1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Бойлик қаноатдадир

05:00 / 06.03.2017 2955 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Ва сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?» деган («Зуҳо» сураси, 8-оят).

ҳақиқатда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарсаси йўқ камбағал одам эдилар. Аллоҳ у зотни бу ҳолдан чиқарди. Энг муҳими, назарларини тўқ қилиб қўйди. ҳақиқий бойлик шундадир.

5039. Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир», дедилар».

Шарҳ: Беҳисоб мол-дунёси бўлатуриб, тийиннинг устида етти думалайдиган назари оч бандалар қанчадан-қанча. Аммо мол-дунёси кам бўлса ҳам, хотиржам бўлган назари тўқ инсонлар қани?

5040. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингизнинг назари молда ва хилқатда ўзидан афзал қилинган кишига тушса, ўзидан пастга назар солсин», дедилар».

5041. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«ўзингиздан пастга назар солинг. ўзингиздан баландга назар солманг. Мана шу Аллоҳнинг сизга берган неъматига беписанд бўлмаслигингизга муносиб», дедилар».

Ушбу учтани икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Мол-дунёда ва тана тузилишида ўзидан афзал кишига қараб ўксиниш яхши эмас. Мабодо баъзи бир сабабларга биноан, бу иш содир бўлса, банда мазкур нарсаларда ўзидан паст бўлганларга назар солиб, шукр қилсин. Чунки мазкур нарсаларда ўзидан афзал кишига қараб ўксиниш кишидан шукр қилиш фазлини кетказади.

Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида:

«ўзларидан бўлган жуфтларни дунё ҳаётининг кўрки қилиб, бу билан уларни синаш учун баҳраманд этган нарсаларимизга кўзларингни тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир», деган (131-оят).

Баъзи кишиларга берилган турли зебу зийнатларга ҳавас билан боқма. Улар бу дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Биз уларга бу матоҳларни синаш учун вақтинча берганмиз. Беш кунлик дунёнинг зебу зийнатида бақо йўқ. Бирпасда заволга учрайди.

«Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир».

Роббинг сенга берган ризқ энг яхши ризқдир, энг боқий ризқдир. У вақтинчалик эмас, доимийдир. У синаш учун эмас, сийлаш учундир.

Аммо солиҳ амалларда ўзидан афзалларга назар солиш лозим. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан бирида:

«Икки хислат бор. Кимда ўшалар бўлса, Аллоҳ уни собир ва шокир, деб ёзади: ким дунёсида ўзидан пастга назар солса ва ўзини ундан афзал қилиб қўйгани учун Аллоҳга ҳамд айтса ва ким динида ўзидан афзалга назар солса ва унга иқтидо қилса», дейилган.

 

5042. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мендан бир калималарни олиб, уларга амал қилади ёки уларга амал қиладиганларга ўргатади?» дедилар.

«Мен, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим. Бас, у зот менинг қўлимдан тутдилар ва беш нарсани санадилар:

«ҳаромдан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. ўзингга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдиради», дедилар».

Термизий ва имом Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом сиз билан бизнинг ҳар биримизга ўз ҳаётимизда асосий қоида бўлиши лозим бўлган улкан ҳақиқатларни тақдим этмоқдалар:

«ҳаромдан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан».

ҳаромнинг кичиги ҳам, каттаси ҳам бандага икки дунёнинг ёмонлигини келтиради. Бу ҳаммага аён бўлган улкан ҳақиқатдир. Аммо ўша улкан ҳақиқатга амал қиладиганлар кам. Агар банда ҳаромдан сақланса, улкан даражага – одамларнинг энг обиди бўлиш даражасига эришар экан. Бу даражага эришишни истайдиганлар борми?!

«Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан».

Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сифат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади.

Имом Табароний Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Қаноат туганмас молдир», деганлар.

ўтган азизларимиздан Абу ҳазим раҳматуллоҳи алайҳи: «Уч нарса бор. Улар кимда мужассам бўлса, унинг ақли расо бўлади: ким ўзини ўзи билса, ким тилини тийса ва ким Аллоҳ азза ва жалланинг берган ризқига рози бўлса», деган.

«Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан».

Дарҳақиқат, бошқа кўпгина ҳадиси шарифларда ҳам таъкидланганидек, қўшнига яхшилик қилиш мўминликнинг аломатларидан биридир.

«ўзингга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан».

ҳақиқий мусулмон ўзига яхши кўрган нарсани барча инсониятга ҳам яхши кўради. Бас, шундай экан, зоҳидлик йўлига кирган мусулмон бу ишда барчага ўрнак бўлиши лозим.

«Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдиради».

Беҳуда кулгини ҳамма ҳам хуш кўрмайди. Шунинг учун уни кўпайтиришдан не фойда?! Қалбни ўлдирадиган нарсадан не фойда?!

5043. Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган (даражадаги) емаклар кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам қаноатли бўлиш катта бойлик эканига кучли таъкид бор.

Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражасида зиёда истеъмол қилишнинг соҚлиқ учун зарари яққол намоён бўлди. ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига ушбу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Бу ҳақиқатни Қуръони Мажийддан узоқ бўлган Қайридинлар ҳам тушуниб етдилар.

Қадимда яҳудийлардан бири хулафодан бирига:

«Сизларнинг Қуръонингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган», деб, «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар» ояти каримасини ўқиган экан.

Минг афсуски, Қуръон аҳлиман, деб юрганлардан аксариятимиз бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади.

Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар.

Бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш, деганда уни емай, ташлаб юборишни тушунадилар. Аслида бу тўғри. Аммо керагидан ортиқ ейиш ҳам исрофдир. Ейиш-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам мусулмон инсонга муносиб эмас.

5044. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам боласига қуйидаги хислатлардан бошқага ҳақ йўқ: сокинлик топадиган уй, авратини беркитадиган кийим, бир бурда нон ва сув», дедилар».

Иккисини Термизий, Аҳмад ва ҳоким ривоят қилганлар.

5045. Убайдуллоҳ ибн Миҳсандан, у отаси розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан ким хотири жам ва жасади офиятда тонг отдирса-ю, ҳузурида бир кунлик егулик-ичгулиги бўлса, гўё дунё унга мулк бўлибдир», дедилар».

Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Чунки тинчлик-омонлик ва сиҳат-саломатлик бўлса, ҳамма нарса топилади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Ҳадис ва Ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мурид бозорга кираётиб, қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди. . ,. . , . ,. .Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий давоми...

2223 12:30 / 29.12.2018
Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборат Аввало, турли омилларга кўра .тасаввуф, сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақийқатнинг .руҳий тарбия,, давоми...

4014 05:00 / 28.02.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди, балки давоми...

3113 05:00 / 01.03.2017
биринчи мақолаИслом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий илмлар шу мақсадга хизмат қилади. Жумладан, давоми...

3076 17:11 / 01.01.2020
Аудиолар

118754 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40712 14:35 / 11.08.2021