1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Бетаҳоратлик сабаблари

05:00 / 04.01.2017 4669 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз бетаҳоратлик деб таржима қилган ибора араб тилида «ҳадас» дейилади. Ҳадас сўзи бўлмаган нарсани тез-тез янгиланиб пайдо бўлиб туришига айтилади. Одам таҳорат билан юрганда унга тез-тез ориз бўлиб турадиган таҳоратни бузувчи нарсаларни ҳам ҳадас деб аталиши ҳам шу маънодан олинган.


Ҳадас – бетаҳоратликни ҳанафий уламоларидан Имом Косо-ний ўзларининг «Бадоеъус Саноеъ фии тартибиш Шароъе» номли китобларида қуйидагича таърифлайдилар:

«Ҳадас – Бетаҳоратлик одамдан нажас нарсани чиқишидир. Икки ҳожат йўлидан бўлса ҳам, иккисидан бошқадан бўлса ҳам. Одатдагидек бўлса ҳам, одатдан ташқари бўлса ҳам».

Бетаҳоратлик иккига бўлинади;

Кичик бетаҳоратлик. Намозга қилинган таҳоратни синдирадиган нарсалар.

Катта бетаҳоратлик. Ғуслни вожиб қиладиган нарсалар.


Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Ёки бирингиз қазои ҳожатдан келса, ё аёлларни тутсангиз...», деган. (Моида сураси, 6-оят)

Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таоло мусулмон шахсни ибодатдан ман қилувчи – унга бетаҳоратлик етказувчи баъзи сабабларни зикр қилмоқда.

1. Қазои ҳожатдан келиш, яъни, кишининг орқа олдидан бир нарса чиқиши. Кичик бетаҳоратлик етказади.

2. Аёлларни тутиш, яъни, уларга яқинлик қилиш (Имом Шофеъий номаҳрам аёл баданига эркак кишининг баданидан бирор жойи тегиши ҳам деганлар).

Ушбу ояти кариманинг келтириш билан бу масалалар Қуръони Каримда муолажа қилинганига ишора этилмоқда.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бетаҳоратлик етказувчи нарсани қилган кимсанинг намози таҳорат қилмагунича қабул бўлмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Бухорий:

«Ҳазрамавтлик бир одам:

«Эй, Абу Ҳурайра, бетаҳоратлик етказувчи нарса нима?» деди. У:

«Овозсиз чиққан ел ёки овоз билан чиққан ел?», деди»ни зиёда қилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Покликсиз намоз қабул бўлмас, хиёнатли садақа қабул бўлмас», дейилган».

Шарҳ: Умумий қоида бўйича бетаҳоратлик етказувчи нарсаларга, таҳоратни кетказувчи ва ғуслни вожиб қилувчи барча нар-салар киради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бетаҳоратлик етказувчи нарсани қилган кимсанинг намози таҳорат қилмагунича қабул бўлмайди», деган гаплари ҳамма нарсаларни ҳам ўз ичига олади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1.Таҳоратсиз намоз ўқиб бўлмаслиги.

Намоз умумий шаклда зикр қилингани учун ҳамма намоз-ларни, жумладан, жаноза ва ийд намозларини ҳам ўз ичига олади. Уларни ҳам таҳоратсиз ўқиб бўлмайди.

Имом Абу Ҳанийфа «Ким билатуриб қасддан таҳоратсиз намоз ўқиса, шариатни ўйин қилгани учун кофир бўлади», деганлар.

2. Намоз ўқилаётган вақтда ибодатни ман қилувчи нарса со-дир этилса, намоз ботил бўлади. У нарса ихтиёрий ёки мажбурий равишда бўлишининг фарқи йўқ. Чунки ҳадисда умумий ҳолат зикр қилинган.

3. Намознинг ўқилиши бошқа, қабул бўлиши бошқа экани. Намозни ўқиш-бандадан, уни қабул қилиш-Аллоҳдан. Аллоҳ таоло шартлари тўғри келмаган намозни қабул қилмайди.

«Бухорий:

«Ҳазрамавтлик бир одам:

«Эй, Абу Ҳурайра, ибодатни ман қилувчи нарса нима?» деди. У:

«Овозсиз чиққан ел ёки овоз билан чиққан ел?» деди»ни зиёда қилган.

Ушбу ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бетаҳоратлик етказувчи нарсанинг биттаси, ел чиқиши ҳақида сўз юритаётган-лари кўриниб турибди. Абу Ҳурайра бу гапни савол берувчи жоҳил бўлгани учун ёки энг кичигини айтиб қўйилса, қолгани маълум-ку, деган фикрда айтган бўлишлари мумкин.

«Бошқа бир ривоятда:

«Покликсиз намоз қабул бўлмас, хиёнатли садақа қабул бўлмас», дейилган».

Бу ердаги покликдан мурод таҳорат, ғусл ва таяммумлардир. Яъни, таҳоратни кетказадиган нарса содир бўлса, таҳорат қилмагунча намоз қабул бўлмайди. Ғусл вожиб бўлганда, ғусл қилмагунча намоз қабул бўлмайди.

Шунингдек, ўғрилик, тортиб олиш каби хиёнат ишлар ара-лашган садақа ҳам қабул бўлмайди.

Намоз ўқиш банда учун улуғ шарафдир. Бу шарафга ҳар ким ҳам мушарраф бўлавермайди.

Намоз ўқиш бахтига сазовор бўлиш учун бир нечта шартлар қўйилган. Чунки намозга, банданинг Аллоҳ таоло билан бевосита мулоқот учрашувига ҳар ким ҳам қўйилавермайди. Аллоҳ таоло билан бевосита муножот қилишга ҳам дуч келган таклиф қилинавермайди. Бундай улуғ бахтга етишишни хоҳлаган инсон ўзида бир нечта шартларни мужассам қилган бўлиши керак. Ана ўша шартлардан бири, намоз ўқимоқчи бўлган кишининг катта-ю кичик нопокликлардан ҳоли бўлиб, ният билан тозаланишидир.

Жунуб бўлган одам Аллоҳга қурбат нияти билан ғусл қилиши керак. Шунингдек, нифос ва ҳайздан тоза бўлган аёллар ҳам ғусл қилмоғлари керак. Таҳоратни кетказадиган нопокликлар содир бўлганда эса таҳорат қилиниши керак.

Тўла пок бўлмай туриб, Аллоҳ таолонинг ҳузурига рўбару келиш, У зот ила мулоқотда ва муножотда бўлишга уриниш мум-кин эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи мазкур мулоқот ва муножот учун покликни шарт қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам била туриб, қасддан, бетаҳорат намоз ўқиган одам қасд ила нопок ҳолда Аллоҳ таолога рўбару келишга урингани, беҳурмат қилганидан, кофирдир, деб айтилган.

Ислом динининг фазлини билиш учун унинг ушбу ҳукмини на ғуслга, на таҳоратга буюрмайдиган динлар билан таққослаб кўриб, англаб олиш мумкин. Ўша динлардаги одамлар жунуб ҳолида ибодат қилаверадилар. Ибодат давомида қасддан ел чиқариб юбориши оддий нарса, ҳисобланади.


Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу ўз амакиларидан ри-воят қилганлар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намозда бир нарса бўлгани хаёлига келадиган одам ҳақида шикоят қилинди. У зот:

«Токи, овоз эшитмагунча ёки елни топмагунича намози-ни бузмайди», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Қачонки, бирортангиз қорнида бирор нарсани топса, унга ундан бир нарса чиқдими, йўқми аниқ бўлмай қолса, Токи, овозни эшитмагунича ёки елни топмагунича масжид-дан чиқмасин», деганлар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу ибн Ғазийята Ансорий ал-Мозиний ҳадис илмида олим ва ишончли тобеъинлардан бўлган. Ҳадисларни оталари ва амакилари Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осимлардан ривоят қилдилар. Баъзилар у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришганлар, деб айтишади.

Бу зотдан Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазм ва бошқалар ри-воят қилишади.

Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳунинг амакилари Абдуллоҳ ибн Зайд ал-Ансорийдирлар. Бу кишининг ўзлари ҳам, ота-оналари ҳам, ака-укалари ҳам саҳобий бўлганлари учун ушбу ҳадиснинг ровийси номларига ал-Мозаний нисбати ҳам қўшиб зикр қилинар экан.

Бу кишининг акалари Ҳабиб ибн Зайд розияллоҳу анҳуни Пайғамбарлик даъвосини қилган Мусайламатул Каззоб гўштларини қиймалаб ўлдирган экан. Кейинчалик, Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу Ваҳший билан биргаликда Мусайламатул Каззобни ўлдирганлар.

Абдуллоҳ ибн Зайд ал-Мозаний розияллоҳу анҳудан 48та ҳадис ривоят қилинган экан. Шулардан 8тасини ҳам Имом Бухо-рий, ҳам Имом Муслим чиқарган эканлар. Бу киши розияллоҳу анҳу 63-ҳижрий санада Зулҳижжа ойида Ҳарра номли жойда шаҳид бўлганлар.

Инсон ҳаётида тўлиқ ишончга, аниқ ва мустаҳкам мавқега эга бўлиши катта ўрин тутади. Шак-шубҳа ва иккиланиш эса фойда келтирмаслиги аниқ. Шак-шубҳа, ишончсизлик ва иккиланиш шайтоннинг ишидан ҳисобланади. Шайтон инсонда мазкур ноқулай ҳолатнинг доимо бўлиб туришини хоҳлайди. Бу иш айниқса, мусулмон инсон учун намозда яққол билинади. Шайтон намоз пайтида кўпроқ васваса қилишга уринади. Унинг бу ҳолдаги васвасасидан бири, кишининг хаёлига таҳорати кетганга ўхшаган фикрни келтиришдир. Бу ҳақиқат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадисларида ўз ифодаси-ни топган.

Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, бирортангизга шайтон келиб, таҳоратингни кет-каздинг, деса, «ёлғон айтибсан», десин. Магар бурни ила ҳид ҳидласа ёки қулоғи билан овоз эшитса», деганлар.

Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, биз ўрганаётган бу ҳадисни уламоларимиз Исломнинг асл қоидаларидан бирига асос бўлган улуғ ҳадислардан, деб баҳолаганлар. Ўша қоида:

«Нарсалар, ҳаттоки аниқ-равшан суратда тескариси воқеъ бўлмагунча ўз аслида қолур. Ориз бўлган шак-шубҳа уларга зарар қилмас», деб таъриф қилинган.

Ушбу ҳадис мисолида таҳорат, асл хаёлда таҳорат кетганга ўхшайди, деган фикр бўлиши билан у кетиб қолмайди. Таҳорат кетгани елнинг ҳидини сезиш, овозини эшитиш билан аниқ-равшан билингандан кейингина собит бўлади. Бунгача ўз аслида тураверади. Бошқа барча ишлар ҳам шунга таққосланади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларида ориз бўладиган барча ҳолатларни шикоят қилишлари. Намоз вақтида таҳорат кетиб қолганга ўхшаб хаёлдан ўтиши ҳақидаги шикоят шунга ишоратдир.

2. Таҳорат кетгани ҳақида хаёлга фикр келиши билан таҳорат кетиб қолмаслиги.

3. Елнинг овози ёки ҳиди чиқиши билан таҳорат кетиши. Агар овоз ёки ҳиддан бошқа аниқ билиш ҳосил бўлса ҳам кетади.

4. Ҳаётда воқеъ бўлиб турадиган масалаларни уламолардан сўраб туриш лозимлиги.

5. Шариатга, илмга тегишли нарсаларни сўрашдан уялмас-лик.

Мана шу қоидани ва фойдаларни яхшилаб англаб олиб, ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз лозим. Мусулмон кишининг ҳаётида васваса, хаёл, шак-шубҳа ва иккиланишга ўрин бўлмаслиги зарур. Ҳамма нарса очиқ-ойдин, равшан ва ишончли бўлиши керак.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Орқанинг ипи кўздадир. Бас, ким ухласа, таҳорат қилсин», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Яъни, одам уйғоқ турганда ўзини, бутун танасини бошқариб туради. Жумладан, орқасидан ел чиқишини ҳам. Аммо ухлаб икки кўзи юмилганда эса ўша ип бўшайди, инсон орқасидан ел чиқса ҳам билмайди. Шунинг учун ухлаган одам-нинг таҳорати кетади. Бинобарин, уйқусидан тургандан кейин таҳорат қилсин.

Бу ҳадиси шариф умумий тушунчага сабаб бўладиган уйқунинг алоҳида сифатлари бордир. Ҳар бир уйқуда ҳам таҳорат кетавермайди. Ана ўша тафсилот келаси ҳадислардан тушуниб олинади.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ухлашар, сўнгра намоз ўқишар, таҳорат қилмас эдилар».

Муслим, Абу Довуд, Термизийлар ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадисда зикри келган уйқу, ҳеч нарсага суянмай, орқани ерга яхши қўйиб ухланган уйқудир. Ана ўшанда ел чиқиш эҳтимоли йўқолади.

Ҳазрати Анаснинг худди шу ҳадислари бошқа бир ривоятда мукаммал келган, унда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари хуфтонга интизор бўлиб, ҳатто, бошлари эгилиб кетар, сўнгра намоз ўқишар, таҳорат қилмас эдилар», дейилган. Бунда ўтириб ухлаганлари очиқ кўриниб турибди.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Таҳорат фақат ёнбошлаб ухлагангагина вожиб бўлади. Чунки қачон (одам) ёнбошласа бўғинлари бўшашади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Мана, бу ҳадисда ётиб, ёнбошлаб ухлаган одамнинг уйқуси-таҳорат кетишига сабаб бўладиган уйқу экани очиқ-ойдин айтилмоқда. Нима учунлиги ҳам баён қилинмоқда. Одам ухла-ганда ҳамма бўғинлари бўшашади. У ўзини идора қила олмай қолади. Ана ўшанда ундан ел чиқиши ва буни ўзи билмаслиги мумкин. Шунинг учун эҳтиёт тариқасида таҳорати кетган ҳисобланади.


Бусра бинти Сафвон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким закарини ушласа, таҳорат қилмагунча намоз ўқимасин», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровияси Бусра бинти Сафвон розияллоҳу анҳо билан яқиндан танишиб олайлик:

Бусра бинти Сафвон ибн Навфал ибн Асад ибн Абдул Уззо ибн Қусай ибн Килоб ал-Қурашия ал-Асадийя.

Салама бинти Умайя ибн Увқис ас-Сулаймийянинг оналари. У Варақа ибн Навфалнинг акасининг қизи.

Бусра Муғийра ибн Абу Осга турмушга чиқиб, Муовия ва Оиша деган фарзандлар кўрди. Оиша Абдул Малик ибн Марвон ибн Ҳакамнинг оналари эди.

Бусра Умму Гулсум бинти Уқба ибн Абу Муайиддан ривоят қилади. У кишидан эса Марвон ибн Ҳакам, Саид ибн Мусаййиб ва бошқалар ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиснинг зоҳирий маъносига қараганда жинсий ола-тини ушлаган одамнинг таҳорати кетади. Кўпчилик уламолар бу ҳадисни айнан шундоқ тушунганлар.

Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳадисни бошқача ту-шунганлар. Улар ушбу ҳадисдаги таҳорат қўлни ювмоқ маъноси-дадир, деганлар. Чунки «таҳорат» лафзи шаръий таҳорат маъно-сидан ташқари, қўлни ювиш маъносида ҳам ишлатилади. Ҳанафий уламоларининг бу фикрлари бошқа бир ҳадисда, закар ҳам инсоннинг бир аъзоси, уни ушлаш билан таҳорат кетиб қолмаслиги ҳақидаги фикр билан тасдиқланган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз қўлини фаржига олиб борсаю, иккиси орасида тўсиқ ҳам, ажратувчи ҳам бўлмаса таҳорат қилсин», дедилар».

Имом Шофеъий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам олдинги ҳадиснинг маъносида, фақат иборалари бошқача, холос. Шунингдек, уламоларимизнинг шарҳлари ҳам худди аввалги ҳадисни шарҳ қилганларга ўхшайди.


Толқ ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган эдик, худди бадавийга ўхшаш бир одам келди ва:

«Эй, Аллоҳнинг Набийси, бир одам таҳорат қилгандан кейин закарини ушлашига нима дейсиз?»деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У ҳам ундан бир парча, халос ёки бир бўлак, халос», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Толқ ибн Али розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Толиқ ибн Али исмли бу саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Ямандан вакил бўлиб келиб, Ис-ломни қабул қилганлардан эди.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган суҳбатни қуйидагича баён қиладилар:

«Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга вакил бўлиб келиб, байъат қилдик. Ва у киши билан намоз ўқишга му-шарраф бўлдик. Шаҳримизда канисалар борлигидан хабар берга-нимизда, у ерни поклаш тўғрисида маслаҳат бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. Таҳорат олиб, оғиз чайиб, сўнг таҳорат сувини бир идишга қуйдилар. У зот бу сувни бизга бериб, канисани бузиб, бу сувдан қуйинглар, кейин унинг ўрнига масжид қуриб, намоз ўқинглар, дедилар.

Биз шаҳримизга қайтиб бориб, канисани бузиб тозалагандан кейин масжид қурдик. Бу канисада бир роҳиб ибодат қилар эди. Биз азон айтганимизда азон товушини эшитиб «Ҳақ чақирувчи» деди-да, ғойиб бўлди. Уни қайтиб кўрмадик».

Бу ҳадисда, бадавийга (саҳройига) ўхшаган кишининг:

«Эй, Аллоҳнинг Набийси, бир одам таҳорат қилгандан кейин закарини ушлашига нима дейсиз?» деган саволига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«У ҳам ундан бир бўлак, халос», яъни, закар ҳам одамнинг бир бўлаги, холос, дейишлари, таҳорати бузилмайди, деганлари-дир.

Ҳанафий мазҳаби уламолари мана шу ҳадисни ҳужжат-далил қилиб, закарини ушлаган одамнинг таҳорати кетмайди, дейдилар.

Бошқа уламолар бу ҳадис ёки мансух (амалдан қолган) ёки ўша сўраган бадавий одамга хос ҳукм, дейишади.

Лекин усули фиқҳ қоидасига биноан, насх бўлса ҳам, хос бўлса ҳам ҳужжат билан аниқ исбот қилиш керак.

Ҳанафий уламолар ўз ижтиҳодини ҳамиша енгилликни олиш зарурлиги қоидаси билан қувватлайдилар. Агар закарига қўли теккан одам таҳорат қилиши вожиб бўлиб қолса, қийинчилик туғилади, дейдилар.

Бошқа уламолар эса инсон закарини ушлаганда лаззат ҳосил бўлиши мумкин, бу эса таҳоратнинг синишига олиб боради. Шу-нинг учун эҳтиёт чораси сифатида ҳам таҳорат кетади, десак ях-ши бўлади, дейдилар.

Биз эса «икки томоннинг қавлини жамлаш керак, агар зару-рат юзасидан, бехосдан ушланса, таҳорат кетмайди. Заруратсиз, шаҳват учун ушланса, кетади, дейилса яхши бўлса керак», дей-миз.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирини ўпдилар, сўнгра намозга чиқдилар, таҳорат қилмадилар». Урва: «мен унга:

«Ўша хотин, сендан бошқа бўлмаса керак», деган эдим, у кулди», деди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Жумҳур уламолар мана шу ва бунга ўхшаш ҳадисларни далил қилиб, аёл кишининг баданига эркак киши тег-са, таҳорати кетмайди, дейдилар.

Шофеъий мазҳаби уламолари эса фаслнинг бошида келти-рилган оятдаги «ав лаамастумун нисаа», яъни, «ёки аёлларни тут-ган бўлсангиз»даги «тутган»ни бадан баданга тегиши, деб ҳисоблайдилар ва эркак киши ўзи учун никоҳи ҳалол аёлга тегса, таҳорати кетади, дейдилар.

Биз қайси мазҳабнинг далили кучли эканини баён қилишни ўзимизга вазифа қилиб олганимиз йўқ. Фақат маълумот бериб қўймоқчимиз. Аёл кишига қўли тегса, таҳорати синади, деган одам Шофеъий мазҳабида эканлигини билиб, уни ғариб бир иш санамаслиги керак. Шу билан бирга бошқа мазҳабдаги кишилар-нинг бошини ҳам айлантирмаслиги керак. Чунки аёл кишига тег-са, таҳорати кетмайди, деган уламолар ўз далилларига эгадирлар.


Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайт қилдилар, сўнгра таҳорат олдилар. Бас, Савбонни Димашқ масжидида учратдим ва ўша нарсани унга зикр қилдим. У:

«Рост айтибди, у кишига мен сув қуйиб берган эдим», деди».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисни далил қилиб, Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари қайт қилган одамнинг таҳорати кетади, деганлар.

Бу ҳадиснинг ровийсидан бири Димашқ шаҳрининг масжи-дида Савбон розияллоҳу анҳуни кўриб қолиб, Абу Дардо «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайт қилиб, қусганларидан кейин таҳорат қилганлар, демоқда, сен нима дей-сан?» деган экан. Шунда Савбон розияллоҳу анҳу: Абу Дардо рост айтибди, ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг таҳоратларига сувни мен қуйиб берган эдим, деган эканлар.

Бу эса ҳадиснинг маъносини, ҳужжатлик қувватини яна ҳам кучайтиради.


Ал-Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан туянинг гўштидан таҳорат қилиш ҳақида сўралди.

У зот:

«Ундан таҳорат қилинглар» дедилар. Қўйнинг гўшти ҳақида сўралди. У зот:

«Ундан таҳорат қилманглар» дедилар».

Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг зоҳирий маъносидан туянинг гўштини еган одамнинг таҳорати кетади. Лекин бу ҳадис маълум вақт ва маълум сабаб учун айтилган ва кейин насх бўлиб амалдан қолган.


Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Олов теккан нарсадан таҳорат», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Зайд ибн Собит ибн Заҳҳок Ансорий ал-Хазражий, кунялари Абу Саиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб юборилганларида бу киши 6 ёшда эдилар. Ана ўша йили оталари вафот этади. Бадр ғазотида қатнашмоқчи бўлганларида ёшлари кичкина бўлгани сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб юборадилар. Уҳуд ғазотида қатнашганлари тўғрисида ихтилофлар бор. Хандақ ғазотида қатнашиб, хандақ қазиш, тупроқ ташиш ишлари билан машғул бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, «бу бола мунча ҳам яхши», деб марҳамат қиладилар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан эдилар. Ваҳийларни ёзиб бориш билан бирга ёдлаб ҳам борардилар. Қуръоннинг ҳаммасини ёдлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб чиққан уч нафар ансорларнинг бири эдилар.

Абу Бакр ва Усмон розияллоҳу анҳумоларга Қуръони Каримни мусҳаф ҳолатига келтириб, ёзиб берган шахс ҳам шу зот эдилар.

Бу киши фиқҳ, мерос, қироат илмларида етук олимлардан эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зайд бу умматнинг илм денгизидир», деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ичларингизда фароиз илмларини Зайд ибн Собит яхши билади», деб айтганлар.

Халифа Умар розияллоҳу анҳу агар Мадинадан ҳаж қилишга ёки бирор сафарга отлансалар, Зайдни ўз ўринларига халифа қилиб кетардилар. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам шундай қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу у кишидан дарс олар эдилар. Бир куни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу чиқиб, отлари-га минмоқчи бўлганларида, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турардилар. Зайд бундан қайтардилар. Шунда Ибн Аббос: «Ула-моларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз», дейди-лар. Зайд эса Ибн Аббоснинг кафтларидан ушлаб ўпиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига шун-дай муомалада бўлишга буюрилганмиз», дейдилар.

Зайд вафот этганларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Бу-гун умматнинг олими вафот этди, шоядки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига Ибн Аббосни ўринбосар қилса эди», деб дуо қилганлар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 92та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан Ибн Умар, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик, Саҳл ибн Ҳунайф, Абу Саид ал-Худрий ва бошқа улуғ саҳоба розияллоҳу анҳумлар ривоят қилишди.

Бу зот ҳижратнинг 45 йили вафот эдилар. Вафотлари муно-сабати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари Ҳассон ибн Собит бу кишига марсия ўқидилар.

У киши ривоят қилган «Олов теккан нарса»дан мурод оловда пишган гўштдир. Бу ҳам аввалги ҳадисга ўхшаб насх бўлиб амал-дан қолган ҳадислардан ҳисобланади. Бу маънони қуйида келади-ган ҳадис амалга оширган ва тасдиқлаган.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг кифтини едилар ва намоз ўқидилар, таҳорат қилмадилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадис олдинги ҳадисни насх қилиб, амалдан қолдирган ҳадисдир. Шунинг учун ҳам мусулмон уммати қадимдан ҳозиргача ҳеч шубҳасиз оловда пиширилган нарсалар-ни тановул қилганлар ва қилмоқдалар.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу икки ишнинг охиргиси (амал қилингани) олов ўзгартирган нарсадан таҳорат қилмаслик бўлган эди».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ҳар хил ривоят келганидан иккиланиб, қайси бирига амал қилиш керак экан, деган хаёлга бормаслик керак. Собит ва аниқ бўлгани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонла-ридан охирги амал қилингани, туянинг гўшти ва оловда пишган гўштни егандан кейин таҳорат қилмасликдир. Бу ҳукмни уламолар жумҳури, жумладан, тўрт мазҳаб бир овоздан жорий қилганлар.

Ҳанафий мазҳаби бўйича инсон баданидан оққан қон ҳам таҳоратни кетказади. Бунга далил қуйидаги ҳадислар:

1. Имом Ибн Можа Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда:

«Ким намозда қайт қилса ёки бурни қонаса, бурилиб чиқсин, таҳорат қилсин ва гапирмаган бўлса, намозини келган жойидан ўқиб кетсин», дейилган.

2. Имом Дора Қутний Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Ҳар бир оққан қондан таҳорат», дейилган.

3. Дора Қутний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Бир қатра ёки икки қатра қондан таҳорат йўқ, магар оққан қон бўлса, бор», дейилган.

Булардан бошқа ҳужжатлар ҳам бор. Демак, Ҳанафий ула-молари, қон чиқса таҳорат кетади, деган гапни ўз ичларидан чиқариб ёки ҳаводан олган эмаслар. Балки, ҳадиси шарифлар би-лан тасдиқлаганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ейиш ва ичишингиз ҳалол ва пок бўлишига эътиборли бўлинг.2. Ҳаром амаллардан узоқлашинг.3. Агар овқат тайёр бўлса, аввал овқатланиб олинг.4. Ҳожатхонага бориш давоми...

1832 19:00 / 09.12.2022
Ҳозирги кунда динимиз хизмати, халқ ғами, умматнинг маърифати ва жаҳолатга маърифат билан курашиш йўлида намуна бўлган машҳур Фотима отин ойининг марҳум оталари давоми...

8664 18:29 / 31.10.2017
4543. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапирмасдан олдин ўн давоми...

22542 21:12 / 08.11.2017
Таҳорат энг Аввало, Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. У мусулмон инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлишини аввалги бобларда келган давоми...

20360 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

120141 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41805 14:35 / 11.08.2021