107 03.01.2018

Ва эргашганлар: «Қани энди бизга бир ортга қайтиш бўлса эди, биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонар эдик», – дерлар. Аллоҳ уларга амалларининг ўзларига ҳасрат бўлганини ана шундай қилиб кўрсатур. Ва улар оловдан чиқувчи эмаслар. Бақара 167. 

Қиёматдан бир кўриниш: ҳамма ўзи билан овора, биров билан бировнинг иши йўқ. Пешволар, бошлиқлар, бу дунёда бошқаларни ўз ортидан эргаштириб юрганлар ўзларига эргашганлардан тонадилар. Ҳа,

«У пайтда эргашилганлар азобни кўриб, эргашганлардан тонарлар...»

Чунки ўзининг иши чатоқ бўлиб турганда, бошқанинг ташвиши ортиқча бўлади уларга.

«…ва сабаблар ҳам улардан кесилар».

Азобни кўргач, уларнинг ораларидаги барча боғланишлар, алоқалар, яқинликлар кесилади. Ёруғ дунёда Аллоҳга эмас, бошлиқларига муҳаббат қўйиб, уларга эргашиб, уларнинг айтганларинигина қилганлар ҳам у пайтда итоаткорликни, пешволаридан қўрқишни йиғиштириб қўйиб:

«Қани энди бизга бир ортга қайтиш бўлса эди, биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонар эдик», – дерлар».

Яъни «Қани энди, у дунёга яна бир боргина қайтсак, пешволаримиз биздан ҳозир тонганларидек, биз ҳам улардан тонар эдик», – дейдилар. Лекин бунинг иложи йўқ.

«Аллоҳ уларга амалларининг ўзларига ҳасрат бўлганини ана шундай қилиб кўрсатур».

Яъни Аллоҳ таоло уларга Ўзига хос ажойиб услуб билан ўзларининг қилган ишлари ўзларига ҳасрат бўлиб қайтганини кўрсатади.

«Ва улар оловдан чиқувчи эмаслар».

Улар энди дўзах оташида абадий қолажаклар.