317 17.02.2017

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Улар: «Эй, Аллоҳнинг Расули, жоҳилиятга яқин бўлган қавмлар бизга гўштлар келтирурлар. Уларга Аллоҳнинг исми айтилганми ёки айтилмаганми билмаймиз, уларни ейяверайликми?» дедилар. Бас, у зот:
«Аллоҳнинг исмини айтиб ейяверинглар», дедилар»
. Абу Довуд, Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисни имом Молик ҳам ривоят қилиб, охирида, «бу Исломнинг аввалида бўлган эди»ни зиёда қилган эканлар. Ана шундан ушбу ҳадиси шариф насх қилинган ва унга амал қилиш тўхтаган.

Сўйиш вақтида «Бисмиллаҳ»ни айтиш сўйишнинг икки шартидан биринчиси ҳисобланади. Бунга бир неча далиллар бор:

1. Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида қуйидагиларни айтади: «Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз». 

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу ояти каримада қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг энг каттаси бўлмиш туя ҳақида сўз юритмоқда.