339 18.04.2017

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Эй, иймон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” деб марҳамат қилган. (Бақара сураси, 153-оят).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу оятда биздан сабр ва намоз билан Ўзидан ёрдам сўрашимизни талаб қилмоқда. Қайси ишга Ундан ёрдам сўраймиз? Аллоҳ биздан талаб қилган барча ишларга. Буйруқларида юришга, қайтарган нарсаларидан қайтишга, Ислом динида собитқадам бўлишга сабр ва намоз билан Ўзидан ёрдам сўраймиз. Намоз тушунарли, лекин сабр нима учун? Чунки, сабр инсонларнинг ибодатдаги даражаларига қараб нафсда пайдо бўладиган ҳар қандай безовталиклардан ман этиб туради. Али розияллоҳу анҳудан қўшнининг ҳаққи хусусида сўралди. У зот: “Сизлар қўшнининг ҳаққи унга озор бермаслик деб биласизларми?” дедилар. Ўтирганлар: “Ҳа” дейишди. Шунда у зот: “Унинг озорларига сабр қилиш ҳамдир” деб жавоб бердилар. Демак, қўшнининг ҳаққи фақатгина унга озор бермаслик эмас экан, балки ундан етадиган озорларга сабр қилиш ҳам экан.

Сабр шундай нарсаки, Аллоҳ сенга буюрган нарсаларни қилишингга ва Аллоҳ сени қайтарган нарсалардан қайтишингга ўша сабр ёрдам беради. Албатта, Аллоҳ сени нафснинг шаҳвати саналган бир қанча нарсалардан қайтарди ва сени нафсга бироз машаққатли бўладиган нарсаларга буюрди. Нафсимизга бироз машаққати бор нарсаларни бажариш учун эса сабрга эҳтиёж тушади.

Сен Аллоҳнинг йўлини (Ислом таълимотларини) ибодат деб ушлайсан, бироздан кейин эса уларни одат деб била бошлайсан. Солиҳлардан бирлари шундай деган экан: “Эй Аллоҳим, Сендан мени ўз нафсимга ташлаб қўймаслигингни сўрайман. Чунки, мен, эй Роббим, тоат учун менга савоб бермай қўйишингдан қўрқаман. Сабаби мен тоатлардан ҳаловат топа бошладим. Ибодатни нафсим хоҳлай бошлади. Ўзинг Поксан. Бизни шаҳватларимизга қарши курашишга буюргансан...”.

Демак, тоатларни қилишда аввалига бироз нафсга машаққат сезиладиган бўлса, кейинчалик ибодатлар одатга айланиб, инсон ибодатлардан ҳаловат топадиган мақомга етар экан. Албатта, буларнинг барига сабр билан эришилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга азон айтишга буюраётганларида: “Бизни намоз ила роҳатлантир, эй Билол” дер эдилар. Намоз ўқиётган инсон Аллоҳнинг ҳузурида турган бўлади. Модомики, инсон Роббининг ҳузурида қоим бўлиб турар экан, ҳамма машаққатлар осонга, енгилга айланади.

Аллоҳ таолонинг “Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” деган сўзида У Зот сендан ҳаётга Ўзи билан бирга бўлиб юзланишингни талаб қилмоқда. Сен ҳаётдаги турли машаққатларга ўзинг куч-қувватига ишонган киши билан бирга юзлансанг, ўша муаммоларга шижоат билан юзланасан. Энди агар сен ҳаётдаги барча қийинчиликларга Аллоҳ билан бирга бўлиб юзлансанг қандай бўлади?! Борлиқдаги ҳар бир нарса Аллоҳга бўйсунади, итоат этади. Агар сен Аллоҳ билан бирга бўлсанг, борлиқдаги бирор нарса сени рўпарангда туришга, сенга тўсиқ бўлишга журъат этадими?!

Ҳаётдаги турли-туман воқеа-ҳодисалар инсонларнинг қалбига фақатгина улар Роббиларининг итоатидан чиққан пайтларда қўрқув ва безовталик солади. Ким Роббининг итоатида яшаса, унга шайтон яқинлашолмайди, йўлдан оздиришга журъат қилолмайди. Чунки, шайтон ханносдир. Ханноснинг маъноси нима? Бунинг маъноси инсон Аллоҳни эслаганда чекиниб, эсламаганда васваса қилувчи деганидир. Демак, сен Аллоҳдан ғофил бўлган кезларингда у сенга журъат қилади. Агар Аллоҳни зикр қилсанг, у чекинади, заифлашади. Чунки, унинг қуввати йўқдир. Шайтон Аллоҳ билан бирга бўлган бандаларга журъат қилолмайди. У фақатгина Аллоҳни унутган ва Ундан узоқлашган кимсаларнигина васваса қилади, йўлдан оздиришга уринади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “(Иблис) айтди: “Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Фақат уларнинг орасидаги (айрим) ихлосли бандаларинггина (озмай қолурлар)” (Сод сураси, 82-83 оятлар).

Модомики, Аллоҳ таоло сабрлилар билан бирга бўларкан, биз сабрни севишимиз керак. Бизни Аллоҳ билан бирга қиладиган гўзал сифатни қандай севмай бўлади?!

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийлардан бирида шундай деган: “Эй Одам боласи, касал бўлдим, мени кўргани келмадинг” деди. Банда: “Эй Робб, Сени қандай зиёрат қиламан, ахир Сен оламларнинг Роббисан?” деб сўради. Шунда У Зот: “Билмадингми, фалон бандам касал бўлди, сен эса уни кўргани келмадинг. Билмадингми, агар сен уни кўргани келганингда, унинг олдида Мени топардинг” деди.

Имом Муслим ривоят қилганлар.

Солиҳлардан баъзилари: “Эй Аллоҳ, Сен билан бирга бўлишимни тарк этиш бўлиб қолмасин деб мен Сендан шифо ва офият сўрашга ҳаё қиламан” деган экан.

Демак, бизни сабрни севишдан ўзга чорамиз йўқ. Чунки, у бизни Аллоҳ билан доим бирга қиладиган сифатдир.  Аллоҳ таоло “Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” демоқда. Барчамиз Аллоҳ таоло доим биз билан бирга бўлишини истаймиз. Албатта, бу оят инсон ҳаётда ҳар қандай машаққатга дуч келса ҳам уни ноумид бўлмайдиган, умидини узмайдиган қилиб қўяди.

Аллоҳ таоло барчамизни сабр ва намоз билан Ўзидан ёрдам сўрайдиган бандаларидан қилсин!


Манба: islom.uz 

Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг тафсиридан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси