156 26.04.2016

Муҳтарам Шайх ҳазратлари! Яқинда Ўзбекистон телевиденияси орқали журналист Умида Аҳмедова ва унинг турмуш ўртоғи Олег Карповларнинг «Бокиралик юки» номли фильми хусусидаги муҳокаманинг гувоҳи бўлдим. Бу муҳокама мени www.islom.uz сайтининг савол-жавоб бўлимига аъзо бўлиб (анчадан бери ният қилиб юрар эдим), бошқа кўп саволларимдан олдин, Сизга ушбу мавзуъда мурожаат қилишимга сабаб бўлди. 

Ўзбек халқининг миллий-дийний қадриятларини камситишга қаратилган ушбу фильм Швейцария элчихонаси буюртмасига кўра яратилганлиги айтиб ўтилди. Ушбу хатти-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад нима, бу билан улар бизнинг дийний ва миллий қадриятларимизни таҳқирламаяптиларми? Шу ҳақида тушунча берсангиз, илтимос. Хато, камчиликларим учун олдиндан узр сўрайман.


ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ушбу саволингиз учун ташаккур. Чунки бу савол кўпдан бери айтмоқчи бўлиб юрган гапни айтишга сабаб бўлди. Ижозатингиз билан мен масаланинг дийний тарафига асосий эътиборни қаратмоқчиман. Ислом душманлари бу илоҳий дийнга ва мусулмонларга қарши олиб бораётган турли ҳийла-найранглар ҳозирда кўпчиликка сир бўлмай қолди. Қонли урушлар, куч ишлатишлар, турли қамаллар, иккиёқлама ўлчовлар ҳам барчага маълум. Жумладан, бу соҳада «инсон ҳуқуқлари», «санъат», «шахсий ҳуррият» каби шиорлар ҳам ишга солинмоқда. Бунга севикли Набийимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларидаги масхара расмлар ёрқин мисолдир. Ўша расмларни чизганлар ва тарқатганлар инсон ҳуқуқи ҳимоячилари, шахс ва сўз эркинлиги вакиллари ҳисобланадилар. Уларга қарши чиққан бутун бошли бир миллат шахс ва сўз эркинлигини билмайдиган жоҳил, ўрта асрлардан қолган саводсизлар сифатида қораланадилар. Ислом ва мусулмонларга қарши, дийнимизни қоралаш ва унинг таълимотларини бузиш учун олиб борилаётган фаолиятнинг маккорона услубларидан бири мусулмонлар ичидан дийнимизга қарши кишиларни топиб, ўшалар орқали иш юритишдир. Муносиб номзод топилади. У муносиб «ҳомийлар» ёрдамида бир «иш» қилади. Мусулмонлар унга қарши чиқади. «Ҳомийлар» ўз номзодларини ҳимоя қилишади. Уни қаҳрамонга айлантиришади. Унга қарши бўлганларни саводсизлик, жоҳиллик, ортда қолганлик ва бошқа айб­лар билан қораланади. Бунинг мисоллари кўп. Салмон Рушдийни олайлик. У китоб ёзди. Ислом, Қуръон, Набий алайҳиссалом, у зотнинг жуфти ҳалолларига туҳмат қилди. Мусулмонлар қарши турди. Салмоннинг «ҳомийлари» уни қаҳрамон деб эълон қилдилар. Туҳматни «адабий асар» деб баҳоладилар ва турли-туман мукофотлар билан тақдирладилар. Ҳозиргача ҳимоясини қилиб келмоқдалар. Аммо ўша «буюк ёзувчи» бошқа асар ёзмаяпти. Бангладешдан чиққан Таснима Нисрин ҳам худди шундай бўлди. Уни қаҳрамонга айлантиришди. Унга қарши бўлганларни саводсизлик, жоҳиллик, ортда қолганлик ва бошқа айблар билан қораланди. Бир-икки йил аввал Fарбда яшаб юрган мисрлик бир аёлни топиб, Жумъа намозига имомлик қилдирилди. Ўша «намоз» пайтида «ҳомийлари» уни қуролли қўриқчилар билан қўриқлаб турдилар. У ҳам қаҳрамон бўлди. Унга қарши бўлганлар саводсизлик, жоҳиллик, ортда қолганлик ва бошқа айблар билан қораланди. Бу каби фитналардан кўзланган мақсадлардан бири мусулмонларни ўз қадриятларидан узоқлаштиришдир. Сўнгра дийнларидан ва қадриятларидан узоқлашган мусулмонларни ўз ортларидан эргаштиришдир. 

