1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Балодан ҳазар

10:13 / 17.10.2017 4016 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ер юзида Ўзига халифа қилиб Одам алайҳиссаломни яратди. Унинг наслидан тарқаган зурриётларга икки йўлдан бирини танлаш ихтиёрини берди. Бу икки йўлнинг оқибати қандай бўлишини ҳам бандаларга билдирди. Бу йўлларнинг бири – ҳидоят, иккинчиси эса – залолат.

Банда хоҳласа ҳидоят йўлига юрсин. Бу йўлга кирган инсон ҳаётда ҳам бахтли-саодатли, обрў-эътиборли бўлади. Қилган барча амали ўзига, оиласига ва бутун кишилик жамиятига фойда етказади. Эл юрт олдида, Ватан олдида, виждони олдида ва яратган Холиқ таоло ҳузурида юзи ёруғ, ўзи ҳурмат ва эъзозда бўлади.

Бундай инсонларни Аллоҳ таоло: “Ана ўшалар барийёт(махлуқот)нинг яхшиларидурлар”, – деб таърифлайди. (Баййина, 7)

Абу Баракот ан Насафийнинг “мадорикут-танзил” тафсирларида баён қилинишича, ушбу оят имон келтириб, солиҳ амаллар қилган бандалар бутун махлуқотдан, бинобарин, фаришталардан ҳам юқори даражада бўлишига далил деганлар.

Улар охиратда абадий роҳатда бўлгайлар. Банда хоҳласа шу йўлни танласин, хоҳласа иккинчи йўлни...

Аммо у йўл бандани дунёда ҳам хор зор қилиб, эл-юрт, жамият олдида шарманда қилади, охиратда азобда бўлади. Улар ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “Улар (тилсиз) ҳайвонлар кабидурлар. Балки, улардан ҳам адашганроқдурлар” (Аъроф,179)

Ундай кимсалар ҳақиқатдан ҳайвонлар ҳам қилмаган қабиҳ ва тубан ишларни қилиб, оиласига, наслу насабига ва бутун жамиятга хиёнат этгайлар.

Муқаддас динимизда инсоннинг икки дунё бахту саодатига етишиши кўрсатмалари билан бирга ғайриинсоний одатлардан ва уларнинг оқибатидан огоҳлантиришлар ҳам мавжуд. Мазкур кўрсатмалар башариятнинг ҳам моддий, ҳам маънавий тараққиёти омилидур. Кимки ушбу йўлнинг хилофида бўлса, уларнинг жирканч разолатларига исломий йўлдан бошқа муолажа йўқлиги бугунги кунда ўз исботини топиб турибди.

Ана шундай иллатларнинг бири – ливота (бесоқолбозлик) деб номланади.

Муқадас динимиз кўрсатмаларида башариятнинг беш жиҳатини муҳофаза қилиш таъкидланади. Булар:

  • Инсон динини муҳофаза қилиш.
  • Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
  • Инсон наслини муҳофаза қилиш.
  • Инсон соғлигини муҳофаза қилиш.
  • Инсон молини муҳофаза қилиш.

Инчунун, инсон наслини муҳофаза қилишга ҳам алоҳида эътибор берилганлигидан, эр-хотин ўртасидаги наслга сабаб бўлгувчи алоқалар ҳақида илоҳий фармон – Қуръони Карим оятлари ҳам нозил бўлган, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча кўрсатмалар берганлар, уламоларимиз китоблар таълиф қилганлар.

Уларда, жумладан, жинсий алоқа одоблари ҳақида алоҳида баён қилинган. Ўша тавсияларга кўра, хотиннинг орқасига алоқа қилиш, ҳайз пайтида жинсий яқинлик қилиш қаттиқ гуноҳ саналади.

Али ибн Толқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хотинининг орқасидан яқинлик қилса, малъундур”, – деганлар (сунан эгалари ривоят қилишган).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Эркак ёки аёлнинг орқасига яқинлик қилган кишига Аллоҳ назар қилмас”, – деганлар (Термизий ва Аҳмад ривоятлари).

Бизлар, аввало, шундай маънавий покиза тузумга эга бўлган мамлакат фуқароси эканлигимиздан ҳар қанча фахрланиб, шукр қилсак камлик қилади. Зеро, бизлар номини ҳам такрорлашдан ор қиладиган иллат қатор давлатларда “инсон ҳуқуқлари" (!) сифатида ҳимояланиб, унга кенг йўл очилиб турган бир даврда, Худога шукрки, Республикамиз қонунларида бу манфур иллатнинг ман этилиши кўрсатилган. Ҳолбуки, у инсоний амал эмаски, “инсон ҳуқуқлари” жумласига кирса.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 

120-модда. Бесоқолбозлик

         Бесоқолбозлик, яъни эркакнинг эркак билан зўрлик ишлатмасдан жинсий эҳтиёжини қондириши - уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

У иллат инсоният наслу-насаби кесилишининг омили. Бедаво ОИТС касали тарқалишининг сабаби. Аллоҳнинг ғазабига дучор қилгувчи ва оммавий балога гирифтор айлагувчи гуноҳ. Бунга тарих гувоҳ.

Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасида баён қилади. “Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: “Сиздан олдинги одамлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?! Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!” – деганини эсла... Ва биз уларнинг устидан “ёмғир” ёғдирдик. Жинояткорларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол. (80-84-оятлардан)

Уларнинг кўзлари кўр қилинди. Улар бузғунчилик қилган Садум диёри чаппа айлантириб қўйилди. Юрт бутун аҳолиси ва бор-йўғи билан ер остида қолдилар. Аммо бунчалик нобакорларга бу ҳам кам эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг устидан тош селини ёғдириб, ҳаммаларини ҳалок қилди.  Уларнинг ҳатто излари ҳам қолмади.

Бошқа қавмларнинг ҳалок бўлган мурдалари шундоққина ер юзида ибрат бўлиб қолган бўлса, буларнинг жирканч мурдаларини Аллоҳ таоло ер юзида қолишини ҳам хоҳламади. Балки Жаброил алайҳиссаломга амр қилдики, қаноти билан ўша разолат содир бўлган юртни ағдариб қўйди. Бу нозик ҳодисага тадаббур қилмоқ керак.

Мазкур диёр ҳозирда Ўлик денгиз деб аталади.

Шунингдек, Помпей шаҳри аҳолиси ҳам тоғ парчалари остида ҳалок бўлган. Шаҳар қолдиқларини ўрганган антропролог олимларнинг таҳлилларига кўра, помпейликлар ҳам  Лут алайҳиссалом қавми қилган гуноҳ билан шуғулланган экан. Скелетларнинг тадқиқ қилинишига кўра, бало шунчалик тез ва дафъатан келганки, улар ўша амалга машғул ҳолатларида, ҳатто балонинг бошланишидаги саросимага ҳам улгурмаганлар. Балки охирги нафасларида қандай кайфу-сафо ва ўйин-кулгу кайфиятларида бўлса, ўша кайфият юзларида ўзгармай қолиб кетган. (Худо ўзи сақласин!)

Илоҳо, Аллоҳ таоло халқимизни маънавий покликда бардавом айласин. Мусулмон зурриётларини турли ғайриинсоний иллат, балки ҳайвонлар ҳам ор қилувчи худбинликлардан ҳамиша сақласин! Омин.


Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туман бош имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ўрнашгач, Бани Нажжор қабиласи Зайд ибн Собитни олиб келди. Ўшанда Зайднинг ёши ўн олтидан ўтмаган эди. Улар Эй давоми...

3154 11:51 / 09 январь
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Одамлар қачон меванинг аввалини кўрсалар, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келар эдилар. У зот уни олиб давоми...

4381 15:44 / 24.03.2018
.Қатар таълим, фан ва жамиятни ривожлантириш жамғармаси, ҚФ аъзоси Ҳамад Бин Халифа университети ҲБКУ 2010 йилда ҚФнинг инсон потенциалини очишга қаратилган давоми...

688 15:41 / 06.06.2023
Мусулмон инсон кийиниш маданияти бўйича қуйидагиларга амал қилади.1. Либос учун ишлатилган мато ипак мато каби, шариатда ҳаром қилинган бўлмаса, ҳалолдир.2. Шаръий давоми...

5898 02:53 / 21.04.2017
Аудиолар

118770 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40726 14:35 / 11.08.2021