1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Бу дунёнинг моҳияти

23:38 / 29.04.2017 4930 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банда мазаммат қилинаётган дунёнинг ўзи нималигини, унинг нимасидан четда бўлиши кераг-у, нимасидан четланмаса ҳам жоизлигини билмагунича, уни ёмон деб билишнинг ўзи фойда бермайди.

Аслида дунё ва охират икки ҳолатдан иборатдир. Улардан яқин турадигани дунё бўлиб, у ўлимдан муқаддам туради. Кейинги ўринда турадигани охират деб аталади ва у ўлимдан сўнг келади.

Ўлимдан олдинги насиба, ғараз, шаҳват, лаззат бор ҳолат дунёдир. Ҳар бир майл, насиба ва ҳисса бор нарса ёмон бўлавермайди. Бундай нарсалар уч қисмга тақсимланади.

Биринчи қисм – банда билан бирга охиратга ҳам борадиган, ўлимдан кейин ҳам самараси қоладиган нарсалар. Улар илм ва амалдир.

«Илм» деганда Аллоҳ таолони, Унинг сифатлари, фаришталари, китоблари, расуллари, еридаги ва осмонидаги мулклари ва Набийсининг шариати ҳақидаги илм англанади.

«Амал» деганда эса Аллоҳ таолонинг розилиги учун ихлос билан қилинадиган ибодат тушунилади.

Гоҳида олим киши учун илм бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланиб қолади. Шунинг учун у илм лаззати деб таомдан, уйқудан ва никоҳдан воз кечиши мумкин. Чунки илм унинг учун мазкур нарсалардан кўра лаззатлироқдир.

Баъзи обидлар ибодат лаззатига шунчалар бериладики, агар уни бу нарсадан ман қилинса, бу унинг учун энг қаттиқ азобга айланиб қолади. Чунки унинг учун ибодат бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен учун бу дунёингиздан уч нарса маҳбуб қилинди: аёллар, хушбўй нарсалар ва намоз кўзимнинг қорачиғи қилинди», дедилар».

Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда намоз бу дунёнинг лаззатларидан ҳисобланмоқда. Шунга ўхшаш бир қанча нарсалар бор. Улар бу дунёнинг нарсалари бўлиб, кўзимиз билан кўриб турамиз.

Иккинчи қисм – банда билан бирга охиратга бормайдиган, ўлимдан кейин самараси у билан бирга қолмайдиган нарсалар. Уларга маъсиятлар, эҳтиёждан зиёда бўлган мубоҳ нарсалар, керагидан ортиқ жамланган мол-дунё, беҳуда ҳойи-ҳавас ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар киради.

Учинчи қисм – юқорида зикр қилинган икки қисмнинг ўртасидаги нарсалардир. Охират амаллари учун ёрдам берадиган бу дунёнинг нарсалари ушбу учинчи қисмни ташкил қилади.

Мисол учун, керакли озиқ-овқат ва кийим-кечак. Соғ-саломат яшаб юриш, илм ва амалга эришиш учун зарур бўлган нарсалар ҳам шунга дохил бўлади. Булар биринчи қисмдаги нарсаларга ўхшаб дунё нарсалари эмас, аммо ўша биринчи қисмга ёрдам берувчи воситалардир. Банда илм ва амалга етишиш учун уларни ҳар қанча тановул қилган бўлса ҳам, бу дунё учун бўлмайди.

Агар ўша нарсаларни илм ва амал учун эмас, оний лаззат учун тановул қилган бўлса, бу дунё учун бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 9оятида .Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг,, деб туриб, кейинги оятда .Албатта, давоми...

965 20:23 / 11.12.2023
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлМўминМўминиймон ва омонликни берувчи. Ал Мўмин сўзи Қуръони каримнинг фақат битта жойида, яъни Ҳашр сурасининг 23 оятида келган. Аслида давоми...

8355 08:16 / 20.04.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам .Менга умматлар кўрсатилди. Бас, бир набий ўта бошлади. У билан бирга бир уммат бор давоми...

5379 19:24 / 02.12.2016
Оламнинг Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Унинг Расули Муҳаммадга салот ва саломлар бўлсин. У зоти шариф Роббисининг ваҳийсини одамларга етказди, давоми...

32630 17:04 / 08.01.2017