757 07.03.2017

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

 Аллоҳ таоло аёлларни ўзига хос бўлган хислатлар ила яратган. Уларнинг ана шу фитратидаги хос хислатлари қанчалик мукаммал бўлса, улар шунчалик иймонли, дину диёнатли, ҳаёли, иффатли ва латофатли бўладилар. Ҳар бир нарсанинг фитратидаги табиийлигини ифода этувчи хос хусусиятларига путур етиши ила унинг қадр-қиймати ҳам пасаяди. Агар ушбу иллат нозик хилқат ва фитрат соҳибалари бўлмиш аёлларда бўлса, яна ҳам хунукроқ ва жирканчлироқ тус олади. Одатда бу оламда ҳеч бир нарса сабабсиз пайдо бўлмайди. Шу қатори иллатлар ҳам. Демак, аёлларда пайдо бўлаётган мазкур иллатларнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Биз шу ўринда ана шу сабаблардан бири бўлмиш бозор ва аёлларнинг унда тутган ўрни ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг маҳбуб маконлар масжидлардир. Аллоҳнинг энг кўп ғазабига учраган маконлар бозорлардир», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Одатда масжидларда Аллоҳга ибодат қилинади, тиловату зикр, ваъз-насиҳатлар бўлади, илм ўрганилади. Мусулмонларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, руҳий-маънавий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Умуман, масжидда икки дунё фойдасига оид ишлар бўлади.

Шунинг учун ҳам масжидлар Аллоҳ таоло энг яхши кўрган масканлардир. Шунинг учун ҳам масжид «Аллоҳнинг уйи» дейилади. Ҳар бир нарсанинг шарафи унинг эгаси шарафига қараб бўлади. Аллоҳнинг уйи бўлишдан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!

Бозорлар эса мутлақо бунинг аксидир. Чунки у ерда бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, тарози ўлчами ёки вазнидан уриб қолиш, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, моддий бойлик орттириш, молини ўтказиш учун ёлғондан қасам ичиш, молида йўқ бўлган сифатларни ёлғондан гапириш, бировнинг савдоси устига савдо қилиш, ўзаро бир-бирларига нисбатан ҳасад қилиш ва яна қанчадан-қанча жиноятлар айнан бозорларда содир этилади. Шунинг учун ҳам улуғларимиз бозорни «шайтоннинг уйи» деб атайдилар. Чунки ибодат, тиловатул Қуръон, зикр ва илмий мажлислар бўлмайдиган масканлар шайтонларнинг инидир. Шунинг учун ҳам бозорларда гуноҳ-маъсиятларнинг деярли барча турлари топилади.

Биз бу билан бозор ва бозорчиларнинг барчасини бирдек қораламоқчи эмасмиз. Чунки пайғамбарлар ва барча ўтган улуғ зотлар ҳам бозорларда савдо билан шуғулланганлар ёки ҳарид қилганлар. Лекин улар мазкур ишларида ҳам шариатнинг кўрсатмаларидан заррача четга чиқмаганлар.

Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Бозоримизда динда фақиҳ бўлмаган одам савдо қилмасин», деганлар (“фақиҳ” савдо илмини нозик нуқталаригача яхши билувчи кишидир).

Авваллари мазкур кўрсатмаларга тўлалигича амал қилинган. Ҳозирга келиб эса, бу ҳолат ўзининг аҳамиятини деярли йўқотди, десак, муболаға бўлмайди. Бунинг биринчи кўриниши эса бозорларда аёлларнинг ўта кўпайиб кетганлигида ўз аксини топади. Аслида эса бозордаги ҳолатлар, у ердаги ўзаро муомала ва муносабатлар аёлларнинг нозик хилқатларига мутлақо тўғри келмайди. «Нима учун айнан бугунги кунда бозорларни аёллар қўлга оляпти?» деган муаммо бўйича етук тижоратчи мутахассислар билан ўзаро суҳбатлашганимизда улар асосан бунинг сабаби икки нарсадалигини айтишди:

1) бозорлардаги кўпгина муаммолар аёллар билан тез ҳал бўлиши (яъни аёллар ўзларининг “аёллик”ларидан қинғир-қийшиқ ишларни тез битиришда фойдаланишлари);

2) савдо расталарида сотувчилар аёллар бўлса, ўз-ўзидан ўша жойда харидорларнинг кўпайиши (яъни аёллар тилларидан бол томиб, харидорни ҳар тарафлама ўзига маҳлиё қилиши натижасида ўтмас матоҳларни ҳам тез сотиб юбориш қобилиятига эга бўлиши). 

