283 07.03.2017

Бу ҳақда юқорида эслатилган китобда шундай дейилади:

Биз жамоатни «ҳақ ва тўғри» деб, тафриқани «тойилиш ва азоб» деб биламиз.

Шарҳ: Яъни «Саҳобалар жамоасига, тобеъинлар жамоасига ҳамда Қуръон ва Суннатни ушлаган асрлар жамоасига эргашишни «ҳақ ва тўғри» деб биламиз. Тафриқачилик ва жамоатга хилоф қилишни «йўлдан тойиш ва азобга сабаб» деб эътиқод қиламиз».

Бундан ташқари, бир қанча ҳадисларда ушбу маъно алоҳида таъкидланади. Масалан:

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жамоатни бир қарич тарк қилса, батаҳқиқ, бўйнидан Ислом бўйинбоғини ечган бўлади», дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

Бошқача айтиладиган бўлса, Исломдан чиқади. Шунинг учун мусулмонлар оммасидан, яъни Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидан четга чиқмаслик лозим.

«Умар розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб, шундай дедилар:

«Эй одамлар! Албатта, мен сизнинг ичингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда турганларидек турдим. Ул зот: «Сизларга асҳобларимни васият қиламан. Сўнгра улардан кейингиларни ва улардан кейингиларни.

Сўнгра ёлғон тарқайди. Ҳаттоки кишидан қасам ичиш талаб қилинмаса ҳам, қасам ичадиган, гувоҳлик бериш талаб қилинмаса ҳам, гувоҳлик берадиган бўлади.

Огоҳ бўлинглар! Бир киши аёл билан холи қолса, албатта, уларнинг учинчиси шайтон бўлади.

Жамоатни лозим тутинглар. Тафриқадан ҳазир бўлинглар. Албатта, шайтон ёлғиз киши биландир. У икки кишидан узоқроқ бўлади.

Ким жаннатнинг қоқ ўртасини ирода қилса, жамоатни лозим тутсин.

Кимни яхшиликлари масрур қилиб, ёмонликлари маҳзун қилса, ана ўша мўминдир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ерда ҳам мусулмонларнинг динни тутган оммасидан, яъни Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидан ажрамасликка тарғиб бор. Эътибор берадиган бўлсак, «Жамоатни лозим тутинглар»да Аҳли сунна вал жамоа мазҳабини маҳкам ушлашга буйруқ бор. «Ким жаннатнинг қоқ ўртасини ирода қилса, жамоатни лозим тутсин»да Аҳли сунна вал жамоа мазҳабини маҳкам тутганларга жаннатнинг қоқ ўртасидан жой ваъда қилиш бор.

Бизнинг юртимиз Мовароуннаҳрда ҳам соф Ислом ақийдаси ҳукм сурган пайтда халқимиз дунё халқларининг пешқадами бўлган. Ҳаётнинг турли соҳаларида ажойиб тараққиётга эришган. Бошқа турли илмлар қатори, ақийда илмида ҳам бутун дунёга донг таратган улуғ уламоларни етиштириб чиқарган.

Ўша буюк ватандошларимиздан бирлари имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларига Ислом уммати ҳақли равишда «Аҳли сунна вал жамоа ақийдасини тузатувчи» лақабини берган.

Имом Мотуридийнинг Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мувофиқ Қуръони Каримга қилган тафсирлари «Таъвилоту аҳлис-сунна» деб номланади. У кишининг «Китобут-тавҳид» номли китоблари ақийда бобидаги энг мўътабар китоблардан ҳисобланади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги бош йўналишлардан бири у кишининг номлари билан «Мотуридия» деб аталади.

Шунингдек, юртимиздан бу улуғ имомдан бошқа ҳам кўплаб ақийда илми уламолари етишиб чиққанлар. Мисол учун, машҳур «Ал-ақоид ан-Насафия» китобининг соҳиби имом Насафий ва ушбу китобни шарҳ қилган Алламои Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳиларнинг номларини келтиришимиз мумкин.

Аммо бутун мусулмон олами билан бирга тушкунликка тушган бу азиз юрт фарзандлари бошқа мусулмон ўлкалар ўзини ўнглаб олаётган бир пайтда, худосизлик тузуми зулми остида яшади. Аҳли сунна вал жамоа ақийдасини тузатувчи имом Мотуридийнинг набиралари Ислом ақийдаси нима эканини билмай қолдилар.

Натижада кўпчилик бу соҳада саводсиз бўлиб қолди. Ўзича устоз кўрмай ҳаракат қилган шогирдлар ичидан эса қўлига тушган турли китобларни ўқиш оқибатида тўғри йўлдан озишлар вужудга келди. Турли талашиб-тортишишлар пайдо бўлди.

Вазият ўзгариб, турли халқ ва мазҳаб вакиллари билан мулоқотлар бошланганда эса ким нима деса, шунга эргашиб кетадиганлар кўпайди. Юртимиз одамлари ичида Ислом номидан гапирадиган турли мазҳабларга эргашадиганлар ҳам чиқди.

Энди ўзимизни ўнглаб оладиган пайт келди. Бу муаммони уламолар бошчилигида, биргаликда ҳал қилишимиз лозим. Турли тоифа, фирқа ва ҳизбларга эргашганлар ўзлари жиддий ўйлаб кўрсинлар.

