704 04.07.2017

Эҳтиёт бўлиш лозим бўлган қалб хасталикларининг яна бири бидъат ҳисобланади.

«Бидъат» сўзи луғатда «бир нарсани янгитдан пайдо қилиш» деган маънони англатади.

«Бидъат»нинг шаръий истилоҳи – таърифига келадиган бўлсак, уламолар бу масалада бир хил фикрга иттифоқ қилмаганлар. Мазкур таърифларнинг ҳаммасини жамлаб, таҳлил қилган мутахассислар уларни икки асосий йўналишга тақсимлайдилар.

Биринчи йўналишдаги уламоларга имом Шофеъий ва у кишининг мазҳабидаги уламолардан Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Абу Шома, моликийлардан Қурофий ва Зарқоний, ҳанафийлардан Ибн Обидийн, ҳанбалийлардан Ибн Жавзий ва зоҳирийлардан Ибн Ҳазм киради.

Бу йўналишдаги уламолар бидъатни, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин, Қуръон ва Суннатда йўқ ва янги пайдо бўлган нарса, деб таърифлайдилар.

Бу йўналишдаги таърифларнинг маъносини ўзида тўла акс эттирган таъриф Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи бўлиб, унда: «Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир», дейилган.

Биринчи йўналишдаги бидъат уламолар таърифида бир неча турларга тақсимланади:

1. Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмай туриб, Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб. 

Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида наҳв илмини ўрганиш борасида биринчи қадам қўйилди.

2. Ҳаром бидъат. Қадария, Жабрия, Муржиъа ва Хавориж мазҳаблари. Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. 

Уларнинг ҳаммаси кейин чиққан ва Исломга қарши ақийда ва фикрларни ўзларига шиор қилиб олган. Бу мазҳабларга юрганлар диндан чиққан ҳисобланади.

3. Мандуб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровеҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, кейин йўлга қўйилган ва фойдали бўлгани учун «мандуб» деб баҳоланган бидъатлардир.

4. Макруҳ бидъат. Масжидларни нақши нигор билан безашга ўхшаш нарсалар.

5. Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш ва ейиш, ичиш, кийишда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар.

Биринчи йўналиш тарафдорлари бидъатнинг мазкур беш қисмга тақсимланишига далиллар ҳам келтирганлар:

1. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. 

Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

2. Абдурроҳман ибн ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар:

«Аллоҳга қасам, менимча, анавиларни бир қори(орти)га жамласам яхши бўлади», деди. 

Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди.

«Бу қандай ҳам яхши бидъат. Қоим бўлган пайтларидан кўра ухлаб ётган пайтлари(да ибодат қилишлари) афзал», деди ҳазрати Умар.

Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди». 

Молик ривоят қилган.

3. Мужоҳиддан ривоят қилинади:

«Урва ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар бўлса жамоат бўлиб зуҳо намози ўқимоқдалар. Биз уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, «Бидъат», деди». 

Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.

Кўпчилик мазкур таърифга биноан, бидъатни иккига тақсимлаб қўя қоладилар ва «Бидъат икки хил: яхши ва ёмон бидъат», дейдилар.

Иккинчи йўналишдаги уламолар – имом Молик, Шотибий, Туртиший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийлардан Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамий, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймияларнинг фикрича, бидъатнинг барчаси – ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.

Иккинчи йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури ва жамловчиси имом Шотибийнинг таърифи ҳисобланади. У киши бидъатни икки хил таъриф қилган: 

1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш ила Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.

Бу таърифда дин жавҳарига янги ўзгариш киритиш ҳақида, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

2. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади.

Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат экани таъкидланган.

Имом Шотибий бидъат масаласини энг кўп баҳс қилган олимлардан ва бидъатга қарши турувчилардан биридир.

Ҳақли равишда «Нима учун имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз: «Имом Шотибий бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган», деб жавоб берганлар. 

Имом Шотибийнинг биринчи таърифида «Бидъат фақат ибодатларда бўлади», деганларнинг фикри, иккинчи таърифида эса «Бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади», деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.

Имом Шотибийнинг ўзи эса бидъат фақат ақийда ва ибодатларга хос бўлишига мойил бўлган.

Ҳар икки таърифдаги бизга керак бўлган асосий маъно «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир.

Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун у диннинг асосига оид бўлиши шарт экан. Унга ҳам шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилар экан. 

Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилган.

1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар». 

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ишимиз», деганда, динимизни назарда тутганлар. 

2. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, энг содиқ калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар». 

Бухорий, Муслим ва Насоий ривоят қилишган.

Ҳадисда «Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дейилмоқда. Агар диннинг асосига дахлдор бўлмаган нарсалар ҳам бидъат бўлганида, ҳолимиз не кечар эди? Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг асосига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. 

Пайғамбаримизнинг ҳаётлик даврларида Қуръони Карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган эди. Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди ва барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқулладилар.

Биз бу мақомда «бидъати саййиъа» – «ёмон бидъат» ҳақида сўз юритамиз. Айнан шу турдаги бидъат банда нафсининг кирланишига ва ахлоқининг бузилишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло бидъатни қоралаб, Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

«Сўнгра уларнинг ортидан расулларимизни кетма-кет юбордик ва Ийсо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганларнинг қалбларига шафқат ва раҳмдилликни солдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар – буни уларга фарз қилмаган эдик – фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўплари фосиқлардир» (27-оят).

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга эргашганларнинг, у зотнинг даъватларини қабул қилганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солиб, уларни қўполлик ва раҳмсизликдан сақлади. Ийсо алайҳиссаломнинг бузилмаган, тўғри олиб борган даъватларига ихлос билан эргашганларда ушбу сифатлар мужассам бўлган. 

Аммо Ийсо алайҳиссаломдан кейин кўп ўтмай, у зотнинг таълимотлари бутунлай бузилиб кетди. Бинобарин, мазкур икки сифат ҳам бузилиб, Ийсо алайҳиссаломга эргашганликни даъво қиладиганлар ичидан сон-саноқсиз бидъатчилар чиқди. 

«Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар – буни уларга фарз қилмаган эдик – фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар».

Роҳиблик таркидунёчиликдан иборат бўлиб, русларда «монахлик» дейилади. Монахликни ихтиёр қилган эркак эркаклар монастирида, аёл аёллар монастирида оила қурмай, дунёни тарк этиб ҳаёт кечирадилар. 

Қуръони Карим ушбу оятда Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга эргашувчиларга бундай роҳибликни буюрмаганини, балки улар ўзлари бидъат сифатида кейинчалик ўйлаб топиб, одат қилишганини эслатмоқда. 

Уларнинг бидъат равишда ихтиро қилган таркидунёчиликлари кўпроқ қўшимча ибодат қилиш, дунёга қизиқмаслик, жамоатдан четда бўлиш, эътиборсиз кийимлар кийиш, фақат ўсимликлар билан овқатланиш ва оила қурмасликдан иборат эди. Улар ушбу ишларнинг барчасида хатоликка йўл қўйдилар.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)