1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Болажонларга мактуб (13)

05:00 / 15.02.2017 2524 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЎН УЧИНЧИ САБОҚ

ОТА-ОНАНГИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ

Ассалому алайкум, менинг жажжи мусулмон биродарларим!
Ўтган машғулотларда топширган сабоқларимни эсдан чиқариб қўймаяпсизларми? Энг аввал қайси калималарни ўрганган эдик? Тўғри «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм». Ундан кейин-чи? «Ла илаҳа иллоллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ». Баракалло! Ана шу калиманинг маъноси қандай эди? «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад (а.с.) Унинг элчиси, расулидир». Тўппа-тўғри!
Бугун сизларга ота-онани ҳурматлаш ҳақида гапириб бераман. Ҳаммамизнинг ота-онамиз бор. Нега уларни ҳурмат қилишимиз керак, биласизларми? Шунинг учунки, Аллоҳ таоло бизга уларни ҳурмат қилишни буюрган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ота-онасини рози қилмаган, уларни хафа қилган одам жаннатга кирмайди, деганлар.
. Мана, ўзингиз ўйлаб кўринг. Онангиз янги туғилган укангизни кўтариб юрибди. Уни туққунча росаям қийналган. Туққандан кейин ҳам сира ундан бўшамайди. Ҳар бир-икки соатда эмизиб овқатлантиради. Тагини ҳўллаб қўйса, кийимларини янгилайди. Терлаб қолса ҳам кийимини алмаштиради. Уйқуси келса, бешикка белайди. Тебратиб, алла айтади. Уйғонса, эчиб олади. Соғлом, бақувват ўссин деб баданини уқалайди. Тез-тез чўмилтиради. Сал тоби қочса-ку, қўяверинг. Овқат, уйқу, дам олиш — ҳаммаси эсдан чиқади. Тузатиб олгунча бутунлай ороми йўқолади. Сал катта бўлса, гапиришга ўргатади, ҳарф танитади. Мана шундай машаққат, азоблар билан умрининг охиригача «болам, болам» деб ўтади. Бизга шунчалик меҳр кўрсатиб, ҳамма нарсасини бериб, катта қилган онамизни ҳурматламай бўладими?
Бир доно бободан бир киши шундай деб сўраган экан:
«Мен онамни овқатлантираман, кийинтираман. Опичлаб таҳоратга олиб чиқаман. Нима десалар бажараман. Ҳатто елкамда кўтариб Маккага обориб ҳаж қилдириб келдим. Ана шу билан онамни ризо қилдимми?» Шунда бояги доно бобонгиз шундай жавоб қайтарибдилар: «Йўқ, шунча хизматинг билан бир кеча оромини бузганининг ҳаққини адо қилибсан». Кўрдингизми, дўмбоқчаларим, оналар қандоқ улуғ бўлишаркан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Жаннат — оналарнинг оёғи остидадур, деб бекорга айтмаганлар. Демак, жаннатга кираман деган одам онасини рози қлиши, дуосини олиши керак экан.
Худди шунингдай сизни туғилиб, вояга етишингизда отангизнинг ҳам хизмати катта. У сиз туғилишингиз билан яхши исм қўяди. Қўй сўйиб ақиқа тўйи қилиб беради. Сиз едиган ҳамма овқатларни топиб келади. Сут дейсизми, печение дейсизми, шоколаду мевалар дейсизми — ҳамма нарсани муҳайё қилади. Қандай кийим ёки ўйинчоқни хоҳласангиз, бозордан олиб келади. Сизга тарбия, илм ҳунар ўргатади. Аввал мактабга, кейин олий мактабга ўқишга беради. Хулласи бир умр сизнинг бахту камолингиз деб ҳаракат қилади. Оталар ана шундай ғамхўр, сахий, меҳрибон бўлишади. Шунинг учун уларни доимо ҳурмат қиламиз. Дилларини оғритмаймиз. Чунки отанинг ғазабига учраган одам Аллоҳнинг ғазабига учрайди.
Ота-оналаримиз ана шундай ҳурматга сазовор одамлар. Шунинг учун уларни доимо эъзозлашимиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шуни буюриб қўйган. Пайғамбаримиз ота-онани ҳурматлаш ҳақида жуда кўп ҳадислар (насиҳатлар) айтиб қолдирганлар.
