123 11.08.2017

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менинг ва Аллоҳ мени унга юборган нарсанинг мисоли, ўз қавмига келиб: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деган одамга ўхшайди. Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қилдилар. Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар. Улардан бир тоифаси эса ишонмадилар. Ўз жойларида қолдилар. Бас, аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг-туглари билан қириб юборди. Ана ўша менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадис Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вазифаларини кишиларга улар тушунадиган жонли мисол билан васф қилиб бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

 «Албатта, менинг ва Аллоҳ мени унга юборган нарсанинг мисоли» деганлари «Менинг ва умматимнинг мисоли», деганидир. Бу ерда маъно араб тили балоғат қоидалари тақозоси ила мазкур иборалар билан ифода этилган. 

«Ўз қавмига келиб: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деган одамга ўхшайди». 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мисол билан ўзларини қавмини бостириб келаётган душмандан огоҳлантириш учун, у келадиган томонга чиқиб, навбатда турган огоҳлантирувчига, умматларини эса ўша огоҳлантирувчининг қавмига ўхшатмоқдалар.

Душманнинг тўсатдан бостириб келишидан чўчиган қабилалар яшаш жойларидан ташқарига навбатчи огоҳлантирувчилар қўяр эканлар. Огоҳлантирувчи киши душман келиши билан кийимини ечиб, қавмига ишора сифатида силкита бошлар экан. Унинг огоҳлантиришидан сўнг қавм ўз тайёргарлигини кўрар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мен яланғоч огоҳлантирувчиман, деганлари ана шунга ишорат. Демак, ўша огоҳлантирувчи ўз қавмини бостириб келаётган хавф-хатардан огоҳлантирганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини охират ва дўзахнинг бостириб келаётган азобидан огоҳлантирадилар. Ўша огоҳлантирувчи: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй қавмим, менга Аллоҳнинг Ўзидан ваҳий келди. Охират ва дўзах азоби оғирдир. Мен ҳақ Пайғамбарман! иймон келтиринг! Нажот изланг!», демоқдалар.

«Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қилдилар».

Яъни мазкур огоҳлантирувчининг қавмидан бир тоифаси унинг душман бостириб келаётгани ҳақидаги огоҳлантиришини эшитганларидан кейин унга итоат қилдилар. 

«Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар».

Яъни огоҳлантиришни эшитишлари билан дарҳол душмандан эҳтиёт бўлиб, вақт борида жўнаб кетдилар. Шу билан нажот топдилар.

«Улардан бир тоифаси эса ишонмадилар». 

Ҳалиги қавмнинг қолган бир тоифаси огоҳлантирувчини ёлғончи қилиб, унинг хабарига ишонмадилар. Душман бостириб келаётгани йўқ, деб ўйладилар. Шунинг учун жўнаб кетмай,

«Ўз жойларида қолдилар». 

Бемалол юриб, кеч кирганда ғафлат уйқусига кетдилар.

«Бас, аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг-туглари билан қириб юборди». 

Огоҳлантирувчига ишонмаганлар битта ҳам қолмай, ҳалокатга учрадилар.

«Ана ўша, менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир».

Яънименга иймон келтирган, айтганларимга итоат қилиб, мен олиб келган динга эргашган одам мазкур огоҳлантирувчига итоат қилган тоифага ўхшаб нажот топади. Менга куфр келтириб, осий бўлган, мен келтирган ҳақ динни ёлғонга чиқарган кимса эса мазкур огоҳлантирувчига ишонмай ва келаётган аскардан қўрқмай, бепарво бўлган кимсаларга ўхшаб, ҳалокатга учрайди. Яқинлашиб келаётган қиёмат куни хавф-хатаридан огоҳлантирувчи бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш билан бўлади. Бу дунёда ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг огоҳлантирувчи пайғамбар эканликларига ишонса ҳамда Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаб, уларга амал қилиш ила у зотга итоат этса, мазкур огоҳлантирувчига итоат этган тоифага ўхшаб нажот топади, охират ва дўзах азобидан қутулиб қолади.

Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига ишонмаса, у зотга итоат қилиб, Қуръон ва Суннатни маҳкам ушламаса, мазкур огоҳлантирувчига ишонмай, ғафлат уйқусида ётган тоифага ўхшаб ҳалок бўлади, битта ҳам қолмай йўқ бўлади.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бирор нарсани одамларга яхшироқ тушунтириш мақсадида ҳаётдаги ҳолатлардан мисол келтириш.

2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари огоҳлантириш экани.

3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишониб, у зотга итоат қилганларнинг албатта нажот топиши.

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонмай, у зотга осий бўлганларнинг албатта ҳалок бўлиши.

5. Қиёматни бостириб келаётган душман аскаридек яқин ва хавфли деб ҳис этиш лозимлиги. 

Бугунги кунимизнинг кўпгина мушкулотларига ушбу ҳадиси шариф руҳидан узоқлашиб кетганимиз сабабчи эканини тушунмоғимиз лозим. Агар муҳлатимиз борида, ўз тадорикимизни кўриб, ғафлат уйқусидан уйғонмасак, ҳолимиз чатоқ бўлишини англаб олишимиз керак.