891 08.05.2017

Диний масалаларда фатво бериш катта олимларнинг масъулиятидир. Шунинг учун мужтаҳид уламолар фатво беришга ярайдиган бўлиш учун бир қанча шартларни қўйганлар. Фатво берувчида қуйидаги сифатлар бўлиши шарт:

1. Мухлис, тақводор мусулмон бўлиши.

2. Ақлли бўлиши.

3. Балоғатга етган бўлиши.

4. Адолатли бўлиши.

Яъни шариат кўрсатмаларидан чиқмайдиган бўлиши. Чунки фатво Аллоҳ таолонинг ҳукми ҳақида хабар беришдан иборат. Фосиқнинг хабари дин соҳасида қабул эмас.

5. Ижтиҳод.

Имом Шофеъий бу ҳақда қуйидагиларни айтганлар:

«Фақатгина қуйидагиларни ўзида жамлаган кишигина Аллоҳнинг динида фатво бериши мумкин: бундай одам Аллоҳнинг Китобини, унинг носихи ва мансухини, муҳками ва муташобиҳини, таъвили ва танзилини, маккийси ва маданийсини яхши билган бўлиши ва ундан нима ирода қилинганини ҳам билиши керак. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўзлаштирган бўлиши лозим. Ҳадис борасида ҳам Қуръон борасида билган илмларини билиши керак. Шунингдек, араб тилини ва шеъриятини яхши билмоғи ва бу нарсаларни инсоф ила ишлатиши шарт. Турли диёр уламоларининг ихтилофларини ҳам англаб етган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ўткир зеҳнли бўлмоғи ҳам керак. Ана шундагина гапириши ва ҳалол ҳамда ҳаромдан фатво бериши мумкин. Бўлмаса жим турсин».

Биз уламоларнинг фатволарини бошқаларга етказишда ҳам етарли шартлар борлигини таъкидлаймиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади.

Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканини билиб туриб, бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида икки муҳим масалани баён қилмоқдалар.

Биринчиси – илмсиз киши фатво бериши мумкин эмаслиги.

Иккинчиси – билиб туриб бировга нотўғри йўл кўрсатиш хиёнат эканлиги.

Бир мусулмон одам қилмоқчи бўлган иши Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлишини, Ислом шариатига мос бўлишини хоҳлади, дейлик. Аммо уни қандай қилса тўғри бўлишини билмади. Бориб, бир кишидан ўша ишнинг ҳукмини сўрайди. Чунки ўша одам бу ҳукмни билса керак, деб ўйлайди.

Аслида, ўша фатво сўралган одам фатво беришга қодир бўлмаса, мазкур ишнинг ҳукмини аниқ ва ишончли равишда билмаса, «Билмайман», деб айтиши керак.

Аммо билмаса ҳам, ўзича тахмин билан нотўғри жавоб берса ва сўраган одам соф ният билан Аллоҳнинг динининг ҳукми шу экан, деб ҳалиги нотўғри ишни қилса, нима бўлади?

«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади».

Чунки нотўғри ишнинг содир бўлишига илмсиз равишда фатво берган киши сабаб бўлди. Агар у нотўғри фатво бермаганида, ҳалиги одам бошқа биладиган одамдан сўраб, ишини тўғри ҳолда амалга оширган бўлар эди.

Нотўғри фатвога ишониб, савоб ниятида нотўғри ишни қилган кишига эса гуноҳ бўлмайди. Аммо у киши фатвонинг нотўғри эканини билиши билан ўша ишни тўхтатиши, бундан кейин ҳалиги жоҳил одамдан фатво сўрамаслиги лозим. Ўзи учун ишончли, тақводор, инсофли ва билимдон устоз топиб олиши керак.

Минг афсуслар бўлсинким, ёлғоннинг бу тури ҳозирги кунимизда жуда ҳам авж олган. Баъзи одамлар ўзларини билимдон қилиб кўрсатиш учунми билган-билмаган нарсаларини «Қуръони Каримда ундай дейилган», «Ҳадисда бундай дейилган», «Уламоларнинг айтишича, бундай экан», «Мен ўзим сўраб билдим», дея ҳар нарсаларни гапиришни ўзларига эп кўрмоқдалар.

Ўтган ҳайит байрамларидан бир кун олдин менга нисбат берилган иккита бир-бирига зид хабар ўзимга етиб келди. Баъзилар тингловчиларни ўз гапига ишонтириш учун «Фалончидан ўз қулоғим билан эшитдим», дейишгача боришмоқда. Ҳолбуки, ўша нусха Фалончини умрида кўрмаган бўлиши ҳам мумкин.

Икки киши Туркияда ишлаб чиқарилган жавробга масҳ тортиб бўлиш-бўлмаслиги ҳақида тортишиб, имом домланинг ҳузурига киришибди. Домла «Туркияда чиққан махсус жавробга масҳ тортиб бўлмайди», деган одамга: «Бу гапни қаердан олдингиз?» деса, у камина ходимингизнинг исмини айтибди. Шунда имом домла: «Ундай бўлса, у кишининг уйлари яқин, ҳозир бирга бориб, ўзларидан сўраймиз», деган эканлар, ёлғон фош бўлибди.

Одамнинг ақли бовар қилмайди. Қандай қилиб, мўмин ва намозхон одам бундай ёлғонни тўқиши мумкин? Ўша ёлғонга бошқаларни ишонтириб нима фойда топади? Аксинча, бу иши катта гуноҳ-ку!

Бунга ўхшаган гаплар ҳар куни содир бўлиб туради, десам муболаға бўлиб кетар, аммо улар оз эмас. Одамларимиз бундай иш қилиш, гап гапириш гуноҳ эканини яхши англаб олишлари керак. Илмсиз равишда фатво бериш, диний ҳукмни нотўғри нақл қилиш ёлғончилик, гуноҳ эканини зинҳор ёддан чиқармаслик лозим.

– Яна бошқа бир киши келиб, бировдан маслаҳат сўради. Мисол учун, «Фалон нарсани амалга оширишим учун қайси йўлни тутишим керак?» деган саволни берди. Сўралган одам ўша нарсани амалга ошириш учун қайси йўлни тутса яхши бўлишини билади. Аммо ўзига ишониб, йўл сўраган одамга била туриб бошқа, нотўғри йўлни кўрсатди. Бундай алдамчи одамни ким деб баҳолаш мумкин? Ушбу ҳадиси шарифда бундай одам қуйидагича баҳоланмоқда:

«Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканлигини билиб туриб, бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади».

Бу жойда «ўз биродарига» иборасига эътибор берайлик. Бундан ўртада биродарлик алоқаси бор одамга нисбатан мазкур ишни қилиб бўлмаса-да, биродар бўлмаган кишиларга нисбатан қилаверса бўлар экан, деган тушунча келиб чиқмайди. Муомала бобида Ислом барча инсонларни бир-бирларига биродар деб билади.

Ислом ҳукми бўйича, ҳатто ғайридинларга ҳам ёлғон гапириб, уларни алдаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда барча одамларнинг биродарлиги кўзда тутилмоқда.

Одатда, ишончга, омонатга хиёнат қилган одам «хоин» дейилади. Бир одам иккинчисига ишониб, «Бу ишни қандай қилай?» деб сўраши омонатдир. Сўралган одам ишончни оқлаб тўғри жавоб берса, омонатга хиёнат қилмаган бўлади. Агар билиб туриб, бошқа нарсани айтса, хиёнат қилган бўлади.

Демак, биров қайси бир нарсани сўраса ҳам билиб, аниқ жавоб бериш керак. Билмай туриб жавоб бериш ҳам, билиб туриб нотўғри жавоб бериш ҳам гуноҳ бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ёлғоннинг ушбу ҳадиси шарифда келган икки туридан ҳам Ўзи асрасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ёлғон китобидан)