.

[(Сулаймон алайҳиссалом тахтнинг) ўз ҳузурида турганини кўргач: «Бу Парвардигоримнинг фазлу марҳаматидир. Мен шукр қиламанми ёки нонкўрлик қиламанми, имтиҳон этиш учун берган (неъмати). Ким шукр қилса, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилур. Ким нонкўрлик қилса, Раббим (унинг шукрига) муҳтож эмас. (У) беҳожат, карамли зотдир», деди]

Биз 20-21 аср авлоди аввалгиларга нисбатан мўъжизавий даврда яшамоқдамиз. Аввалгилар фақат қушнинг учганини кўрган бўлса, биз жонсиз темир ичида инсонларнинг учганини кўрдик. Ўтмишда бўлмаган яшаш шароитига эга бўлдик. Боболаримиз тушига кирмаган енгиллик ва қулайликларни кўрдик ва фойдаланмоқдамиз. Аввалгилар билан айрим неъматларда муштарак бўлсак, бу замонда моддий неъматлар бизларга зиёда қилинди.
Шунинг учун биз улар билан муштарак неъматларда улардек шукр қилмоққа, улар кўрмаган, биз эса етиб келган неъматларга алоҳида шукр қилмоққа уринишимиз зарур. Кўп неъматлар биз учун оддий ҳолга айланиб қолган. Тўртинчи қаватда яшовчи кишиларнинг ҳаммаси ҳам тўртинчи қаватдаги ошхонаси ва ҳожатхонасига турба орқали етиб борган сувни неъмат деб билавермайди. Электр чироқ, ҳаво совитгич, печка, машина, телефонлар шукр қилиш шарт бўлмаган оддий ҳолга айланган. Аслида ундай бўлмаслиги керак.
Сулаймон алайҳиссалом истаклари амалга ошиши билан [Бу Раббимнинг фазлу марҳамати], деб шукрга шўнғидилар. Биз бу кишидан ўрнак олиб ҳамда Парвадигори оламнинг [Парвардигоринг неъматидан сўзла!] амрига биноан ҳар бир неъматни номма-ном эслаб, улар учун алоҳида-алоҳида шукр айтмоғимиз ва шукр қилмоғимиз лозим. Соғлик-саломатлик, офият, мол-мулк, тинч-омонлик, илм-маърифат, кўзни қувонтирадиган этак тўла фарзанд, ризқ-рўз, уй-жой, бошпана, кийим-кечак, кўчадаги ва уйдаги қулайликлар, аввалги замон кишиларига насиб қилмаган ҳаво совитгучу иситгичлар, ошхона ва таҳоратхонагача етиб келган ва жуда осонлик билан истеъмол қилинадиган сувлар, узоқни яқин, оғирни енгил қиладиган ва ҳатто киримизгача ювиб қуритиб берадиган беминнат темир дастёрлар – машиналар, турли жиҳоз ва ускуналар, пичирлаб аста гапирилган гапни ўша заҳоти узоқ масофага етказувчи телефонлар ва бундан бошқа саноқсиз неъматларни бақадриҳол ёдлаб, номма-ном тилга олиб, уларни берган Ягона Аллоҳга шукроналар айтилмоғи даркор.
Шукр тилнинг ўзи билангина бўлмайди. Балки, амал, татбиқ билан рўёбга чиқади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда: [Довуд хонадони, шукрни амалга оширинглар! ] деди.( )

Сулаймон алайҳиссалом Билқийс тахтини ўзгартириб қўйишни буюрдилар. Малика етиб келгач: [Тахтинг шундайми?] дейилди. Малика ҳайрат билан: [Худди ўшанинг ўзи-ку!], деди. Малика қалбида беркитган Сулаймоннинг пайғамбарлиги ҳақидаги гумонлар ҳақиқатга айлана бошлади. Ахир маликанинг шахсан ўзи бу тахтни етти қат қаср ичига беркитиб келганку? Тахтни қўриқлаш энг ишончли ва кучли одамларга топширилган. Наҳот саройни босиб олишган бўлса? Сарой босиб олинган тақдирда ҳам у тахт мендан олдин бу ерга қандай олиб келинди?
Бу оддий инсоннинг қўлидан келадиган иш эмас.
Малика тантанали равишда саройга таклиф қилинади. «Марҳамат қилиб, саройга кирсинлар». Малика саройни кўриб сув тўлқини деб ўйлайди.
Ҳақиқатда малика оёғининг остидаги ойна дарё тўлқинлари каби мавж урарди. У дарё лабида турган кишидек этагини кўтарди. Бу ҳолни кўриб Сулаймон алайҳиссалом: «Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир», деди.
Малика қалбида Сулаймоннинг пайғамбарлигига ҳеч шубҳа қолмаган эди. У шу онда қора ўтмишга тавба қилиб, иймон келтиради. Маликанинг иймон келтириши билан унга ҳамроҳ бўлган ўн икки минг киши ва қолган халқ иймон келтиради.

[(Малика) деди: «Раббим, дарҳақиқат мен (Сенга эмас, қуёшга сиғиниб) ўз жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар хожаси — Аллоҳга бўйинсундим, мусулмон бўлдим]

Савол туғилади. Неча йиллардан бери ота-боболарининг ботил динида қуёшга сиғиниб келаётган малика ва Яман халқининг ҳидоятига – тўғри йўлга тушишига ким сабаб бўлди? Ким бу миллат кирдикорларини фош этди? Ким бу инсонлар учун ачиниб, жон куйдирди? Ҳаётини хавф-хатарга солиб, ким буларнинг қасрига пайғамбар номасини етказиб берди?
Бу саволга ҳамма бир хилда жавоб беради. (Ҳаммадан мурод – мусулмонлар ва аҳли китоблар). Малика ва унинг халқининг ҳидоятига сабабчи оддий парранда, кичкинагина ҳудҳуддир. Шу жажжигина қуш бутун бошли миллатни жаҳаннам ҳалокатидан қутулишига сабаб бўлди. Шу митти қуш ўзидан бир неча бор катта бўлган инсоннинг дунё ва охират саодатига етишига сабаб бўлди.
Ҳайвон ширк билан тавҳиднинг фарқига борди. Қуёшга эмас, қуёшни яратганга сиғиниш кераклигини англаб етди. Махлуқ ҳеч қачон Холиқ бўлолмаслигини билди. Аммо катта-катта илмий даргоҳларда таҳсил олган инсон табиатни, яъни бир махлуқни холиқ деди. Бу эса ақл бовар қилмас аҳмақона гап эди. Шу аҳмақона гапни қойиллатиб айтиб, имтиҳонлардан беш баҳо олган талабалар олимлик рутбасига чиқди.
Аммо институт, университет кўрмаган қуш эса махлуқ Холиқ бўлолмаслигини англаб етиб: [Аллоҳга сажда қилмайдиларми?! ] деди.
Бир қарич қуш инсон ҳидояти учун қайғуриб Сулаймонга хабар берди. Сулаймон амрига биноан хатни маликага элтди. Омонатга хиёнат қилмади.
Аммо инсон (уят бўлса ҳам айтишга мажбурмиз) бировларнинг хатини очиб ўқиди. Омонатга хиёнат қилди. Посилкалар титилди, конвертлар очилди. Омонатлар эгасига етиб бормади. Қанча-қанча шикоят хатлар қутиларда чириб кетди...
Яна бошқа савол.
Нега Аллоҳ таоло ҳудҳуд қиссасини Қуръони каримда биз Муҳаммад алайҳиссалом уммати учун батафсил баён қилмоқда? Милоддан аввалги асрларда яшаб ўтган Сулаймон пайғамбарнинг қуши билан бўлган суҳбатини охирги замон умматига етказишнинг ҳикмати нимада?
Аллоҳ таоло: «Эй Муҳаммад уммати, ўтмишда парранда қушлар даъват майдонида фаол иштирок этган. Сизлар бу ишда сустлашманглар», демоқчими?
«Бир кичик қуш сабабли катта бир миллатни ҳидоят қилдим. Сизларнинг холис даъватингиз учун ундан кўпини ҳидоят қилгум», «Ҳайвонлар даъват қилганда, сиз инсонларнинг даъват қилмасингиз айб-уят», дейилмоқдами?

Жажжи даъватчи қиссасидан сабоқ ўлароқ бир-икки оғиз даъват, унинг аҳамияти ва фазилати ҳақида қисқа тўхтасак.
Аллоҳ таоло даъват фазилати ҳақида дейди: [(Одамларни) Аллоҳга даъват қилган ва ўзи яхши амал қилиб, мен мусулмонларданман деган кишидан кўра гўзал сўзловчи ким бор?! ]

[Ораларингизда яхшиликка даъват қиладиган, эзгуликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчидирлар]

Даъват пайғамбарлар ва уларга эргашган солиҳ бандаларнинг олий вазифаси эканини баён этиб дейди:

[(Эй Муҳаммад) айтинг: Бу (яъни даъват) менинг йўлимдир. Мен аниқ ҳужжатга асосланиб (онгли равишда) Аллоҳга чақираман. Ва менга эргашганлар (ҳам Аллоҳга чақирурлар). Аллоҳни (зоти покига номуносиб барча нуқсонлардан) поклайман ва мен мушриклардан эмасман]

Расули акрам саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга дедилар:
”Аллоҳ номига онт ичиб айтурманки, Аллоҳ сен боис (атиги) бир кишини ҳидоят қилмоғи (кўп) қимматбаҳо туяларга эга бўлишингдан яхшироқдир”. Бухорий ва Муслим ривояти.
”Ҳидоятга даъват қилган кишига унга эргашган ҳар бир кишининг ажру савоби миқдорича ажр-савоб бўлур. Бу эса эргашувчининг ажридан бирор бир нарсани камайтирмай ди. Залолатга чақирган кишига унга эргашган (ҳар бир кишининг) гуноҳича гуноҳ бўлур. Бу эса уларнинг гуноҳидан бирор бир нарсани камитмайди). Муслим ривояти.

Яъни, агар бир киши бир инсоннинг ҳидоятига сабаб бўлса, ёки яхшиликлардан бирини унга таълим берса, мисоли таҳорат ёки намозни унга ўргатса, у одам ҳар қачон таҳорат олса ва ҳар қачон намоз ўқиса, унга ҳосил бўлган ажр-савобдан ўргатган кишига ҳам ёзилади.
Залолат, бидъат ва ёмонликка асос солган бўлса ҳам айни шундай бўлади. Уларнинг гуноҳидан асосчига ҳам ёзилаверади.
Бу ва бундан бошқа даъватга ундовчи оят ва ҳадислар саҳобаларни даъват учун астойдил енг шимаришга ундади. Пайғамбар алайҳис салоту вассалом вафотларидан кейин бу улуғ вазифани улар давом эттиришди. 20 йил ичида ер юзининг учдан бир қисмига Ислом даъвати етиб бориб, одамлар Ислом адолатини ўз кўзлари билан кўрдилар. Улардан кейингилар бу майдонда саҳобалардек жонбозлик кўрсатдилар.
Ислом даъватининг оламаро кенг кўламда ёйилишига диёримиз аҳли салмоқли ҳисса қўшган. Ислом тонги отган дастлабки кунларданоқ даъват қуёши биз томонларда эрта чақнади. Муҳаддислар, муфассирлар, фақиҳ олимлар, воизлар (нотиқлар) жуда эрта ва кўп етилиб чиқишди. Диёримиз ”қиблатул уламо” — уламолар қиблагоҳи деб аталди. У ерда бир вақтнинг ўзида йигирма минг муҳаддис олим яшаб, ҳадис фанидан дарс берган .
Ҳанафий мазҳабга асосланган етук китоблар таълиф қилинди. Ўзганда Сарахсий ”المبسوط”ни ёздилар, Марғилоний ”الهداية”ни, Косоний ”بدائع الصنائع”ни таълиф қилдилар. ”Усулул фиқҳ”, ”Тафсир” илмида ҳам китоблар таълиф қилинди.
Шоший (Тошкент) ва Самарқандий китоблари бугунги кунда ҳам аҳли илмлар учун мўътабар манбаъ ҳисобланади.
Мазкур фанлардан таълим олиш учун диёрларимизга талабалар оқиб кела бошлади. Меҳмондўст халқ талабаларга бағрини кенг очиб, уларни илиқ кутиб олди.
Диёримиздаги фаровон, осуда, тўкин ҳаётни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Ёқут ал-Ҳамавий ўзининг ”معجم البلدان” — ”Шаҳарлар энциклопедияси” номли беш жилдли машҳур китобида кўрган-билган ва эшитганларини завқ-шавқ билан ёзади. Самарқанд ҳақида: Охиратда одамларнинг жаннати бор. Дунёнинг жаннати эса Самарқанддир. Эй Балх ерларини Самарқандга тенглаштирган киши, ҳанзал билан қанд баробар бўлурми?! - деган эди.
Фарғона ҳақида: «فيها أنهار وأشجار لا مالك ولا مانع»«Фарғонада мевали дарахтзорлар ва анҳорларни кўрдим. Уларни эгаси ҳам йўқ, бориб ўтирсанг, меваларидан есанг ман қиладиган киши ҳам йўқ» дейди.
Муаллиф қайси бир шаҳар ҳақида ёзса, ундаги етук олимларни ҳам таништириб ўтади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг энг олий вазифалари бўлмиш даъват — одамларни Аллоҳга чақириш ғами ҳар бир иймонли, олижаноб ва ҳиммати баланд инсонларнинг ўй-фикрини чулғаб олди. Жуда ҳам кўпчилик бу олий ишга ўз ҳиссасини қўшди. Шулардан бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг зурриётларидан бўлмиш 597-ҳижрий санада вафот этган улуғ аллома Абул Фараж ибн Жавзийдир. Заҳабий ўзларининг «سير أعلام النبلاء» номли китобларининг 12-жилд, 370-саҳифасида олим сўзларини нақл қилиб дейдилар: «Шу икки бармоғим билан икки минг жилд китоб ёздим. Юз минг фосиқ қўлимда тавба қилди. Йигирма минг яҳудий ва насроний Исломни қабул қилди».
Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати, уни ўзи истаганга инъом этади.
Ана шундай фазилатга эга бўлганлардан бири замондош йигитлардан биридир . Ибн Жавзийдек ҳидоят топганлар сонини аниқ айтиб беролмасада, лекин унинг қўлида ҳидоят топганларнинг сони ҳам чакки эмас. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ўз куёвларига «Аллоҳ сен боис (атиги) бир кишини ҳидоят қилмоғи (кўп) қимматбаҳо туяларга эга бўлишингдан яхшироқдир», деганлар. Бу йигит боис минглаб кишилар ҳидоят топди. Қизиғи шундаки, у даъватчи унча катта илмга эга эмас. Ҳолбуки, даъват учун илм керак. Юқоридаги оятда келганидек: «على بصيرة» — «онгли равишда» даъват қилинади. Лекин ўзгаларни даъват қилишга етарли илм билан қуролланмаган бу оддий намозхон йигитнинг қўлида жуда кўпчилик ҳидоят топган. Ундан ҳам қизиқ жойи, у йигит одамлардек гапиролмайди, соқов. Ҳа, тилсиз, гунг, соқовдир . Лекин Аллоҳ унинг даъватига барака бериб, минглаб соғларнинг тўғри йўлга тушишига сабаб қилган.
Қандай дейсизми?
Ҳамма ажабланса ҳам сиз ажабланмаслигингиз керак. Чунки ҳозиргина жажжи тилсиз бир жонивор сабабли бутун мамлакат ҳидоятга эришганини ўқидингиз.
