1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 156-оят

08:50 / 23.12.2017 9857 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир. Бақара 156. 

Катта масъулият қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Инсон қийинчиликларда, синовларда тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан баъзилари саналгандир.

«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз».

«Хавф» деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир. Шунингдек, «Мол-мулкка ўғри уриши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб; жонга турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб; меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш ила синаб кўрамиз», – дейди Аллоҳ таоло. Бошига шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кўрсатма бермоқда:

«Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир».

Демак, мусулмон киши мусибат етганда сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:

«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтиш қисқача «истиржоъ» дейилади. Эътибор қилинса, истиржоъда улкан маъно ётибди.

«Албатта, биз Аллоҳникимиз…» яъни «Барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани қачон қандай тасарруф қилишни Ўзи билади».

«…ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни «Эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам». Шу боис, истиржоъга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Умму Салама онамиз дейдиларки:

«Бир куни Абу Салама Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларидан келди-да:

«Набий алайҳиссаломдан бир гап эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, у киши:

«Мусулмонлардан бирига мусибат етганда истиржоъ айтса ва сўнгра «Аллоҳумма ажирни фий мусибати вахлуф ли хойромминҳа (Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин)» деса, айтгани бўлади», – дедилар», – деб айтди.

Мен буларни ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида, истиржоъ айтдим ва ҳалиги дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча «Менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда», – дедим.

Иддам чиққанидан сўнг Расулуллоҳ келиб, киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У кишига ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг менга уйланмоқчи эканларини айтдилар. У киши гапларини тугатгач, мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», – дедим. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрисида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», – дедилар... Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳни берди».

Имом Термизий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳ таоло:

– Эй ўлим фариштаси, сен бандам фарзандининг, кўзи қорачиғининг, қалби самарасининг жонини олдингми? – дейди. Фаришта:

– Ҳа, – дейди. Аллоҳ:

– У нима деди? – деб сўрайди. Фаришта:

– Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди, – дейди. Шунда Аллоҳ таоло:

– Жаннатда унга бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи» деб номланглар, – дейди», – деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом:

«Бирортангизнинг оёқ кийимининг ипи узилса ҳам истиржоъ айтсин», – дейдилар.

  Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак: кўзининг қорачиғи, жигарбанди, боласи ўлганда ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам. Мусибат етгандан кейин дарҳол истиржоъ айтиб, сабр қилиш, «Ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади» деган эътиқодни маҳкам тутиш керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уларга .Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг,, ndash дейилса, .Бизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз,, ndash дерлар ва ундан кейинги нарсага куфр давоми...

3235 08:55 / 17.10.2017
Билмайдиган кимсалар .Аллоҳ бизга гапирса эди ёки бирор мўъжиза келса эди,, ndash дейишди. Худди шу каби, улардан олдингилар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтган давоми...

3066 19:15 / 15.11.2017
Улар Роббларига албатта рўбарў бўлувчи ва албатта Унга қайтиб борувчи эканларига ишонганлардир. Бақара 46. Ушбу ишонч, яъни бир кун келиб, Яратганга рўбарў бўлишга, давоми...

3272 10:05 / 26.08.2017
Агар хавфда қолсангиз, пиёда ва уловда ҳолингизда. Омонликда бўлганингизда Аллоҳни У Зот сизга билмаган нарсангизни ўргатганидек зикр қилинг. Бақара 239. Намоз давоми...

2845 10:30 / 20.03.2018
Аудиолар

118718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40686 14:35 / 11.08.2021