1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Бағйи

05:00 / 13.03.2017 2630 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилида «бағйи» зулм, ёмонлик каби нарсаларни умумлаштирувчи сўздир. Уламолар бу атаманинг луғатдаги маъноси ва истилоҳдаги таърифи ҳақида алоҳида баҳслар ҳам юритганлар.
Бағйи луғатда одамлардан ўзини юқори қўйиш ва уларни берҳурмат қилиш ҳамда уларга жабр ситам кўргазиш маъноларини билдиради. Инсонда бўлиши мумкин барча ёмонликлар ушбу уч нарсадан ташқарида бўлиши мумкин эмас.
Роғиб: Бағйи танланадиган нарсада ўртачаликдан оғишдир деган. Бу миқдорда ёки кайфиятда бўлиши мумкин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги уйларининг олдида ўтирган эдилар. Усмон ибн Мазъун ўтиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тишини кўрсатиб табассум қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўтирмайсанми?» дедилар.
«Хўп», деб ўтирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўпарасига ўтирдилар. Икковлари гаплашиб турганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирдан осмонга қарадилар ва:
«Ҳузуримга ҳозир Аллоҳнинг элчиси келди. Сен ўтирганингда», дедилар.
«У сизга нима айтди?» деди.
«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда бағйидан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз», дедилар».
Усмон айтди: Ўшанда иймон қалбимда қарор топди ва Муҳаммадга муҳаббат қўйдим
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф бир вақтнинг ўзида Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлиши қиссаси ҳамдир. У киши дастлабки мусулмонлардан бўлиб, ўн уч кишидан кейин Исломга кирганлар.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу ўғли Соиб билан бирга Ҳабашага биринчи ҳижрат қилганлар ичида бор эдилар.
Бир куни Маккада мушриклар ва мусулмонлар тўпланиб турган жойда «Ван Нажми» сурасини қироат қилиб, сажда оятига келиб сажда қилганларида ҳамма у кишига қўшилиб сажда қилган. Мушриклар ҳам Қуръон таъсиридан ўзларини билмай қолиб, сажда қилиб юборганларини сезмай қолганлар. Фақат, Валид ибн ал-Муғийра номли чол кафтига тупроқ олиб туриб, ўшанга пешонасини тегизиб сажда қилган.
Бу хабар ҳамма тамонга тарқалган. Ҳатто мушрикларнинг зулмидан қочиб Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетган Усмон ибн Мазъун бошлиқ муҳожир мусулмонларга ҳам етиб борган. Улар аҳли Макка мусулмон бўлибди, уларнинг катталаридан бўлган Валид ибн ал-Муғмйра ҳам сажда қилибди, деб эшитишган. Шунинг учун ҳам тезлаб Маккага қайтиб келганлар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмон ибн Мазъун бутунлай тарки дунё қилмоқчи бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни наҳий қилдилар. Агар унга бу ишда рухсат берганларида, биз, албатта, ўзимизни бичиб ташлар эдик».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош биродарлари бўлганлигини аввал ҳам бир неча бор айтиб ўтганмиз.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуда ибодатга ажраб чиқиш майли жуда ҳам кучли бўлган.
Ушбу ҳадисдаги «бутунлай тарки дунё қилиш» маъноси уйланишни ҳам тарк қилиш маъносини ўз ичига олгандир.
Шунинг учун ҳам, ровий, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:
«Агар унга бу ишда рухсат берганларида, биз, албатта, ўзимизни бичиб ташлар эдик», демоқдалар.
Исломда бу иш жоиз бўлмагани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуга рухсат бермаганлар. Уйланмай юриш мусулмон шахс учун яхши эмас. Бу ишни, роҳиблик, дейилади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъунга одам юбордилар. У Ул зотнинг ҳузурларига келди. Бас:
«Эй Усмон, менинг суннатимдан юз ўгирдингми?» - дедилар.
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, Ё Аллоҳнинг Расули. Лекин, мен сизнинг суннатингизни талаб қиламан»-деди.
«Бас, мен ухлайман ҳам, намоз ҳам ўқийман, Рўза тутаман ҳам, оғзим очиқ ҳам бўламан, хотинларни никоҳимга ҳам оламан. Аллоҳдан қўрқгин, эй, Усмон. Албатта, аҳлингни сенда ҳаққи бор. Албатта, меҳмонингни сенда ҳаққи бор. Албатта, нафсингни сенда ҳаққи бор. Бас, рўза ҳам тут, оғзи очиқ ҳам бўл, намоз ҳам ўқи, ухлагин ҳам»-дедилар.
Абу Довуд ривоят қилган.
ал-Мутталиб ибн Абу Вадоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмон ибн Мазъун вафот қилганда жанозасини олиб чиқиб дафн қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамга тош олиб келишни буюрдилар. У тошни кўтара олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туриб бориб, икки билакларини шимариб, тошни кўтариб олиб келиб унинг бош томонига қўйдилар ва:
«Бу билан акамнинг қабрини белгилайман ва аҳлимдан ким ўлса унинг ёнига дафн қиламан», дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан эмикдошлик яқинлиги қаттиқ ҳурмат қилинганлиги.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир аёлни, Ҳалийма Саъдияни эмганлар. Шунинг учун эмикдош ака-ука бўлиб қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни тирикликларида ҳам, ака, деб ҳурмат қилар эдилар.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу вафот этганларида қаттиқ қайғурганлар. Худди туғишган акаларини дафн қилгандек, дафн қилганлар. Агар У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига диққат билан разм солсак, Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни, акам, дейдилар, эмишган акам, демайдилар.
Шундан ибрат олиб мусулмончиликда эмишканлик қардошлигига эътибор қанчалик эканини билиб олинса бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маййит ҳолда ётган Усмон ибн Мазъунни ўпаётганларини кўрдим. Ҳатто оқаётган кўз ёшларини ҳам кўрдим».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Мадийнада муҳожирлардан биринчи бўлиб вафот этганлар ва биринчи бўлиб Бақийъга дафн қилинганлар.
«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши юқоридаги ҳадисда зикр қилинган ояти карима ҳақида:
«Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», деганлар.
Албатта, Аллоҳ:
«Адолатга», амр этади.
Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавои нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. Ҳамма учун ўлчов бир.
«Эҳсонга», амр этади.
Эҳсон сўзи яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда эҳсоннинг эшиги кенг очилган. Қатъий адолат юзасидан ҳукм чиққандан сўнг биров яхшилик қилиш ниятида ўз ҳақидан кечиб, бошқага бериши мумкин. Кимки ёр-биродарлари ёки бошқа инсонларга яхшилик қилса, жуда яхши, савоблари кўпайтириб берилади.
«қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир».
Бошқаларга яхшилик қилиш ичида, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади.Чунки уларнинг ҳам қариндошлик, ҳам инсонлик ҳақлари бор.
«...ва фаҳшу мункар ҳамда бағйидан қайтарадир».
«Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади.
«Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади.
«Бағйи» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир.
Шу нарсалар ила:
«У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз».
Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирганимда Наҳл сурасидаги «Албатта Аллоҳ адлга, эҳсонга, қариндошларга нафақа қилиша буюради ва фаҳш-мункар ишлардан, бағийдан қайтаради. Аллоҳ сизларга ваъз-насиҳат қилади, шоядки эслатма олсангизлар» деган оят нозил бўлди.
Шу кундан бошлаб менинг қалбимда иймон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қарор топди».
Бу воқеа Ислом энди зоҳир бўлган пайтда бўлган экан. Буюк таълимотни ўз ичига олган ушбу оятга биноан ҳар бир мўмин-мусулмон адолатли бўлиши, яхшилик қилиши, қариндошларига ёрдам бериши, фаҳш-мункар ишлардан, бағийдан узоқ бўлиши лозим экан.
Усмон розияллоҳу анҳунинг кучли иймонлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббатларига ана шу ибратли воқеа сабаб бўлган экан. Саҳобалар ана шундай бахтиёр инсонлар бўлганлар.
Байзовий айтади:
«Агар Қуръонда ушбу оятдан бошқаси бўлмагана ҳам, унда ҳар бир нарсанинг баёни бор, у оламлар учун ҳидоят ва раҳматдир дейиш тўғри бўлар эди».

