288 20.04.2017

Барчамизга маълумки, Меҳрибон ва Раҳимли зот - Аллоҳ номи билан бошланган ва бажарилган ҳар бир ишнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам қутлуғ бўлади. Алишер Навоийнинг «Хамса»сига кирувчи биринчи достони «Ҳайратул-аброр» ҳам басмала билан, яъни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» ва унинг шарҳи билан бошланади. Мутафаккир шоир ўзбек адабиётида илк бор басмалани назмий шарҳ этди ва ҳайратомуз тарзда гўзал бадиий ифодада уни баён қилди. Қуйида биз ана шу басмала маъносини шарҳлашга ҳаракат қилдик.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим,
Риштаға чекти неча дурри ятим.

Алишер Навоий «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» сўзини бир неча чуқур маъноли сўзларнинг бир ипга тизилганига ўхшатади. Яъни нозик маъноли сўзлар шодасига қиёс қилади.

Ҳар дур анга жавҳари жондин фузун,
Қиймат аро икки жаҳондин фузун.

Ипга тизилган ҳар бир дур, яъни ҳар бир ҳарф жоннинг моҳиятидан, ўзагидан ҳам ортиқдир. Дурлар, инжу, марваридлар ўз қийматига эга бўлади. Нозик маъноли сўзлар шодасидаги ҳар бир дур-ҳарф ҳам ўзининг баҳосига эга. Улар қиймат жиҳатдан икки жаҳондан ҳам ортиқроқдир.

Риштаси худ иқди жаҳон риштаси,
Дема жаҳон риштаси, жон риштаси.

Бу дурлар тизилган ип худди жаҳон марваридлари, қимматбаҳо тошлари чизилган ипдир. Йўқ, жаҳон марваридлари чизилган ип деманг, агар мумкин бўлса, жон ипи денг.

Ганжи бақо зикрига улким етиб,
Бу дур ила риштани тасбиҳ этиб.

Бу дурлар тизилган ипдан тасбеҳ ўгирган инсон, яъни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» сўзини зикри билан машғул инсон бақо ганжига етишгусидир. Бақо ганжи-абадий бойлик, хазина, яъни Аллоҳ даргоҳи ҳисобланган жаннатдир.

Ришта эмас, турфа камандедур ул,
Давлату дин сайдиға бандедур ул.

У ип эмас, гўёки овда ўлжа тутишда қўлланадиган ипдир. Бу арқон-ип ҳам давлат, ҳам дин овида ишлатиладиган ипдир. Яъни, бу дунёнинг ҳам ҳожати шу ип билан чиқади.

Қайси каманд, ўлмади ҳаргиз каманд,
Равзаи фирдавс ғазолиға банд.

Ушбу байт юқоридаги фикрларнинг мантиқий давомидир. Ов учун қўйилган бу тузоқ оддийгина тузоқ эмас. Бу тузоқ жаннат боғининг оҳусига қўйилган тузоқдир. Жаннат боғининг оҳусига эришган инсон тоабад бахтиёрлик айёмида бўлади. Бизнингча, жаннат боғининг оҳуси ҳуру ғилмонлар, малоикалардир.

Бел ариғедурки оқар жон суйи,
Йўқ, демаким жон суйи, ҳайвон суйи.

Шоир бу сўзини ипга, камандга ўхшатган эди. Энди эса уни ариққа ўхшатади. Бу шундай бир ариқдирки, унда сув эмас, жон суви оқади, йўқ, жон суви оқадиган ариқ деманг, тириклик суви оқадиган ариқдир. Яъни бутун оламнинг тириклиги, ҳаётлиги, яшаётганлиги «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» сўзи туфайлидир.

Ул сув яқосида алифдин шажар,
Шамрасидин ул шажар узра самар.

Ана шу ариқнинг ёқасида алиф дарахти ўсади. Сувнинг жон- бахшлигидан, сахийлигу саховатидан алиф дарахти узра мевалар ҳосил бўлади. Яъни, инсонларни тириклик суви оқадиган ариқ ёқасидаги дарахт дейилса, ана шу сувдан инсонлар озиқланиб, самара топади. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» сўзидан инсонларга нафъ ва фойда етади.

Йўқки ўшул риштаи гавҳар баҳо,
Ганжи илоҳийға эрур аждаҳо.