Демак, ҳар иккала ҳолатда ҳам аёллар гуноҳ-маъсиятга қўл ураётган бўладилар. Чунки уларнинг “аёллик”ларидан ёлғизгина никоҳида бўлган шахсгина фойдаланиши мумкин. Ундан ташқари, ҳар бир аёлнинг энг гўзал муомала-муносабати, хоссатан гапириш ва нутққа тааллуқли бўлган жозибадорлиги ҳам ўзининг турмуш ўртоғи учун бўлиши керак. Акс ҳолда бу ҳолат хиёнат деб баҳоланади. Чунки шариатимизда аёлларнинг овоз ва гапириш оҳанглари мулойимлашиб, эркакларнинг эътиборини ўзига жалб этиб, уларни маҳлиё қилиш хавфини келтириб чиқарса, гуноҳ бўлади. Бозорларда ишлаётган аёллар эса айнан ўзларининг қўштирноқ ичидаги мазкур маҳоратларидан унумли фойдаланадилар. Энг ачинарлиси эса, улар мазкур муомалаларини моддий манфаат кўриш учун бозорларда юз фоиз ишга соладиларда, уйларига қайтиб келганларида-чи, бу гўзалликдан асар ҳам қолмайди. Балки ўз турмуш ўртоғига нисбатан ғазаб, алам, чарчоқ, асаббузарлик ва яна қанчадан-қанча арзу додларни тўкиб солади. Чунки бозорда ишлаш осон эмас. Ҳар тарафлама муаммолар гирдобида қолишга тўғри келади. Бу эса инсонни жисмонан ўта бақувват бўлиб, маънан метиндек иродали бўлишини талаб қилади. Аёлларда бу икки хусусиятлардан ҳеч бири йўқ. Шунинг учун ҳам шариатимиз аёлларни табиат ва фитратларига хос бўлган енгил, шарафли вазифаларга, яъни фарзандлар тарбияси ҳамда уй-рўзғор ишларига буюради. Эркакларга эса, аксинча, барча оғир жисмоний меҳнатлар ва оилани ҳар тарафлама ҳимоя қилишдек шарафли, масъулиятли вазифалар топширилади.

Ушбу илоҳий кўрсатмаларга амал қилмаган эркак ва аёллар ўзларидаги асл фитратни йўқотадилар. Масалан, хорижга қатнайдиган ёки катта-катта тижоратлар билан шуғулланадиган тадбиркор аёлларнинг аксари муомала-муносабатдаги қўполлик ва дағалликда эркаклардан ўтса – ўтадики, лекин паст кетмайди. Гоҳо бозорларда аёлларнинг ўзаро бир-бирлари билан раста талашаётгани ёки нарх устида жанжал қилаётгани ёхуд бозор ходимлари ила қандайдир тўловлар тўғрисида талашиб-тортишаётганларининг гувоҳи бўламиз. Аллоҳ асрасин, агар ана шундай ҳолатда оилангиз билан биргаликда бозорда юрган бўлсангиз, уларнинг сўзларини эшитиб, бола-чақангиз олдида шарманда бўласиз. Чунки ҳеч қайси тарбияли оилада бозорчи аёллар гапираётган фаҳш, уят ва ҳақоратли сўзлар ишлатилмайди. Халқимизда бундай инсонларга нисбатан “Унинг сўзидан илон пўст ташлайди”, деб айтилади. Ундан ташқари, кошкийди, улар оғзаки, даханаки жанжаллар билан кифоялансалар. Йўқ, ундай эмас. Бундай аёллар шунча халқ ўртасида бир-бирларининг сочларидан тортиб, либосларини йиртадиган даражагача муштлашишлари ҳам мумкин, устига-устак, бундай лавҳалар шундайлича қолмайди. Балки атрофдаги текин томошани кутиб турганлар тезлик билан телефонларига суратга олиб, барча таниш-билишларига тарқатишади ва интернетга қўйиб ҳам юборадилар. Лекин бозорчи аёллар учун бу қилинаётган ишлар, шармандагарчиликлар ҳеч нарса эмас. Балки уларнинг кундалик машғулотлари ва эрмакларига айланиб қолган. Баъзилари эса шу туфайли қўштирноқ ичидаги обрўга ҳам эришган. Шунинг учун ҳам бозорда “фалончи опа” деса, ҳамма танийди. Чунки у ўзининг ҳаёсизлиги, одобсизлиги ва ҳар қандай жанжални пулга сотиб олиши ила тилларда достон бўлган. Бу борада унинг олдига ҳеч ким туша олмайди.

