1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Бировнинг савдоси устига савдо қилиш...

21:49 / 21.04.2017 3346 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёки

бировнинг хариди устига харид қилишнинг ҳаромлиги

 

 Динимиз муҳаббат, бирдамлик ва тинчлик дини бўлиб, жамият вакиллари ўртасига тафриқа ва низо солувчи ҳар қандай носоғлом ҳолатга қарши курашади. Кўпинча, бозорларда кузатиладиган ана шундай носоғлом ва аянчли ҳолатлардан бири савдо устига савдо ва харид устига харид қилиш деб аталади. Харидор расталардан бирида сотилаётган қайсидир молни ёқтириб, унинг эгаси билан савдолашаётган пайтда ёнидаги дўкондор ўша харидорни ўзига жалб қилиш учун: «Менинг молимни олинг, арзонроққа бераман», дея ўз биродарининг савдосини бузади. Натижада муштарий ўша арзонроқ баҳога берадиган томонга ўтиб кетади, савдоси бузилган сотувчи юрагида эса нариги сотувчига нисбатан нафрат ва ғазаб олови аланга олади. Ҳатто бу ишлар кўпинча уруш-жанжалга ҳам олиб-келади. Бунақа ҳолатлар кўп учрайди аслида. Кўпинча оддий нон олмоқчи бўлиб, нон сотаётган одамларнинг бири билан энди гаплашишни бошлаганимизда бошқалари югуриб келиб, «Менинг нонимни олинг, меники яхши», дея ўз маҳсулотларини тиқиштирадилар. Бу ҳам ўта хунук бир ҳолат. Карвон кўп, ризқи бўлак, дейди доно халқимиз. Ҳамманинг ризқини Аллоҳ таолонинг ўзи беради. Шундай экан, ёнимиздаги сотувчиларни, бозор ёки дўконда ўзимизга қўшни бўлган кишиларни ранжитмасдан, уларга зарар бермасдан, иноқликда ишлашимиз лозимдир. Ахир, қўшничилик, биродарлик деган тушунчалар ҳам борку. Илмсизлик туфайли шу каби ҳолатлар ҳозирги кунда жуда ҳам авж олиб кетмоқда. Баъзан кўчада такси тўхтатиб турганимизда, шундай ҳолатлар ҳам рўй берадики, эндигина битта ҳайдовчи билан гаплашишни бошлаганимизда, нари-беридаги бошқа кирачилар ҳам ё бақириб, ё сигнал чалиб, «Ўтиринг, қаёққа кетяпсиз?», дея ўртага суқилади. Иложи бўлса-ю бировнинг мижозини шартта илиб кетишса. Бундан ҳам баттарроғи, кўчада қўл кўтариб такси тўхтатиб турибсиз, келаётган машиналардан бири сизни кўргач, тезликни тушириб, сиз томонга қараб секинлашиб келяпти, сиз ҳам буни билиб турибсиз.

Шу пайт кутилмаганда умуман тўхтатилмаган бошқа бир машина йўлнинг деярли нариги бетидан машинани шартта сиз томонга бурадида, аввалги машинадан олдин етиб келиб, олдингизда пайдо бўлади ва гаплашиб сизни олиб кетади. Ўзларининг бундай «уддабуронликлари» аслида пасткашлик ва ўзини ҳурмат қилмаслик эканини билмайдилар ҳам. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай ҳолатлардан қайтариб: «Сизлардан ҳеч ким ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин!» деганлар. Аҳамият берсак, ҳадисда «Бировнинг савдоси устига...» эмас, балки «Ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин!..» дея дўст-биродарликка алоҳида урғу бериляпти. Бировнинг савдоси устига савдо қилиб, бировнинг мижозини ўзига чақириб олаётган инсон билсинки, у ўз оға-инисига зулм қиляпти. Ҳолбуки, у ўзига бўлмаса ҳам, ўша биродарига неъмат насиб бўлаётганидан севиниши керак эди. Ахир, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўзинг учун яхши кўрган нарсангни бошқа биродарингга ҳам раво кўргин!», деганлар. Шундай бўлгач, дўкондор нафақат ёнидаги дўкондорнинг савдосини бузиши, балки, унинг савдоси яхши юришмаётган бўлса, айрим мижозларини юбориб, ёрдам қилиши нур устига нурдир. Энди, шу ҳолатнинг тескариси эса «Харид устига харид қилиш» деб аталади. Чунки, харид ҳам савдонинг бир тури ҳисобланади аслида. Бунинг мисоли шундайки, Карим Салимдан 100 минг сўмга қандайдир буюм сотиб оляпти. Шунда бундан хабар топган бошқа киши Салимнинг олдига келиб «Ўша нарсангизни менга сотинг, мен 120 минг сўм бераман», дея сотувчининг нариги одам билан қилаётган савдосини буздиради ва ўзи сотиб олади. Бу иш харидорга нисбатан зулм ва хиёнат ҳисобланади.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Охират ҳақидаги суҳбат инсон қалбини юмшатади, кўпчиликни ерга ёпиштириб қўйган модданинг оғир юкидан халос этади. Уар қадларини ростлаб, Аллоҳнинг манҳаж давоми...

2820 09:10 / 17.03.2017
Ўғирлик ndash катта гуноҳдирИнсонлар ўзларига берилган қимматли умрларини беҳуда ишлар билан ўтказишлари дуруст эмас, албатта.Лекин орамизда баъзи бир одамлар давоми...

8000 21:46 / 21.04.2017
Назар инсон бошига тушадиган кўп мусибатларнинг сабабидир. Битта назар битта хаёлни пайдо қилади. Хаёл эса фикрни пайдо қилади. Фикр шаҳватни пайдо қилади. Шаҳват давоми...

2573 16:40 / 27.03.2017
Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У Луғат бойлиги, қоидаларининг турлитуманлиги, бир калимани бир неча давоми...

8466 20:16 / 22.04.2017