1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Дангасаликдан паноҳ сўраш

23:31 / 04.05.2017 11195 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

801. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбуни кўп айтар эдилар:

«Аллоҳим! Мен Сендан ғам ва маҳзунликдан, ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан, қарзга ботиб қолишдан ва одамларнинг менга ғолиб бўлишидан паноҳ сўрайман».

Шарҳ: Биз «ғам» деб таржима қилган сўз арабчада «ҳамм» дейилади ва кутилаётган ишдан кўнгил ғаш бўлиши ва қўрқиш маъносини билдиради.

Маҳзунлик эса бўлиб ўтган ишдан хафа бўлишни англатади.

«Қарзга ботиб қолиш»дан мурод, унинг оғирлашиб кетиши ва қарздорнинг ноилож қолишидир.

Ўтган азизларимиздан бирлари:

«Агар қарзнинг ғами қалбга кирса, албатта ақлдан унга қайтиб келмайдиган нарсани чиқаради», деганлар.

«Одамларнинг ғолиб бўлиши» дейилганда, эси паст ва пасткаш кимсаларнинг устин бўлиши кўзда тутилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги дуо жамловчи дуолардан ҳисобланади.

Зотан, разолатлар уч турли бўлади: нафсоний, жисмоний ва хорижий.

Нафсоний разолат инсондаги нафсоний қувватларга боғлиқ бўлади. Ақлий қувватга ғам ва маҳзунлик боғлиқ бўлади. Қўрқоқлик ғазаб қувватига, бахиллик шаҳвоний қувватга боғлиқ бўлади.

Жисмоний разолат бадандаги қувватга боғлиқ бўлади.

Ожизлик разолати бадандаги аъзоларда нуқсон борлигида кўпроқ юзага келади.

Дангасалик разолати эса кўпроқ бадандаги аъзолар соғ-саломат ва қувват баркамол пайтида бўлади.

Хорижий разолатлар ноўрин шиддат ва бошқаларга устинлик қилишдан иборат бўлиб, бири молга, иккинчиси мансабга боғлиқ бўлади.

Ушбу дуода разолатнинг барча турларидан паноҳ тиланмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ тилаган ушбу нарсаларнинг ҳаммаси зарарли, инсоннинг обрўсини тўкадиган амаллар, сифатлардир.

Ғам-ғуссага ботиш, маҳзунлик, хафачилик – оғир мусибат, бундан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин, булардан албатта паноҳ сўраш керак. Ожизлик, дангасалик, қўрқоқлик, бахиллик, қарзга ботиш ва одамларнинг ғолиб келиши ҳам ана шундай. Мўмин-мусулмон киши булардан доимо паноҳ сўраб юриши, ўзида бу нарсаларнинг бўлмаслиги учун ҳаракат қилиши керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

(Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юртимиз аввалдан илмфаннинг кўплаб соҳаларида дунёга устозлик қилган уламолар, фузалолар замини бўлган. Уларнинг илмий мерослари бутун дунё бўйлаб қўлмақўл давоми...

1367 17:00 / 07.08.2022
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва ризқни чиройли суратда талаб давоми...

3574 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло инсонни халқ қилганда уни жисм ва руҳдан иборат бўлишини ирода қилган. Кўзга кўриниб турган зоҳирий жисмнинг ёлғиз ўзи руҳсиз бўлса ҳеч нарсага давоми...

4120 05:00 / 02.03.2017
Мен ўсмирлик ёшидаги болаларимга насиҳат қилиб, одамларга қараётганингизда кўзингиздаги .қора кўз ойнак,ингизни олиб қўйинг, Аллоҳнинг бандалари ҳақида яхши давоми...

3096 05:00 / 04.03.2017