БАҒЙИНИНГ УҚУБАТИ

Абу Бакр ибн Убайдуллоҳ ибн Анасдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким икки қизни боқиб, вояга етказса, мен у билан жаннатга мана бундай яқин бўлиб кирамиз» дедилар.
Муҳаммад ибн Абдул Азиз кўрсаткич ва ўрта бармоқлари ила ишора қилди
».
Шарҳ: Фарзандларни, хусусан қизларни тарбиялаб, вояга етказиш улуғ бир савобли масъулият экан, бунга муяссар бўлган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатга кириш бахтига муяссар бўлар экан.
Бу ҳадиснинг «бағйининг уқубати» бобидан келтирилишидан мақсад агар яхшилик қилганган шу мукофот бўлса, ёмонлик қилганга албатта, унинг тескариси бўлади деган маънога ишорадир.

«Бу дунёда икки эшик тезда очилур - зулм ва қариндошликни узиш».
Бу дунёнинг ўзида тезда ўзини кўрсатадиган икки эшик – зулм ва қариндошликни узиш эшиклари бўлиб, бу амални қилган киши шу дунёнинг ўзида бу амалнинг оқибатига дучор бўлар экан. Бу икки иш ҳам бағйининг кўринишларидан бўлгани учун бу ерда зикр қилинган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган кишиларга сиғиниш, барча халқлар ўртасида кенг тарқалган ақидадир. Одамлар ўтиб кетганларга ўзларича худонинг сифатларини беришади. Кимки бу эътиқод давоми...

2660 05:00 / 14.03.2017
Тарихда, шу жумладан, ғарблик тарихчиларнинг гувоҳликлари билан аввалги мусулмонлар ер юзида тарқалиб, халқларга Ислом даъватини етказганлар. Шу билан бир вақтда давоми...

2670 05:00 / 13.03.2017
Баъзи бир чаласавод кишилар илмли одам динсиз бўлади, кишининг илми қанча кўпайса, унинг динсизлиги ҳам шунча ортади, деб ўйлайдилар. Ҳақиқатда эса ҳеч бир замонда давоми...

2777 05:00 / 13.03.2017
Минг афсуслар бўлсинким, аҳли илмнинг ичида ҳам ноқобиллари учраб туради. Одам боласи турли туман бўлиши бор. Баъзи бир сабабларга кўра табиати бузуқ инсонлардан давоми...

2642 05:00 / 13.03.2017
Аудиолар

118787 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40737 14:35 / 11.08.2021