109 11.01.2018

Эй иймон келтирганлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларидан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсаларингиз. Бақара 172. 

Аллоҳ мўмин бандаларига пок нарсаларни ризқ қилиб берганини ва улардан еб, лаззатланган бандалар ризқ берган Зотга – Аллоҳга шукр келтиришлари зарурлигини англатмоқда. Демак, нопок нарсалар ризқ эмас. Мўмин инсон Аллоҳнинг амрига биноан, доимо пок нарсани ейди. Бу илоҳий амр унинг фойдаси учундир. Пок озуқа ила озуқаланган инсон соғ-саломат бўлади. У пок нарсалардан озуқа олгани учун беморликлардан холи бўлади. Пок таом ила озуқаланиш имкони улкан неъматдир. Шунинг учун пок таомни яратган Зотга, пок таомнигина истеъмол қилишга амр этган Зотга шукр қилиш мўмин инсоннинг бурчидир.

Ояти кариманинг охиридаги

«...агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсаларингиз» жумласидан Аллоҳнинг амрига мувофиқ пок нарсалар ила таомланиш ва унинг шукрини қилиш ҳам ибодат эканини билиб оламиз.

Ўтган оятда ризқ қилиб берилган пок нарсалардан ейишга амр қилингандан сўнг, энди келадиган оятда мўмин инсон учун емоқ ҳаром қилинган нарсалар зикр этилади.