Ният холис бўлса даъват учун тил бурро бўлиши шарт эмас. Даъват майдонида катта муваффақиятларга эришган замондошимиз гапга чечан олим бўлмаган. Мадраса, олий илм даргоҳларини битирмаган. У оддий ҳунарманд намозхондир. Бироқ тилсиз бу инсонда дил бор. Башариятга яхшиликни соғинувчи, эзгуликка ташна мусаффо қалб бор. У пайғамбарлар, саҳобалар, олимлар каби одамларга нафи тегишни, қиёматда улар билан бирга туришни истайди. Минбарлар узра баланд овоз билан даъват қилгиси келади. Ёқимли хушовозда Қуръон оятларидан тиловат қилиб одамларга Парвардигор каломини еткизишни хоҳлайди. У ҳам ҳаммамиз билган ҳадисларга амал қилиб катта даражаларга кўтарилиш орзусиди. Лекин тақдир экан, унга тил, забон берилмади. Нутқ, баёндан маҳрум этилибди.
Нима қилиш керак?
Йигит чорасини топади.
«Тилим бўлмаса ҳам алҳамдулиллоҳ кўзим очиқ, ақл-ҳушим жойида. Беадад шукрлар бўлсинки, қўлимда ҳунарим бор», деб даъватга киришади. Даъватнинг иккита воситасини қўллайди.
Биринчиси ўз билган илмига амал қилади. Исломни ўзида кўрсатиб беради. Даъватнинг амалий татбиқини қўллайди. Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ шогирдларига деган эдилар:
- «كونوا دعاة وأنتم صامتون» – «Сокит ҳолингизда даъват қилинг».
Шогирдлар ҳайрон бўлиб:
- Сокит ҳолда, садо чиқармай қандай даъват қиламиз?!
- Амалингиз билан ўрнак бўлиб даъват қилинг.
Иккинчиси, ойлик даромадини бир неча қисмга тақсимлайди. Ота-она ҳаққи, фарзандлар, аёл ҳаққи, мискинларга ёрдам ва ниҳоя бир нечта аудио кассетага етарли маблағ. Ана шу озгина маблағига художўй олимларнинг хутбалари ва дарслари ёзилган аудио кассеталарни сотиб олади. Ўқувчини малоллантирмайдиган кичик ҳажмли, фойдали китоблардан харид қилади. Дам олиш кунлари ёки бўш пайтда кассета ва китобни одамлар орасида тарқатади.
Кунларнинг бирида у одатдагидек катта кўчада кетаётган эди. Йўл бўйидаги ойнабанд бино ёнидан ўтаётганда у бино ичидан икки йигит чиқиб, унга салом беришди. У ишора билан алик қайтарди. Йигитлар ҳам имо-ишора билан «Бу бизнинг контора, марҳамат қилиб ташриф буюрсангиз, бошимиз осмонга етади», деб тушунтирдилар. У имо-ишора билан ташаккур айтиб, уларни танимай турганини билдиради. «Сиз бизни танимасангиз ҳам, биз сизни жуда яхши таниймиз. Сиз бизнинг улуғ устозимизсиз. Ҳидоятимизга сабаб бўлган муборак инсонсиз. Шайтон тўрига илиниб, жаҳаннамга илдам кетаётган эдик. Сиз худди шу ерда ҳар биримизга биттадан кассета туҳфа қилдингиз. Биз кассетани олгимиз келмади. Сизнинг жуда гўзал муомалангизни кўриб, қилган ишимиздан хижолат бўлиб, кассетани олдик. Кассетани олиб машинага ташлаб қўйдик. Бир-икки ой деганда тўсатдан сиз берган кассетани эшитиб қолдик. Шу бир кассета туфайли ҳаётимиз, дунёқарашимиз ўзгарди. Аллоҳ сиздан рози бўлсин».
Соқов йигит кўрсатгич бармоғини кўтариб: «Алҳамду-лиллоҳ, бу Аллоҳнинг фазли. Динда собит бўлинг», деган ишорани қилиб олдинга юриб кетди. У иккилари унинг ортидан ҳавас билан қараб қолишади. Соқов ўн қадамча юргач тор жинси шим кийган йигитлар ёнида тўхтаб, халтасидан кассета чиқариб уларга узатади...
Соқов йигит қиссаси хаёл маҳсули эмас. Сиз-биз яшаётган қайноқ ҳаёт ичида содир бўлган ҳақиқий воқеадир.
Гунг-соқовлар интернатига бориб, муҳозара ўтказган олимларнинг бири дейди: «Мени соқовлар интернатига таклиф этишди. Мен у ерда бир соатдан мўлроқ диний суҳбат ўтказдим. Ёнгинамда уларнинг мударриси сўзларимни имо-ишора билан уларга тушунтириб бериб турди. Зал жим-жит, чурқ этган товуш эшитилмайди. Булар менинг гапимни тушуняптими, йўқми деб иккиланиб қолдим. Сўзларимни тушуняптими, йўқлигини билиш учун ичак узди ҳангома айтиб бердим. Бармоқларини ўйнатиб, эшиб тилмочлик қилаётган йигит ҳам, залдагилар ҳам кулиб юборишди. «Хайрият, тушунишаяпти экан», деб сўзимда давом этдим. Залда аввалгидай сукунат пайдо бўлди. Бир оздан сўнг бир кишининг қаттиқ кулгани эшитилди. «Тинчликми?» - деб ёнимдаги кишидан сўрадим. Унинг айтишича, кулган киши ҳам гунг, соқов, ҳам кўр экан. Унинг ёнида бошқа бир киши унинг қўлларини ушлаб, бармоқлари билан сўзларимизни тушунтираётган экан...».
Алҳамдулиллоҳ, кўз, қулоқ, тил неъматлари учун Аллоҳга шукр. Соғлик, офият учун ўзига беадад шукр.
Кимдир Қуръонни қулоғи билан эшитиш неъматидан маҳрум, лекин қалби билан Қуръонни тинглаб роҳатланади.
Кимдир эса қулоғи билан Қуръонни эшитиш имкони бор, лекин қалби кўр ва карлиги боис ундан маза ололмайди.

