912 13.11.2017

Бир куни ҳашаматли дастурхон устида тўпланган ноз-неъматлар баҳс қилиб қолишди. Димоғни қитиғловчи мазали ҳид таратиб турган қайноққина сомсалар дастурхонга кирган бу файз, бу ҳашамни кўриб, илҳомланиб кетишди ва ўз ҳароратларидан дадилланиб, датурхондаги ноз-неъматлар ичида ўз аҳамиятларини таърифлай кетишди:

— Дастурхонда бизнинг ўрнимиз ўзгача. Ахир базмни кўпинча биз бошлаб берамиз. Шунинг учун бизни доимо интиқлик билан кутишади-да. Ўзимизга хос таъмимиз ҳам бор, биздан таралган буғ иштаҳани очади... Ҳароратимизу хуштаълигимиз билан кишининг бутун диққатини ўзимизга тортиб оламиз.

Буни эшитган ранг-баранг сабзавоту резавор кўкатлар ҳамда нодир пишлоқлар қўшиб тайёрланган кўркам салатлар эътироз билдиришди:

— Дастурхонга зебни биз берамиз, иштаҳа келиши ҳам бизни тановвул қилишдан кейин бўлади. Кони фойда ҳам бизмиз...

— Унда нега бизни “асосий таом” дейишади? — орага гап қўшишди гўштли тансиқ таом, — Атрофга қараб, кейин гапирсангизлар яхши бўлади. Биз, ошу қовурдоқу қайноқ кабоблар, доимо тўйимли овқат ҳисобланиб келамиз, ҳар дастурхонда бизни кутишади, бизнинг келишимиз таомланишнинг энг юқори чўққиси ҳисобланади. Таомланувчини биз тўйдирамиз.

— Аммо биз доимо ўша тўқликни тутиб келамиз, баҳсга аралашди чиройли ширмой нон, — Дастурхонга “бисмиллаҳ”ни биздан бошлаб қўл узатиш урф бўлиб қолган. Таомларнинг энг эъзозланадигани биз бўламиз. Ҳадисда зикр қилинган, доимо ҳурматланган таом бизмиз. Ҳар жойда, ҳар дастурхонда биз бормиз.

— Аммо ўзининг хуш таъмию нодирлиги билан, оз бўлса ҳам иштаҳа доим талаб қилинадиган, дастурхонга хосликни ва аълоликни бағишлайдиган, “шундан бир еб кўрсам” деб интиқлик пайдо қиладиган, қиймати бошқалардан аълороқ неъмат биз эканлигимизни барча эътироф қилиши турган гап, — дейишди ўзларига хос сухандонлик билан дудланган балиқу зираворли сиркамойда босилган нозик қўзиқоринлару бостирма гўштлар, — Дастурхоннинг хослиги айнан бизнинг бор-йўқлигимизга қараб бўлади. Буни ҳамма биладику!

— Ҳай-ҳай, қадрдонлар, ҳар бир нарсанинг ўз қийматини белгилайдиган хислати ва фазли бўлади. Бу дастурхоннинг қийматини оширадиган неъмат бизмиз, — дея ўзларини тийишолмади нодир писта-бодомлару хилма-хил ёнғоқлар, — Ҳар дастурхоннинг кўрки биз билан ошади. Бизни тановвул қилиб лаззатланишади, қўрин тўйдириш учун эмас, айнан лаззатланиш учун тановвул қиишади. Фойдамиз ҳам кам эмас, уларни ҳали санаб кўринг... Биздаги табиий ёғлар кони фойда... Ҳеч бўлмаса бозордаги нархимизга назар солсангизчи...

— Унда нега дастурхон борки унинг тўрида, қоқ ўртасида бизни қўйишади, қўйганда ҳам энг ҳашаматли идишлар бизнинг хизматимизда? — деб нозу эътироз аралаш оҳангда гапира кетишди нозик рангба-ранг мервалар, — Ахир, дастурхон атрофидагилар бир-бирига мурожаат қилганда, бир-бирига қараганда уларнинг назари аввал бизга тушмайдими? Бир тупроқдан чиққан бўлсак-да, рангимиз, таъмимизу шаклимиз, хислатларимизу шифобахшлигимиз турли туман эмасми? Таом ҳам биз, ширинлик ҳам биз, кони фойда ҳам биз эмасми ахир?!

— Сизлар айтган гаплар тўғрику-я. Лекин таъбни чоғ қилишда бизнинг ўрнимизни босадигани бормикан? Бу дастурхоннинг файзию сурури биз эмасми?! — дейишди ширинликлар, — Ахир, охирида оғизда қоладиган таъм, ҳаммани хурсанд қиладиган, кайфиятни кўтарадиган ким? Каттаю кичик бизни интиқлик билан кутишади, энг аълоси деб бизни охирига қолдиришади. Бу ҳашамнинг хотимасини биз белгилаб берамизку!

— Хўш, унда биз бўлмаганда бирор нарса татирмиди? — дейишди ҳелу-долчинли чой-шарбатлар, — Ҳар бир таом, ҳар бир тансиқ егулик борки, у ширинлик бўлсин, ёғли палов бўлсин, хоҳ қуруқ нон бўлсин, албатта, ундан сўнг бизга “мурожаат” қилишади. Қуруқ таом татимаганда сероблик кимдан келади? Ҳар бир таомнинг таъмини рўёбга чиқарувчи айнан биз бўламиз...

— Ҳой, ҳовлиқманглар, тинчланинглар, сизлар айтганингиз бариси тўғри. Ҳаммангиз фойдалисиз, ҳар бир дастурхонга безаксиз. Балки ундан ҳам аълороқ фазилатларингиз бор... — деб баҳсни тўхтатди дастурхон эгаси, — Аммо мен сизларни бу ерга, бир дастурхон атрофига йиғганимнинг сабаби шуки, сиз барчангиз биргаликда, бир жойга бирга жам бўлганингиздагина дастурхон файзи ошади, кўркамлашади, кўзларни қувонтиради ва ўзига тортади. Алоҳида бўлганда ҳеч бирингиз ҳаргиз безак бўлолмайсиз: писта-бодом ўз қопида турганича ҳеч ҳам безак бўла олмайди, чою-шарбатларнинг ўзи ила қорин тўймайди, сиркамойдан чиққан тансиқ таомлар ёлғиз ўзи меъдани бузади ва ёлғиз ўзи дастурхонни безай ҳам олмайди, қуруқ нон томоқдан ўтмайди, оч қоринга ширинлик ҳам татимайди, ёғли гўштли таом қўйилган жойда бошқа нону шарбат кабилар ҳам талаб қилинади. Сиз алоҳида ўзингиз дастурхонни безашдан ожизсиз. Лекин бирга жам бўлсангиз, ҳар бирингиз ўз ўрнида бўлса, ўшандагина дастурхонга файз киради, сиз бирга бўлган дастурхон жуда кўркамлашади, баракали бўлади, ҳар қандай даражадаги зиёфат талабини ҳам қондира олади... Билинг, дастурхон кўрки сиз биландир, сизсиз эмас, ҳар бирингиз бўлмаган дастурхон файзи бир неча даража пастга тушади. Қаср кўрки ғиштлардан бўлганидек, дастурхон кўрки сизларнинг меъёрда ва керакли жойда, керакли идишда қўйилганингиздир...

Аллоҳ яратган инсон жамиятлари, бу жамиятлардаги жамоалар ва гуруҳлар ҳам шу дастурхон кабидирлар... Дастурхондаги ўрнимизни билайлик, биз ҳамжиҳатликда, биргаликда ва ўз ўрнимизда зийнат таратишимизни унутмайлик.

(аҳли илмларга ва барча диёнатли инсонларга бағишланади) 

А. Абдуллоҳ