1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 178-оят

08:35 / 16.01.2018 4607 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бирор нарса афв қилинса, бас, маъруф ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин. Бу Роббларингиздан енгиллик ва раҳматдир. Мана шундан кейин ким тажовузкорлик қилса, унга аламли азоб бордир. Бақара 178. 

 Аллоҳ таоло мўмин бандаларига улар эшитсалар, суюнадиган сифатларини айтиб,

«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда. Мўмин ўзининг иймонлилик сифатини бевосита Аллоҳдан тинглаётгани унга бир жиҳатдан қанот бахш этса, иккинчи жиҳатдан, «Модомики, Аллоҳ иймонлиларга алоҳида мурожаат этяптими, демак, кетидан муҳим бир ҳукм тушиши мумкин», дея ихлос ва зийраклик ила сергак тортади. Бу оятда ўшандай ҳукмлардан бири келган:

«Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди...»

Араб тилида «қасос» сўзи бировнинг қилган ишига ўхшаш иш қилишга нисбатан ишлатилади. Хусусан, «биров юриб ўтган йўлдан изма-из юриш» маъносини англатади. Қасддан одам ўлдирганни ҳам, ўзи қандай қилиб ўлдирган бўлса, шундай қилиб ўлдирилади.

Қасос олиш Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам бўлган, аммо уларда бу иш адолатсиз равишда, тарафкашлик руҳида бўлган. Мисол учун, «Улар биздан бир кишини ўлдирса, биз улардан ўнтасини ўлдириб, қасос оламиз», «Улар бизнинг қулимизни ўлдирибди, биз улардан ҳур кишини ўлдириб, қасос оламиз», «Улар биздан аёл кишини ўлдирибди, биз улардан эркак кишини ўлдириб, ўч оламиз» қабилида эди. Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қасос олишда адолат бўлишини, ҳаддан ошмасликни уқдириб:

«ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл», – деб тушунтирмоқда.

Лекин, ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун албатта ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай, қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳаққини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳаққини яхшилик билан адо этиши зарур:

«Кимга ўз биродаридан бирор нарса афв қилинса, бас, маъруф ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин».

Модомики, ўликнинг эгалари мардлик қилиб, жиноятчи қотилни афв этиб, уни ўлдиришни талаб қилмадиларми, охиригача мард бўлиб, хун пулини ҳам уруш-жанжалсиз, яхшиликча, розилик ва мулойимлик билан сўрасинлар. Жиноятчи ёки унинг одамлари ҳам нариги тарафга етган мусибат, жудолик ва қалб жароҳатини унутмай, уларнинг кўнгилларига таскин бериб, ғирромлик қилмай, кечга сурмай, хунни яхшилик билан адо этсинлар.

Ислом ҳар бир нарса яхшилик билан бўлишини қарор топтиради.

«Бу Роббларингиздан енгиллик ва раҳматдир».

Қасос ўрнига хун пули олишни жорий қилиш ҳам Парвардигори Олам томонидан берилган енгиллик ва раҳмлилик эканини унутмаслик керак.

«Мана шундан кейин ким тажовузкорлик қилса, унга аламли азоб бордир».

Шунинг учун душманлик қилмасдан, шариат чегарасида юриш лозим.

Эй иймон келтирганлар!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва .Аллоҳ фарзанд тутди,, ndash дедилар. У Зот покдир. Балки осмонлару ердаги барча нарсалар Уникидир. Ҳамма Унга бўйсунувчидир. Бақара 116.

3440 09:20 / 13.11.2017
Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир. Бақара 202. Яъни Роббларидан икки дунёнинг яхшилигини ва дўзах оловининг азобидан давоми...

5854 08:05 / 09.02.2018
Рибони ейдиганлар қабрларидан фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг .Тижорат ҳам рибога ўхшашда,, ndash деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ давоми...

9339 15:47 / 26.05.2018
Қадр кечасининг фазилатиУ кеча ёмонлик ва озор беришдан холи бўлган бир кечадир. Аллоҳ таоло бу ҳақдаquotУ кеча то тонг отгунча тинчликомонликдирquot, деб айтган. Қадр сураси, 5оят.

3750 18:06 / 21.06.2017