Албатта, аёлларнинг мана шундай ачинарли ҳолатга мубтало бўлишларида уларнинг ёлғизгина ўзлари айбдор эмас. Балки ота-она ёки турмушга чиққан бўлса, эр ҳам айбдор бўлиши мумкин. (Биз бу ўринда маълум узрлар туфайли бозорга чиққан ва аёллигини сақлаб қолганларни танқид қилишдан йироқмиз.) Чунки баъзи ориятсиз эркаклар оила ва рўзғорнинг моддий таъминотини таъминлаш борасидаги машаққатлардан қочиб ёки унга дош бера олмасдан аёллардан қалқон сифатида фойдаланадилар. Ҳаттоки аёли хорижга бориб, миллион-миллион харажат қилиб, бир неча чегаралардан ўтишда ҳар хил эркаклар билан муомала ва муносабатда бўлиб, керак бўлса, хориждан харид қиладиган савдо молларини арзонроққа олиш учун ҳар қандай жирканч ишлардан ҳам қайтмаслигини билган ҳолатда унга рухсат бераётган “эр”лар ҳам йўқ эмас. Ҳаттоки баъзилар уялмасдан “Аёлим бундай ишларни қойиллатади, савдо-сотиқнинг пири бўлиб кетган, ҳар қандай кишининг кўзини шамғалат қилиб, керак бўлса, гипност қилиб бўлса ҳам, ишини битиради”, деб фахрланади.

Яна бир тоифа аёллар борки, эрларининг топганларига қаноат қилмайди. Натижада ҳар куни уйда жанжал. Эр ҳаттоки уйига келишга ҳам безиллаб қолади. Аёл эса кундалик вазифаси бўлмиш дийдиёсини қўймайди. «Сизнинг юришингиз шу бўлса, қачон ўғил уйлаб, қиз чиқарамиз, қачон катта ҳовли-жой қурамиз, каталакдек уйда тиқилиб ўтираверамизми, фалончининг эрига ўхшаб уйим-жойим, рўзғорим дейдиган, топарман-тутарман эр бўлсангиз бўлмайдими? Агар шундай юраверадиган бўлсангиз, мен бозорга чиқиб кетаман, керак бўлса, қўшнимизга ўхшаб чет элга бориб, мол олиб келиб сотаман. Сизнинг топаётган уч-тўрт сўмингиз билан ҳеч қандай орзу-ҳавасга эришиб бўлмайди”, деб эр норози бўлса ҳам, бозорга чиқиб кетади. Эр эса хотинининг бу ишидан қавм-қариндош, маҳалла ва таниш-билишлари ичида бош кўтара олмай қолса-да, унга қарши бирор чора ҳам кўра олмайди. Кимлардир “Ҳа, энди бу давр талаби, бозор иқтисоди, ҳамма савдогар аёллар ҳам қинғир-қийшиқ эмас-ку, тирноқ остидан кир қидирмаслик керак”, дейишлари ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам биз юқорида барча бозорчи аёллар ҳақида эмас, балки уларнинг аксари тўғрисида сўз юритдик. Ҳаммаларини бирдек айблашдан йироқмиз, деб огоҳлантириб ўтдик. Лекин шундоқ бўлса-да, ҳар ким ўзининг ишини қилгани яхши. Акс ҳолда ҳозирги кундаги энг долзарб масалалардан бири бўлмиш фарзандларнинг тарбияси кимларга қолади?

 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби