1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Болажонларга мактуб (1)

05:00 / 15.02.2017 3204 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу саҳифа болаларни ахлоқ-одобли, илм ўрганишга рағбатли, ёмон иллатлардан қочувчи қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, бу саҳифа ҳалолик, поклик, ота-онага қандай эҳтиромда бўлиш ва исломий қадриятлар ҳақида ёшларга дунёқарашига мос маълумотлар беради. Саҳифадан нусҳа олиб азиз фарзандаларингизга таълим беришингизни тавсия қиламиз.

ҚУДДУС АМАКИНИНГ БОЛАЖОНЛАРГА МАКТУБИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ассалому алайкум, азиз болажонларим, кўзимнинг оқу қаролари! Сизлар телевизор орқали «Қундуз амакининг қиссалари» деган кўрсатувни кўп марта томоша қилгансиз. Аммо улар шунчаки эртак, ҳаётда бўлмаган воқеалар, холос. Бугун сиз қўлингизга олган мана бу «Қуддус амакининг сабоқлари» китобчаси сизларга жудаям зарур китоб. Ундаги сабоқлар ҳозир ҳам, келажакда ҳам ҳаётингизда кўп марта керак бўлади.
Бу сабоқлар сизларга қандай яшаш лозимлигини ўргатади. Билмаган, эшитмаган нарсаларингиз билан таништиради. Яхшилик нималигини тушунтириб, яхшилик қилишга чорлайди. Ёмонлик нималигини билдириб, ёмон ишлардан қайтаради.
Шунинг учун уларни эринмай, қунт билан, диққатни бир жойга тўплаб ўқиб чиқинг! Тушунмай қолган жойларингизни катталардан сўраб олинг. Ўқиганларингизнинг маъносини англаб, эслаб қолишга ҳаракат қилинг! Ўзингиз тўла танишиб чиққандан сўнг китобчани ака-укаларингизга, опа-сингилларингизга, дўст ва қариндошларингизга ҳам ўқигани бериб туринг! Шундай қилсангиз, савобга (Худонинг мукофотига) сазовор бўласиз, хўпми?

ҚУДДУС АМАКИНГИЗ

БИРИНЧИ САБОҚ

ПОКЛАНИШ ВА ИЛК КАЛОМЛАР

Ассалому алайкум, менинг азиз нури дийдаларим!
Қани, яхшилаб жойлашиб ўтирингчи! Бугун биринчи машғулотимизни бошлаймиз. Аммо сиз ана шу машғулотга бироз тайёрланиб олишингиз керак, Бунинг учун энг аwало таҳорат қилиб покланиб келиш зарур. Таҳорат қилиш унчалик қийин иш эмас. Қўлларингизни уч марта яхшилаб ювасиз, оғизга уч марта сув олиб чайқаб, тишларни тозалайсиз, бурунга уч бор сув юбориб поклайсиз. Кейин юзингизни уч марта яхшилаб ювасиз. Сўнгра икки қўл билакларини тирсаклар билан қўшиб ювгач, бошнинг тўртдан бир қисмини ҳўллаб маш тортасиз. Шундан сўнг оёқларни тўпиғи билан қўшиб, панжалар орасига бармоқ тиқиб яхшилаб ювасиз. Ҳаммасини қилиб бўлдингизми? Ана энди сиз покиза бўлдингиз. Мусулмон болалар доимо ана шундай пок юришлари зарур. Чунки ҳали улғайиб намоз ўқийдиган, Қуръон ўрганадиган, бошқа ибодатларни бажарадиган бўлсангиз, албатта, таҳорат керак бўлади.
Қани энди «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» деб чўкка тушиб ўтиринг-чи! Нега бундай деяпсиз, унинг маъносини биласизларми? Бунинг мазмуни шундай: «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман». Ҳар бир мусулмон фарзанди нима иш қилса ҳам, хоҳ дарс ўқисин ё бирор ишни бошлаётган бўлсин, уйга кираётган ёки дастурхонга ўтириб овқатланаётган бўлсин, хоҳ уйқуга ётаётган ёки кийим кияётган бўлсин, албатта, ана шу сўзларни айтиши керак. «Бисмиллоҳ»сиз бошланмаган ҳеч бир иш Аллоҳга хуш келмайди. Мусулмончиликда ҳатто ана шу жумлани айтилмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини еб ҳам бўлмайди.
Бундан ташқари сиз билиб олишингиз керак бўлган яна бир калима бор. У арабчада мана бундай ўқилади: «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм». Маъноси: «Қувилган шайтоннинг ёвузлигидан Аллоҳнинг паноҳига, ҳимоясига қочаман» дегани. Қуръондан бир оят ўқисангиз ҳам албатта, ана шуни айтиш керак. Ҳаттоки ҳожатхонага кираётганда ҳам шундай дейилиши лозим.
Бугун сизга айтадиган гапларим шулар, холос. Янаги машғулотгача ана шу икки калимани яхшилаб ёдлаб олинг, хўпми?

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 6қисмПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМ Ассалому алайкум, менинг ширинданшакар болажонларим Иккинчи машғулотимизда давоми...

4977 05:00 / 16.02.2017
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 7қисмЭНГ МУҲИМ УЧ НАРСА Ассалому алайкум, менинг ҳамма нарсадан азиз болажонларим Бугун сизларга ҳақиқий мусулмон бўлишингиз давоми...

4111 05:00 / 16.02.2017
БЕШИНЧИ САБОҚПАЙҒАМБАРЛАР ТЎҒРИСИДААссалому алайкум, жаннат боғининг райҳонлари бўлмиш жажжи ўғил қизларим Хўш, ўтган машғулотда берилган уй вазифасини бажариб давоми...

2601 05:00 / 15.02.2017
Рамазон ойининг бошланишига бир неча кун қолган. Дарс аввалида ота .АЛЛОҲга ҳамд, Расулуллоҳга саловоту саломлар бўлсин. Фарзандларим, сўзимни сизлардан бир савол давоми...

3633 17:48 / 02.12.2017