1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Усулул фиқҳ (дарслар)

Бешинчи далил. Истиҳсон

22:05 / 18.04.2017 4587 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таърифи, навлари, ҳужжатлиги, бу борада уламолар фикрлари.

Таърифи – «истиҳсон» луғатда таърифланишича, бир нарсани яхши санашдир.
Усулийлар истилоҳида эса, далил асосида хафий қиёсни жалий қиёсдан устун қўйиш ёки жузъий ҳукмни куллий аслдан ёхуд умумий қоидадан ушбуни тақозо қилган хос далилга асосан истисно қилишдир.
Бунга бургут, қарға, лочин каби йиртқич қушлардан қолган сарқитнинг поклиги ҳақидаги ҳукм мисол бўла олади. Чунки, улар сув идишларига осмондан тушадилар. Аслида, бу нарса қиёсга кўра ҳаром бўлсада, истиҳсонга асосланган ҳукмга кўра покдир.
Шунингдек, салам савдоси, мардикорлик ва дурадгорлик ишлари қиёсга кўра жоиз бўлмаса-да, истиҳсонга асосан жоиздир. Чунки, аслида ўзи йўқ нарсанинг савдоси жоиз эмас. Бироқ юқорида зикр қилинган муомалалар истисно тарийқасида жоиз бўлган нарсалардир.
Мана шу айтилганлар нозик ва чуқур ҳамда дақиқ тафаккурга асосланган фиқҳнинг далили ҳисобланади. Бу, ўз ақли билан шариат чиқариш, ҳавойи нафсига эргашиш эмас. Балки кучли далилга амал қилиб олиб борилган узоқ назар ва чуқур фикр самарасидир.
Истиҳсон қиёс ва маслаҳатул мурсаладан фарқ қилади. Чунки, қиёс насс ёки ижмоъда келган бир ҳукмни ўзига ўхшаш бир воқеъага солиштиришдир. Истиҳсонни ўзига ўхшаш бошқа нарсалардан далил асосида истисно қилиб олинади.
Маслаҳатул мурсалада эса, қиёс қилиш учун ўхшаши йўқ нарсаларга шариатнинг умумий қоидалари асосида ҳукм чиқарилади.

Истиҳсоннинг навлари.
Истиҳсон насс, ижмоъ, зарура, қиёсул хафий, урф, маслаҳат ва бошқа далиллар билан собит бўлиши жиҳатидан бир неча навларга тақсимланади.
1. Истиҳсон биннасси.
Яъни, Қуръон ва Суннатда келган насс(матн) далил ила собит бўлган истиҳсон. Бунда муайян бир насс масаланинг ҳукмини ўз ичига олиб келади. Лекин бу умумий қоидалар ва ҳукм умумий далил билан собит бўлган ҳукмларга хилоф бўлади. Насс Қуръондан ёки суннатдан бўлиши мумкин.
Истиҳсонга насс Қуръондан бўлганига мисол васиятдир.
Қиёс ёки умумий қоидалар васият жоиз эмаслигини тақозо қилади. Чунки, васиятда мулк ўзидан кетганидан сўнгги ҳолатда, яъни ўлимидан сўнг берилиши керак бўлган мол ҳақида сўз боради. Биров ўлганидан кейин унинг мулки меросхўрларнинг мулкига айланади. Ўлганнинг молда ҳаққи қолмайди. Бироқ бу умумий қоидага хилоф равишда, Аллоҳ таолонинг «қилган васияти ёки қарзидан сўнг» деган оятига биноан, вафот этган кишининг васияти молига ўтадиган бўлган.
Бошқа мисол, бир киши «молим садақа» деса, қиёс унинг барча моли садақа бўлишини тақозо қилади. Бироқ истиҳсонга асосан ундан закотга олинадиган молини ирода қилинганини тақозо этади. Аллоҳ таоло «Уларнинг молларидан садақа ол!» деган.
Истиҳсонга насс суннатдан бўлганига мисол рўзадор эсидан чиқарган ҳолда бирон нарса еган ёки ичган бўлса, рўзаси бузилмаслигидир.
Қиёс ва умумий қоидага асосан, рўзадорнинг ичига бир нарса кириши билан рўза бузилади. Бироқ насс умумий қоидадан истисно тарийқасида бундай ҳолатда рўза бузилмаслиги ҳақида хабар қилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини батамом қилсин. Уни Аллоҳ таомлантирибди ва сероб қилди, холос
», – дедилар.
Бешовлари ривоят қилишган.

«Салам» луғатда «таслим қилиш» – «бериш» маъносини англатади. Шариатда эса зиммадаги васф қилинган молнинг қийматини олдиндан беришга айтилади. Шунинг учун, умумий қоидага кўра, салам савдоси жоиз эмас. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам киши ўзида бўлмаган нарсани сота олмаслигини таъкидлаганлар. Лекин истисно тарийқасида, хос далилга асосан, салам савдоси жоиздир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада ҳадис келган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида улар мевани бир йил, икки йилга «салаф» савдо қилар эдилар. Бас, у зот:
«Ким хурмони (бошқа ривоятда, бир нарсани) салаф савдо қилса, маълум ўлчов, маълум вазн билан маълум муддатга салаф қилсин», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
2. Истиҳсон бил ижмоъ. 
Яъни, ижмоъ йўли билан собит бўлган истиҳсон мужтаҳидларнинг аслга ўхшаш нарсанинг хилофига фатво беришлари ёки одамлар қилган нарсаларга сукут қилишларидир.
Бу навдаги истиҳсонга истисноъ, масалан, саноат шартномасининг жоизлиги мисол бўла олади. Дурадгорга бирон нарса ясатиш учун келишиб, олдиндан пулни бериш истисноънинг бир кўринишидир. Бунда йўқ нарсани олдиндан сотиб олиш бўляпти. Бу нарса қиёсга кўра жоиз бўлмаса-да, истиҳсонга асосан жоиздир. Чунки, одамлар қадимдан бундай муомалани қилиб келганлар ва унга доимо ҳожатлари тушиб туради.
3. Истиҳсон бил урф. 
Бу, урф орқали собит бўлган истиҳсон бўлиб, шариатнинг умумий қоидалари ёки қиёсга хилоф ўлароқ, одамлар ҳожатлари тушгани учун одатланган нарсаларидан иборатдир. Масалан ҳаммомда ювиниб чиқиш учун ювинишидан олдин пул берилади, бироқ ишлатаётган суви ва кетган вақти ҳисобланмайди. Қиёснинг тақозоси ила бундай муомала ноаниқликни ўз ичига олган ижара бўлгани учун жоиз эмас. Лекин одамларнинг доимо ҳожатлари тушиб тургани учун, енгиллик яратиш мақсадида рухсат берилган.
4. Истиҳсон биз-зарура. 
Бу, зарурат юзасидан жорий қилинган истиҳсон бўлиб, унда мужтаҳид заруратга асосан қиёсни тарк қилади ва зарурат ёки заруратнинг ўрнига ўтадиган ҳожат юзасидан улар тақозо қилган нарсани олади.
Мисол учун, бирор қудуқ ёки ҳовузга нажосат тушса, қиёсга асосан, унинг сувининг ҳаммасини ёки баъзисини чиқариб ташлаш билан ҳам ҳеч қачон пок бўлмайди. Чунки, бир идишда сув олса, яна тагидан сув чиқиб эскиси янгисига аралашиб туради. Ёки олган идишини яна ўша қудуққа солганида нажосат теккан идиш яна сувни ҳаром қилиб туради. Бироқ зарурат юзасидан, истиҳсонга асосан, қудуқдаги бор сувни чама билан ўлчанади ва ўшанча сув олинади ва қолгани пок деб эътибор қилинади. Ҳовуздаги сувни поклаш ҳукми «Кифоя»да батафсил баён қилинган.
Ёки йиртқич қушлардан қолган нарсалар ҳам, йиртқич ҳайвонлардан қолган нарсаларга қиёс қилганда, ҳаромдир. Бироқ йиртқич қушлар, йиртқич ҳайвонлардан фарқли равишда, нажосатни тумшуқлари билан ейди. Уларнинг тумшуқлари эса, пок суякдир. Мазкур қушларнинг сув ёки бошқа нарсаларни чўқиб қўйишидан сақланиш қийин, хусусан дала жойларда. Шунинг учун, йиртқич қушларнинг ҳукми йиртқич ҳайвонларнинг ҳукмидан ўзгача бўлади. Чунки, ҳайвонлар оғизлари билан ичади ва ичаётган нарсаларига сўлакларини аралаштиради. Қушлар эса, аралаштирмайди. Шунинг учун, зарурат юзасидан, қушлардан қолган нарсалар пок ҳисобланади.
5. Истиҳсон бил қиясил хафий.
Яъни, истиҳсон ҳукмини махфий қиёс орқали чиқариш. Махфий қиёс орқали чиқариладиган истиҳсон жалий – очиқ-ойдин қиёсга бутунлай қарама-қарши бўлган ҳолда вужудга келади.
Бу ҳолат деҳқончилик ерларини вақф қилиш мисолида яққол кўзга ташланади. Мана шу вақфни икки хил қиёс талашиб қолган.
Биринчиси – қиёси жалий, яъни, очиқ-ойдин қиёс. Бу қиёсга асосан, деҳқончилик ерларини вақф қилиш байъ – савдога ўхшайди. Чунки, байъда ҳам, вақфда ҳам мулкнинг эгаси ўзининг мулкидан воз кечади ва моликлик ҳаққини бировга беради.
Мисол учун, китоб домланинг мулки эди, бировга сотса, шу китобга бўлган моликликни ўз ихтиёри билан туширган бўлади. Вақфда ҳам шундай, бировнинг зироатчилик ери бор эди, «Мен шу ерни Аллоҳ учун вақф қилдим» деса, «Ерни мулкимдан чиқардим» дегани бўлади. Энди бу нарса унга мулк бўлиб қайтмайди. Демак, вақф қилиш худди савдога ўхшаган нарса экан. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ана шу вақф қилинган ерда ҳуқуқул иртифоқ кирмай қолади. «Ҳуқуқул иртифоқ» дегани «ёрдамчи ҳақлар» деганидир. Масалан, эгаси бировга «Мана шу ердги йўлакдан ўтиб турасан» деб рухсат бериб қўйган эди. Вақф қилгандан кейин, бу рухсат ўз кучини йўқотади. Чунки, ер унинг мулкидан чиқиб, рухсат берган тараф йўқ бўлиб, ер вақфга айланиб қолди. Шунингдек, йўл бўлиши, ўша вақф қилинган ердан чиқадиган сувдан ичиб туриши ёки оқава сувларни шу ерга чиқариб фойдаланиш ҳаққлари йўқ бўлади. Илло, вақф қилаётганда вақфнинг шартларига қўшиб қўйган бўлсагина, ҳалиги қўшни марофиқдан фойдаланиш ҳаққига эга бўлади. Ернинг вақфини қиёсул жалийга олганимизда мана шу ҳолат бўлар экан.
Иккинчиси – махфий қиёс. Бу қиёсга асосан, деҳқончилик ерларининг вақфи байъга эмас, ижарага ўхшайди. Чунки, вақфда ҳам ижарадаги каби бир нарсадан манфаатланиш ҳаққини бировга бериб туриш бўлади. Уй ижарага берувчи одамнинг мулки, лекин фойдаланиш ҳаққини вақтинча бировга бераяпти. Вақф қилувчи ҳам ўзининг мулкини бировлар фойдалансин деб бераяпти. Берганига пул олаётгани йўқ. Демак, вақф қилиш байъга эмас, ижарага ўхшайди. Муайян бир нарсадан манфаат олиш ҳаққини бировга бериш. Ана шундай бўлгани учун, вақф қилувчи ҳалиги ёрдамчи хизматлардан фойдаланиш ҳаққини вақф ҳужжатига ёзиб, таъкидлаб қўймаса ҳам, марофиқдан фойдаланиш ҳаққига эга бўлади.
Мана шу ерда махфий қиёс жалий қиёсдан рожиҳ, яъни қувватли бўлади. Чунки, вақфдан мақсад ўзининг фойда олиши эмас, балки бировни фойдалантиришдир. Шунинг учун, ерни вақф қилиш оят ёки ҳадисда келмаса ҳам, қиёс билан истиҳсон тарийқасида шариатга киритилган. Лекин бу истиҳсон жалий эмас, хафий йўл билан бўлган.
Истиҳсон ҳукмини махфий қиёс орқали чиқаришнинг яна бир мисоли сотувчи ва олувчи ўртасидаги ихтилофда кўринади. Бир одам сотди, иккинчиси олди ва олди-сотдидан кейин нархда ихтилоф қилиб қолишди. Бири 100 сўм деса, бошқаси 90 сўм деди. Агар қозининг олдига боришса, қози икковига ҳам қасам ичиради. Аллоҳга қасамки, биз савдо қилганимизда баҳо бунча бўлди, деб қасам ичишларини талаб қилади.
Аслида, сотувчи қасам ичмаслиги керак. Чунки, у кўп миқдорни, яъни «100 сўмга келишганмиз» деб даъво қилаяпти. Унинг даъвосини олувчи инкор қилаяпти. «100 сўм эмас, 90 сўм» деяпти.
Шариатнинг қоидасига кўра, даъво қилган одам ҳужжат келтириши, инкор қилган одам қасам ичиши керак. Қиёс қиладиган бўлсак, бу ерда даъвогар, яъни сотувчи қасам ичмаслиги керак, балки инкор қилгани учун, олувчи қасам ичиши керак. Лекин бу ерда қиёсни эмас, истиҳсонни ишга солинади. Истиҳсонга кўра, ҳам олувчи, ҳам сотувчи қасам ичади. Чунки, бу масаланинг бир нозик жойи бор у ҳам бўлса, бир вақтнинг ўзида иккови – яъни сотувчи ва олувчи, ҳам даъвогар, ҳам инкор қилувчидир. Сотувчи зиёдани даъво қилиб, нуқсонни инкор қилаяпти. Олувчи зиёдани инкор қилиб, нуқсонни даъво қилаяпти. Бир киши икки мавқифда бўлиб қолди. Шунинг учун, иккови ҳам қасам ичади.
6. Истиҳсон бил маслаҳати.
Яъни, маслаҳат – манфаатга боғлиқ бўлган истиҳсон. Бунда зарур манфаат тақозо қилгани учун умумий қоидадан истисно тарийқасида бир масалани чиқариб олинади. Асл масалада рухсат йўқ бўлса ҳам, истисно тарийқасида, манфаат юзасидан битта масалани чиқариб олинар экан.
Мисол учун, молу дунёси музлатиб қўйилган одам бор. Яъни бировнинг пулу моли бор, даромад келтириб турибди. Аммо ўзи, қози манъ қилиб қўйгани учун, мазкур молни тасарруф қила олмайди. Бундай мол музлатиш эсипастлик туфайли бўлиши мумкин. Молини қўлига бериб қўйса, ношаръий ишларга, беҳудага, исрофга сарфлаб юборади. Молу дунёни сарфлашга қобилияти бўлмагани учун, ҳажр қилинади.
Шунингдек, қарзини тўламай қочиб юрган қарздорнинг моли ҳам ҳажр қилиниши мумкин. Қози ҳажр ила, молини ўзи ололмайдиган қилиб, тўплаб-тўплаб, қарз берганларга қайтаради.
Ўша, ўз мулкида ўзи тасарруф қилиши манъ этиб қўйилган одам хайрия ишига васият қилди. Яъни, ўлганимдан кейин пулимдан фалон хайрия ишни қилинглар, деб васият қилди. Агар умумий қоидаларга, қиёсга қараладиган бўлса қози тарафидан ўз мулкидан фойдаланиши манъ қилиш ҳукми чиққан одам пулини тасарруф қилишга ҳаққи йўқ, манъ қилинган. Чунки, ўзи тасарруф қилса, молини беҳудага йўқ қилиб юборади.
Лекин бу ерда битта маслаҳат(манфаат) бор. Ана шу маслаҳат(манфаат) юзасидан истисно тарийқасида, шундай ҳолда молини тасарруф қилиши жоиз, дейилади. Чунки, васият мулкни ифода қилмайди. Васият қилинган нарса бировга мулк бўлиб қолмайди, чунки эгаси тирик турибди. Демак, модомики, у тирик экан, ҳажр ҳукми туради. Унинг васияти ўлгандан кейин амалга оширилади. Айби туфайли моли маҳжур бўлиб, ўзи сарф қилолмайдиган бўлиб кетса ҳам, афсусда кетмасин, ҳеч бўлмаса, ўлганимдан кейин хайру эҳсон бўлади деган маслаҳат(манфаат)ни билиб кўнгли тўқ кетсин. Бу нарсани ана шу маънода, истисно тарийқасида, «истиҳсон билмаслаҳа» деб умумий қоидадан ажратиб олинган.
Истиҳсон бил маслаҳа йўли билан чиқарилган ҳукмларга яна бир мисол. Бани Ҳошимга закот бериш. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Оли байтларига, Бани Ҳошим қабиласининг аъзоларига закот ҳаром. Лекин Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи ўз даврларида истиҳсон қоидасини ишга солиб, Бани Ҳошимга ҳозир закот берса бўлади, деган фатво чиқарганлар. Бани Ҳошимнинг даромад йўллари кесилган, байтул молдан олишолмайди, бошқа ердан пул келмайди. Шу ҳолда кетса, улар камбағаллашиб, обрўлари тушиб, зоеъ бўлишлари мумкин. Шунинг учун, истисно тарийқасида, уларга закот бериш жоиз.
Яна бошқа бир мисол, ҳунарманд ва муштарак мардикорларнинг келтирган зарарларини зиммасига юклаш.
Қиёс бўйича, бундай ҳолатларда келтирилган зарарни тўлаб бериш йўқ. Чунки, улар мардикор бўлиб ишга тушганларидан кейин бировнинг моли қўлига омонатга топширилган одамга ўхшаб қолади. Ана шу молни омонат ушлаб турган одам душманчилик қилиб ёки очиқдан-очиқ ёмон тадбир қилиши туфайли бировнинг молини Зое қилмагунча, ундан тўлаб бериш талаб қилинмайди. У ҳаракат қилса, муҳофаза чорасини кўрса-ю, иложи бўлмаса, «тўлаб бер» дейишга бировнинг ҳаққи йўқ.
Лекин истиҳсонда ҳунарманд ва шерикли мардикорлар зиммасига келтирилган зарарни тўлаб бериш юкланган экан. Агар шундай қилинмаса, одамлар бировнинг молига қайғурмай қўяди. Бепарволик оқибатида одамларнинг моли зое бўлиб кетиш эҳтимоли бор.
Шунинг учун, бировнинг молида иш қилаяпсанми, сенга ишониб топширдими, вакил қилиб, ишчи қилиб олдими, молни муҳофаза қиласан, қилмасанг, тўлайсан, дейилади.
Қиёсга хилоф равишда, истиҳсон билмаслаҳа асосида, мана шу қоида ўзгартирилган.
Мана шу зикр қилинган мисолларда далил билан собит бўлган умумий ҳукмдан жузъий фойдани кўзлаган ҳолда баъзи бир ҳукмлар «истисно» қилинди. Мана шу истиҳсон деганидир.

ИСТИҲСОННИНГ ШАРЪИЙ ҲУЖЖАТЛИГИ

Уламолар истиҳсон ҳақида икки йўналишга бўлинганлар.
Уламолар жумҳури: «Истиҳсон шаръий ҳужжатдир», дейдилар.
Шофеъийлар, шийъа ва зоҳирийлар: «Истиҳсон шариатда ҳужжат эмас», дейдилар. Имом Шофеъий: «Ким истиҳсонни ишлатса, шариат собит қилибди», деган. Яъни, янги шариатни бидъат тарзида ўз тарафидан жорий қилган бўлади, дегани.
Жумҳурнинг ҳужжатлари қуйидагича:
1. Истиҳсонни далил қилиб олишда қийинчиликни тарк қилиб осон тарафга юриш бор. Бу эса, дийннинг асосий мақсадларидан биридир. Аллоҳ таолонинг Ўзи марҳамат қилиб айтадики:
«Аллоҳ сизларга осонни ирода қилади ва қийинни ирода қилмайди» («Бақара» сураси, 185-оят).
Шу оят асосида, мўмин-мусулмонларни қийиндан осонга чиқариш учун, истиҳсон йўлга қўйилган.
2. Истиҳсоннинг собит бўлиши ҳамма иттифоқ қилган далилга суянган ҳолда юзага чиқади. Олдин ўрганганимиздек, истиҳсон оят, ҳадис, ижмоъ, зарурат, махфий қиёс, урф ёки маслаҳат билан собит бўлади. Мана шуларнинг ҳаммаси махфий қиёсни очиқ-ойдин қиёсдан устун қўйишга ва умумий ҳукмдан жузъийсини истисно тарийқасида ажратиб олишга олиб келади. Буларнинг ҳаммаси шариатда мақбул бўлган ишлардир.
Истиҳсонни инкор қилувчиларнинг далиллари:
Истиҳсон шариатда ҳужжат бўла олмайди, деган шофеъийлар, шийъа ва зоҳирийларнинг уламолари ўз фикрларини қўллаш учун учта далил келтирадилар.
Шариат ҳукмини чиқариш насс ва нассга қиёс қилишдан бошқа нарса билан жоиз эмас. Чунки, насс(матн) – Қуръон ва суннат, ҳамда қиёсдан бошқа нарса ила ҳукм чиқариш шариат ҳукмини ҳавойи нафс билан чиқаришга тенг бўлади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Расулуллоҳ алайҳиссаломга хитобан бундай деб марҳамат қилади: «Сен уларнинг орасида Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм қил ва уларнинг ҳавойи нафсига эргашма» («Моида» сураси, 48-оят).
Шу оятга биноан, истиҳсон шариатда ҳужжат бўла олмайди.
2. Истиҳсон ақл билан бўлади, унинг асоси ақлдан иборатдир. Олим ҳам, жоҳил ҳам ақлини ишлатиб гапиради. Бунда ҳар бир инсон ўзига шариат яратиб олиш хавфи туғилиб қолади.
3. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳеч қачон истиҳсон билан фатво бермаганлар, балки ваҳий тушишини интизор бўлиб кутиб турганлар.
Мулоҳаза қилинса, истиҳсонни инкор қилувчилар келтирган далиллар фақат шариатни ҳавойи нафсга мувофиқ қилишни инкор этишдан иборат. Бунга ҳамма қўшилади. Жумладан, истиҳсонни жоиз деганлар ҳам бу гапни айтади. Ҳавойи нафс билан шариат ҳукмини жорий қилиб бўлмайди. Ҳавойи нафсига нима келса, шуни шариат дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Истиҳсонни жоиз деганлар икки далилдан кучлироғини танлаш йўлини тутганлар. Улар далилсиз иш қилаётгани йўқ. Шунинг учун, бундай хилоф қилишга ўрин йўқ. Қайси уламони кўрсангиз, истиҳсонни олган, бири торроқ олади, бири кенгроқ, лекин барибир олади.
Албатта, ҳақийқатни оладиган бўлсак, истиҳсон мустақил бир шаръий масдар эмас. Бошқа масдарларга суянган ҳолда ишлайди, унда кўпроқ қиёсга ва маслаҳатга(манфаатга) қараб иш тутилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу бобда урфнинг таърифи, у билан ижмоъ ўртасидаги фарқ, урфнинг турлари, унинг ҳужжат экани ва татбиқ қилиш ҳолатлари ўрганилади..Урф, одамлар ўрганиб қолган, яъни давоми...

4921 22:03 / 18.04.2017
Аллоҳ таоло одамларни беҳуда яратгани йўқ, уларни бепарво ўз ҳолига ташлаб қўйгани ҳам йўқ. Балки Ўзи яратган оламда Ўзи яратган одамга икки дунё саодат йўлини давоми...

4070 16:54 / 18.04.2017
.Маслаҳат, араб тилидаги сўз бўлиб луғатда .манфаат,, .фойда,, .наф, маъноларини англатади ва ҳар бир нарсанинг солиҳ, яъни тўғри бўлиши маъносини билдиради. Бизда давоми...

4850 22:04 / 18.04.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у зотнинг саҳобалари Қуръони Каримда ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам давоми...

4397 22:07 / 18.04.2017
Аудиолар

118750 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40709 14:35 / 11.08.2021