Бугунги кунда исломга ва унинг қадриятларига қарши иш олиб бораётганларнинг баъзи ўзлари­га хос қадриятлари эса, куракда турмайди. Ўша­ «қадриятлар»дан бири «бир жинсли никоҳ»­дир. Бу «никоҳ» нималигини ҳамма билади. Мусулмонлар ва барча соф табиатли инсоният ўзи учун ор-номус, уят-айб деб биладиган ҳамда инсоният яратилганидан буён барча дийнларда қораланиб келаётган нарсани инсон ҳуқуқлари, тараққиёт, ҳуррият каби эзгуликларга боғланди. Бунга қарши бўлганлар, инсон ҳаққларини поймол қилиш, саводсизлик, жоҳиллик, ортда қолганлик ва бошқа айблар билан қораланди.

Мутахассисларнинг айтишича, эркакларни «бир­ жинсли никоҳ»га олиб борадиган омил аёлларга қизиқиш қолмаслигидир. Зинокорлик кенг ёйилган ва аёл иффати қолмаган ерларда шу нарса кўп тарқалар экан. Улар мусулмонларни ҳам ўзларига ўхшатмоқчилар.

Шунинг учун ҳам, биз мусулмонларнинг қизлик ва аёллик иффати ҳақидаги муқаддас таълимотларимиз бошқалар тарафидан қораланади. Бунга қарши турли чораларни қўллашга ўтадилар. Айнан, «бокиралик юки» масаласи бўйича иш олиб борилаётганига анча бўлган. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида нуфузли халқаро ташкилотнинг қарорига биноан Қоҳирада аҳоли муаммоларига бағишланган умумжаҳон йиғини чақиришга қарор қилинди. Шу муносабат билан дунёдаги энг нуфузли Ислом ташкилотларидан бири Ислом Олами Робитаси таъсис ҳайъатининг фавқулотдаги мажлиси бўлди. Бошқа аъзолар қатори менга ҳам таклифнома билан бир қаторда катта ҳажмдаги ҳужжатлар келди. Улар Қоҳирадаги анжуманнинг режалари эди. Ҳужжатлар аввалидан охиригача Ислом ва мусулмонларга зид эди. Уларда жинсий бузуқларнинг кўчаларда ўтказадиган намойишларидан тортиб, қиз ва аёлларнинг жинсий эркинлигига қарши турадиганларни жиноий жавобгарликка тортишгача режалар бор эди. Мажлисимиз аъзолари Ислом давлатлари раҳбарларига, мусулмонларга баёнот билан мурожаат қилдилар. Йиғиннинг асосий нотиқларидан бири бўлмиш Беназир Бхутто хонимга алоҳида мурожаат қилиб, ўз нутқида дийнимиз таълимотлари ва қиз ҳамда аёлларимизнинг иффати, ор-номуси масаласини қаттиқ ҳимоя қилишни илтимос қилдик. Бизнинг мурожаатимизга ҳамма ижобий муносабат кўрсатди. Аллоҳ раҳмат қилсин, Беназир Бхутто хоним ажойиб чиқиш қилиб, ёвуз режа эгаларини шарманда қилди ва ўз дийни ва дийндошларини шарафлади.

