893 20.05.2017

Бадал ҳажи ҳақида нима биласиз?

Ислом тинчлик ва енгиллик дини бўлиб, шариат аҳкомлари инсон ақли ва имконияти даражасида жорий этилган.

Шариатимизда ибодатлар икки турга – баданий ва молиявий ибодатларга ажратилади. Намоз ва рўза баданий бўлса, закот, ушр, хирож ва садақа кабилар молиявий ибодатлардир. Баданий ибодатларни инсоннинг шахсан ўзи бажариши лозим, закот, садақа ва каффоротлар каби соф молиявий ибодатларни бошқанинг номидан ўташ ҳам жоиздир. Хоҳ зиммасига ўташ тушган киши бунга қодир бўсин, хоҳ қодир бўлмасин. Чунки ундаги вожиб бўлган нарса молни чиқаришдир ва бу эса ўринбосарнинг амали билан ҳам ҳосил бўлаверади.

Аммо ҳаж амали бу икки турнинг ҳар бирига тааллуқли ҳисоблангани сабабли бу хусусда ҳам молиявий ҳам баданий томонларини ҳисобга олган ҳолда, адо этиш масаласида фуқаҳолар ихтилофга боришган. Моликийлар ўзларидаги машҳур қавлга кўра ҳажнинг бошқанинг номидан қилиш жоиз эмаслигини айтадилар. Аммо қолган фуқаҳолар наздида ҳажни бошқанинг номидан ўташ дурустдир. Лекин улар буни узр билан қайдлайдилар. У ҳам бўлса, кишининг ҳажни ўзи адо этишдан ожиз бўлмоғидир. Бунга далил қилиб Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадис келтирилади: «Хасъамлик бир аёл келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг бандаларга фарз қилган ҳажи отамга у ўта қариб, улов устида тура олмайдиган бўлганида етди. Мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» деди. «Ҳа», дедилар». Бошқа бир ҳадисда бир кишига: «Айт-чи, агар отанг зиммасида қарз бўлса-ю унинг номидан ўтасанг, сендан қабул бўладими?», дедилар. У: «Ҳа», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ раҳмлироқдир. Отанг номидан ҳаж қил», дедилар.

Номидан бошқанинг ҳаж қилиши буткул ожиз бўлиб қолган кишиларга жоиз бўлади. Улар қария, сурункали бемор, тузалиши умид қилинмайдиган касаллардир. Мазкур кишилар маблағ топсалар, ўзларининг номларидан ҳаж қилдиришлари лозим бўлади. Кимки доимий узр сабабли ўз номидан ҳаж қилдирса, сўнгра вафотидан аввал узри кетса, яъни йўлга қодир бўлиб қолса, ҳанафий мазҳабига кўра унинг номидан бошқанинг ҳаж қилиши жоиз бўлмай қолади. Ўзинг ҳаж қилиши фарз бўлади. Чунки унда кетиши умид қилинмаган ожизлик бор эди. Жоизлик мана шу билан қайдланади.

Аммо нафл ҳажини ҳанафийлар наздида узр бўлса-бўлмаса, бошқа бировга номидан адо эттириш жоиздир.

Бу ҳукмлар тирик шахсга оидир. Аммо маййит ҳақида ҳанбалий ва шофеъийлар: “Кимки ҳажни адо этиш имконига эга бўлмай вафот этса, ундан фарз соқит бўлади. Номидан қазосини адо этиш вожибмас”, дейдилар.  Жумҳуринг наздида киши адо этишга имконият топгандан кейин адо этмай туриб вафот қилса, фарзи соқит бўлмайди. Меросидан олиб, унинг номидан қазоси адо этилади.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Онам ҳаж қилмай туриб ўлиб қолди. Унинг номидан ҳаж қилайми?» деди.

«Ҳа! Онангнинг номидан ҳаж қил!» дедилар».

Ҳанафий ва моликийларда кимки ҳаж қилмай вафот этса, унинг номидан ҳаж қилиш вожиб бўлмайди. Аммо васият қилган бўлса, вожиб бўлади. Агар васият қилган бўлса, меросидан маблағ олиб ҳаж қилинади. Васият қилмаган бўлса-ю, меросхўри унинг номидан ҳаж қилса ёки бошқага қилдирса, жоиз.

Жумҳур: “Ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалийлар бошқанинг номидан ҳаж қилиш ва унинг номидан қилишга мос экани шариатда бор”, дейишган.

Жумҳур уламолар киши номидан ҳаж қилиш шариатда борлигига ушбу машҳур собит ҳадисни ҳамда ақлий далилни келтирганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жуҳайнадан бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули! Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилолмасдан ўлиб қолди. Унинг номидан ҳаж қилайми?» деди.

«Ҳа! Унинг номидан ҳаж қил! Айт-чи, унинг қарзи бўлса, сен адо қилармидинг? Аллоҳнинг ҳақини адо қилинглар! Аллоҳ вафога ҳақли Зотдир!» дедилар».

 

Бошқанинг номидан ҳаж қилиш шартлари:

1. Ҳаж фарз бўлган ҳар бир шахс, ўзи ҳаж қилишга қодир бўла туриб вафот этиб қолса, ҳанафийлар наздида унинг номидан ҳаж қилдирилади. У ислом ҳажи ёки назр ҳаж ёхуд қазо ҳаж бўлса ҳам.

2. Кимда ҳаж фарз қиладиган барча шартлар топилса-ю, ўзи бориб адо этиши учун керакли шартлардан бирортаси топилмаса, номидан бошқа бировга ҳаж қилдириш вожиб бўлади.


Ислом институти талабаси  Муҳаммад Саид Раҳматуллоҳ