1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 85-оят

08:40 / 08.10.2017 3485 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейин эса сиз шундайсизки, ўзингиз ўзингизни ўлдирасиз ва бир гуруҳингизни диёридан чиқарасиз ҳамда уларга қарши гуноҳ ва душманлик йўлида ёрдам берасиз. Агар асир бўлсалар, товон тўлаб, қутқариб оласиз. Ҳолбуки, уларни чиқариш сизга ҳаром қилинган эди. Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?! Сизлардан бундай қилганларнинг жазоси дунёда фақат шармандаликдир, Қиёмат кунида эса энг шиддатли азобга қайтарилурлар. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир. Бақара 85.

Мадинаи Мунаввара араблари, аввал айтиб ўтганимиздек, икки қабилага – Авс ва Хазраж қабилаларига бўлинган эди. Улар ширк аҳли бўлиб, жаҳолатда эдилар ва жоҳилият аҳли сифатида тез-тез бир-бирлари билан урушиб турар эдилар. Мадинаи Мунаввара яҳудийлари эса уч қабила бўлиб, Бану Қайниқоъ қабиласи арабларнинг Хазраж қабиласи билан дўст эди. Бану Назир ва Бану Қурайза эса Авс қабиласи билан дўст эди. Агар араблар бир-бирлари билан урушиб қолсалар, ораларидаги дўстлик келишувига биноан, яҳудийлар ҳам ҳар қайсиси ўзи дўст бўлган қабила тарафида туриб, урушга чиқар эдилар. Натижада яҳудийлар бир-бирларини ўлдирар, диёрларидан ҳайдаб чиқариш ҳоллари юз берар эди. Булар эса оятда таъкидланган аҳду паймонни бузишдир. У аҳду паймон Тавротда ёзилган, яҳудийлар уни ўқиб туришади, ҳукмини билишади. Арабларнинг жоҳилият аҳли эканликлари, самовий китобдан, илоҳий кўрсатмадан умуман бехабар эканликлари бўлаётган урушларда улар учун узрдир. Аммо самовий китоб эгаси, Мусо алайҳиссаломдек улуғ пайғамбарнинг уммати бўла туриб, яҳудийларнинг бир-бирларини ўлдиришга ва диёрларидан чиқаришга қандай узрлари бўлиши мумкин? Ахир улар доимо аҳли китоб эканликлари билан мақтаниб юрадилар-ку? Шунинг учун ҳам улар агар Тавротга мувофиқ бирор иш қилсалар, дарров фахрланишга ўтадилар. Жумладан, мазкур урушлар тўхтаб қолганда, яҳудий асирларни товон тўлаб, озод қилиб олар эканлар. Аҳволни тушунган баъзи одамлар:

«Кечагина булар билан урушиб турган эдингиз, бугун нимага товон тўлаб, асирликдан озод қилиб оляпсиз?» – деб сўраса, улар:

«Тавротда «Бану Исроилдан қўлга тушганини кўрсанг, албатта олиб, озод қил», деб айтилган, шунга амал қилдик», – дейишар экан. Аслида эса Тавротда ўша қўлга тушганни диёрдан чиқариш, унга қарши урушиш ҳам ҳаром қилинган. Лекин улар бу тўғрида оғиз очмас эканлар.

Шунинг учун ҳам оятда:

«Агар асир бўлсалар, товон тўлаб, қутқариб оласиз. Ҳолбуки, уларни чиқариш сизга ҳаром қилинган эди», –дейилди.

Уларнинг бу иши Тавротнинг баъзи жойига иймон келтириб, баъзи жойига куфр келтиришдан бошқа нарса эмас.

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан хабардордир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бақара 177. Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик ndash Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, давоми...

3176 22:39 / 31.05.2017
Ўзи хоҳлаган кишисига ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилса, дарҳақиқат, унга кўп яхшилик берилибдир. Фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар. Бақара 269.Ҳикмат билан давоми...

3993 09:35 / 02.05.2018
Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топибдилар. Ва агар юз ўгирсалар, демак, улар фақатгина ашаддий мухолифликдадирлар. Аллоҳ давоми...

3403 07:10 / 04.12.2017
Билмайдиган кимсалар .Аллоҳ бизга гапирса эди ёки бирор мўъжиза келса эди,, ndash дейишди. Худди шу каби, улардан олдингилар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтган давоми...

3111 19:15 / 15.11.2017
Аудиолар

120343 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41978 14:35 / 11.08.2021