158 17.10.2017

Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг», – дейилса, «Бизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз», – дерлар ва ундан кейинги нарсага куфр келтирарлар. Ҳолбуки, у улардаги нарсани тасдиқловчи ҳақдир. Айт: «Агар мўмин бўлсангиз, у ҳолда нима учун илгари Аллоҳнинг набийларини қатл қилдингиз?!» Бақара 91. 

Бану Исроил кибрга ботган қавмдир, у ўзидан бошқани кўрмайди, тан олмайди. Шунинг учун иймон ҳам келтирмайди. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло уларнинг бир нозик жойларини фош этади:

«Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг», – дейилса, «Бизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз», – дерлар ва ундан кейинги нарсага куфр келтирарлар».

Яъни агар яҳудийларга: «Аллоҳ нозил қилган нарса – Қуръонга иймон келтиринг», – дейилса, улар: «Бизга нозил қилинган нарсага – Тавротга иймон келтирамиз», – дейишади.

Шу жойда Қуръони Карим яҳудийларнинг одатларидан бири – сўз ўйини қилишларини ажойиб услуб билан кўрсатмоқда. Улар

«Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг», деган амрга очиқ-ойдин «Биз унга иймон келтирмаймиз», деб жавоб беришгани йўқ, балки сўз ўйини қилиб:

«Бизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз», деб, ўзларига иймон келтирганлик нисбатини бермоқдалар. Шу вақтнинг ўзида улар

«ундан кейинги нарсага куфр келтирарлар».

Яъни Тавротдан кейин келган Қуръони Каримга куфр келтиришади. Хўш, уларнинг бу ишларини иймон келтириш деса бўладими? Албатта, ундай деб бўлмайди.

«Ҳолбуки, у улардаги нарсани тасдиқловчи ҳақдир».

Яъни Қуръони Карим улардаги Тавротни тасдиқловчи ҳақдир.

Шу жойда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга уларни шарманда қилувчи саволни ўргатади:

«Айт: «Агар мўмин бўлсангиз, у ҳолда нима учун илгари Аллоҳнинг набийларини қатл қилдингиз?!»

Яъни «Улар «Ўзимизга туширилган нарсага иймон келтирамиз», – деб айтишаётган бўлса, унда сўрагин-чи, нима учун аввалги пайғамбарларни ўлдиришди экан», – дейди. Ахир ўзларига келган пайғамбарларни ўлдирган одамлар қандай қилиб Аллоҳ ўзларига нозил қилган нарсага иймон келтирган бўлишади?!