1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ашъарий ва Мотуридийлар адашганларми?

05:00 / 07.03.2017 4478 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Бу сарлавҳадаги гап ихтилофчиларнинг ҳозирча унчалик тарқалмаган гапларидан бири ҳисобланади. Улар ақийда масаласида бир неча ихтилофларни қўзғаганлар, аммо ҳозирча бу борадаги ихтилофлари асосан ўзларининг орасида қолиб келмоқда. Аммо «Ашъарий ва Мотуридийлар адашганлар», деган гап ўта хатарли бўлганидан ва савол келиб турганидан бу масалани ҳам ёритиб қўйишни маъқул кўрдик.

Савол: Ассалому алайкум, Устоз! Яқинда чиқарилган «Усусул ақийда» номли китобни шарҳ қилиш жараёнида Ашъария ва Мотуридия АДАШГАН секта сифатида зикр килинганини эшитдим (аудио дарсни эшитиш вақтида). Масала ақийда бобида кетаётганлиги учун, сиздан Ашъария ва Мотуридия ҳақида тўлиқ маълумот сўраяпман. Ашъарий ва Мотуридийларнинг адашган жойлари бўлса, улар нимада адашишган, агар адашмаган бўлишса, ҳужжати қандай ва ниҳоят, ўзи қайси масалаларда Ашъария ва Мотуридия адашган, деб ҳисобланади. Имкон қадар мени қийнаётган саволни тўғри шакклантиришга ҳаракат қилдим, агар савол тузишда камчилигим бўлса, умид қиламанки, Аллоҳ учун камина биродарингиз ҳақида яхши гумонга боргайсиз. (Агар бу маълумотни каердан олганимни билишни истасангиз, ҳаракат қилиб, китобнинг номини, нашриётини, муаллифини излаб-топиб, аниқ келтириб беришим мумкин!) Жавобингизни кутаман.

Жавоб: Саволингиз ақийда масаласига тегишли бўлгани учун бир оз муқаддима келтиришга тўғри келади.

Имом Ғаззолий Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг тарихи ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни ёзади: «Калом бир илм бўлиб, унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз Пайғамбари тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди. Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бид-ъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар.

Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинди. Ана шундан илми калом пайдо бўлди».

Бу гапларга қўшимча қилиб айтамизки, илми калом пайдо бўлган вақтга келиб, ақийдага оид масалаларга аввалги вақтлардагига ўхшаб, фақат Қуръон ва Суннатдан далил келтиришнинг ўзи кифоя қилмай қолган эди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қиларди. Калом масалалари бўйича баҳслар мусулмон оламидаги ўша вақтнинг кўзга кўринган ақийдавий мазҳаблари – Аҳли сунна вал жамоа, мўътазилийлар, муржиъийлар, хаворижлар ва шиалар ўртасида бўлган.

Кейинчалик Аллоҳнинг каломига тегишли баҳслардан Аллоҳнинг сифатларига, Ислом давлати бошлиғи – имомга оид масалаларга, қазо ва қадар масалаларига ва ҳатто баъзи фиқҳий масалаларга ҳам ўтган.

Вақт ўтиб, турли халқ ва тоифаларнинг Исломга кириши билан бирга, уларнинг ақийда ва фикрлари ҳам мусулмонлар орасига кириб келди. Шу билан бирга, ғайримусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади.

Ана ўша ҳамлалардан Ислом ақийдасини ҳимоя этиш ва уларга раддиялар қилиш учун илми калом соҳиблари ғайримусулмонлар билан тортишувларни бошладилар. Бу ишда Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳам, мўътазилалар ҳам ва бошқалар ҳам иштирок этдилар.

Аввал бу тортишувлар тўғри йўналишда ва бир маромда кетди. Кейинчалик эса бошқа илм ва соҳаларда бўлгани каби турли бурилишлар ва хатолар юзага кела бошлади. Илми калом бобига турли-туман бўлган-бўлмаган масалалар аралашиб кетди.

Шунингдек, мутакаллимлар орасига ҳам ҳар хил шахслар аралашиб кетди. Натижада ҳақиқий илми каломни сохтасидан, ҳақни ботилдан ажратиб олиш қийин бўлиб қолди.

Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга Аҳли сунна вал жамоа номи берилди.

Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна вал жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Охири келиб ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди.

Аҳли сунна вал жамоа исми бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ айни шу исм ишлатила бошланди. Аҳли сунна деганда суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар кўзда тутилган.

Имом Ашъарий ва Мотуридийлар Аҳли сунна вал жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.

Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир-бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам, бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларининг бирданига Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилиниши бу мазҳабнинг ақийдаси барча юртларда ҳар доим маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Мазҳаблар бирлик рамзи китобидан) 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тавҳиднинг асли ва эътиқод тўғри бўлиши учун қуйидагиларни айтмоқ вожибдир .Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, ўлгандан кейин қайта давоми...

4237 14:00 / 23.07.2019
МуқаддимаЕруосмонларнинг Яратувчиси, Олий ва Буюк, ўлдирадиган ва тирилтирадиган, махлуқларини ўлим ва фонийлик, яхшилик қилган тақводорларнинг ўз ҳузурида давоми...

58265 02:28 / 02.12.2016
Илоҳий китобларга иймон келтириш Ислом ақийдаси арконларидан биридир. Ушбу ақийдасиз ҳам иймонли бўлиш мумкин эмас. Илоҳий китобларга иймон келтиришнинг давоми...

2094 19:00 / 27.06.2022
Юқоридаги сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир, давоми...

4253 21:28 / 17.06.2019
Аудиолар

118769 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40725 14:35 / 11.08.2021