1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Азоннинг мустаҳаби

05:00 / 09.01.2017 3369 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мени ўз қавмимга имом қилиб қўйинг», деди. У зот:
«Сен уларга имомдирсан. Сен уларнинг энг заифига эргаш ва ажр (иш ҳаққи) олмайдиган муаззин ол», дедилар
». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аввало, ушбу ҳадис ровийи Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: 

Усмон ибн Абул Осс ибн Бишр ибн Абдуллоҳ ибн Дуҳмон, кунялари Абу Абдуллоҳ.

Бу улуғ саҳоба Сақиф қабиласидан элчи бўлиб келиб, Исломни қабул қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини қавмларига бошлиқ қилдилар. Бу зот Исломда фақиҳ бўлишга, Қуръонни ўрганишга жуда ҳам қизиқар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида Тоифда бошлиқ бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин Тоиф аҳли муртад бўлишни ихтиёр этишганида, бу зот уларни ваъз-насиҳат ва ҳикматлар айтиб, қайтариб қолишга муяссар бўлдилар. 

«Эй Тоиф аҳли! Исломга киришда шошилмай, охири кирган эдингиз, энди Исломдан қайтишда шошилиб, биринчилардан бўлиб қайтасизларми?» деганларида халқ у кишининг сўзларига қулоқ солиб, Ислом динида қолишди. 

 Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ҳолатни кўргач, Усмон ибн Абул Оссни яна Тоифга бошлиқ қилиб тайинладилар. Бу киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларининг иккинчи йилигача Тоифда бошлиқ бўлади. 

Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу у кишини Уммон ва Баҳрайнга бошлиқ қилдилар. Бу ерни фатҳ этишда иштирок этиб, Шоҳриқ подшоҳни ўлдирдилар. Бундан ташқари, Форс ва ҳинд ерларини фатҳ этишда катта ҳисса қўшдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисда: 

«Уларнинг энг заифига эргаш» деганлари намозни ўшанинг ҳолига қараб енгиллаштириб ўқи деб тушунилади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Раҳбардан қавмга имом қилиб қўйишни сўраш жоизлиги.

2. Раҳбар томонидан қавмга имом тайинланиши.

3. Имом қавм ичидаги заиф кишиларни эътиборга олиб намозни енгиллаштириши кераклиги.

4. Қавмнинг имоми бўлганидек, муаззини ҳам бўлиши кераклиги.

5. Муаззинни имом танлаши.

6. Муаззин ажр иш ҳаққи олмай муаззинлик қилиши яхши эканлиги. 

Иш ҳақи олмай муаззинлик қилиш афзал ва комил, лекин шароитга қараб, ажр олишга рухсат берганлар ҳам бор.


Зиёд ибн ал-ҳорис ас-Судоъий розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бомдод намозига азон айтишимни амр қилдилар. Бас, мен азон айтдим. Сўнг Билол иқома айтмоқчи бўлган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, азонни судоълик айтди. Бас, ким азон айтса, ўша иқома айтур», дедилар
». 

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Зиёд ибн ал-ҳорис ас-Судоъий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: 

Зиёд ибн ал-ҳорис ас-Судоъий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган улуғ саҳобийлардан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишининг қавмларига, аскар жўнатмоқчи бўлганларида, Зиёд ул зотдан қавмларини яна бир бор Исломга чақиришни сўрайдилар. Зиёд қавмларига бориб, уларни Исломга даъват қиладилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қавмининг Исломини башоратини бериб келадилар.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавминг гапингни қайтармас экан», деб Зиёдни уларга бошлиқ қилиб тайинлайдилар. 

Зиёд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зотдан ўғиллари Рофеъ, Зиёд ибн Наъийм ал-ҳазрамий, Абдул¬ғаффор ибн Майсара ва бошқалар ривоят қилишган.

Бу ҳадисни ҳамма уламолар ҳужжат қилиб олганлар ва ким азон айтса, ўша иқома айтади, деганлар. Баъзи бир ҳолатларда бошқа одам айтса ҳам бўлади. Лекин муаззин ўзи айтгани афзал.


Бани нажжорлик бир аёл розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Менинг уйим масжид атрофидаги энг баланд уй эди. Билол бомдоднинг азонини унинг устига чиқиб айтар эди». 