«Бокиралик юки» масаласи бўйича катта шармандаликлардан яна бири ўтган йили бўлиб ўтди. Муслималарнинг бокиралик қадриятларидан тинчи бузилаётган фитначилар баъзи мусулмон ва араб давлатлари бозорларига «сунъий бокиралик пардаси»ни савдога чиқаришга ҳаракат қилдилар. Уларнинг режаси бўйича қизлар «бокиралик юки»­ни эсга ҳам олмай зино қилиб юришаверади. Тўй куни бозордан арзон баҳога «сунъий бокиралик пардаси»ни сотиб олса, куёвни алдаш осон кўчади. Ҳар доимгидек, мусулмонлар бу нобакорликка қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Уламолар масаланинг хатарини одамларга баён қилдилар. Азҳари шариф ва бошқа дийний муассасалар фатво ва баёнотлар чиқардилар. Шу тарийқа фитначиларнинг яна бир фитнаси чиппакка чиқди. Мана энди, «бокиралик юки» масаласи бизга ҳам етиб келибди. Бу сафар кино санъати орқали келибди. Бу «санъат дурдонаси»га яна ўарбдан «ҳомий» топилибди. Ҳа, ҳаммага таниш ўша Швейцария. Кечагина масжид мезаналарини таъқиқлаган, мусулмонлар қолиб, Fарб давлатларининг ҳам танқидига учраган, исломий белгиларни кўришга ҳам тоқати йўқ Швейцария. Икки қисмдан иборат бу фильмни кўрган одам унинг нима учун суратга олинганини дарҳол пайқаб олиши қийин эмас. Фильм муаллифлари ўз ишлари билан мусулмонлар вакили бўлмиш ўзбек халқининг урф-одати, оила тизими ва дийну диёнатини масхара қилишдан бош-қа нарсани кўзламагани аниқ билиниб туради. Фильмда имомнинг иштирокини муаллифларнинг қаллоблиги десак, хато қилмаймиз. Биринчидан, имом жуда қисқа гапирган бўлиб, у томошабинларда турли тоифадаги одамлар фикр билдирганлигини кўрсатиш мақсадидагина суратга олинган. Иккинчидан, имом фақатгина оила мавзуъида гапирган ва фильм мавзуъи хусусида бирор оғиз сўз айтмаган. Бугунги кунда қизларнинг бокиралиги, шарм-ҳаёси, ор-номусига доир дийний таълимотлар ва удумлар амалда қўлланилмоқда.

Бунинг нимаси ёмон?! Жуда кўп оилалар никоҳ кечасидаги ҳолатларни шифокорлар маслаҳатлари, катталар, янгаларнинг ўгитлари асосида тўғри тушуниб келмоқдалар. Фильм муаллифлари ўз ишлари билан ўзбек халқининг урф-одати, оила тизими ва дийну диёнатини масхара қилишдан бошқа нарсани кўзламагани аниқ. Суратга олинган манзаралар ва шахслар ҳам яхши ният билан танланган эмас. Кўпчилик иштирокчилар ўзларининг суратга олинаётганини сезмаганга ўхшайди. Ҳолат ҳатто шу даражага бориб етганки, келиннинг ички кийимини кийиш жараёни ҳам яширин тарзда суратга олинган. Ўзбек халқига мансуб ҳеч бир аёл ўзи билиб туриб бу шаклда суратга тушмаслиги аниқ. Муаллиф суратга олинаётган келиндан: «Яхши кўриб турмушга чиқаяпсизми?» деб сўрайди. Келин: «Ҳа», деса, «Ростини айтинг, қачон учрашгансиз?» дейди. Яъни, ўзбеклар бир-бирини кўрмай туриб турмуш қуришади, деган фикрни олдинга суришга ҳаракат қилади. Фильмда бир аёл бизнинг халқимизда аёл киши ўзининг танасига, сочи ва қошига ҳам эга эмаслиги ҳақида шикоят қилади. Фильм муаллифлари ўз ниятларига эришиш мақсадида иложи борича билимсиз, унча-бунча нарсанинг фарқига бормайдиган одамларни танлашган. Мисол учун, соқол қўйиб чопон кийган бир шахс: «Жумъа куни туғилган қизларга Оиша, Фотима ва Одина исмлари қўйилади, чунки, ўша кунда туғилган қизларнинг қизлик пардаси йиртилганда қoн чиқмайди», дейди. Бу ҳам тўқима ёлғон орқали халқимизни ёмон кўрсатишдан бошқа нарса эмас. Хонтахта атрофида ўтирган икки аёлнинг суҳбати кўрсатилган кадр­да ҳам фильм муаллифларининг бузуқ мақсадлари яққол кўриниб турибди: уларнинг бири бу гапларга унча эътибор бермагани учун озроқ гапирган, аммо фильм эгаларининг мақсадига мувофиқ гапларни айтган аёлнинг гапи кўпайган. Йигирматалаб аёллар келин-куёвнинг биринчи қўшилиши натижасини кутиши ва шунга ўхшаш орада сир бўлиб қоладиган гаплар чет эллар учун бир неча тилда тайёрланган бу фильмнинг асосий гапларидир. Фильмда «Қизлик пардаси йўқ бўлса, нима бўпти?» қабилида гап юритилади. Бир эпизод ҳамма нарсани бузиб юбориши керакми, дейилади. Албатта, буларнинг барчаси ўзбек халқининг урфу одати, иззат-нафси, дийну диёнатига мутлақо зид бўлган гаплардир. Бу орқали хал-қимизнинг минг йиллар давомида сақлаб келаётган аёллик, қизлик иффатини оёғости қилишга уринишдир.