Дунёдаги мусулмонларнинг асосий кўпчилиги Аҳли сунна вал жамоададир. Тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларидаги барча мусулмонлар ҳам Аҳли сунна вал жамоадирлар.

Шу ерда, ҳозирги ихтилофчи бемазҳаблар ҳам ўзларини Аҳли сунна вал жамоа деб аташларини эслатиб қўйишимиз лозим. Ўзлари бу мазҳабда бўлмасалар ҳам, ушбу даъвони қиладилар. Аммо Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг имомларини «адашган», деб туҳмат қиладилар. Уларнинг бу ҳийласига учиб қолмаслик керак.

2. Динимизни ўрганишда ўтган солиҳ мусулмон авлодлар изидан боришимиз зарурлиги.

Динни ўрганиш ғоятда муҳим иш ҳисобланади. Уни кўринган одамдан олинавермайди. Балки маълум сифатларга эга бўлган мутахассис зотлардан ўрганилади.

Диний илмларни иймон-эътиқодида собит бўлган, тақвоси билан танилган ишончли кишилардан ўрганиш керак. Шу билан бирга, у одам ўзидан олдинги олимлардан устоз тутган ва ҳар бир илмда устозидан ижозат олган бўлиши шарт.

Тушуниш осон бўлиши учун Қуръони Карим қироатини олайлик. Араб ҳарфларини билган, Қуръонни қўлига олиб, уни ўқий олган ҳар бир одам қори бўлиб қолмайди. Шунингдек, овоз ёзиш жиҳозидан қироатни эшитиб, ўшанга тақлид қилиб ўқийдиган одам ҳам қори бўлиб қолмайди. Ҳақиқий қори бўлиш учун аввало устозидан дарс олган, олган дарсини такрорлаб келиб, устозига ўқиб бериб, имтиҳондан ўтиб, ўқишга ва ўқитишга ижозат олган кишидан дарс олиш керак. Устози: «Бу сурани тўлиқ ўзлаштириб олдингиз, энди сизга рухсат, ўқийверинг, ўқитаверинг», деб ижозат берганидан кейингина мазкур суранинг қориси бўлади.

Авваллари Қуръонни устоз олдида тўлиқ ёд олган кишиларга ёзма шаҳодатномалар берилган. Ўша шаҳодатномаларнинг силсиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борган. Бошқа илмлар ҳам қироатга таққосланади.

3. Уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш.

Қуръони Каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ва уларнинг фазли ҳақида кўплаб маълумотлар келган.

Аллоҳ таоло қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (Фотир сураси, 28-оят).

Яна У Зот айтади:

«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?» (Зумар сураси, 9-оят)

У зот яна шундай марҳамат қилади:

«Бу мисолларни одамларга келтирамиз, уларга фақат олимларнинггина ақли етар» (Анкабут сураси, 43-оят).

Мана шу уч оятда илм ва уламолар фазли ҳақида сўз кетмоқда.

Биринчи оятда Аллоҳдан қўрқиб, Уни улуғлаш фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланмоқда.

Иккинчи оятда биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз кетмоқда. Илмли одам доимо устин туриши ва фазилатли ҳисобланиши, илмсизда эса бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинмоқда.

Учинчи оятда эса келтириладиган масалаларни англаб, улардан ўрнак олиш учун ҳам илм зарурлиги таъкидланмоқда. Бу ҳам илмни ва олимни улуғлашдир.

4. Фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.

Авлодимиз ва динимиз давомчилари бўлмиш фарзандларимизни айнан Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабида ва ўзимиз эргашган фиқҳий мазҳабда тарбиялашни йўлга қўйишимиз лозим. Турли бемазҳаблар ва ихтилофчилар таъсири остига тушиб қолмасликларининг эҳтиётини қилишимиз керак.

5. Турли тоифа, фирқа ва ҳизблардан эҳтиёт бўлиш.

Ҳозирги шароит шуни тақозо қилади. Тажриба ҳам шуни кўрсатди. Қайси бир бегона тоифа, фирқа ёки ҳизб бўлса, уларнинг орасида нохушликлар, ихтилофлар, келишмовчиликлар, жанжаллар ва зарарлар келиб чиқмоқда.

6. Кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш.

Зотан, бу иш динимизнинг талабидир. Мўмин-мусулмонлар доимо бир-бирлари билан аҳил-иноқ ва дўст-биродар бўлишлари керак. Сиз билан бизни бунга ундовчи оят ва ҳадисларни кўпчилигимиз яхши биламиз. Демак, ўша ояти карималар ва ҳадиси шарифларга ихлос билан амал қилишимиз керак.

7. Дин, Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш.

Бунинг учун эса аввало ихтилофларга барҳам бериш керак. Қаерда ихтилоф бўлса, ўша ерда мазкур хизматларга футур етади. Ҳамма одамлар кераксиз ихтилофлар билан банд бўлиб, асосий ишлар қолиб кетади ёки заифлашади.

8. Ихтилофлардан четда бўлиш.

Зарарли ихтилофлардан четда бўлиш ҳар бир шахснинг бурчидир. Қуръон ва Суннат, шариатимиз аҳкомлари биздан шуни талаб қилади. Ушбу китоб мана шу ҳақиқатни англаб етиш ниятида битилди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи барчамизни ихтилофлардан асрасин! Омин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар китобидан)