1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара 177 оят

22:39 / 31.05.2017 3147 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

لَّيْسَ الْبِرَّ أَن تُوَلُّواْ وُجُوهَكُمْ قِبَلَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ وَلَكِنَّ الْبِرَّ مَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَالْمَلآئِكَةِ وَالْكِتَابِ وَالنَّبِيِّينَ وَآتَى الْمَالَ عَلَى حُبِّهِ ذَوِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَالسَّآئِلِينَ وَفِي الرِّقَابِ وَأَقَامَ الصَّلاةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَالْمُوفُونَ بِعَهْدِهِمْ إِذَا عَاهَدُواْ وَالصَّابِرِينَ فِي الْبَأْسَاء والضَّرَّاء وَحِينَ الْبَأْسِ أُولَئِكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ 

Бақара 177.  Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир.

Одатда одамлар яхшилик матлуб экани ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима экани ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун турувчи жиҳат белгилаши керак.

Ислом динида яхшилик – Аллоҳ яхши, деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган. Келинг, аввал ояти каримани батафсил ўрганайлик. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас», деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:

«Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир»,  демоқда.

Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:

1. Иймон.

«...Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтиган...»

Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиякунанда эканига, илоҳлигига иймон келтириш. Охират кунига, яъни қиёмат қўпишига иймон келтириш, фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш, китобга, яъни Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун нозил қилинган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш. Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қўймасдан, ҳаммасига иймон келтириш.

Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Чунки кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди, бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаса, яхшилиги ҳам тугайди.

2.  Мол-дунёсидан нафақа қилиш.

«...молини яхши кўра туриб, қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган...»

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш. Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

3.  Намоз ўқиш.

«...намозни тўкис адо этган...»

Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи – буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.

4.      Закот бериш.

«...закотни берган...»

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

5.  Аҳдига вафо қилиш.

«...аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар...»

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони Каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.

6. Сабр қилиш.

«...йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганлар...»

Инсон фақирлик, бечоралик пайтида, касаллик, беморлик вақтида, уруш, душманлар билан тўқнашув пайтида машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.

Сабрлилик ҳам иймонли мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳақда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар эканлар.

Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганлар:

«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир», деб таърифланмоқда.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан «Иймон нима?» – деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди. Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», – деб таърифламоқда.

Ҳа, ўшалар иймонида, Исломида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар ақийдасида, амалида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

Ўтган азизларимиздан Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб: «Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», – деганлар.

Ибн Касийр раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», – деганлар.

Бундан кейин келадиган ўттизта оятда гўёки юқоридаги «яхшилик» ояти шарҳ қилинади. Бу оятда мадҳ этилган тақводорларнинг сифатлари батафсил келтирилади. Тақво сўзи ва унинг муродифлари тез-тез такрорланиб туради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3. Жазомукофот кунининг эгасидир.Яъни .У қиёмат кунининг подшоҳидир,.Ушбу ояти каримада қиёмат куни Явмиддийн деб номланган. .Дин, сўзи араб тилида .ҳисоб,, .жазо,, давоми...

3249 18:05 / 20.03.2017
Ва илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта меҳрибондир, ўта раҳмлидир. Бақара 163. Ушбу оятда Ислом ақийдасининг бош масаласи ndash Аллоҳнинг ягоналиги давоми...

3307 08:20 / 30.12.2017
Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг давоми...

3115 07:25 / 04.02.2018
Эй иймон келтирганлар Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бирор нарса афв қилинса, бас, маъруф ила давоми...

4550 08:35 / 16.01.2018
Аудиолар

118758 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40717 14:35 / 11.08.2021