1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бидъатнинг ҳукмлари

11:45 / 01.03.2019 6623 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эҳтиёт бўлиш лозим бўлган қалб хасталикларининг бири бидъат ҳисобланади. «Бидъат» сўзи луғатда “бир нарсани янгитдан пайдо қилиш” маъносини англатади.

  «Бидъат»нинг шаръий истилоҳи – таърифига келадиган бўлсак, уламолар бу масалада бир хил фикрга иттифоқ қилмаганлар. Мазкур таърифларнинг ҳаммасини жамлаб таҳлил қилган мутахассислар уларни икки асосий йўналишга тақсимлайдилар.
Биринчи йўналишдаги уламоларга имом Шофеъий ва у кишининг мазҳабидаги уламолардан Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Абу Шома, моликийлардан Қурофий ва Зарқоний, ҳанафийлардан Ибн Обидийн, ҳанбалийлардан Ибн Жавзий ва зоҳирийлардан Ибн Ҳазмлар киради.
Бу йўналишдаги уламолар бидъатни, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин, Қуръон ва Суннатда йўқ ва янги пайдо бўлган нарса деб таърифлайдилар.
Бу йўналишдаги таърифларнинг маъносини ўзида тўла акс эттирган таъриф Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи бўлиб, унда: «Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир», дейилган.
Биринчи йўналишдаги бидъат бир неча турларга тақсимланади:
1. Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида наҳв илмини ўрганиш борасида биринчи қадам қўйилди.
2. Ҳаром бидъат. Қадария, Жабрия, Муржиъа ва Хавориж мазҳаблари. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган.
Уларнинг ҳаммаси кейин чиққан ва Исломга қарши ақийда ва фикрларни ўзларига шиор қилиб олган. Бу мазҳабларга юрганлар диндан чиққан ҳисобланади.
3. Мандуб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровеҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, кейин йўлга қўйилган ва фойдали бўлгани учун мандуб деб баҳоланган.
4. Макруҳ бидъат. Масжидларни нақши нигор билан безашга ўхшаш нарсалар.
5. Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш ва емоқ, ичмоқ, киймоқда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар.
Биринчи йўналиш тарафдорлари бидъатни мазкур беш қисмга тақсимланишига далиллар ҳам келтирганлар:

1. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Муслим ривоят қилган.

2. Абдурраҳмон ибн ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча анна уларни бир қори (орти) га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб номоз ўқишар эди. «Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра қоим бўлганлари афзал», деди ҳазрати Умар. Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди». Молик ривоят қилган.

 3. Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар бўлса, жамоат бўлиб зуҳо намози ўқимоқдалар. Биз Ибн Умардан уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, “Бидъат” деди». Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.
Кўпчилик мазкур таърифга биноан бидъатни иккига тақсимлаб қўя қоладилар ва бидъат икки хил: яхши ва ёмон бидъат, дейдилар.
Иккинчи йўналишдаги уламолар имом Молик, Шотибий, Туртиший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийладан Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамий, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймияларнинг фикрича, бидъатнинг барчаси – ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.
Иккинчи йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури ва жамловчиси имом Шотибийнинг таърифи ҳисобланади. У киши бидъатни икки хил таъриф қилган:
1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш ила Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.
Бу таърифда дин жавҳарига янги ўзгартиш киритиш ҳақида, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.
2. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади.
Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат экани таъкидланган.
Имом Шотибий бидъат масаласини энг кўп баҳс қилган олимлардан ва бидъатга қарши турувчилардан биридир.
Ҳақли равишда, нима учун имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз, имом Шотибий: “Бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган”, деб жавоб берганлар.
Имом Шотибийнинг биринчи – тор таърифида бидъат фақат ибодатларда бўлади, деганларнинг фикри, иккинчи – кенг таърифида эса, бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади, деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.
Имом Шотибийнинг ўзи эса, бидъат фақат ақийда ва ибодатларга хос бўлишига мойил бўлган.
Иккинчи йўланишдаги таърифда бизга керак бўлган асосий маъно «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир.
Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун диннинг асосига оид бўлиши шарт экан. Унга ҳам худди шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилиши экан.
Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилган.

1. Оиша розияллоҳу анҳодан имом Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар томонидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизнинг  бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ишимиз» деганларидан мурод, динимиз, деганларидир. 

2. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, энг содиқ калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги  чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар». Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилган.
Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг асосига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат, барча залолат дўзахда бўлса, ҳолимиз не кечар эди?
Пайғамбаримиз ҳаётлик даврларида Қуръони карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган эди.
Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди ва барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқуллайдилар.
Биз бу мақомда “бидъати саййиъа” – ёмон бидъат ҳақида сўз юритамиз. Айнан шу турдаги бидъат банда нафсининг кирланишига ва ахлоқининг бузилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло бидъатни қоралаб «Ҳадид» сурасида: «Сўнгра уларнинг ортидан Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик ва Ийсо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солдик. Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар, Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир», деган (27-оят).
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга эргашганларнинг, у зотнинг даъватларини қабул қилганларнинг қалбиларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солиб уларни қўполлик ва раҳмсизликдан сақлади.
Ийсо алайҳиссаломнинг бузилмаган, тўғриликча турган даъватларига ихлос билан эргашганларда ушбу сифатлар мужассам бўлган.
Аммо Ийсо алайҳиссаломдан кўп ўтмасдан у зотнинг таълимотлари бутунлай бузилиб кетди. Бинобарин, мазкур икки сифат ҳам бузилиб, Ийсо алайҳиссаломга эргашганликни даъво қиладиганлар ичидан саноқсиз бидъатчилар чиқди.
«Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар, Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар».
Роҳиблик таркидунёликдан иборат бўлиб, ўрисларда «монахлик» дейилади. Монахликни ихтиёр қилган эркак эркаклар монастирида, аёл эса аёллар монастирида, оила қурмай, дунёни тарк этиб, ҳаёт кечирадилар.
Қуръони карим бундай роҳибликни Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга эргашувчиларга буюрмаганини, балки улар ўзлари бидъат сифатида кейинчалик ўйлаб топиб одат қилишганини эслатмоқда.
Уларнинг бидъат равишда ихтиро қилган таркидунёликлари кўпроқ қўшимча ибодат қилиш, дунёга қизиқмаслик, жамоатдан четда бўлиш, эътиборсиз кийимлар кийиш, фақат ўсимликлар билан овқатланиш, оила қурмасликдан иборат эди. Улар ушбу ишларнинг барчасида хатоликка йўл қўйдилар.
Бидъатлар асли жиҳатидан икки хил бўлади: эътиқодий ва амалий. Эътиқодий бидъатлар ақийдага, амалий бидъатлар шариатга оиддир.
Бидъатларнинг энг хатарлиси эътиқодда бўлганидир. Улар кўп бўлиб, асосан Аҳли сунна вал жамоадан ажраб чиққан турли тоифалар ўша бидъатлар туфайли йўлдан озганлар.
Қуръони  карим ва суннати мутоҳҳарадан хабардор ҳамда аҳли сунна вал жамоа муҳитида яшаб юрган киши учун бидъатларни билиб олиш қийин эмас.
Дастлаб пайдо бўлган эътиқодий бидъатчи фирқалар тўрттадир.
1.Хаворижлар. Бу фирқа жоҳил парҳезгорлик, динда ҳаддан ошиш, эсипатслик, ҳақ аҳлига қарши ботил ила чиқиш, умумий ва бир-бирига ўхшаш матнларни маҳкам тутишга асосланган бўлиб мусулмонларнинг бошига кўплаб бало-офатлар ёғилишига сабаб бўлган.
2.Муржиалар. Бу фирқа хаворижларга қарши ҳаракат сифатида пайдо бўлган. Улар: «Иймон ила маъсият зарар қилмайди», деган фикрни ўзларига шиор қилиб олганлар.
3.Шийъалар. Бу фирқа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари хусусида ғулувга кетишга асосланган эди.
4.Мўътазилийлар. Бу фирқа шаръий матнларни таъвийл қилишда ҳаддан ташқари кенг йўл тутган ва гумонли қоидаларни ишга солиш ила танилган эди.
Ҳозирги кунимизда ҳам ушбу тўрт тоифанинг фикрларидан баъзилари тез-тез тарқалиб, одамларни ташвишга солиб тургани сир эмас. Буларнинг таъсиридан чуқур илм ва илмда пешқадам уламолар йўлини маҳкам тутиш билангина соғ қолиш мумкин.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу олим зот сифатида ўзлари билмаган нарсани гапиришдан қаттиқ қўрқар эди. У киши илмни даъво қилиб одамлар ичида турли масалаларни ўринсиз қўзғайдиганларга қарши эди. Уларни доимо таъқиб қилар, эътиқодий бидъатни қўзимоқчи бўлганларни қаттиқ жазолар эди.
Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Субайғ ал-Ироқий мусулмон аскарлар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганда Амр ибн Осс уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди.
Чопар мактубни олиб кирганда Умар уни ўқиб бўлиб:
«Бу одам қани?»  деди.
«Юклар билан», деди у.
«Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!»  деди.
Уни олиб келди. Умар унга, нималар ҳақида сўрайсан, деди. У айтиб берди. Умар менга хурмо шохи сўраб одам юборди. Уни ўша билан уриб орқасини яра қилди.
Кейин уни шу ҳолда қўйиб, тузалгандан кейин яна урди. Сўнгра уни тек қўйиб, тузалгандан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди.
Шунда у: «Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, тузалдим», деди.
У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга: «Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», деб мактуб ёзди.
Бу иш ҳалиги одамга жуда ҳам оғир бўлди. Абу Мусо Умарга, унинг ҳоли яхши бўлди, деб ёзди. У ҳам ўз навбатида, одамларга у билан ўтиришга изн беравер, деб ёзди».
Бу одам Бани Тамимлик Субайғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли масала чиқаришга уринар эди.
Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келса ҳам ҳаммаси тарқалиб кетар эди. Авваллари у ўз қавмида саййид эди. Бундан кейин ҳақир бўлди.
Амалий бидъатларга келадиган бўлсак, хулоса тарзида қуйидагиларни айтишимиз мумкин. Мужтаҳид уламолар бидъ-атлигига иттифоқ қилган нарсалардан жуда эҳтиёт бўлиш ва яқинига йўламаслик керак.
Мужтаҳид уламоларнинг ўзлари бидъат ёки бидъатмаслигида ихтилоф қилган нарсаларда кенгчилик бор.

  Бидъатнинг ҳукми

  1. Ақийдадаги бидъат динда маълум бўлган очиқ-ойдин эътиқодга хилоф бўлса, ҳаром бўлади ҳамда куфрга олиб боради.
Агар ақийдадаги бидъат юқоридаги зикр қилинган нарсадан паст ва аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабига хилоф бўлса, фисқ бўлади.
2. Ибодатдаги бидъат гоҳида ҳаром, гоҳида макруҳ бўлиши мумкин.
Ҳаромига таркидуёчилик, офтобда туриб рўза тутиш ва аёлларга яқинлашмаслик учун ўзини бичиш каби бидъатлар мисол бўлади.
Ибодатдаги макруҳ бидъатга жума хутбасида султонларни зикр қилиш ва масжидларни ортиқча безаш мисол бўлади.
3. Одатлардаги бидъат макруҳ ёки мубоҳ бўлиши мумкин: еб ичишда исроф қилиш – макруҳ, емоқ ва ичмоқда лаззатни исташ – мубоҳ.

  Бидъатнинг келиб чиқиш сабаблари:

  1. Қуръон ва Суннат таълимотларини билмаслик.
2. Шариатнинг нуқсонсиз ва мда мукаммал эканини тушуниб етмаслик.
3. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бир-бирига зидлик йўқлигини тушуниб етмаслик.
4. Суннатнинг аслини ва унинг саҳиҳини билмаслик.
5. Ақлга ҳаддан ташқари ишониб кетиш.
6. Муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш ва оддий одам тушуниши қийин бўлган матнларга эргашиб кетиш.
7. Ҳавойи нафсга эргашиш.
8. Урф-одатларни маҳкам ушлаб олиш.
9. Ота-боболарининг қилган ишини диндан деб билиш.
10. Баъзи тақлидчилар мазҳабига маҳкам ёпишиб олиш.
11. Бузуқ тасаввуфга эргашиш.
12. Тушга амал қилиш.

  Бидъатга қарши мусулмонлар қилиши керак ишлар:

  1. Қуръони каримни атрофлича, яхши ва пухта ўрганиб унга амал қилиш.
2. Суннати мутоҳҳарани атрофлича, яхши ва пухта ўрганиб унга амал қилиш.
3. Ижтиҳодга салоҳияти йўқ кишиларнинг гапини қабул қилмаслик.
4. Қандайдир гап ёки фикрга нисбатан таассубни тарк қилиш.
5. Овомларнинг динда гап юритишини ман қилиш.
6. Аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳаби ва мўътабар фиқҳий мазҳабларга хилоф бўлган тоифа, фирқа ва гуруҳларни жиловлаш.
7. Мусулмонларнинг раҳбарлари бузуқ йўлдаги фирқаларнинг одамларига насиҳат қилиб, уларни тўғри йўлга бошлашлари зарур.

  Бидъатнинг зарарлари:

  1.Амаллар ҳабата бўлади.
2.Шайтон бидҳатчига яқин бўлади.
3.Ҳақ билан ботилнинг аралашиб кетиши.
4.Исломни яхши билмаганлар нафратининг қўзиши.
Албатта, маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятни гуноҳ эканини билиб, хижолат бўлган ҳолда амалга оширади. Савобдан маҳрумлигини ва жазога гирифтор бўлишини ҳам билади.
Аммо бидъатчи ўзини ҳақ йўлда деб билади. Ўзгаларни унга эргашмаганликда айблайди. Бидъати учун савоб олишига қаттиқ ишонади.
Ҳар бир банда бошқа салбий нарсалар каби бидъатдан ҳам узоқда бўлиши лозим.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар отуловинг билан фахрланаётган бўлсанг, билгинки, гўзаллик ва чирой сенда эмас, балки отингдадир. Агар кийиминг билан фахрланаётган бўлсанг, у чирой ҳам сенда давоми...

1636 11:00 / 02.12.2020
Умар ибн Салоҳ айтади Имом Аҳмаддан Қалблар нима билан юмшайдиrdquo деб сўрадим. У менга бир қараб, бир муддат жим қолди. Сўнг Нима билан дейсанми Ҳалол луқма ейиш давоми...

2764 15:00 / 11.12.2018
Бақоийдан ривоят қилинади .Ибн Аттор гўзал вафот топди. У доимо Аллоҳ таолони жаҳрий зикр қилар эди. Жаҳрий зикр қилишдан ожиз қолганида зикрларни ичида айтадиган давоми...

2204 08:15 / 07.06.2020
Қуръони Каримда исроф қаттиқ қораланган, исрофчилар турли салбий сифатлар билан сифатланган. Уларнинг оқибати яхши бўлмаслигининг хабари давоми...

2579 16:00 / 17.07.2019
Аудиолар

118782 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40732 14:35 / 11.08.2021