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бундан азонни иложи борича узоққа етказиш учун ҳаракат қилиш лозимлиги билинади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар доимо бунга яраша чоралар кўриб келишган. Мусулмон оламидаги сон-саноқсиз баланд миноралар, мезаналар шу мақсадда барпо этилган. ҳозирги замонавий қулайликлардан ҳам унумли фойдаланишмоқда. Мусулмон одам азоннинг овозидан баҳра олади, у қанча баланд бўлса, узоққа етса, шунча хурсанд бўлади.


Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Билолни айланиб юриб азон айтаётганини кўрдим. У оғзини у ёққа, бу ёққа бурар, икки бармоғи қулоғида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар ошланган теридан қилинган капада эдилар. Бас, Билол у зотнинг олдиларига асони кўтариб чиқиб, яланглик жойга санчди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб намоз ўқидилар. Олдиларидан ит, эшак ўтиб турар эди. У зотнинг устларида қизил кийим бор эди. Мен У зотнинг икки болдирларини кўриб турар эдим». 

Бошқа бир ривоятда: 

«ҳаййа алас салот, ҳаййа алал фалаҳ»га етганида бўйнини ўнгга, чапга бурди, айланмади», дейилган.

Бешовларидан ривоят қилинган. Лафз Термизийники.

Шарҳ: Ровийнинг: «Билолни айланиб юриб азон айтаётганини кўрдим» дегани бир жойдан иккинчи жойга кўчиб, маъносидадир. Чунки азон қиблага қараб айтилади, орқага айланиб бўлмайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Азонни кўпчилик эшитиш учун бир жойдан, иккинчи жойга ўтиб юриб айтиш мумкинлиги.

2. Шу мақсадда муаззин оғзини у ёқ, бу ёққа буриши мумкинлиги.

3. Муаззин овози яхши чиқиши учун бармоғини қулоғига тиқиб олса яхши бўлиши.

4. Ошланган теридан қилинган капада ўтириш мумкинлиги.

5. ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг фазллари.

6. Яланглик жойда намоз ўқиганда имомнинг қаршисига асо ёки шунга ўхшаш нарсани тўсиқ қилиб қўйиш кераклиги.

7. Олдида тўсиқ бор намозхоннинг қаршисидан ўтган нарса унинг намозини бузмаслиги.

8. Қизил ранг кийим кийиш мумкинлиги.

9. Намозда болдирлар очиқ бўлиши мумкинлиги.

10. Муаззин «ҳаййа алас-салот»га етганида бўй¬нини ўнг томонга, «ҳаййа алал фалаҳ»га етганда, чап томонга буриши.

11. Муаззин азон пайтида танасини айлантирмас¬лиги.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга:
«Эй Билол, қачон азон айтсанг, азонингни шошилмай, чўзиб айт. Қачон иқома айтсанг, тезлаб айт. Азонинг билан иқоманг орасида таом ейувчи таомидан, шароб ичувчи шаробидан, қистаниб қолган қазои ҳожатдан фориғ бўлгунча вақт қўй», деганлар
». 

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Азонни шошилмай, сўзларни дона-дона аниқ қилиб ва чўзиб айтиш кераклиги.

2. Иқомани тезлаб айтиш кераклиги.

3. Азон билан иқома ўртасида азонни эшитган одам зарур ҳожатини битириб, таҳорат қилиб етиб келгунча вақт бўлиши зарурлиги. Бироқ Шом намозида бевосита азондан кейин иқома айтиш жорий бўлган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
20дарс37МатнУ зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ташаҳҳуддан кейинги дуоларини ўқиб бўлгач ўнг томонларига қараб Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳrdquo дея салом берар давоми...

3452 05:00 / 09.01.2017
Намознинг Исломда иймондан кейинги фарз, энг улуғ ибодат эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Мусулмон киши намозни Аллоҳ таолонинг амри бўлгани учун ўқийди. давоми...

10983 18:49 / 27.03.2017
...Исломни .севган кишиси, туфайли қабул қилган қизлар ҳам анчагина. Баъзи экспертлар бундайларни янги динга кирганлар қаторида юзлаб, ҳатто минглаб рўйхатга давоми...

4163 05:00 / 09.01.2017
Ҳозирги кунда динимиз хизмати, халқ ғами, умматнинг маърифати ва жаҳолатга маърифат билан курашиш йўлида намуна бўлган машҳур Фотима отин ойининг марҳум оталари давоми...

8663 18:29 / 31.10.2017
Аудиолар

120090 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41760 14:35 / 11.08.2021