Боғимиздан ҳудҳуд ариб, тўтиқушлар кўпайди,
Чамандаги сайроқ булбул соқов, гунгга ўхшайди.
Хўроз билан макиённи мушкул жуда ажратиш,
Бойўғлига омад кулиб, истаганча сайрайди.

Тавба демай ҳеч чора йўқ, эшак ўзин тулпор дер,
Гердайганча олақарға доим ўзин шунқор дер.
Минг ҳайратда чиқиб боғдан ажриқзорга ўтирдим,
Ё алҳазар! Ёввойи ўт, у ҳам ўзин чинор дер.

Латиф Роббим, лутф айлагин, денгиз қуриб ер бўлди,
Барчинойлар тор шим кийиб, эмизувчи эр бўлди.
Уй ичида бола ҳайрон: ота қайси, она ким!?
Маърифатдан узоқлашиб, тўкканимиз тер бўлди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам ота онага яхшилик қилиш буюрилган. Уламоларимиз динимизда буюрилган амалларда бандалар учун албатта манфаатлар давоми...

5449 15:28 / 22.04.2017
Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният давоми...

7590 10:31 / 24.03.2017
Барчамизга маълумки бугунги кунда ислом ёки мусумлон деганда ғарб халқларининг фикри 2001йил 11 сентабр воқеаларидан сўнг бир хил яъни улар терроситларrdquo. Савол давоми...

2434 21:28 / 21.04.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ҳақида сўз кетар экан, аввало бу муҳаббат, иймон тақозоси экани таъкидланади. Яъни, Ислом динини бино деб давоми...

2905 14:13 / 27.03.2017
Аудиолар

120339 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41976 14:35 / 11.08.2021