3095 29.09.2017

Ашуронинг маъноси

«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи кун» деган маънони билдиради. Истилоҳда эса, Муҳаррам ойининг ўнинчи кунига айтилади.

Ашуро рўзасининг тарихи

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ашуро жоҳилият даврида Қурайш рўза тутадиган кун эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг рўзасини тутар эдилар. У зот Мадинага келганларида ҳам унинг рўзасини тутдилар ва тутишни буюрдилар. Кейин Рамазон рўзаси (ҳақида оят) нозил бўлгач, уни (Ашуро рўзасини) истаганлар тутиб, истамаганлар тутмайдиган бўлди».

Бухорий ривоят қилган.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг* маълум кун, яъни ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар. Улар: «Бу улуғ кун. Бу шундай кунки, унда Аллоҳ Мусога нажот берган ҳамда Оли Фиръавнни ғарқ қилган ва шу боис Мусо унда Аллоҳга шукрона сифатида рўза тутган», дейишди. Шунда у зот: «Мен Мусога улардан кўра ҳақлироқман» деб, (ашуронинг) рўзасини тутдилар ва рўзасини тутишга буюрдилар».

Бухорий ривоят қилган.

* Мадина яҳудийлари назарда тутилган.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар. «Бу нима?» дедилар. «Бу солиҳ кундир. Бу Аллоҳ Бану Исроилни душманларидан қутқарган кун. Шу боис Мусо унинг рўзасини тутган», дейишди. У зот: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», дедилар ҳамда унинг рўзасини тутдилар ва тутишга буюрдилар».

Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилишган.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни рўза тутиб, унинг рўзасини тутишга буюрган чоғлари: «Эй Аллоҳнинг Расули, у яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун‑ку», деб қолишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз», дедилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келаси йил келмасдан вафот этдилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хайбар аҳли ашуро куни рўза тутишар, уни ҳайит қилиб олишган эди. Шу кунда аёлларига тақинчоқларини тақтиришар, ясантиришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ҳам унинг рўзасини тутинглар», дедилар».

Бухорий ва Муслимлар ривоят қилишган.

 

Ашуро рўзаси Муҳаррам ойининг қайси кунлари тутилади?

Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ибн Аббоснинг ҳузурига бордим, у киши Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган экан: «Менга Ашуро рўзаси ҳақида айтиб беринг», дедим. «Муҳаррамнинг ҳилолини кўрсанг, санаб бор. Тўққизинчи куни рўза тутган ҳолда тонг оттир», деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўзасини шундай тутармидилар?» дедим. «Ҳа», деди».

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар». 

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро куни рўзасини тутинглар. Унда яҳудиларга хилоф қилинглар, ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун рўза тутинглар», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Изоҳ: Ушбу ривоятлардан чиқадиган умумий хулоса қўйидагича. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини Муҳаррамнинг ўнинчи кунида тутишга амр қилганлар, ўзлари ҳам тутганлар.

Яҳудий ва насоролар бу кунни улуғлашларини билиб қолганларидан кейин ўнинчи кунга тўққизинчи кунни ҳам қўшиб тутишга қарор қилдилар. Лекин ўзлари бу ишни қилмай туриб, вафот этдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳунинг саволига жавобан «Тўққизинчи кунни рўза тутган ҳолингда тонг оттир», деганлари Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутиш керак, деганидир. Шунинг учун уламолар Ашуро рўзасининг афзали Муҳаррамнинг 9, 10, 11 ёки 9, 10 ёки 10, 11-кунларини рўзасини тутишдир. 

 

Ашуро рўзасининг фазилати

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асламлик бир кишига одамлар ичида «Ким бирон нарса еган бўлса, куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин, чунки бугун Ашуро куни», деб жар солишга буюрдилар».

Икки Шайх ва Насаийлар ривоят қилишган.

 

Рубаййиъ бинт Муъаввиз ибн Афро розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни эрталаб Мадина атрофидаги ансорларнинг қишлоқларига одам юбориб, «Ким рўза тутган ҳолда тонг оттирган бўлса, рўзасини тугал қилсин. Ким оғзи очиқ ҳолда тонг оттирган бўлса, кунининг қолганини (рўза билан) тугал қилсин», дедилар.

Шундан кейин биз унинг рўзасини тутадиган ва ёш болаларимизга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича туттирадиган бўлдик. Масжидга бориб, уларга юнгдан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Бирортаси овқат деб йиғласа, ифторгача унга ўшани берар эдик».

Муслим ривоят қилган.

 

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро кунининг ҳамда ушбу ой, яъни Рамазон ойининг рўзасидан ташқари бирор кунни бошқасидан афзал кўриб, рўза тутишга қасд қилганларини кўрмадим».

Икки Шайх ривоят қилган.

Изоҳ: Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ашуро куни келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб турар эканлар. Бош­қа бирор куннинг рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. 

Шунингдек, Рамазон ойини ҳам қачон келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб кутар эканлар. Бошқа бирор ойнинг рўзасини тутишни бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. У кишининг умматлари, яъни бизлар ҳам шундай бўлишимиз лозим.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррамдадир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

 

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Изоҳ: Ушбу маънонинг ўзи ҳам Ашуро рўзаси қанчалар фазийлатга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Бу ҳадисларни чуқур ўрганган уламоларимиз Ашуро рўзасини тутиш суннати муаккада, деган хулосага келганлар. Ана шунга амал қилиб, ҳаммамиз бу куннинг рўзасини тутишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

 

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни оиласига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ унга йил бўйи кенгчилик қилиб беради», дедилар». 

Тобароний ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Изоҳ: Ушбу ривоятдаги «кенгчилик қилиб берса»дан мақсад уларга нафақа борасида кенгчилик қилса, деганидир.


Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади