204 19.10.2017

Аҳду паймонингизни олганимизни ва: «Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва қулоқ солинг», – дея устингизга Турни кўтарганимизни эсланг. Улар: «Эшитдик  лекин осий бўлдик», – дедилар. Куфрлари сабабли қалбларига бузоқ сингдирилди. Айт: «Агар мўмин бўлсангиз, сизнинг «иймон»ингиз қандай ҳам ёмон нарсага буюради!»  Бақара 93.

Бану Исроилнинг хиёнаткорлиги, алдамчилиги ва бошқа кирдикорларини назарда тутган ҳолда Аллоҳ таоло улардан таъкидланган, ҳужжатлаштирилган аҳду паймон олган ва устиларига Тур тоғини кўтариб туриб:

«Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва қулоқ солинг», – деб айтган эди. Иймони бор халққа шунинг ўзи етарли бўлиши керак эди. Аммо Бану Исроил нима қилди?!

«Улар: «Эшитдик  лекин осий бўлдик», – дедилар».

Яъни улар тилда «Эшитдик», – дейишди, аммо амаллари билан «Исён қилдик», – дейишди. Яъни тил бошқа, амал бошқа бўлди.

Уларнинг бузоқни худо тутишлари ҳам ўзларининг истакларидан бўлмай, балки куфрлари сабабли қалбларига Аллоҳ томонидан бузоқ ўрнаштирилганидандир. Ҳа,

«Куфрлари сабабли қалбларига бузоқ сингдирилди».

Ушбу ҳолатларни баён қилгач, Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга:

«Агар мўмин бўлсангиз, сизнинг «иймон»ингиз қандай ҳам ёмон нарсага буюради!» деб айтишни ўргатади.

Дарҳақиқат, иймон ҳақиқий бўлса, унда иймон соҳибидан ҳеч қачон ёмон амал содир бўлмайди. Доимо яхшилик содир бўлади. Бану Исроилнинг «иймони» эса Аллоҳни қўйиб, бузоққа ибодат этишга буюрди. Яҳудийларнинг даъволари ўринсиз эканини Аллоҳ таоло кейинги оятда яна бир ҳужжат билан исботлайди.