1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 125-оят

13:45 / 22.11.2017 3126 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эсла, вақтики, Байтни одамлар учун «масаба» ва омонлик жойи қилдик ва: «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг», (дедик). Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», – деб амр этдик. Бақара 125. 

Оятдаги «масаба» сўзи Қуръони Каримнинг мўъжизалигига, ҳамда араб тилининг қанчалик бой тил эканига далолат қилади. Тилимиздан бу сўзнинг айнан маъносини ифода этадиган сўзни топа олмай, унинг ўзини ёзиб қўйдик. «Масаба» «одамлар қайта-қайта келиб, тўймайдиган жой» деганидир. Каъбатуллоҳга неча бор келса ҳам, одам ҳар гал тўймай қолавериши, яна келгиси келаверишининг боиси ҳам шу ояти карима шарофати билан бўлса керак.

«Эсла, вақтики, Байтни одамлар учун «масаба» ва омонлик жойи қилдик».

Аллоҳ бу ерни омонлик юрти ҳам қилиб қўйган, ким бу ерга келса, омон бўлади. Ҳанафий мазҳаби уламолари: «Жиноятчи Байтуллоҳга кириб олса, уни тутиб, жазолаб бўлмайди», – дейишган.

Маълумки, араб мушриклари ҳам «Биз Иброҳим алайҳиссаломнинг набираларимиз», – деб фахрланишар эди. Хўш, улар бу муқаддас даргоҳнинг ҳурматини жойига қўйдиларми? Йўқ, улар Исломга қарши турдилар, мусулмонларни ҳайдаб чиқардилар, омонлик йўриғини оёқости қилиб, уларни хавф-хатар остига қўйдилар, кўпларини ўлдирдилар ёки ўлдирмоқчи бўлдилар.

«…ва: «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг», (дедик)».

Иброҳим алайҳиссаломнинг келинлари – Исмоил алайҳиссаломнинг хотинлари Байтуллоҳни қуришда иштирок эта туриб, у зотга бир тош узатган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом ўша тош устида туриб, Каъбатуллоҳни қурганлар. Шунда ўша тошга оёқ излари тушиб қолган. Шу тош ҳозирда ҳам бор. «Мақоми Иброҳим» ўша тош ва унинг атрофидир. Ривоятларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлганларидан сўнг ўша ерда намоз ўқиганлар. Аллоҳ таоло мусулмонларга ўша жойни намозгоҳ қилиб олишни буюрмоқда. Шунга биноан, тавофдан кейин ҳамиша ўша ерда икки ракъат намоз ўқилади.

Имом Муслим ибн Ҳажжож раҳматуллоҳи алайҳи Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом Ҳажарул Асвадни истилом қилиб, уч марта тез (паҳлавон юриш билан) ва тўрт марта оддий юриш билан тавоф қилдилар. Сўнгра мақоми Иброҳимга ўтиб, «Ваттахизуу миммақоми Иброҳима мусолла»ни ўқидилар ва у жойни ўзлари билан Каъбанинг орасида қолдириб, намоз ўқидилар».

Иброҳим алайҳиссаломнинг набирасиман, деяётган мушриклар Байтуллоҳга буту санамларини ўрнатиб, уларга чўқинар эдилар. Аллоҳ таоло эса:

«Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», – деб амр этдик», – демоқда.

Яъни «Байтуллоҳни атрофдан келиб тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик», – демоқда. Бу эслатма араб мушрикларининг бундай муқаддас Байтни маънавий нажас бўлмиш уч юз олтмишдан ортиқ бут билан, ширк ақийдаси билан ифлос қилганликлари нақадар ёмон иш эканини кўрсатади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир. Ва Аллоҳ Ўзи давоми...

3767 09:45 / 11.04.2018
67. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас..Ўзинг неъмат берганлар,дан мурод пайғамбарлар, сиддиқлар, давоми...

3141 23:51 / 22.03.2017
Ана ўшалар дунё ҳаётини охиратга сотиб олганлардир. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Бақара 86.Охиратни сотиб, дунёни олиш яҳудийларнинг давоми...

3984 01:29 / 12.10.2017
Ва улар .Жаннатга яҳудий ва насоро бўлганлардан бошқа ҳеч ким зинҳор кирмас,, ndash дедилар. Бу уларнинг хом хаёлларидир. .Агар ростгўй бўлсангиз, далилингизни давоми...

3482 08:40 / 08.11.2017
Аудиолар

118791 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40741 14:35 / 11.08.2021