1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Аёл мўътабар зот

21:32 / 21.04.2017 5293 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Биз аёл деганда, аввало, онани тушунамиз. Ёш қизларимиз ва сингилларимиз ҳам эртами-кеч она бўлишади. “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деган ҳадисни тўғри талқин қилишда адашмайлик. Бу ҳадис ўғил ёки қиз бўлсин, онасини рози қилмаган одам жаннатга кирмайди, деган маънони англатади. Мана бу ҳадис эса бу ҳикматни тўлдиради: “Аввало, онангга, яна онангга ва яна онангга, сўнг отангга яхшилик қил”.

Юртбошимизнинг ушбу гапларидан келиб чиқиб, бугун ҳар биримиз ўз масъулиятимизни билишимиз керак. Аёлнинг нақадар мўътабар инсонлигини халқимизга, айниқса, ёшларимизга тушунтиришимиз керак. Бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлар, жамоат ташкилотлари, шифокорлар, ўқитувчилар, ёзувчилар, шоирлар ва бошқа кўплаб зиёлилар аёлнинг мартабасини, қадрини ёшларимиз онгига сингдириб боришлари керак. Бу борада масжид имом-хатибларининг масъулияти янада каттароқ. 

Юртимизда турли йилларга турлича ном бериш ўзига хос анъанага айланди. “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Соғлом бола йили”, “Оналар ва болалар йили” кабилар шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси аёлларга, ёш авлод саломатлигига давлатимиз томонидан нечоғлик аҳамият берилаётганини кўрсатади. Шу билан бирга бу нарса динимизда аёлларга, фарзанд тарбиясига берилган катта эътиборга ҳамоҳангдир. 

Динимизда аёлларнинг ўрни беқиёсдир. Ислом дини келгунига қадар жоҳилият даврида арабларда аёл киши инсон ўрнида кўрилмасди. Ёш қизалоқлар тириклайин кўмиларди. Қиз фарзанд кўрган ота жамият орасида бошини кўтариб юролмасди. Агар уларга “Қиз фарзанд кўрдингиз” деб хабар берилса, уятдан юзлари қорайиб кетарди. Аёллар у пайтларда мерос борасида ҳам эътиборга олинмасди. Аксинча, ўзи бошқаларга мерос сифатида бериларди. Қайси бир аёлнинг эри вафот этса, мазкур эрнинг акаси ёки укаси ўша аёлни акасидан мерос сифатида оларди. Ислом дини эса, аёлларнинг ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлади. Уларни эркаклар каби мукаммал ва эҳтиромга сазовор инсон деб эълон қилди.

Аввало, ислом “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган буюк ҳақиқатни эълон қилди. Ислом аёлга барча жабҳаларда, жумладан, мерос масаласида ҳам эътибор кўрсатди. Энди аёл хотин сифатида, она сифатида, қиз сифатида мерос оладиган бўлди. Аёл киши бутун умри давомида эркак ҳимоясида бўлиши эълон қилинди. Қизлик пайтида отаси ва ака-укаларининг ҳимояси ва қарамоғида, турмушга чиққач, эрининг ҳимояси ва қарамоғида бўладиган бўлди. Она бўлса, ўғиллари томонидан, сингил бўлса, ака-укалари томонидан, буви бўлса, набиралари томонидан ҳимоя, нафақа ва эътибор ҳуқуқига эга бўлди. 

Ислом аёлларга илм олиш, дам олиш, шахсий мулкка эга бўлиш, меҳнат қилиш ҳуқуқини берди. Қайтариб айтамиз, меҳнат қилиш ҳуқуқини берди, мажбуриятини эмас! Агар аёл ишлашни хоҳласа, шариат одобларига мос кийиниб, меҳнат қилишга ҳақли. Аммо барибир аёлни боқиш, уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлаш эрининг зиммасида мажбурият бўлиб қолаверади.  Ислом дини эркакларга оиласини боқишни мажбурият қилиб белгилаган бўлса, аёлларга уй ишларини, асосан, фарзандларни дунёга келтириб, тарбия қилиш масъулиятини юклади. Ислом дини аёлларга оғир ишларни таклиф қилмади. Барча оғир ишларни эркакларга юклаб, аёлларга эса, уларнинг табиатига, фитратига мос ишларни юклади. 

Юртимизда 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинганида ҳам катта маъно бор. Келажагимиз пойдевори бўлган ёш авлодни соғлом ва бақувват қилиб тарбиялаш кўп жиҳатдан аёлларга боғлиқ. Аёл соғлом бўлса, боласи ҳам соғлом бўлади. Шунинг учун фарзандининг соғлом ва ақлли бўлишини истаган ҳар бир ота биринчи галда аёлига эътиборни кучайтириши, унинг саломатлиги ва илм-маърифатли бўлиши учун барча имкониятларни яратиб бериши даркор. 

Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари тўфондан қутулиб қоламан деб оталарига қулоқ солмади ва тўфон қаърига ғарқ бўлди. Отаси пайғамбар бўлса ҳам ўғил ноқобил бўлди. Чунки, унинг онаси, яъни Нуҳ алайҳиссаломнинг аёли эрига итоатсиз, унинг динига кирмаган аёл эди. Фиръавн худоликни даъво қилиб, ҳаддидан ошган кимса эди. Унинг аёли Осиё эса, Аллоҳга иймон келтирган, итоатли, фозила аёл эди. Шунинг учун мазкура аёл Мусо алайҳиссаломни тарбия қилди. Демак, она яхши бўлса, фарзанднинг ҳам яхши бўлиш эҳтимоли ошар экан. Агар она саркаш бўлса, фарзанднинг ҳам ноқобил бўлиш эҳтимоли ошар экан. 

Аёлини ишлатиб қўйиб, ўзи уйда ўтирган эркаклар кўзларини очишлари керак. Ўз вазифаларини бажариш ўрнига бемалол аёлини кўчага чиқариб, ишлатиб қўяётганлар, мардикорчиликка юбораётганлар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида қандай жавоб беришларини ўйласинлар. 

Юртимизда аёлларимизга давлат даражасида эътибор берилаётган экан, соғлом авлодни етиштириш умидида, динимиз кўрсатмасига амал қилган ҳолда аёлларга эътибор ва эҳтиромни кучайтирайлик. Онамиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз ва жуфти ҳалолимиздан меҳримизни, эътиборимизни дариғ тутмайлик.  


Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун давоми...

2096 10:07 / 24.03.2017
Сўзимнинг бошида барча дийндош биродарларимни, опасингилларимни кириб келган 1435 ҳижрий қамарий янги йил билан табриклайман. Унга қараб ибодатларимизнинг вақти давоми...

3147 11:00 / 19.07.2017
Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва .Батаҳқиқ, сизлар учун ndash Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва давоми...

5672 13:50 / 24.03.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ҳақида сўз кетар экан, аввало бу муҳаббат, иймон тақозоси экани таъкидланади. Яъни, Ислом динини бино деб давоми...

2899 14:13 / 27.03.2017
Аудиолар

120116 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41782 14:35 / 11.08.2021