Шунинг учун ҳам қизларимизнинг тўй маросимигача бегона йигит билан ўзаро алоқада бўлиши нисбатан камдир. Шуни таъкидлаш керакки, дийнимиз таълимотлари ва миллийлигимизга кўра, йигит ҳамда қиз ўртасида никоҳдан кейин бошланадиган жинсий муносабатлар билан боғлиқ ҳолатлар, тафсилотлар жуда тор доирадаги инсонларгагина маълум қилинади. Бу ҳам ўзимизга хос миллий одоб-ахлоқ нормасидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, бундай нозик масалалар ҳақида фильм суратга олиш, уни омма эътиборига ҳавола қилишнинг ўзи жиддий мулоҳаза, уят, андишани талаб қилади. Бевосита фильм сюжети ҳақида гап кетганда, аввало, уни ўзбек халқининг қадимий дийний ва миллий қадриятларидан бири – иффатлилик масаласини эскилик сарқити сифатида талқин этишга бўлган уриниш, дейиш мумкин.

Шунингдек, бу фильмда ўзбек тўй маросимлари билан боғлиқ айрим жиҳатлар қаттиқ танқид остига олинган. Жумладан, янгалар никоҳнинг илк кечаси куёвнинг чимилдиқдан чиқишини кутишлари ва бокираликдан нишона берадиган чойшабларни йиғилганларга кўрсатишлари ёввойилик элементи сифатида баҳоланган. Аслида эса, бу нарса келин-куёвнинг муносабати ўзаро ишончга асосланганини кўрсатади. Фильмнинг иккинчи қисми ҳам исми кўрсатилмаган «мутахассис» аёл интервьюсидан бошланган ва унда қиз ва аёлларимизнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқларининг изнисиз қарор қабул қилмаслиги гўёки шахс ҳаққ-ҳуқуқларининг поймол қилиниши сифатида баҳоланган. Шу билан бирга, ўша шахси номаълум аёл юртимиздаги гинеколог мутахассисларни саводсизликда айблаш орқали уларни обрўсизлантиришга уринган. Кадрлар атайин эски ва кўримсиз жойларда суратга олинган. Бу ҳам, аслида, фильм орқали ўзбек халқини қашшоқ ва маданиятсиз қилиб кўрсатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ифодасидир. Фильмда реал воқеълик акс эттирилмаган. Никоҳ маросими, ундан сўнг бўлиб ўтадиган ҳолатлар ниҳоятда бўрттирилган, аксарият лавҳалар ҳаётий асосларга эга эмас. Бу ҳолатлар фильмнинг махсус буюртма асосида ишлангани ҳақида хулоса чиқариш имконини беради. Жумладан, ҳеч қайси рисоладаги ўзбек аёли камера нарида турсин, ҳатто ўз онаси олдида ҳам кийим алмаштирмайди. Умуман олганда, халқимиз ҳаётида иффат ўта нозик масалалар сирасига киради. Балоғатга етган йигит ва қизнинг расмий никоҳ маросими ўтгунга қадар ўзаро жинсий алоқага киришлари нафақат дийний, балки миллий қадриятларимизга ҳам зиддир. Шунингдек, ҳар бир йигитнинг фақат бокира қиз билан турмуш қуриши мустаҳкам қоида ҳисобланади. Бу нафақат унинг, балки унга яқин бўлган барча инсонларнинг ҳам хоҳиш-иродасидир. Сирасини айтганда, халқимизда жинсий ҳаёт фақат икки кишининг қарашлари, ёндашувлари устивор бўлган ўзаро ишонч ва меҳр-муҳаббатга асосланган макон ҳисобланади. Биз шунақамиз. Бизнинг табиатимиз шунақа. Ўзлигимиз асрлар давомида шакл­ланган ана шундай қадриятларга асосланади...

Хуллас, бокиралигини қаерда йўқотганини билмайдиганлар у ҳақда гапирмасалар яхши бўларди. Бу билан, мазкур ишнинг орқасида турган кучлар Ислом дийнининг муқаддас қадриятларини ҳамда ўзбек халқининг асрлар мобайнида шаклланган миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини йўқ қилиш орқали, инсон ҳуқуқларини чеклаш ниқоби остида, уларни ахлоқсизликка, фоҳишабозликка даъват этмоқда. Бу орқали халқнинг маънавияти ва дийний эътиқодини йўқ қилиб, ўзларининг «қадриятларини» жорий этишга ҳаракат қилиш­моқ­да. Валлоҳу аълам