1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бир-бирини яхши кўрганлар қиёмат куни арш соясида бўлурлар

13:00 / 31.10.2021 4958 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4790. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло қиёмат куни:

«Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганлар қани? Бугунги кунда, Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Мен уларни Ўз соямга олурман», дейди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзида:

«Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар», дейилган.

Шарҳ: Албатта, Аллоҳнинг жалоли ила муҳаббат қилишганлар фақатгина яхши йўлда бўлурлар. Шунинг учун ҳам улар қиёмат куни мазкур олий мақомларга сазовор бўлурлар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар бир-бирларига фақат Аллоҳ таоло учун муҳаббат қилмоқлари ва ўша муҳаббатга лойиқ бўлиб яшамоқлари лозим.

 

4791. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига ҳавас қилурлар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимлар эканининг хабарини бизга айтасизми?» дейишди.

«Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи учун бир-бирларини яхши кўрган қавмлардир.

Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар.

Огоҳ бўлинглар. Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «Аллоҳнинг руҳи»дан мурод, Қуръони Каримдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда «Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик» деган («Шууро», 52-оят). Шунинг учун гоҳида Қуръони Карим руҳ деб ҳам аталади.

Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлар Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилиш сабаби ила дўст бўлган одамлардир. Ана шундай одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар эканлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суриялик олим Муҳаммад Хайр ашШиъолга Ҳайсам исмли бир тикувчи айтиб берган экан. Ҳикоя соҳиби шундай дейди.Менинг тикув корхонам бор эди. Қўшни аёллардан Умму давоми...

1693 14:00 / 09.07.2021
Ксенофонт Суқротнинг шогирдларидан бири эди. У илм, маърифатни севсада урушни ҳам қаттиқ яхши кўрар эди. Ксенофонтда фикрий асос пойдевор деярли кўринмас эди. У давоми...

2275 10:55 / 02.12.2021
Бахилларнинг шунақа қилиғи ҳам бор эканУстозлардан бири ўзининг бошидан ўтган воқеани шундай ҳикоя қилади .Бир қишлоқда мударрис сифатида иш бошлаган давоми...

4142 02:40 / 01.01.2023
Саҳобалар буюк бир дарс арафасида туришганини билишмас эди. Набий алайҳиссалом улар билан бирга ўтирган эдилар. Ҳаммаси оддий эди. Дунё ишларида бирорбир янгилик давоми...

3714 14:31 / 09.04.2022
Аудиолар

118726 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40693 14:35 / 11.08.2021