Бизга маълумки, афсоналарда бойликларга тўла хазиналарни уч бошли, оғзидан ўт сочиб турган илону аждаҳолар қўриқлайди. Алишер Навоий илоҳий ганж-яъни, жаннатни қўриқловчи аждарҳога баҳоси йўқ, тенги йўқ бўлган гавҳар доналаридан тизилган ўша ипни муқояса қилади. Яъниким, жаннатга кириш йўли, эришиш йўли «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни кўп айтмоқлик, унинг зикри билан машғул бўлмоқликдир.

Ёки булар барчаси таъвил эрур,
Арши муалло аро қандил эрур.

Ёки буларнинг ип, каманд, ариқ-сўзларининг барчаси ўз маъносидан бошқа маънога бурилган сўзлардир. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» энг баланд, юксаклик орасидаги қандилдир.

Балки бу қандил аро айлаб аён,
Боғи аҳад фохтаси ошён.

Балки, энг юксакликдаги қандал орасини ўзига маскан тутган, ошён, ватан қилиб олган жаннат боғининг қумрисидир.

Йўқки эрур махзани ваҳдатқа йўл,
Йўлу не йўл, асру яқин йўлдур ул.

Хазина-яъни жаннатга олиб борувчи ва Аллоҳ билан бирга қилувчи бошқа йўл йўқдир. Бошқа йўл у ёқда турсин, у «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» жаннатга етакловчи энг яқин йўлдир.

Лекин эрур ҳам қатиқу ҳам махуф,
Ўйлаки ожиздурур андин вуқуф.

Жаннатга олиб борувчи бу энг яқин йўлнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва қўрқинчлари бор. Улардан хабардор бўлган инсон ўзини ожизу нотавон ҳисоблайди.

Қилғучи бу бодия қатъиға майл,
Аҳли қабулу рад эрур икки хайл.

Бу дунё бир чўлу саҳроки, уни кезишга қарор қилган инсонлар икки гуруҳга бўлинадилар. Улардан бири аҳли қабул, яъни жаннатга қабул қилинувчилар; иккинчиси аҳли радлар, яъни жаннатдан мосуво бўлган дўзаҳ аҳлларидир.

Азмиға чун қўйди қадам аҳли рад,
Раҳбари тавфиқдан ўлмай мадад.

Бу байтни 2 хил шарҳлаш мумкин:
1) Дўзаҳ аҳли бирор иш қилишса, яъни бирор иш қилишга ният қилишса, меҳрибон раҳбар-Аллоҳдан мадад бўлмайди.
2) Бу йўлга қадам қўйишга азму қарор қилган аҳли радга меҳрибон, барчага яхшилик қилувчи, бутун олам раҳбаридан мадад бўлмайди.

«Бо»си ибодин урар аввал сало,
Ёки дегайло не бўлур жуз бало.

Бисмиллоҳнинг дастлабки «бо» ҳарфи Аллоҳнинг аҳли радларга ибосидан – рад этишидан садодир, нишонадир. Яъни, аҳли радлар Аллоҳнинг буюрганини қилмайдилар. Улар шунинг учун ҳам дўзаҳидир. Ёки бундан ортиқ яна бирор бало бормикан дейилади. «Б» ҳарфи дўзаҳ аҳли учун балолар келтирувчидир. Аҳли радлар доим балою офатларга гирифтордирлар

«Син»и наҳанг арқосининг арраси,
Юз кеманинг офати ҳар парраси.

Наҳанг балиқнинг думи қиррали аррасимон бўлади. Алишер Навоий «син» ҳарфини балиқ думининг арраларига менгзайди. Иккинчи мисрада фикр давом эттирилади. Балиқнинг ҳар парраси – арранинг ҳар тиши юзта кеманинг офатидир. «Б» ҳарфи дўзаҳийлар учун бало бўлса, «син» ҳарфи наҳанг балиқ думидаги тишли арралардир.

«Син» билан «мим»и йўлида кўп ҳумум,
Йўли ҳумум анингу ели самум.

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» сўзининг арабча ёзувида «син» билан «мим» ҳарфлари оралиғи жуда узоқдир. «Син» билан «мим» ҳарфининг йўлида кўпгина ғам-қайғу, қийинчиликлар бор аҳли радлар учун. Бу машаққатли йўлдан аҳли радлар ҳалокатли иссиқ шамолдан, гармселдан уфлаб, нола чекиб ўтадилар.