Хўш, ота-онани қандоқ қилиб ҳурматлаймиз? Бу тўғрида Ислом динимиз қандай йўл кўрсатган? Энди, азиз ширинтойларим, сизларга ана шуни тушунтириб бераман, хўпми?
Энг аввало уларга ширинсўз бўлиб, айтганларини дарров қилишингиз керак. Бирор иш буюришса, асло «Уф» деманг, гап қайтарманг, Улардан рухсат сўрамай, ҳеч қаерга борманг. Ҳатто ўйнагани кўчага чиқсангиз ҳам ижозат олинг. Уларнинг насиҳатига қулоқ солинг. Бирор ишни «қилма» дейишса, асло қилманг. Чунки улар бунинг ёмонлигига ақллари етиб туради. Уларни кўрганда дарров ўрнингиздан туринг. Олдиларига кирганда салом билан киринг. Кўчада кетаётганда доимо улардан орқада юринг. Уйда улардан пастда ўтиринг. Олдиларида оёғингизни узатиб ўтирманг ёки ётманг. Уларнинг номини атаб чақирманг. Ҳазил-мазах қилманг. Уларга хўмрайиб қараманг. Чақиришса «Лаббай» деб дарров боринг. Уларга юмшоқ гапиринг, овозингизни кўтарманг. Асло сўка кўрманг, чунки бундай қилсангиз, албатта, дўзахга тушасиз.
Катта бўлиб ишга кирганингизда биринчи маошингизни ота-онангизга олиб келиб беринг. Кейин ҳам уларнинг кўнгли хоҳлаган нарсаларни сотиб олиб беринг. Чунки Аллоҳ таолонинг буйруғига кўра бола нима мол-давлат топса, ўша ота-онаники ҳам бўлади. Чунки улар ҳам сизни катта қилиш, тарбиялаш учун ҳамма топганларини сарфлашган-да, тўғрими?!
Юқоридаги топшириқларим кўзингизга жуда кўп кўриниб кетмасин. Биринчидан, булар унчалик қийин ишлар эмас. Иккинчидан, ота-онангиз шунақанги азиз, табаррук инсонларки, улар учун бу хизматларингиз жуда арзимас нарсалар. Учинчидан, сиз ёш, куч-қувватингиз жойида бўлади. Улар эса кун сайин кексайиб, кучлари камайиб, сизга муҳтож бўлиб боришади. Ана шунинг учун уларнинг хизматларини қилиб, рози этишга, хурсанд қилиб, дуоларини олишга сира-сира эринманг!
Гапларимни яхшииаб уқиб, бугунданоқ уларни мамнун қилишга шошилинг! Агар бирор гапингиз ёки ишингиз билан ранжитиб қўйган бўлсангиз, дарров кечирим сўранг. Бўйниларидан қучоқлаб, юзларидан ўпиб энди сира хафа қилмасликка сўз беринг. Чунки Аллоҳ ота-онасини рози қилмай, уларни ранжитган болани асло яхши кўрмайди. Жаннатга ҳам киргизмайди.
Ана энди нега ота-онамизни ҳурмат қилишимиз кераклигини тушуниб олдингизми, менинг ширинтойларим?!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4524. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.АлАқраъ ибн Ҳобис Таймий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирганида у зот Ҳасан ибн давоми...

3913 19:45 / 12.07.2017
Эҳсон дўстлари билан беркинмачоқ ўйини ўйнаётган эди. Беркиниш учун ҳар томонга тарқаб кетганларида Эҳсон йўл четидаги улкан каштан дарахтининг орқасига давоми...

3136 05:00 / 16.02.2017
Бир вақтлар бир шаҳарда жиноятчиларни ваҳшийларча жазолаш усули бўлган экан. У шаҳар ахолиси жиноятчиларни оч қолган шерларга талатишар экан. Одамлар йиғилиб шу давоми...

3468 05:00 / 16.02.2017
ОЛТИНЧИ САБОҚПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМАссалому алайкум, менинг ширинданшакар болажонларим Иккинчи машғулотимизда сизларга .Ла илаҳа иллоллоҳу давоми...

2779 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

118753 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40711 14:35 / 11.08.2021