1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Cавдода ёлғон гапириш ҳаром

05:00 / 06.03.2017 3370 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Cавдода ёлғон гапириш ҳаром

– Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.

Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон гапириш, нарсаларнинг баҳосини баён қилишда ёлғон ишлатиш ҳам ҳаромдир.

Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Шунда у зот савдо қилаётган одамларни кўриб: «Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан, у зотга қарадилар. Шунда у зот: «Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар. Фақат Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Агар тижоратчи одам тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, тожирлик эгасига надомат, охират шармандалигини келтиради. Ҳар бир тожир ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак:

1. Аллоҳ таолога тақво қилиш;

2. Яхшилик қилиш;

3. Ростгўй бўлиш;

Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди.

Аслини олганда тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, жамиятлари учун катта аҳамиятга эга бўлган ишни амалга оширадилар. Кўпчиликнинг оғирини енгил қиладилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тижоратни ҳалол қилганини эълон қилган. Ҳатто ҳаж ибодати вақтида ҳам тижоратга рухсат берган. Саҳобалардан баъзилари тижорат вақти келса, Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилишга тенг бўлишини айт­ганлар.

Ушбу афзалликларнинг ҳаммаси тожирнинг тақводор, ростгўй ва омонатли бўлишига боғлиқдир. Ана ўшанда мўмин-мусулмон тожир қиёмат куни юксак мартабаларга эришади. Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.

Ушбу ҳадис олдимизга тожирларнинг икки хил ҳолатини кўндаланг қўймоқда:

Алдамчи, ёлғончи ва ҳаромхўрлари қиёмат куни фожир бўлиб тирилтирилади;

Тақводор, содиқ ва омонатлилари қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлишади. Энди ихтиёр ҳамманинг ўзида. Ҳар ким ниятига ва амалига яраша мансаб топади.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши бозорда туриб, бир молни савдога қўйди ва мусулмонлардан бир одамни қизиқтириш учун у(мол)га ўзига берилаётгандан кўп берганини айтиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичди. Шунда:

«Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини озгина баҳога сотадиганлар...» ояти нозил бўлди».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Оятнинг давомида:

«…албатта, ана ўшаларга охиратда яхши насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бор», дейилган (Оли Имрон сураси, 77-оят).

Демак, одамларни қизиқтириб, молини ўтказиш учун «Ўзи бу мол менга бунчага тушган», деб ёки «Одамлар «Бунча бераман», деган эди, сотмадим», деб ёлғон айтиб, қасам ичиш охиратда ёмон оқибатларга олиб келар экан. Шунинг учун бу нарсадан ҳушёр бўлиш лозим.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Бозор китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таниқли ҳанафий олими ва фақиҳи, машҳур quotБаҳр арроиқquot, quotалАшбоҳ ванназоирquot асарлари муаллифи Зайн алобидин Зайниддин Ибн Нужайм алМисрий алҲанафий 15191563нинг давоми...

7257 05:00 / 17.02.2017
Бу мавзуда жуда кўп гапирилди, китобу мақолалар эълон қилинди. Биз ҳам маърифат излаган дилларга айрим нарсаларнигина эслатиб ўтишни мақсад қилиб олдик. Бу ерда давоми...

3622 05:00 / 17.02.2017
Бойлик афзалми ёки фақирликми, деган саволга буюк мутакаллим, аҳли суннат валжамоат раисларидан бири, насафлик олим АбулМуин анНасафий р.ҳ. ўзининг quotБаҳр давоми...

3361 05:00 / 17.02.2017
I. Ижарага оид шарт.Икки томоннинг розилиги.II. Ижара қилинган нарсадаги шартлар1. Ижара қилинган нарса низони ман қиладиган даражада маълум бўлиши шарт.Бунда ундан давоми...

4730 16:30 / 22.09.2017