«Мим»и йилони дамидин ўт сочиб,
Йўл бошида ётибон оғзин очиб.

Алишер Навоий «мим» ҳарфини оғзидан ўт пуркаб, йўл бошида ётган илонга ўхшатади. “Мим” ҳарфи мумтоз адабиётда сочга қиёс қилинади. Бироқ илонга ўхшатилиши фақат Навоийгагина хосдир. Байт ботинидаги мазмунига келсак, аҳли радлар учун дўзаҳда илонлар оғзиларидан ўт сочади, заҳар сочади. Буни ўйлашнинг ўзи даҳшат.

Уч «алиф», уч «лом»и солиб рустахез,
Олти жиҳатдин чекибон тиғи тез.

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» сўзида учта “алиф”, учта “лом” ҳарфлари бор. Биринчи “мим” ҳарфидан сўнг учта -ал келади. Бу уч алиф ва лом ҳарфлари дўзаҳ аҳлига ғавғо-тўпалон, қиёматлар солиб, олти тарафдан тиғ санчишга тайёр туришади.

«Ҳе»лар учи қатл ишида тез ўлуб,
Румҳ учидек ҳар бири хунрез ўлиб.

«Ҳе» (Ҳойи ҳутти) ҳарфлари ҳам учта. Бу уч «ҳе»лар дўзаҳ аҳлини қатл қилиш ишида тез бўлишади. «Ҳе» ҳарфлари худди найзанинг учидек, ҳар бир «ҳе» ҳарфи қон тўкувчи бўлишади.

«Ре»лариким зоҳир этиб иқтирон,
Фош ўлуб андин зарари бегарон.

Икки ўринда: Роҳман ва Раҳим сўзларида “ре” ва “ҳе”лар ёнма-ён келади. Улардан беҳад, чек-чегарасиз зарарлар фош бўлади.

«Ҳе» си ҳалок этгали қуллобваш,
Маҳлака қалби аро қуллобкаш.

Учинчи бир юмшоқ «ҳ» (Ҳоййи ҳавваз) ҳарфи дўзаҳ аҳлини чангакдай ҳалок этади. Хавф-хатарга тўла қалб аро чангак (чанг) солувчидир.

«Нун» чекиб эл саҳми учун ёсини,
Балки баҳо заръи учун досини.

“Нун” ҳарфи дўзаҳ элининг қўрқуви учун умидсизликни билдириш мақсадида, балки абадий деҳқончилик учун ўроқни билдириш учун ёзилади. Дўзаҳ аҳли умидсизлиги учун доимий қўрқувдадирлар.

«Ё» си муҳолиф сари ҳарфи нидо,
Яъни эт оллимда ҳаётинг фидо.

«Ё» ҳарфи душман сари нидо қилувчи ҳарфдир. Яъни, менинг олдимда ҳаётингни фидо қил, дея нидо қилади дўзаҳ ўз элига қарата.

Нуқталари ул йўл аро тошлар,
Тошлар ўлмайки кесук бошлар.

«Ёй» ҳарфининг нуқталари бу дунёдаги йўллар узра тошлардир. Йўқ, тошлар бўлмасин, улар кесилган бошлардир. Чунки «ёй» ҳарфи менга ҳаётингни фидо қил дея нидо қилади-ку!

«Мим»лар анда гириҳ узра гириҳ,
Жазмлар анда зириҳ узра зириҳ.

“Ё”дан кейин келувчи «мим» тугун устидаги тугунга ўхшайди. Мим устидаги сукун ҳалқа устига ҳалқадир. Дўзаҳ элининг қўл оёғи тугун устига тугилиб, занжирбанд қилинади.

Ҳар сори «ташдид» тааддуд била,
Зоҳир ўлуб элга ташаддуд била.

Ҳар тарафдаги ташдидлар, яъни ундош ҳарфларнинг иккилантириб ўқилиши кераклигини кўрсатувчи орфографик белги (w)ларнинг сони ортиши билан дўзаҳ элига қийинчиликлар, дўзаҳнинг шиддатли, оғир азоблари икки қайта кўпайиб, азоблар икки бор ортади.

Ҳар нечаким нозири мақсуд ўлуб,
Аҳли назар кўзига мардуд ўлуб.

Дўзаҳ элининг ҳар бири ўз мақсадига интилувчи ҳисобланса-да, “аҳли назар” кўзига, яъни Аллоҳнинг кўзига улар жаннатдан ҳайдалган, мосуво бўлган ҳисобланади.

Лек қачон қатъиға аҳли қабул,
Азм қилиб айласа ул ён нузул,

Лекин қачонки, аҳли қабуллар бу дунё саҳросини кезишга азму қарор қилиб йўлга тушишса,

«Бо»си бурун «бо»и башорат дурур
Шамраси кирмакка ишорат дурур.

«Бо» ҳарфи аввало олдиндан берилган хуш, севинчли хабар бўлади. Бу хушхабар жаннат ҳақидадир. Аҳли қабулларнинг саҳийлиги уларнинг жаннатга киришига ишора ҳисобланади.

«Син»и саломат йўлининг зийнаси,
Балки саодат юзи ойнаси.

«Син» ҳарфи аҳли қабуллар учун саломат йўлининг зийнатидир. Балки, саодат, бахт юзининг ойнасидир. Яъни, аҳли қабуллар доимо саломат ва саодатли бўладилар.

«Мим»и очиб манзили мақсадға йўл,
Балки бу манзил аро сарчашма ул.

«Мим» ҳарфини мақсад манзилига йўлни очиб боради ва бу манзиллар орасидаги булоқ бўйига ҳам етаклайди. Яъни мақсад манзили-жаннатдир, булоқ эса жаннат булоғи. Жаннатдаги сероб, сувлари ширин бўлган булоқдир.

Ҳар «алиф» иким еридур жон аро,
Шамъ ўлуб ул тоза шабистон аро.

Жон сўзи қаерда ёзилса ҳам, “алиф” ҳарфи жон сўзининг ўртасида бўлади. Яъни, алиф қоронғу кечанинг шами бўлади.

«Лом»лари борча ливойи зафар,
Бериб анга жилва ҳавойи зафар.

«Лом» ҳарфларининг барчаси зафар, ғалаба байроғидир, байроққа ўйинқароқ, беқарор ғалаба жилва беради.

«Ҳо»си ҳувиятни қилиб жилвагаҳ,
«Лом»и била қойили «ал-мулку лаҳ».

«Ҳо» ҳарфи ҳақиқатни ўзида жилвалантиради. Яъни ҳақиқат ҳам юмшоқ «ҳ» билан ёзилади. “Ҳо” ҳарфи «лом» ҳарфи билан бирга «Ал-мулку лаҳ» сўзини, яъни «мулк уникидир» деган ҳақиқатни ўзида ифода этади.

Равзаи жаннатға эшик «ро»лари,
Ғунчаи ваҳдатға бешик «ҳо»лари.

«Ро» ҳарфлари жаннат боғига эшик ҳисобланса, “ҳо”ҳарфлари бирлик ғунчасига бешик ҳисобланади.

«Мим» ки «нун» дин қилибон интиҳо,
Жонға қўюб миннати бемунтаҳо.

«Мим» ҳарфи “нун”дан кейинида, охирида келса-да, жонга сўнгсиз мақтовлар, яхшиликларни қўяди, келтиради.

«Ё» била «мим»и қилиб изҳори ям,
Айлагали ғарқаи баҳри карам.

«Ё» ҳарфи билан «мим» ҳарфи қўшилиб «ям» сўзини, яъни кема сўзини ҳосил қилади. Жаннат аҳли Аллоҳнинг карами-саҳовати денгизига ғарқ бўладилар.

Нуқтау ташдид анга чақмоқу тош,
Қилмоқ учун партав «алиф» шамъи фош.

Нуқталар ва ташдид «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» сўзига чақмоқ ва тош бўлса, учқун ҳосил қилиш учун «алиф»нинг шами фош бўлади. Яъни, нуқталар ва ташдид учқун ҳосил қилиш учун чақмоқ ва тошга ўхшатилади. Чақмоқ тошни бир-бирига ишқаласа ёки урса, ўт, учқун ҳосил бўлади.

Жазми солиб тавқ кўнгул бўйниға,
Нуқта бақо дуррини жон қўйниға.

Сукун кўнгил бўйнига маржон шодасини солиб илади. Дарҳақиқат, бўйнига тақиладиган тақинчоққа ўхшайди сукун. Нуқтаси абадийлик дурини жоннинг қўйнига солади.

Ҳам ҳаракотидин ионат етиб,
Етгали мақсудқа таҳрик этиб.

Ҳаракатларидан ҳам ёрдам етиб келади - мақсадга етиш учун улардан ҳаракат юзага келади. Яъни, ҳаракат туфайли инсон мақсадга етишади. Ҳаракатда-баракат бор.

Ҳам саканоти қилиб ифшо сукун,
Анда таваққуфқа бўлуб раҳнамун.

Сукунлар ҳам тўхтаб туриш алаоматларини фош қилади. Тўхтаб туришга сукунлар раҳномалик қиладилар.

Сойири чун пўяға гомин очиб,
Гардидин атрофиға жонлар сочиб.

Йўл сойири ўртача тезликда қадам ташлаб юриб борар экан, босаётган қадамидан кўтарилган ғубор, чангдан атрофиға жонлар сочилади.

Бош-аёғи боштин-аёқ жон бўлуб,
Бошдин-аёғ жон неки, жонон бўлуб.

Жаннат аҳлининг бош оёғи бошидан охиригача жон бахшловчидир. Бошдан-оёғини жон деманг, жон нима бўлиб қолибди, жонон денг.

Азмида ул қавмға доғ узра доғ,
Қатъида бу хайлға боғ узра боғ.

Бу саҳрони кезишда дўзаҳ элига доғ устига доғ эди. Жаннат элига боғ устига боғ учрайди.

Ҳикмати ул қаҳр аро, бу лутф аро,
Ушбуки тўлғай икки меҳмонсаро.

Дўзаҳ элига қаҳр ва ғазаб билан ўтли дўзаҳни, жаннат элига марҳамату лутф кўргузиб жаннатни яратган зот-Аллоҳдир ва бу ишнинг ҳикмати шундаки, бу икки меҳмонхона аҳли қабуллар ва аҳли радлар билан тўлади. Чунки бу дунё ўзи меҳмонҳона, биз эса меҳмонмиз. Мезбон-Аллоҳдир.


То агар ўт солса жалолияти,
Лутф ила Урғай сув жамолияти.

Аллоҳ ўз улуғлигу қудрати билан дўзаҳга ўт қўйса, ўзининг лутфу инояти, меҳрибончилиги билан ўтга сув қуяди. Яъни, лутф қилгувчи ҳам, қаҳр қилгувчи ҳам Аллоҳдир.

Истабон, эй хаста Навоий, наво,
Бўйла сафарға қилур эрсанг ҳаво,

Эй хаста Навоий, агар Аллоҳдан баҳрани, Аллоҳнинг жамолини кўришга муяссар бўлишни истасанг, шундай сафарга, бу дунё саҳросини кезишга, сафар қилишга майлинг бўлсин.

Йўл ёмону яхшисидин ема ғам,
Бисмиллоҳ дегилу қўйғил қадам.

Йўлнинг яхшию-ёмонини танлама, ундан ғам ема. «Аллоҳ номи билан» дегину қадам қўявер.

«Хойра саноин лимуфизил-карам»
Ким карамидин эрур эл муҳтарам.

“Саноларнинг хайрлиси карам фазилати эгалари учун бўлсин”. Чунки уларнинг карамидан эл муҳтарам бўлади. Хайр ва саховат эгасига Аллоҳнинг ўзи лутфу эҳсон.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Алишер Навоий «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» сўзининг поэтик изоҳини моҳирона шарҳлаган. Арабий жумладаги муқаддас иборанинг ҳар бир ҳарфига катта маъно бағишланган. Навоий фикрича, Аллоҳ ва унинг исми бутун коинот ва мавжудот билан чамбарчас боғланган. Шарқ шеъриятида ҳамда тасаввуфда ҳарфларга маъно бериш фалсафий йўналиш даражасига кўтарилган. Бу ўринда Навоий ҳарфлар санъатидан кўпроқ ўз диний-фалсафий қарашларини ифодалашда бадиий восита сифатида фойдаланган.